Ҳиндистон: Сирли касаллик тарқалди – одамлар кал бўлиб қолмоқда

soch
Сурат тагсўзи, Январь ойидан буён тўрт яшар болалардан тортиб эркаклар ва аёлларга қадар бўлган 200 дан зиёд инсоннинг сочи кутилмаганда тўкилиб кетгани қайд этилган.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ҳиндистондаги 12 та қишлоқ аҳолиси сочларининг оммавий тўкилишидан ташвишга тушиб қолган. Маҳаллий соғлиқни сақлаш органлари маълумотларига кўра, 2025 йил январидан бошлаб 200 дан ортиқ кишининг, жумладан, тўрт ёшли боланинг ҳам тез ва кутилмаганда сочи тўкилган.

Маҳараштра штати Булдҳана туманида кузатилаётган бу ғалати ҳолатнинг баъзиларида одамлар бутунлай сочсиз қолган, бу ҳодиса кўпчиликни ташвишлантириб, ваҳимага солган. Ҳиндистон соғлиқни сақлаш органлари бунинг сабабларини текшира бошлаган.

Шегаон талукасидаги Паҳуржира қишлоғидан бўлган Ананд (исм ўзгартирилган) ҳам жабрланганлардан бири. Унинг сочлари 2024 йил 31 декабрда тўкила бошлаган. Шундан сўнг у сартарошхонага бориб, сочини олдирган. Кейин сочлари қайта ўсган, аммо соч тўкилиши яна давом этган.

Маълум қилинишича, бу ғалати ҳолат бош терисининг қичишиши билан бошланиб, тез орада сочларнинг сезиларли тўкилишига олиб келади. Баъзи одамларнинг сочлари қайта ўсган, аммо бунинг аниқ сабаби ҳали номаълум.

Ҳозирда Аюш вазирлиги (Ҳиндистоннинг муқобил тиббиёт вазирлиги) беморларни касаллик аломатларига қараб гомеопатик дори-дармонлар билан таъминламоқда.

Ҳукумат, мутахассислар ва Ҳиндистон тиббий тадқиқотлар кенгаши ҳодисанинг эҳтимолий сабабларини ўрганишни бошлаган.

Алоқадор мавзулар:

Кенгаш олимлари Бҳопал, Ченнай, Пуне ва Деҳли шаҳарларидан келган жамоалар билан биргаликда зарар кўрган қишлоқларга бориб, беморларнинг сочлари, тирноқлари, қони, сийдиги ва маҳаллий сув манбаларидан намуналар олишди. Бу намуналар Аколадаги давлат тиббиёт коллежида таҳлил қилинган.

Коллеж раҳбари доктор Минакши Гажбхие BBC News Marathi'га шундай деди: "Биопция ва қон таҳлиллари бу ҳолат замбуруғли инфекциядан эмаслигини аниқ кўрсатган. Бундан ташқари, уни маълум бир касаллик сифатида таснифлаш мумкин эмас. Ушбу муаммонинг аниқ сабабини аниқлаш учун тадқиқотлар давом этмоқда. Шунингдек, маҳаллий миқёсда қўлланиладиган турли маҳсулотлар ва сув манбалари бўйича ҳам ўрганишлар олиб борилмоқда."

Коллеж жамоаси қишлоқларга ҳам борган.

Булдҳана тумани соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи доктор Амол Гите BBC News Marathi'га шундай дейди: "Буни замбуруғли инфекция деб айтиб бўлмайди, чунки бундай тез соч тўкилиши одатда замбуруғли инфекцияларда кузатилмайди."

Соч тўкилиши ва ижтимоий ихота

soch
Сурат тагсўзи, Сочи тўкилган кўплаб одамлар жамиятдан ажратиб қўйилган.

Бу вазият зарар кўрган қишлоқлар аҳолисига нисбатан маълум даражада камситишга олиб келган.

