АҚШ Украинага разведка маълумотлари беришни тўхтатди – Бу урушга қандай таъсир қилади?

Razvedka

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 10 дақ

АҚШнинг Украинани қўллаб-қувватлаш истиқболи янада шубҳа остида қолмоқда. Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолц АҚШ Украина билан разведка маълумотлари алмашишни тўхтатганини тасдиқлади.

"Биз бир қадам орқага чекиндик", деди Уолц, разведка маълумотларини алмашиш тўхтатагани ҳақида сўралганда.

У Трамп маъмурияти "ушбу муносабатларнинг барча жиҳатларини" вақтинча тўхтатиб, қайта кўриб чиқаётганини қўшимча қилди.

Кейинроқ Франция президенти Эммануэль Макрон келаси ҳафта Парижда Европа армияси бош қўмондонларининг учрашуви бўлиб ўтишини эълон қилди ва Франция АҚШ ёрдамисиз ҳаракат қилишга тайёр бўлиши кераклигини таъкидлади.

"Мен АҚШ ёнимизда қолишига ишонгим келади, лекин бундай бўлмаса, тайёр туришимиз керак", деди Макрон телевидение орқали қилган чиқишида.

Европа "янги давр"га кирганини айтган Макрон мудофаа харажатларини оширишга чақирди.

У, шунингдек, Франция Украина ва бошқа давлатлар билан биргаликда барқарор тинчлик режаси тайёрлаганини маълум қилди.

АҚШ 2022 йилда Россия босқини бошланганидан бери Украина билан разведка маълумотларини алмашиб келган.

Getty Images
AQSHning razvedka ma’lumotlarini bermasligi Rossiyani Ukrainada yanada ko‘proq hududni egallash va muzokaralar stoliga o‘tirish o‘rniga, urushni davom ettirishga undashi mumkin.
Mil Malroy
MRB sobiq zobiti (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Душанба куни эса АҚШ Киевга ҳарбий ёрдамни тўхтатганди. Бу ўтган ҳафта Овал кабинетда АҚШ президенти Дональд Трамп билан бўлиб ўтган асабий учрашувдан сўнг, Украина президенти Володимир Зеленскийга мамлакатни тарк этиш айтилганидан кейин содир бўлди.

Ҳозирча разведка маълумотларини алмашиш тўлиқ ёки қисман тўхтатилгани ҳамда бу қанча давом этиши номаълум.

Чоршанба куни МРБ директори Жон Рэтклифф Fox Business'га берган интервьюсида Трамп "Зеленский тинчлик жараёнига содиқми ёки йўқми" деган саволга аниқлик киритишни хоҳлаганини ва "келинглар, тўхтатиб турайлик, бу ҳақда ўйлаб кўриши учун имконият берайлик", деб айтганини маълум қилди.

Унинг айтишича, жавоб зудлик билан келган, Зеленский тинчликка тайёр эканини билдирган.

Рэтклифф қўшимча қилишича, "ҳарбий фронт ва разведка соҳасидаги танаффус ўз самарасини берди ва энди биз Украина билан елкама-елка ишлашни давом эттирамиз."

Уолц, шунингдек, АҚШ ва Украина ўртасида мураккаб вазиятнинг юмшаётганини ва ҳарбий ёрдам ҳамда разведка маълумотлари алмашиш бўйича чеклов яқин келажакда олиб ташланиши эҳтимолини билдирди.

"Агар биз музокараларда бир тўхтамга келиб, амалий ишга ўтсак ва ишончни ошириш учун чоралар кўрсак, у ҳолда президент бу вақтинчалик чекловни бекор қилишни жиддий қараб чиқади", деди у Fox News'га берган интервьюсида.

У, шунингдек, украиналик ҳамкасби билан "яхши музокаралар" ўтказганини ва яқин кунларда жиддий қадамлар ташланишини айтди.

Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт чоршанба куни матбуот анжуманида ҳарбий ёрдам ҳақида гапирар экан, АҚШ уни фақат вақтинча тўхтатганини ва молиялаштириш масаласини қайта кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Украина Россия босқини бошланганидан бери уч йил давомида АҚШдан келадиган ҳарбий ёрдамга қаттиқ суянган ва бу ёрдамнинг тўхтатилиши урушга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Разведка маълумотларини алмашишни тўхтатиш ҳам фронтда жиддий оқибатларга олиб келиши эҳтимоли бор.

