Россия-Ўзбекистон: Ҳадемай Москва ҳам ўзимизники бўлади!..

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
- Author, Соҳиба Ҳаёт
- Role, Москва, bbcuzbek.com
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Кўриб турганингиз сархил мевалар Ўзбекистонда эмас.
Аммо Ўзбекистонники.
Москвада.
Бугун Москва ёки Питердаги ўзбекларни ватанни меваларини айтиб ёки суратларини кўрсатиб, соғинтира олмайсиз.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Ҳар бир бозорда, ҳар дўконда Ўзбекистоннинг янги пишган мева-сабзавотидан тортиб қуруқ меваларигача муҳайё.
Тандирдан узилган иссиқ нон аллақачонлар янгилик бўлмай қолган.
5-6 йиллар олдин қурут ёки новвотни соғиниш мумкин эди. Аммо эндиликда ҳаммаси муҳайё: ҳатто исириққача.
Москва бозорлари ҳамиша ўзбекистонликлар билан гавжум. Авваллари уларни фақатгина харидор сифатида кўриш мумкин бўлган бўлса, ҳозирда савдогару сотувчилар ҳам ўзбеклар.
Собиқ президентнинг адаши ҳам бозорда

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Йўлимиз тушиб, Москвадаги энг йирик бозорларнинг бири "Фут-сити"га кирдик. Гўё Ўзбекистонга бориб қолгандек бўлдик. Қулоғимизга тинмай ўзбек-тожикча сўзлашувлар чалинади.
Расталарга Ўзбекистонни кўчириб келиб қўйгандек: ҳамма мева-чеваю сабзавотларнинг ҳамма туридан бор. Нархларни сўраймиз - шаҳар ичидан анчайин арзон. Помидор-бодринг олаётиб, сотувчини суҳбатга тортдик.
-Раҳматли президентнинг адаши эдим, Ислом Каримов билан, - ўзини тарзда таништирди сотувчи. - Москвага келганимга 1 ой бўлди. Бунгача Қўйлиқ бозорида савдо қилганман. Мана шу ерларга келиб тирикчилик қилаяпмиз энди. Аллоҳга шукр.
Ислом Умаровнинг айтишича, касал рафиқасини даволатиш учун унга пул зарур бўлган. Тошкентда бозорда ишлаб юрганида оғайнилари шу ерга келиб ишлашни маслаҳат ва ёрдам беришган. Улар орқали келиб ишга ва ижара уйга жойлашган. Аввалига қурилишда ишлаб кўрган, аммо пул масаласида қийналгани учун яна танишлар сабаб бўлиб, бозорга келган.
-"Бозор ёқди, яхши жой экан, тирикчилигимиз ўтаяпти, - дейди Ислом. - Савдолар бўлаяпти, Ўзбекистонни помидорларини сотаяпмиз. Олувчилар ҳар хил миллатлар, тожиклар, ўзбеклар, озарбайжонлар... Мана, шу ерда ҳам ҳаммаси бегонамас, лекин барибир ўзбеклар кўп".
Уйқудаги "Камаз"чилару чаққон аравакашлар ҳам - ўзбек

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002
Сотувчига кўра, бу помидор-бодринглар Ўзбекистондан келтирилади. "Анави "Камаз"ларни кўраяпсизми, ҳаммаси ўзимизникилар", дея бозор ташқарисидаги машиналар тураргоҳига терилган катта юк машиналарига ишора қилди у.
Бозорлик қилиб бўлиб, қайтишда автотураргоҳ ёнидан ўтдик: узунқатор юк машиналари орасида Ўзбекистон рақамли ва байроқли белгилари қўйилганлари кўп. Баъзиларининг ичида ҳайдовчиларининг ухлаб ётгани ҳам кўриниб турибди.
Исломнинг айтишича, бозордаги савдогарлар маҳсулотларни юк келтирувчилардан улгуржи сотиб олишади.
-Жойимизга ижара пули тўлаймиз, квартира пули ва хужжатларга ҳаражатимиз бор. Ҳаммасини қоплайди, ундан орттириб уйга юборилади. Ўзингизга боғлиқ, топган пулингизни тўпласангиз, Аллоҳ барака беради.
Бозор атрофидаги емакхоналарнинг ҳам аксарида ўзбек таомлари ёзуви кўринади. "Чайхана", "Тандыр", "Горячая лепешка" каби қатор ошхоналарнинг ошпазу хизматчиларидан мижозларигача ўзбек, тожик, озари, доғистонлик каби мусулмонлар. Новвойларнинг аксари эса ўзбеклар экан.
Москва бозоридаги ўзбеклар: "Бозор бизни боқаяпти"
Мева-чева оларканмиз, ёшгина йигитчалар келиб "арава керакмасми?" деб сўрайди ўзбек тилида. Жуссаси нозикрок 16-17 ёшлар чамасидаги болакайдан "ишингиз қийинмасми?", деб сўрадим, кулади:
-"Елкамда кўтармайман-ку, опа. Аравам "любой грузовой"дан зўр, ортиб кетаверамиз!"

