Ўлгунча рўза тутадиган диндорлар ким?

Сурат манбаси, Pranay Modi
- Author, Сваминатан Натаражан
- Role, BBC
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Бачадон бўйни саратони ташхиси қўйилганидан уч ҳафта ўтгач, 88 ёшли Саяр Деви Моди даволанишдан воз кечишга қарор қилди. Бунинг ўрнига у ўлгунча рўза тутмоқчи эканини айтди.
"Унинг биопсия натижаси 25 июнда келди ва саратоннинг тарқалаётганини кўрсатди. 2024 йил 13 июль куни у ибодат қилиб, шўрва ичди. Эртаси куни бизга қўнғироқ қилиб, сантара қилиш ниятини билдирди," деб эслайди набираси Пранай Моди.
Сантара («саллекҳана» деб ҳам аталади) Жайн динининг айрим вакиллари бажарадиган амалиёт бўлиб, унда овқат ва сувдан воз кечиб, ўлимни қабул қилиш тушунилади.
Бу эътиқоднинг асосий талаби эмас ва ҳинд оммавий ахборот воситалари ҳисоб-китобларига кўра, фақат озчилик – ҳар йили 200 дан 500 гача киши – шу йўл билан ўлимни танлайди.
Баъзилар бу амалиётни ўз жонига қасд қилиш деб ҳисоблашади ва ҳозир Ҳиндистон Олий судида сантарани тақиқлаш бўйича ариза кўриб чиқилмоқда.
Жайнизм

Сурат манбаси, Getty Images
Зўравонликдан воз кечиш камида 2500 йиллик тарихга эга бўлган жайн дини асосини ташкил этади. Унда худо тушунчаси йўқ, бироқ жайнлар соф, доимий, индивидуал ва ҳамма нарсани биладиган руҳга ишонадилар.
Деярли барча жайнлар вегетарианлардир ва улар ахлоқий қадриятларга ҳамда дунёвий қулайликлардан воз кечишга алоҳида эътибор қаратишади.
Ҳиндистонда беш миллионга яқин жайн бор ва улар кўпинча яхши маълумотли ҳамда нисбатан бадавлат яшашади. АҚШдаги Pew тадқиқот маркази маълумотига кўра, вояга етган жайнларнинг учдан бир қисми олий маълумотга эга, бу эса Ҳиндистон аҳолисининг умумий кўрсаткичидан (9 фоиз) анча юқори.
Жайн устозлари кўпинча бутун ҳинд жамиятида ҳурмат қозонган. Бош вазир Нарендра Моди улардан дуо олган ва Х ижтимоий тармоғида Ачаря Шри Видясагар Жи Маҳараж вафотидан қайғуга тушиб, уни "мамлакат учун ўрнини тўлдириб бўлмас йўқотиш" деб таърифлаган эди.
Ачаря Шри Видясагар уч кунлик рўзадан сўнг 77 ёшида вафот этганди. Унинг дафн маросимида минглаб одамлар иштирок этди.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
Жайнларнинг таъкидлашича, рўза тутиш орқали ҳаётни якунлашни эвтаназия ёки ўз жонига қасд қилишга ёрдам бериш билан таққослаш нотўғри.
"Саллекҳана ёки сантара ёрдам билан ўз жонига қасд қилишдан фарқ қилади, чунки у шифокор ёрдамисиз амалга оширилади ва ўлимга олиб келадиган бирор нарса қабул қилинмайди ёки инъекция қилинмайди," дейди Колорадо-Денвер университети профессори ва жайнизм бўйича мутахассис Стивен М. Воуз Би-би-си билан суҳбатда.
Професор Воуз "танани қўйиб юбориш" ёки "тананинг сўнишига йўл қўйиш" деб таърифлаган бу амалиёт илдизлари VI асрга бориб тақалади.
Ҳаётни улуғлаш

