Москвадаги ўзбек мигрант террорга қарши ош берди

Москвада боғбонлик қилаётган ўзбек муҳожири 600 кишилик эҳсон оши ва "Ўзбекистон маданияти куни" тадбирларини ўз чўнтагидан молиялаган.
Марғилонлик 24 ёшли меҳнат муҳожири Ғайратбек эҳсон қилиш ташаббуси билан чиқди. Унинг иш ҳақидан орттириб йиққан маблағи 50 кишилик ошга етарли эди.
"Выездная чайхана" лойиҳаси муаллифи Алишер Халиловга қўнғироқ қилиб, мақсадини айтди.
Москвадаги хонадонларнинг бирида боғбон бўлиб ишловчи оддий муҳожирнинг бу ҳаракати ошпазни таъсирлантириб юборди. У ҳам ўз ҳисобидан пул ажратиб, эҳсонни кенгроқ ўтказишни режалаштирди.
Алишер Халилов "Фейсбук"даги саҳифасида боғбон йигитнинг ташаббуси ҳақида ёзиб қолдирди:
"Москвада неча йилдан буён яшаяпманки, унча-мунчага ҳайрон қолмайдиган бўлиб кетгандим. Аммо бу ёш йигитча билан учрашиб гаплашганимда унинг соф юраги ва қалби дарёлиги мен жуда ҳайратлантирди. Ҳақиқатда қўшнилар қадрлаганидек, меҳмондўст ва бағрикенг ҳалқмиз...
Келинглар, худди жонажон Ўзбекистондагидек ҳақиқий байрам уюштирайлик!"
Кутилмаганда, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида бу фикрни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватловчилар кўпайиб кетди. 50 кишига мўлжалланган ош 600 кишилик қилиб пишириладиган, режадаги оддий эҳсон тадбири эса "Ўзбекистон маданият куни" га айланди.
Москвадаги ўзбек диаспоралари, маданият ва санъат вакиллари, турли касб эгалари ҳамда маҳаллий аҳоли кўмагида Ғайратбекнинг энг катта орзуси амалга оширилди.
"Ўзбекистонликларни, маҳаллий аҳоли, турли миллатли инсонларни аҳил-иноқ кўришни, уларни бирлаштиришни ўйлаб юрардим. Кичик кўринишда бўлса ҳам, орзуим ушалганидан хурсандман", - дейди Ғайратбек.
Малаховка шаҳарчасидаги "Союз" маданий тадбирлар биносида ўтказилган "Ўзбекистон маданияти куни"да тўртта дошқозонда тўрт хил ош дамланди ва халққа бепул тарқатилди.
Би-Би-Си ўзбек хизмати Ғайратбек билан суҳбатлашиб, кўнглидаги ўй-фикрларни билди.
Меҳнат муҳожири бу қарорга кейинги пайтларда ўзбекистонликларнинг террорчилик ҳаракатлари билан танилаётганликлари сабаб бўлганини айтди. Айниқса, бир неча хафта муқаддам Нью-Йоркда ўзбекистонлик Сайфулло Соиповнинг номи бутун дунёда ўзбекларни "террорчи" сифатида кўринаётгани унга оғир ботган.
- Ўзбеклар ҳақида салбий фикрлар кўпайиб кетганига жим қараб тура олмадим. Ўзбек, мусулмон бўла туриб мен нима иш қила оламан?, деб ўзимга савол бердим. Ҳаёлимга келган фикр шу бўлди: ўзбекларнинг меҳмондўстлигини кўрсатиш, - дейди фарғоналик муҳожир.
Тадбирда нафақат ўзбекистонлик муҳожирлар ва маҳаллий аҳоли, балки Россиянинг бошқа ҳудудларидан ҳам маросим ҳақида эшитган меҳмонлар ҳам иштирок этишган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002