Бу маълумотлар Украинага стратегик жиҳатдан Москванинг кейинги ҳаракатларини тушунишда ва тактик жиҳатдан, масалан, Россия қўшинларининг жойлашуви ҳақида маълумот бериб, қурол йўналтириш ва нишонга олишда ёрдам бераётгани айтилган.

АҚШ Мудофаа вазирининг собиқ ёрдамчиси ва ҳарбийлашган МРБнинг нафақадаги зобити Мик Малрой BBC'га берган интервюсида, АҚШ разведка маълумотларини Украинага бермаслиги "уларнинг ўзини ҳимоя қилиш қобилиятига дарҳол таъсир кўрсатади", деди.

"Бизнинг Европадаги иттифоқчиларимиз АҚШ разведкаси имкониятларининг ўрнини боса олмайди", деди у.

"Бу Россияни Украинада янада кўпроқ ҳудудни эгаллаш ва музокаралар столига ўтириш ўрнига, урушни давом эттиришга ундаши мумкин".

5 март: Зеленский афсусда, Трамп мактуб олганидан мамнун, Россия эса ҳужумни давом эттиряпти

"Бу нормал эмас" дейилади демократлардан бири кўтариб олган ёзувда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Бу нормал эмас" дейилади демократлардан бири кўтариб олган ёзувда.

АҚШ Президенти Доналд Трамп Конгрессдаги нутқида Украина Президенти Володимир Зеленскийдан мактуб олганини айтди ва Зеленский тинчлик музокараларига тайёрлигини изҳор қилганини билдирди. Трампга кўра, Россия томонидан ҳам тинчликка тайёрлик ҳақида "кучли ишоралар" келиб тушган.

Трамп аслида аввалроқ Зеленскийнинг ўзи Х платформасида ёзган постини такрорлади. Айни дамда, у сал аввалроқ Украинага қурол етказиб беришни тўхтатиш бўйича чиққан Оқ Уй баёнотини шарҳламади.

Трампга кўра, Зеленский Украинадаги қазилма бойликлар бўйича келишувга ҳам Америкага "қулай ҳар қандай вақтда" имзолашга тайёрлигини ёзган.

EPA-EFE/REX/Shutterstock
Бугун мен Зеленскийдан муҳим хат олдим. Унда Украина музокаралар устарига имконқадар тез ўтиришга тайёр экани ёзилган.
Доналд Трамп
АҚШ Президенти (bbc.com/uzbek)

Аввалроқ Зеленский ўз Х постида Овал кабинетида Трамп билан бўлиб ўтган даҳанаки жангини "таассуфли" деб атаган, лекин узр сўрамаган.

Украинанинг АҚШдаги элчиси Оксана Маркарованинг айтишича, Зеленский Трампга алоҳида мактуб ёзмаган.

Трамп яна бир бор Украинадаги уруш борасида ҳақиқатдан йироқ бўлган гапларини такрорлади.

"Бу даҳшатли ва шафқатсиз, ҳамда охири кўринмайдиган можарода миллионлаб украинлар ва россияликлар бекорга ўлдирилди ё яраланди", - деди Трамп ва АҚШ Украинага Европадан кўп ёрдам берганини даъво қилди.

Демократлар Трамп нутқи вақтида кўтариб олган ёзувларда "Бу ёлғон!", "Medicaid (Тиббий суғурта)ни асранг", "Хато", "Маск ўғирлайди" деб ёзилганди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Демократлар Трамп нутқи вақтида кўтариб олган ёзувларда "Бу ёлғон!", "Medicaid (Тиббий суғурта)ни асранг", "Хато", "Маск ўғирлайди" деб ёзилганди.

Баъзи демократлар Трамп Украина ҳақида гапираётганида, залдан чиқиб кетишди.