Сурат манбаси, Pranay Modi
Карма, жон, қайта туғилиш ва нажотга ишониш сантаранинг асосий унсурларини ташкил этади.
Саяр Деви каби баъзи жайнлар ўлими яқинлигини англаса ёки тузалмас касаллик ташхиси қўйилгандан сўнг бу йўлни танлайди.
Рўза пайтида олинган видеоларда Саяр Деви оқ сари кийган ва оғзини тўртбурчак мато билан ёпиб олган эди.
"У хотиржам, ҳушёр эди ва охиригача гапирди," деб эслайди Пранай Моди.
Модининг айтишича, бувисининг сўнгги рўзаси пайтида уларнинг Ҳиндистон марказидаги Кабридҳамдаги ота-боболари уйи байрамона тус олган.
"У ерда ўлим ҳавоси сезилмасди. Оила аъзолари, қариндош-уруғлар, дўстлар, қўшнилар ва кўплаб нотаниш одамлар келиб, унинг дуосини олишди."
Ҳатто сўнгги кунларда ҳам Деви 48 дақиқа давом этадиган жайн ибодатини бажариш учун куч топа олди.
"Ишончим комилки, у дори-дармонларни тўхтатгандан сўнг жуда қаттиқ оғриқ ҳис қилган бўлса-да, ҳеч нарсадан шикоят қилмади. У нурли ва хотиржам кўринарди," дейди Моди.
Девининг фарзандлари, набиралари ва чеваралари унинг умри тугаб бораётганини кузатиб туришди.
"Унинг бу тарзда ўлаётганини кўриш мен учун жуда оғир бўлди, – дейди Моди, – лекин у яхшироқ жойга кетаётганини биламан. Биз унинг қарорини ҳурмат қилдик."
Сўнгги кураш

