Украина-Россия ўртасида тинчликка эришишга нима халал бермоқда?

askar

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Саудия Арабистонидаги бир неча кунлик музокаралардан сўнг Украина ва АҚШ ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришгани эълон қилингач, нигоҳлар Москвага қаратилди.

АҚШ давлат котиби Марк Рубио айтганидек, "тўп Россия томонида" эди.

Кутилган жавоб Россия президенти Владимир Путиндан келди.

У Украинадаги урушда вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш ғоясини шартли равишда қўллаб-қувватлади, аммо Қўшма Штатлар билан муҳокама қилиниши керак бўлган бир қатор саволларни кўтарди.

Унинг таъкидлашича, ҳар қандай ўт очишни тўхтатиш узоқ муддатли тинчликка олиб келиши ва можаронинг "асосий сабаблари"ни бартараф этиши лозим.

Оташкесимга эришиш мумкиндек кўринсада, тинчликка эришиш йўлида ҳали кўп тўсиқлар бор.

Алоқадор мавзулар:

Оташкесим келишуви Украинага нима беради?

Украина президенти Володимир Зеленский ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасидаги тортишувдан икки ҳафта ўтгач, Киев Вашингтон билан конструктив мулоқотни тиклашга эришган кўринади.

Украинанинг ҳарбий ҳаракатларни 30 кунга тўхтатишга розилик бергани АҚШнинг қурол-яроғ таъминоти ва Киев билан разведка маълумотлари алмашинувини қайта тиклашга йўл очди.

saudiya

Сурат манбаси, Salah Malkawi/Getty Images

Сурат тагсўзи, Саудия Арабистонида ўтган мулоқот Киевга Вашингтон билан зиддиятни нисбатан юмшатиб олишга имкон берди. Шу музокаралардан сўнг АҚШ Россиядан тинчликка эришиш йўлида аниқ қадамлар ташлашни талаб қилди.

Киев, шунингдек, уруш тугашини истамаётган Украина ҳақидаги тасаввурни ўзгартиришга эришганидан мамнун. Ваҳоланки Киев урушни тўхтатмоқчи эмаслиги ҳақида Кремлда ва яқинда Оқ уйда бир неча бор айтилган эди.

Бошқа томондан, бутун фронт чизиғи бўйлаб оташкесимга розилик бериш Киевнинг урушнинг дастлабки икки йилида амал қилган тамойилларидан кескин чекиниш эди.

Украина Россия ўз қўшинларини Украина ҳудудидан олиб чиқмагунча ўт очишни тўхтатмаслигини бир неча марта билдирган эди.

Улар ҳарбий ҳаракатлардаги ҳар қандай танаффус Москвага янги ҳужумлар учун куч тўплашга имкон беришини таъкидлашган.

Шу сабабли Украина делегацияси Жиддага фақат "ҳавода ва денгизда" ўт очишни тўхтатиш таклифини олиб келди – қуруқликда эмас.

Хавфсизлик кафолатлари масаласи, яъни Россиянинг танаффусдан фойдаланиб янги ҳужум бошлаши олдини олиш масаласи ҳал этилмай қолди.

Бироқ, АҚШ раҳбарияти ҳар қандай кафолатлар ҳақида фақат ўт очишни тўхтатгандан кейингина гаплашиш мумкинлигини таъкидлагани учун Киев ён беришга мажбур бўлди.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Ўт очишни тўхтатиш келишуви Россияга нима беради?

Илгари Владимир Путин вақтинчалик оташкесим имкониятини кўриб чиққан, аммо Киев бу таклифларни жиддий қабул қилмаган эди.

Шу билан бирга, Путин жанглардаги узоқ муддатли танаффусга шубҳа билан қараган.

Би-би-сининг Кремлга яқин манбасига кўра, Россия расмийлари ҳеч қандай шартларсиз оташкесим Киевга қўл келади деб ҳисоблайди, чунки Россия қўшинлари катта йўқотишларга қарамай, ҳам Донбассда, ҳам Россиянинг Курск вилоятида илгарилаб бормоқда.

putin

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Март бошидан бери Россия Курск вилоятидаги бир қанча шаҳарлар устидан назоратни қайта қўлга киритди. 12 март куни вилоятга Путиннинг шахсан ўзи келди.