Узунлиги бўйича рекорд нутқида Трамп, шунингдек, инфляция ва бюрократия устидан ғалаба қозониш, Гренландияни сотиб олиш ва АҚШда "Олтин гумбаз" номли ҳаво мудофаа тизимини яратиш ҳақида гапирди. Республикачилар уни қарсаклар билан олқишладилар, демократлар эса сукут, ҳамда "Ёлғон" ва "Қирол эмас" деб ёзилган плакатчалар билан.

Украинага ҳужум давот этди

Одесса иккинчи кундирки Россия ҳужумига учрар экан, муҳим инфратизилмалар шикаст еди ва бир киши ҳалок бўлди.

"Вилоятга ёппасига қилинган зарбада бир киши нобуд бўлгани маълум. Кенг кўламли вайронагарчилик, хусусий уйларда ёнғин қайд қилинди, фуқаролик инфратизилмаси шикаст еди", дея хабар тарқатди Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати.

Тунги ҳужумларда кўплаб хусусий уйлар шикастланди.

Сурат манбаси, Украина фавқулодда вазиятлар хизмати

Сурат тагсўзи, Тунги ҳужумларда кўплаб хусусий уйлар шикастланди.

Одесса ҳокими Геннадия Трухановга кўра, 93 та хусусий уй ва битта подстанция зарар кўрган.

"Одамлар электр, сув ва газсиз қолишди, учта шаҳар котелнийси вақтинча тўхтаб қолди. Барча хизматларнинг саъй ҳаракатлари билан эрталабгача таъминот тикланди", - деди у.

Украина ҳаво кучлари хабар қилишича, тунда Россия армияси Украинага 181 "Шаҳед" дрон ҳужумини қилган, улардан 115 таси уриб туширилган. Шунингдек, учта "Искандер" баллистик ракеталари ва битта С-300 ракетаси ҳам отилган.

Тунги ҳужумларда Киев, Одесса, Днипропетровск ва Харкив вилоятлари зарар кўрди.

АҚШ ёрдамисиз Европа ўзини ҳимоя қила оладими?

Украина Президенти Володимир Зеленский ва АҚШ Президенти Доналд Трамп

Сурат манбаси, Ukraine Presidential Press Service

Сурат тагсўзи, Украина Президенти Володимир Зеленский "Европа армияси"ни барпо этишга чақирди

АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет биринчи халқаро сафарида Европа давлатлари Россия босқинига қарши Украина мудофаасининг "асосий қисмини" молиялаши кераклигини айтди – бу Европа учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Ҳегсетнинг гаплари Россия ва АҚШ делегацияларининг Саудия Арабистонидаги музокаралари манзарасида янгради ва Трампнинг Украинадаги урушни тугатиш стратегияси қандай бўлишига ишора қилаяпти.

Европанинг ўз хавфсизлиги учун масъулиятини ошириш ғоясини АҚШ Вице-президенти Жей Ди Вэнс ҳам 14 феврал куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида қўллаб-қувватлади ва Европа "ўз мудофаасини таъминлаш учун жиддий ҳаракат қилиши" керак, деди.

Алоқадор мавзулар

АҚШ позициясининг бу кескин ўзгариши Европа етакчиларини ташвишга солиб қўйди ва 17 феврал куни Парижда можаро ҳамда қитъа хавфсизлигини муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказилди.

Савол туғилади: Европа хавфсизлиги АҚШга қай даражада боғлиқ ва у ўзини ҳимоя қила оладими?

АҚШ нима учун дастлаб Европа билан иттифоққа қўшилган эди?

НАТОга аъзо мамлакатлар вакиллари 1957 йилдаги Париж саммитида Delegates sit at U-shaped table at the Nato conference at Paris in a black and white photo, with the symbol of a globe behind them. From left, Van Acker (Belgium), Dieffenbaker (Canada), Gaillard (France), Adenauer (Germany), Hansen (Denmark), Karamanlis (Greece), Jonasson (Iceland), Zoli (Italy), Spaak (NATO Secretary-General), Bech (Honorary Chairman), Hommel (Luxembourg), Luns (Netherlands), Gerhardsen (Norway), Cunha (Portugal), Menderes (Turkey), Harold MacMillan (Britain) and Dwight D Eisenhower (USA)

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, НАТОга аъзо мамлакатлар вакиллари 1957 йилдаги Париж саммитида

НАТО – Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти 1949 йилда собиқ Совет Иттифоқининг Европадаги таъсирини чеклаш мақсадида ташкил этилган.