Сурат манбаси, Getty Images
Сантара доим ҳам хотиржам якунланмаслиги мумкин. Профессор Мики Чейз бу мавзуда докторлик диссертациясини ёқлаган ва ўнлаб охирги рўзаларга гувоҳ бўлган.
"Оғир саратон ташхиси қўйилган бир эркак сантарани қабул қилди ва қаттиқ оғриқ азобида эди. Оиласи унинг аҳдидан фахрланган, уни қўллаб-қувватлаган бўлса-да, унинг азобланишини кўриш улар учун ҳам қийин эди," дейди Висконсин-Мэдисон университетининг Жайн тадқиқотлари бўйича Шри Анантнатҳ кафедраси доценти, профессор Чейз.
Бошқа бир ҳолатда, Чейз саратон ташхиси қўйилган аёл рўза тута бошлаганидан сўнг анча хотиржам бўлиб қолганини кузатган.
"Келини менга айтишича, улар унга далда бериш ва қатъиятини мустаҳкамлаш ўз зиммаларида эканлигини ҳис қилишган, шунинг учун унга диний қўшиқлар айтиб беришган."
Профессор Воуз маълум даражадаги кураш муқаррар эканлигига ишонади.
"Очликдан ўлаётган одамни кузатиш ҳеч ёқимли бўлмайди ва сўнгги дақиқалар даҳшатли бўлиши мумкин. Инсон охирида овқат ёки сув сўраши мумкин, чунки тана ўзини сақлаб қолиш учун курашади. Бу сўровга жавоб берилмаслиги мумкин, лекин бу одатда жараённинг бир қисми сифатида қабул қилинади," дейди у.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган, шу тарзда вафот этган яланғоч юрадиган Дигамбар роҳибларининг ёноқлари ва қовурға суяклари бўртиб чиққан ҳолда тасвирланган суратлари очлик ва сувсизланиш ҳолатини яққол кўрсатади.
Аёллар сантарани танлаганлар орасида кўпчиликни ташкил қилади. Профессор Воуз фикрича, бу аёлларнинг тақводорроқ кўриниши, шунингдек, эркаклардан кўра узоқроқ умр кўриши билан боғлиқ.
Профессор Чейзнинг таъкидлашича, жамият сантарани "буюк руҳий ютуқ" деб билади.
Теологик асос
Ro‘za tutish va o‘limni qabul qilish orqali inson keyingi tug‘ilishda yaxshiroq ruhiy hayot kechirishi uchun tana va ruhini tozalashi hamda yomon karmalarni kamaytirishi mumkin.
Шри Пракаш Чанд Маҳараж Жи (1929 йилда туғилган) Светамбара йўналишининг энг кекса Жайн роҳибларидан бири – яъни оқ либос кийган. У 1945 йилда роҳиблик ҳаётига кирган. Унинг отаси ва укаси ҳам роҳиб бўлиб, сантара қилишган.
"Мен отам ва укамни кўриб маҳзун бўлмадим. Бутунлай бефарқ эдим. Ўзимни етим қолаётганимни ёки ҳаётимда бўшлиқ пайдо бўлишини ҳис қилмадим."
95 ёшли роҳиб Ҳиндистон шимолий қисмидаги Гоҳана шаҳрида жойлашган ибодатхонада яшайди. У телефон ёки ноутбукдан фойдаланмайди ва Би-би-си билан шогирди Ашиш Жайн орқали суҳбатлашди.
"Бу ҳаётнинг мукаммал якуни ва кейинги ҳаётнинг идеал бошланиши сифатидаги гўзал ўлим. У менинг фалсафий, руҳоний ва диний эътиқодларимга асосланади," деди у Би-би-си билан суҳбатда.
Роҳибнинг айтишича, сантара кўп босқичли бўлиб, тўсатдан ёки импульсив бўлиши мумкин эмас. Оиланинг рухсати ва Маҳараж Жи каби руҳоний устозларнинг йўл-йўриқлари зарур.
Сантаранинг биринчи босқичи – ўтмишдаги барча гуноҳ ва ножўя хатти-ҳаракатларингизни ўйлаб кўриш ва тан олишдир. Шундан сўнг тавба қилиш лозим.
"Рўза тутиш ва ўлимни қабул қилиш орқали инсон кейинги туғилишда яхшироқ руҳий ҳаёт кечириши учун тана ва руҳини тозалаши ҳамда ёмон кармаларни камайтириши мумкин," деб тушунтиради Маҳараж Жи.
"Бу охир-оқибат руҳнинг туғилиш ва ўлим айланмасидан озод бўлиши билан якунланади."
Ҳуқуқий низолар
2015 йилда Ҳиндистон шимоли-ғарбий Ражастан штатидаги Олий суд бу амалиётни тақиқлаган, бироқ кейинчалик қарор Олий суд томонидан тўхтатиб қўйилган.
Собиқ давлат хизматчиси Д. Р. Меҳта сантара анъанасини сақлаб қолмоқчи бўлган даъвогарлардан биридир.
"Жайнлар буни ўлимнинг энг яхши шакли деб билишади. Бу ўлимни онгли, тинч ва муносиб қабул қилишдир. Руҳий покланиш ва абадий хотиржамлик асосий мақсадлардир," дейди Ҳиндистон марказий банки раҳбари ўринбосари, фонд бозорини тартибга солувчи орган раиси каби лавозимларда ишлаган Меҳта.
2016 йилда Ҳайдарободлик 13 ёшли қизнинг ўлими бу амалиётга қаршиликни яна кучайтирди. У 68 кунлик рўзадан сўнг вафот этди, аммо сўнгги йиллардаги бошқа барча сантараларни кекса одамлар амалга оширган.

Сурат манбаси, Getty Images
Маҳараж Жи санлехана жараёнини 2016 йилда бошлаган, бу сантарадан олдинги босқичдир. Дастлаб у ўз овқатини ўнта маҳсулот билан чеклаган ва ҳозирда фақат иккита озиқ-овқат маҳсулоти, сув ва дори-дармонлар билан кун кечирмоқда. Бироқ, у ҳали ҳам фаол ҳаёт кечиради.
"У касал ёки заиф одамга ўхшамайди, доим хушчақчақ. Кўп гапирмайди," дейди унинг шогирди Ашиш Жайн.
Маҳараж Жи ўзининг камтарона турмуш тарзи унга руҳий юксалишга ёрдам берганига ишонади.
"Менинг ички қалбим ва онгим ўзини жуда бахтли ҳис қилмоқда. Ҳузур-ҳаловатда яшамоқдаман."