Агар уруш Киевнинг ҳеч қандай ён беришисиз тўхтаса, Путин ўз мақсадларига эришиш учун ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашга мажбур бўлади, бу эса "Россияга ишониб бўлмайди" деган тахминни кучайтиради, дейди у.

Юрий Ушаковнинг баёнотларидан кейин оташкесим бўйича келишувни тўғридан-тўғри рад этиш керак ёки йўқлиги ноаниқ. Бироқ бу Доналд Трамп даврида яхшилана бошлаган Россия ва АҚШ ўртасидаги мулоқотни мураккаблаштириши мумкин.

Аслида, 2024 йил июнь ойида Владимир Путин ўт очишни тўхтатишнинг асосий шартларини санаган эди.

Улар орасида Украина қўшинларининг бутун Луганск, Донеск, Херсон ва Запороже вилоятларидан чиқарилиши (ҳозирда уларнинг фақат бир қисми Россия томонидан босиб олинган), Украинанинг НАТОга қўшилишдан воз кечиши ва Москвага қарши санкцияларнинг бекор қилиниши бор эди.

xarita
Сурат тагсўзи, Россия назорати остидаги ҳудудлар.

Буларнинг ҳеч бири Саудия Арабистонида эришилган оташкесим келишуви режасига киритилмаган.

Аксинча, АҚШнинг Киевга қурол етказиб бериш ва разведка маълумотлари алмашишни қайта тиклаши, эҳтимол, Путинни ранжитган.

Давомий битим тузиш режаси борми?

Россия ва Украина можаронинг доимий ечимидан манфаатдор эканликларини айтмоқда. Хўш, томонларга давомий тинчлик битими устида иш бошлашга нима тўсқинлик қилмоқда?

Би-би-сининг Кремлга яқин манбаси таъкидлашича, Москва ва Киев ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот йўқлиги сабабли ҳозирча ҳеч кимда уришаётган томонлар талабларини ҳисобга оладиган аниқ режа бўйича таклиф йўқ.

"Ҳужжатларни тайёрлашга вақт керак. Биз украиналиклар билан ўтириб, [Украина учун хавфсизлик кафолатларини] муҳокама қилишимиз, шунингдек, Путиннинг "қизил чизиқлари» нималигини тушунишга ҳаракат қилишимиз керак," дейди манба.

Вазият мураккаб, чунки Россия ҳам, Украина ҳам тинчлик музокаралари учун махсус вакил тайинламаган.

Европа режа ишлаб чиқишга фаол уринмоқда ва сўнгги бир ой ичида Украина иттифоқчилари бу мавзуда бир нечта фавқулодда саммит ўтказди.

Бироқ, у ерда ҳам Киев учун хавфсизлик кафолатлари каби масалалар бўйича келишув йўқ.

askar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 24 февраль куни Россия бошлаган урушга уч йил тўлди.

"Булар ниҳоятда мураккаб ва сиёсий жиҳатдан чигал масалалар," дейди Америка нотижорий глобал сиёсат таҳлил маркази RAND корпорацияси катта тадқиқотчиси Самуэл Чарап.

"Бу шафқатсиз уруш ва ақл бовар қилмас даражада зўравонлик билан шуғулланаётган икки давлатнинг келишувини талаб қилади. Бу жуда қийин," дейди у ва Россия ҳамда Украина тинчлик сари кенг қамровли режа тузиш учун тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориши кераклигини таъкидлайди.

Янги Евроосиё стратегиялари маркази катта тадқиқотчиси ва НАТОнинг Москвадаги собиқ вакили Жон Лоҳ ҳам олдинда қийин муаммолар борлигини айтади.

"Репарациялар, музлатилган активлар бўйича масалалар бор. Буларни ҳал қилиш учун ойлар, ҳатто йиллар керак бўлади," дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

Муроса қандай бўлиши мумкин?