АҚШ бу кенгайиш олдини олиш учун иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан кучли Европани муҳим деб ҳисоблаган ва Европа давлатларига Иккинчи Жаҳон урушида етказилган вайронагарчиликдан сўнг қайта тикланишига ёрдам бериш мақсадида кенг кўламли ёрдам кўрсатган.

Ҳозирда 32 аъзони, шу жумладан, Шарқий Европанинг бир қанча давлатларини ўз ичига олган ташкилот аъзолари, улардан бирига ҳужум қилинса, қолганлари уни ҳимоя қилишга ёрдам бериши кераклиги ҳақида келишиб олишган.

Бироқ ҳозир Европанинг Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги хавфсизлик тизими хавф остида қолди. АҚШ ҳали ҳам НАТОда бўлса-да, Европа етакчилари энди ёрдам олиш учун АҚШга ишона олмаяпти.

Европа давлатлари мудофаа бюджетига қанча маблағ сарфлайди?

2023 йил 7 февралида Варшава аэропортида ўтказилган ҳарбий машқлар пайти "Patriot" ҳаво мудофаа тизимини қўриқлаб турган ҳарбий соқчи

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Полша ўз хавфсизлиги бюджетига энг катта маблағ сарфлаётган мамлакат

НАТО ҳозирда аъзо давлатлардан миллий даромаднинг камида 2 фоизини мудофаага сарфлашни талаб қилмоқда.

НАТОнинг 2024-йилги башоратларига кўра, Полша кетма-кет иккинчи йил Ялпи Ички маҳсулотининг (ишлаб чиқарилган товарлар ва хизматларнинг умумий қийматининг) 4,1 фоизини ажратиб, биринчи ўринни эгаллади.

Эстония 3,4 фоиз билан иккинчи ўринда, АҚШ эса 3,4 фоиз билан учинчи ўринда турибди, бу сўнгги ўн йилликдаги кўрсаткичларига деярли тенг.

Буюк Британия 2,3 фоиз билан рўйхатда тўққизинчи ўринни эгаллади. Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лемми Буюк Британия 2,5 фоизга кўтаришга "тўлиқ" содиқлигини ва бир неча ой ичида бу мақсадга эришиш йўлини белгилашини айтди.

НАТОнинг Европа ва Канададаги аъзолари учун ўртача кўрсаткич 2,0 фоиз баҳоланмоқда.

НАТОнинг мудофаа инвестициялари бўйича собиқ ёрдамчи бош котиби Камил Гранд Би-би-си билан суҳбатда АҚШнинг Европа давлатларидан кўпроқ сармоя киритишни сўраши кутилмаган ҳолат эмаслигини таъкидлади.

"Европаликлар бир неча ўн йиллардан бери кам ҳисса қўшиб келаяптилар ва энди бунинг оқибатларини тўлаяптилар.

Бу АҚШнинг асосли талаби – нега бой давлатлар кўпроқ сармоя киритишмаяпти?"

"Европа армияси"ни тузиш мумкинми?

Британия Бош вазири Кир Стармер ва Украина Президенти Володимир Зеленский 2025 йил 16 январида Киевдаги учрашувда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Британия Бош вазири Кир Стармер сулҳ келишувининг бир қисми сифатида Украинага хавфсизлигини кафолатлашда ёрдамлашиш учун Британия қўшинларини Украина заминига жойлаштиришга тайёрлигини айтди

АҚШнинг эҳтимолий ёрдамни тўхтатишига жавобан Украина Президенти Володимир Зеленский "Европа армияси"ни тузишга чақирди.

"Очиғини айтганда, энди Америка хавфсизлик масаласида Европага "йўқ" дейиши мумкинлигини истисно қила олмаймиз," деди у 15 феврал куни.

"Кўплаб раҳбарлар Европанинг ўз ҳарбий кучларига – Европа армиясига эҳтиёжи борлиги ҳақида гапирди."

Франция Президенти Эммануэл Макрон узоқ вақтдан бери АҚШга қарамликни камайтириш учун Европа Иттифоқининг ўз ҳарбий кучларини яратишни қўллаб-қувватлаб келади, аммо бу ғояни Европа Иттифоқи ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас дарҳол рад этди.

