Дайжест. Россия: Янги тўлқин хавфи қанчалик ёки мигрантлар русларни заҳарлаяптими? Янгиликлар O‘zbekiston Rossiya dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Россияда тўртинчи тўлқин бошланаяптими?
- Жириновский мигрантлар ҳақида сўз очди;
- Мигрантлар жанжаллари сайловларга боғлиқми?
- Москвада топилган ўзбекистонлик жасади олиб кетилади.
Коронавирус билан яшашнинг йўли
Россия ОАВлари куз мавсуми бошланиши билан тўртинчи тўлқин эҳтимолларини ёза бошлашди.
Марказий нашрларнинг бирида шифокор Денис Проценконинг "вирусли инфекцияларнинг янги тўлқини сентябрь охири - октябрнинг бошларида бошланиши мумкин", деган фарази эълон қилинди.
Денис Проценко Москвадаги коронавирусга қарши курашишга ихтисослашган "Коммунарка" 40-сонли касалхонасининг бош шифокоридир.
Шифокорнинг таъкидлашича, янги тўлқин ҳақидаги барча мулоҳазалар битта оддий сабабдан келиб чиқади - "биз нафақат коронавирусга хос бўлган касаллик, балки грипп ва бошқа ўткир респиратор вирусли инфекцияларининг ҳам мавсумий авж олиш арафасида турибмиз", - иқтибос келтирилади Проценкодан.
Мутахассиснинг таъкидлашича, эпидемиологик вазият ёмонлашувининг олд шартлари "ўқув йили бошланиши, русларнинг таътилдан қайтиши ва об -ҳавонинг алмашинуви" натижасида вужудга келади.
Шу билан бирга, мутахассис Россия аҳолисини эмлашга чақирган.
"Коронавиус билан яшашга ўрганишнинг ягона самарали усули - вакцина олишдир", - дейди шифокор.
Жириновский ва мигрантлар

Сурат манбаси, facebook
Сиёсатчи Владимир Жириновский бу гал Марказий Осиёдан меҳнат муҳожирларини Россияга ишлашга таклиф қилмасликка чақирди.
ЛДПР раҳбари фикрича, биринчи навбатда, россияликларни иш билан таъминлаш керак.
Партия расмий сайтида Жириновскийнинг "Осиёдан келган муҳожирларни Россияга ишлашга таклиф қилишнинг ҳожати йўқ. У ерда кўп яхши одамлар яшайди, лекин бизда ўз фуқароларимиз бор. Улар ишга ва маошга муҳтож. Бунинг устига меҳнат муҳожирлари наркокурьер сифатида ҳам ҳаракат қилишади. Биз уларга АҚШ истаганидек, русларни заҳарлашларига ва бангивор моддаларга ўтиргизишларига йўл қўймаслигимиз керак", деган сўзлари келтирилган.
Дума фракцияси раҳбари ишчи кучи етишмаслиги МДҲ ва Марказий Осиёдан Россияга меҳнат муҳожирларини жалб қилиш учун сабаб бўлмаслигини қўшимча қилди.
"Биз ҳарбий жиҳатдан дунёда энг кучлимиз, иқтисодий жиҳатдан ҳаммани боқамиз, барча ресурсларимиз бор. Шунинг учун ҳамиша ва ҳар жойда ўз фуқароларимизни қўллаб-қувватлашимиз керак, хорижликларни эмас "- хулоса қилди Владимир Жириновский.
Жанжаллар сайловларга боғлиқми?

Сурат манбаси, facebook
Россияда миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатлик ҳақидаги қарашлари билан танилган сиёсатчи Максим Шевченко ҳам Марказий осиёлик мигрантлар иштирокидаги оммавий жанжаллар ҳақида фикр билдирди.
"Россия ҳукумати сайлов олдидан миллий адоватни очиқчасига қўзғатаяпти" - деди россиялик сиёсатчи журналист муҳожирлар муштлашуви ҳақида.
Россия Эрк ва ва адолат партияси раҳбари "Дождь" телеканалига берган интервьюсида меҳнат муҳожирларига нафрат оммавий жанжаллар орқали атай қўзғатилган, деган фикрни илгари сурди.
"Масалан, Собяниннинг "биз муҳожирларни ҳайдаб чиқарамиз", деган баёнотини олайлик. Йигитлар ўртасидаги жанжаллар ҳар доим турли миллат вакилларида бўлиб туради: руслар, қирғизлар, бошқалар. Аммо масала ҳақиқатда нима борлигида эмас, балки ахборий, виртуал етказишда бўлаяпти, - деди сиёсатчи.
Ватанга яна бир жасад қайтарилади
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Би-би-си ўзбек хизматининг 7 сентябрь кунги хабари (https://www.bbc.com/uzbek/world-58475042 ) ортидан расмий муносабат билдирди.
Хабарда Москва шаҳрида ўлик ҳолда топилган Ўзбекистон фуқаросининг шахси аниқлангани маълум қилинган.
"Унинг яқин қариндошлари билан алоқа ўрнатилиб, жасадни Ўзбекистонга қайтариш бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда", дейилади расмий муносабатда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