Томонлар позициялари қанчалик фарқ қилишига яхши мисол – Украинага тинчликпарвар кучларни юбориш эҳтимоли ҳақидаги мунозаралардир.

Бу ғоянинг энг кучли тарафдорлари Франция ва Буюк Британия. Назарий жиҳатдан, Дания ва Австралия каби бошқа давлатлар ҳам қўшилишга тайёр.

Бироқ, 2025 йилда Украина бўйича Лондон саммити доирасида бўлиб ўтган муҳокамалардан хабардор европалик дипломат сўзларига кўра, "Келажагимиз кафолати Лондон саммити" деб номланган тадбирда кўплаб давлатлар иштирок этишга унча хоҳиш билдирмаяпти.

yetakchilar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Европа етакчилари Украинани қўллаб-қувватлашга ваъда бермоқда ҳамда тинчлик музокараларида улар ҳам қатнашиши лозимлигини таъкидламоқда.

Лондон тинчликпарвар кучларни юбориш ғоясини бошқа давлатлар ҳам қўллаб-қувватлашига умид қилган бўлиши мумкин, аммо бу амалга ошмади, чунки Европанинг кўплаб давлатлари ҳозирда мураккаб ички сиёсий вазиятни бошдан кечирмоқда, деб таъкидлайди манба.

Шунингдек, Америка расмийлари Европанинг бўлажак тинчликпарвар кучларига қандайдир ёрдам ёки кафолат беришга тайёрми ёки йўқ, номаълум. Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Американинг дастагисиз тинчликпарварлик миссиясини амалга ошириб бўлмаслигини айтди.

Россия расмийлари Европа тинчликпарвар кучлари ғоясига қатъий қарши ва Москва НАТО қўшинларини ўз чегаралари яқинида кўришни истамаслигини бир неча бор таъкидлаган.

Самуэл Чарапнинг айтишича, ҳақиқий хавфсизлик кафолати 1975 йилда Миср билан тинчлик музокаралари чоғида АҚШ ва Исроил ўртасидаги келишувларни эслатувчи битим бўлиши мумкин.

Ўшанда Вашингтон ўт очишни тўхтатишга эришишга ёрдам берган ва Қоҳира сулҳни бузса, "тузатиш чоралари" кўришга ваъда берганди.

Бу фикрга Би-би-сининг Кремлга яқин манбаси ҳам қўшилади, у бундай таклиф Путинга Европа қуролли кучлари Украинада бўлишидан кўра кўпроқ маъқул келишини таъкидлаган.

Европа етакчилари АҚШ позициясидан қатъи назар, Киевни ҳарбий қўллаб-қувватлашни давом эттиришга аҳд қилган.

Бироқ, Кремль босқин бошида Украина армияси сонини сезиларли даражада қисқартиришни талаб қилган ва мамлакатни "демилитаризация" қилишни ўзининг асосий мақсадларидан бири деб атаганди.

Россиянинг қанчалик муросага боришга тайёрлиги ҳақидаги савол ҳам очиқ қолмоқда. "Биз ўзимизникини бермаймиз," деб ваъда берди Путин ўтган ҳафта россиялик ҳарбийлар оилаларига.

Доналд Трамп башарти Москва ён бермаса, кўпроқ санкциялар билан таҳдид қилмоқда. Аммо Вашингтон Кремлдан оташкесимдан ташқари қандай аниқ ён беришларни кутаётгани номаълум.

Бу қисман янги Америка маъмуриятининг Москва билан муносабатлардан умуман нимани кутаётгани борасидаги ҳозирги ноаниқлик билан боғлиқ.

"Улар Россия билан муносабатларни нормаллаштиришни кўзлашмоқда ва бунга эришиш учун ўт очишни тўхтатишмоқчими? Ёки мақсадлари ўт очишни тўхтатиш ва муносабатларни нормаллаштириш бунга эришиш йўли деб ҳисоблашадими? Буни билмаймиз," дейди Самуэл Чарап.