Дайжест. Россия-Ўзбекистон: Мигрантлар "чип"ланадими? Яна оммавий жанжал, минглаб депортациялар. Оғзига ғишт солинган жасад кимники? Янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot
- Одинцовода жанжаллашган муҳожирлар полицияга олиб кетилган;
- Янги карта - чип ёки кодлаш эмас, "мигрант паспорти"дек;
- 7 ойда 115 мингта Россиядан чиқариб юборилиш қарори;
- Оғзида ғишт бўлган ўзбекистонлик жасад топилган;
Бу гал "Рублевка"да
Москва яқинидаги Одинцовода муҳожирлар иштирокида оммавий муштлашув қайд этилган ва 15 киши полиция маҳкамасига олиб кетилган.
Рублево-Успенское шоссесидаги жанжалдан сўнг ҳибсга олинганлар орасида чет эл фуқаролари бор, дея хабар беради ИИВ Москва вилоятида бошқармаси матбуот хизмати.
4 сентябрь куни бўлиб ўтган бу жанжал иштирокчиларининг айнан қайси давлат фуқаролари эканлиги ҳозирча очиқланмаган.
- Икки нафар фуқарога нисбатан Россияда бўлиш тартибини бузишга оид қонун бўйича маъмурий баённома тузилган. Текширув ишлари давом этаяпти, - ёзади ИИБ матбуот хизмати.
Мигрантлар учун ID карта

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Россиядаги чет элликларга янги йилдан бошлаб ID карта берилади.
Россия Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 29 декабрда кучга кирадиган буйруғига кўра, мамлакатга 90 кун ва ундан кўпроқ муддатга келган меҳнат муҳожирлари ҳамда чет элликлар шахсий маълумотлари, фотосурати ва бармоқ излари чипи бўлган пластик картани олишлари керак бўлади.
Ҳужжатга чипли пластик карта шакли бириктирилган ва унда карта эгасининг фуқаролиги, шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва шахсий маълумотлар бўлади.
Миграция масалалари бўйича юрист Зарнигор Омониллаеванинг изоҳига кўра, "бу карта бармоқ излар ва шахсий маълумотларни акс эттиради, холос".
- Мигрантлар орасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар кўпайди. Жиноятчиларни (дейлик, оммавий тўқнашувлардаги) бармоқ излари орқали топиш осонлаштирилади. Яъни, жиноят содир этилган жойдаги бармоқ излари борлиги ўрганилиб, улар мигрантларга тегишлими-йўқми, базадан текширалади. Шу жараённи ифодалаш учун ушбу карталар жорий қилинаяпти, - дея фикр билдиради юрист.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг таъкидлашича, бу карта чип ёки кодлаш эмас, оддий "мигрант паспорти"дек карта бўлади. Ва патент ҳам, унинг тури ҳам, патент ўрнига ҳам эмас.
Минглаб депортациялар

Сурат манбаси, official
Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги чет эл фуқаролари учун Россияга киришни тақиқлаш ҳақидаги статистик маълумотларни очиқлади.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг январь-июль ойларида 115 мингта чет эл фуқароларини мамлакатдан чиқариб юборилишига тегишли қарорлар қабул қилинган.
"2021 йилнинг 7 ойи давомида Россия Ички ишлар вазирлиги ҳудудий органларининг миграцияси бўйича бўлинмалар материаллари асосида киришга рухсат бермаслик тўғрисида 115 мингга яқин қарор қабул қилинди", - дейилади ИИВ маълумотида.
Қайд этилишича, 40 мингта иш чет элликларнинг бир неча бор содир этган маъмурий ҳуқуқбузарликлари билан боғлиқ.
Россияга киришни тақиқлаш тўғрисида яна 20 мингта қарор Россия Федерациясида бўлиш муддатини бузганлиги учун қабул қилинган.
Аввалроқ, Ички ишлар вазирлиги Россияда айни пайтда 700 минг атрофида ноқонуний муҳожир борлигини маълум қилганди.
Икки кундан кейин топилган

Сурат манбаси, official
Москва ғарбида оғзида ғишт бўлаги бўлган муҳожирнинг жасади топилди.
Бу ҳақда маҳаллий нашрлар 5 сентябрь куни маълум қилишган.
Хабарларга кўра, Рябиновая кўчасида ўткинчи киши жасадни кўриб қолган ва полицияга маълум қилган.
Марҳумнинг ёнидан 1990 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси номидаги ҳужжатлар топилган.
У Рязань вилоятида яшаш учун миграция қайдига эга бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ўтказилган дастлабки кўрикдан ўтказилганда, мигрантнинг ўлимига тахминан икки кун ўтгани, бош соҳасида жароҳатлар, қўлларда кўкаришлар ва оғизда ғишт бўлаги топилган. Жасад 2-сонли суд ўликхонасига юборилган.
"Айни пайтда Россия ИИВнинг Очаково-Матвеевское ҳудудидаги ходимлари ҳодиса сабабларини ўрганишмоқда", - дейилади хабарда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