Би-би-си борганида, баъзи ёш йигит-қизлар олдинга чиқиб гаплашишдан қўрқишди.

Никоҳ учрашувлари бекор қилинган, сочи тўкилган кишилар ижтимоий тадбирлардан четлаштирилган. Баъзи ўқувчилар мактаб ва коллежда масхара қилинаётганидан шикоят қилишган.

55 ёшли Парвати (исм ўзгартирилган) шундай дейди: "Ўғлимнинг сочлари тўкилди. Унинг никоҳ ҳақидаги гаплари ҳам битди."

У яна қўшиб қўйди: "Ўғлим қишлоқда кўчага чиқмай қўйди."

Олтмиш ёшли Кавери Дҳалокарнинг сочлари илгари белигача тушиб турарди, ҳозир эса бошида кал жойлар пайдо бўлган.

BBC
Avvaliga ozgina sochim toʻkildi. Keyin sochlarimni taraganimda koʻp toʻkilganini koʻrdim. Yuvganimda hammasi toʻkilib ketdi. Shuncha sochni yoʻqotish juda yomon.
Kaveri Dhalokar
Pahurjiva qishlogʻi yashovchisi (Batafsil: bbc.com/uzbek)

"Аввалига озгина сочим тўкилди, – дейди у. – Кейин сочларимни тараганимда кўп тўкилганини кўрдим. Ювганимда ҳаммаси тўкилиб кетди. Шунча сочни йўқотиш жуда ёмон."

Ҳудудга борган Бутун Ҳиндистон тиббиёт фанлари институти мутахассиси, дерматолог доктор Сомеш Гупта соч тўкилишидан хавотирда бўлган ва касаллик юқумли ёки йўқлигидан ташвишланаётган аҳолини тинчлантирмоқда.

У BBC билан суҳбатда шундай деди: "Дастлаб сочлари тўкилганларнинг сочлари қайта ўса бошлади. Бу муаммо узоқ давом этади деб ўйламайман. Қайта ўсаётган сочлар ҳам яхши кўринишда."

У яна қўшиб қўйди: "Бу вирусли инфекцияга ўхшамайди. Шунингдек, жуда юқумлига ҳам ўхшамаяпти."

Ҳиндистон тиббий тадқиқотлар кенгашининг ОИТСга қарши кураш миллий тадқиқот институти мутахассиси доктор Шила Годбол шундай дейди: "Беморлар шампунь ва ёғлардан фойдаланишда эҳтиёт бўлишлари керак. Улар ўз тароқларидан фойдаланишлари лозим. Одамлар ваҳимага тушмаслиги керак."

soch
Сурат тагсўзи, Бу сирли касалликнинг тагига етиш учун жабрланган инсонлардан турли намуналар олинмоқда.

2025 йил январидан бошлаб 200 дан ортиқ киши, шу жумладан, тўрт ёшгача бўлган болалар ҳам тез ва кутилмаганда соч тўкилишини бошдан кечирган.

Юқори даражадаги стресс ҳолатларини бошдан кечираётган одамларда, масалан, Cовид-19 пандемияси пайтида кўпчилик вақтинчалик соч тўкилишидан азият чекканида, сабабсиз соч тўкилиши ҳақида хабар берилган бўлсада, Булдҳанадаги каби тўсатдан, маҳаллий миқёсда юз берган ҳолат ҳақида ҳужжатлаштирилган маълумотлар йўқ.

Атроф-муҳитнинг ифлосланиши кўпинча бундай ҳолатларда асосий сабаблардан бири ҳисоблансада, расмийлар сув манбаларини текшириш ва бошқа экологик омилларни ўрганиш каби турли чора-тадбирларни амалга оширган.

Зарар кўрган қишлоқлардаги ер ости сувлари намуналари таҳлил қилинди, туман маъмурияти эҳтиёт чораси сифатида барча маҳаллий сув манбаларини хлорлаш орқали ичимлик суви хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрсатма берган.