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Бозор айланиб юриб, шу йигитчани "грузовойдан зўр" аравасига қоп ортаётганига кўзим тушди.
-Тирикчилик, бу ерга ўйнагани келмаганмиз. Уйдагилар пул кутаяпти. Дадам ишинг оғирми-енгилми деб сўрамайди, ойлик олдингми, дейди, - ҳазил аралаш гапирди аравакаш йигит.
Унинг исми Исмоил экан, ўзини оҳангаронлик деб таништирди. Ҳар бир ташиган юки учун катта-кичиклигига қараб, 100-500 рубль хизмат ҳақи олиши, бир кунда ўртача 1500 рубль пул топишини айтди.
-Еб-ичишимизга кам кетади, бозор бизни боқаяпти. Асосий ҳаражат хужжат билан ижара уйга тўлашга кетади. Уйга бир ойда 300-400 доллар пул юбораман, - дейди аравакаш Исмоил.
Дадасининг қаттиққўллиги эса, уни иш билан чиниқтириш учун экан. "Юборган пулларингга ўзингга уй қуриб уйлантирамиз", деганлар, дейди у.
"Ҳадемай, Москвани ўзимизники қиламиз"

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
"Фут-сити"нинг ичкари қисмида эса қуруқ мевалару дон-дунли маҳсулотлар кўпроқ. Гуручнинг турли навидан то тоғ зирасию қовунқоқигача, новвоту парвардадан қалампирли қуртгача сероб.
Дўлма егингиз келса, банкаларга жойланган ток баргини ҳам, ўрик шарбат ичгингиз келса қоп-қоп туршакларни ҳам шу ердан топишингиз мумкин. Дўкондорлар расталарни чиннию сопол идишлар билан безатишган (улар ҳам сотилади).

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Москвада ўзбекча рўзғор қиламан десангиз, шаҳрихон пичоғи ёки чакич (нонпар) учун узоққа боришнинг хожати йўқ. Каштали чойнакёпгичу шиппаклар, хатто кўрпача-ёстиқларгача келтиришган.
Нархлар бироз қимматдек кўринади, аммо минглаб километрлик йўл ҳаражатлари ва бу ердаги иш ҳақларига нисбатан таққосланса, мўътадил.
-Россия тожигу ўзбекларни ўрислаштирмоқчи эди, аксинча бўлди. Улар бу ерга келиб ўзини турмуш тарзини тутаяпти, - дейди қуруқ мевалар сотувчиси Жамшид.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Тожикистонлик ўзбек савдогарининг айтишича, 16 йилдан бери Москвада ишлайди. У илк келган йилларига кўра, охирги йилларда Москва бутунлай осиёча кўриниш касб этиб бораётганини таъкидлайди.
"Рус харидорлар ҳам "ассаламу алейкум" деб келишаяпти. Кўпинча ош учун гуруч, зира олишади. Ширинликларимизни нимадан тайёрланганини қизиқиб сўраб, татиб кўришади, кейин харидорига айланади. Ҳадемай, Москвани ўзимизники қилиб оламиз", - дейди некбинлик билан Жамшид.
Бу биргина "Фут-сити" бозори атрофидаги кўринишлар эди. Москвада эса, бу каби бозорлар бир неча ва ҳар бир савдо марказларининг "Шарқ бозори" бўлимлари бор. Ва ҳаммаси ҳамиша гавжум.
Бир қадар ёруғроқ бу ҳикоямиз ортида табиийки, Ўзбекистон ё Тожикистондаги оғир иқтисодий шароит ётибди.
Биз суҳбатлашган деярли ҳар бир ўзбекистонлик ё тожикистонлик мигрант, агар иш бўлса, шу куниёқ ватанга қайтиб кетишни орзу қилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












