Дайжест. Россия-Ўзбекистон: Соvid-19 статистикалари қанчалик тўғри? Москваликлар Ягона миграция марказини нега кўчиртираяпти? Патентни Ўзбекистонда олишнинг йўли борми? Rossiya yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Ковид билан боғлиқ ўлимлар сони ортмоқда;
- Янги вакцина акс таъсирни камайтирадими?
- Аҳолининг мигрантлардан шикоятига 4000 киши қўл қўйган;
- Патент Ўзбекистонда, харажати иш берувчидан;
Маълумотларда юз минглаб ўлимлар
Россияда 3 октябрь куни коронавирус ташхиси билан 890 киши вафот этгани қайд этилди - бу пандемия давридаги максимал кўрсаткичдир.
Айни кунларда Оператив штаб ўз маълумотларида мамлакатда кунига 25 мингдан зиёд Ковид-19 билан касалланиш ҳолатларини билдирмоқда.
Оператив штаб маълумотлари Россия статистика идораси томонидан эълон қилинган маълумотлардан фарқ қилади. Росстат ўз ҳисоботларида ўлим ҳақида кўпроқ маълумот беради.
Август ойи охирида эълон қилинган Росстатнинг сўнгги ҳисоботига кўра, 2021 йил июль ойининг ўзида Россияда коронавирус билан касалланган 50 мингдан ортиқ одам вафот этган.
Оператив штаб маълумотларига кўра эса, эпидемия бошланганидан бери Россияда 209 918 киши оламдан ўтган.
- Россия, мигрантлар: "Ҳозир уларни отиб ташлайман"
- Россия: Янги тўлқин хавфи қанчалик ёки мигрантлар русларни заҳарлаяптими?
- Ўзбекистон: Россия 10 минг ўзбек мигрантини олиб кетмоқчи ва "ўлимдан хабарим бор, лекин мандат қачон чиқишини билмайман"
- Дайжест. Россия-Ўзбекистон: Марказий Осиёдаги афғон қочқинлар Путинга нега ёқмаяпти?
Хусусий компаниядан вакцина

Сурат манбаси, BETUVAX
Россияда "Бетувакс-КоВ-2" вакцинасини синовдан ўтказишнинг дастлабки икки босқичи бошланди. Мазкур тадқиқотда 170 киши иштирок этиши маълум қилинди.
Бу Россияда бюджетдан молиялаштириладиган йирик илмий-тадқиқот институтлари томонидан эмас, балки хусусий компания томонидан ишлаб чиқилган биринчи вакцина ҳисобланади.
Вакцина беморларга бир ой оралиғи билан икки марта эмланилади.
Дори-дармонлар давлат реестри маълумотига кўра, тадқиқот А.А.Смородинцев номидаги грипп илмий-тадқиқот институти, Пермдаги касбий тиббиёт маркази ва Санкт-Петербургдаги Экологик хавфсизлик тиббиёт марказида ўтказилади.
Ҳозирда Россияда уч хил технология бўйича ишлаб чиқарилган вакциналар рўйхатга олинган.
Агар "Бетувакс-КоВ-2" синовлари муваффақиятли ўтса, мамлакатда янги технология ёрдамида ишлаб чиқарилган ва эҳтимолки, акс таъсирлари камроқ дори пайдо бўлиши мумкин.
Аҳоли норозилиги билан

Сурат манбаси, YEMS - yagona migratsiya markazi rasmiy sayti
Маҳаллий аҳоли шикоятига кўра, Москва вилоятидаги Ягона миграция маркази ноябрь ойида ёпилади. Марказ Красногорскнинг Путилково қишлоғида жойлашган эди.
Ташкилотнинг бошқа жойга кўчирилишини Москва вилояти Минтақавий хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи Роман Каратаев маълум қилган.
"Топшириқ бўйича мигрантларга патент расмийлаштириш учун янги жойни танладик. Ноябрь ойида янги жойга кўчишимиз керак, Путилководаги миграция маркази ўз фаолиятини тўхтатади", - деди расмий Роман Каратаев.
Вилоят губернатори Андрей Воробёв эса миграция марказини кўчириш учун вақт кераклигини таъкидлади.
Шу билан бирга, маҳаллий аҳолини марказни кўчириш учун зарур барча ишлар амалга оширилаётганидан хабардор қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Аммо миграция марказининг янги жойини очиқламади.
Миграция марказининг кўчирилишига маҳаллий аҳолининг муҳожирлардан норозилиги сабаб бўлган.
Улар ҳукуматга "мигрантларнинг хулқ-атвори ва ҳатто жиноятлари тўғрисида" шикоятлар битилган 4 мингдан ортиқ киши имзоси билан мурожаат йўллашган.
Бу борада РФ Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш кенгаши раҳбари Валерий Фадеев Москва вилояти губернатори Андрей Воробёвга тегишли топшириқлар берганди.
Патент Ўзбекистонда, харажати иш берувчидан

Сурат манбаси, TMMA - Tashqi mehnat migratsiyasi agentligi
Россия марказий нашрлари Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонликларнинг Россияда қурилиш майдонларида ишлаши учун 10 мингта бўш иш ўринларини эълон қилгани ҳақида хабар бермоқда.
Агентлик маълумотларига кўра, Россия қурилиш майдонларида ишлашни истовчилар касбий малака бўйича суҳбатдан ўтишади.
Ишчилар Москва, Санкт-Петербург, Амур, Новосибирск, Калуга, Тула, Мурманск, Калининград ва Краснодар ўлкасида қурилиш лойиҳалари учун сараланади.
Танланган барча номзодлар тиббий кўрикдан ўтказилади ва Спутник вакцинаси билан эмланади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг ўзида Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи меҳнат патенти берилиши ва барча харажатлар иш берувчилар зиммасидалиги таъкидланган.
Аввалроқ, Россия Қурилиш ва уй -жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари Никита Стасишин жорий йил охиригача Ўзбекистондан Россия қурилишларига 10 минггача ишчи муҳожирларни чартер рейслар орқали келтириш режалаштирилаётганини билдирганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