Кент Университети сиёсат ва халқаро муносабатлар профессори Ричард Уитман Би-би-сига айтишича, НАТО таркибидаги Европа давлатлари Россияга ўхшаш давлатлардан ҳимояланиш учун етарли маблағга эга бўлса-да, уларнинг энг катта муаммоси ташкилий масалалар бўлиши мумкин.

"Уларнинг муаммоси шундаки, бу тизимларнинг барчасини ўзаро боғлаш ва масофадан бошқариш ҳамда сунъий йўлдош тизимлари каби ягона тизимга бирлаштириш муаммоси бор," дейди у.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Саррей Университети Британия ва Европа маркази асосчиси, профессор Амелия Хедфилднинг фикрича, "Европа армияси"нинг Россия каби қудратли давлатдан ўзини ҳимоя қила олиши "мутлақо мумкин эмас".

"Аслида Европа, хусусан НАТО, жуда юқори даражадаги ўзаро мувофиқлашувга эга – бу жуда юқори малакали ва кўп миқдордаги машғулотлар самараси," дейди у турли ҳарбий кучларнинг биргаликда самарали ишлаш қобилиятига ишора қилиб.

"Сиз улардан уч йил четда тургандан сўнг, ёниб турган инқирозга бирдан қўшилишларини, тайёр туришларини, техник жиҳозлар, ходимлар ҳамда ўзаро мувофиқ ишлайдиган самарали халқаро тинчликпарвар кучга айланишда ҳеч қандай етишмовчилик бўлмаслигини талаб қиляпсиз."

НАТО ташкил топганидан бери унинг ҳарбий операцияларига Иттифоқчиларнинг Европа Олий қўмондони (SACEUR) раҳбарлик қилади ва мувофиқлаштиради. Бу лавозимни ҳар доим АҚШ офицери эгаллаб келган, бу уларга уруш давридаги операцияларда катта тажриба берган.

Профессор Уитман таъкидлашича, Европадаги генераллар бундай даражадаги тажрибага эга эмас, бу эса "Европа армияси" имкониятларида катта бўшлиқ қолдириши мумкин.

Украинадаги яқиндаги мобилизациядан кейин ҳарбий хизматга чақирилган киши пиёда қўшинлар сафида ўқотар қуролдан отишни машқ қилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Украинадаги яқиндаги мобилизациядан кейин ҳарбий хизматга чақирилган киши пиёда қўшинлар сафида ўқотар қуролдан отишни машқ қилмоқда.

АҚШ қолдирган сиёсий бўшлиқ масаласи ҳам мавжуд.

"Қўшма Штатлар фақат таянч эмас, балки курашиш учун зарур барча нарсаларни таъминлайди. Бундан ташқари, у буни амалга ошириш учун сиёсий ваколатга ҳам эга. Европада эса буни очиқчасига ёки жамоавий тарзда амалга ошириш учун таққосланадиган даражада сиёсий тузилма йўқ," дея қўшимча қилади у.

Бу ҳокимият учун курашга олиб келиши ва Европанинг мудофаа стратегиясини ким бошқариши ҳақидаги саволни туғдириши мумкин.

Профессор Ҳедфилднинг фикрича, Франция ва Буюк Британия Европанинг энг йирик хавфсизлик ва мудофаа ҳамкорлари сифатида бу имкониятдан фойдаланиб, етакчиликни ўз қўлларига олиши мумкин.

Бироқ, улар мудофаа харажатларини мамлакатлар ўртасида қандай тақсимлаш ва энг катта юкни ким кўтариши масаласини ҳам ҳал қилишлари керак бўлади.

Мутахассислар кўтарган яна бир масала – "вақт".

Профессор Уитмен шундай савол беради: "Сунъий йўлдошларни қанчалик тез ясаб, учира оласиз?"

"Бу кунлар, ҳафталар ёки ойлар эмас, биз йиллар ҳақида гаплашишимиз керак."

Бу эса "Европа армияси" Украинадаги инқироз учун қанчалик фойдали бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволни туғдиради.

"Мен бу ғояга ишончим комил эмас," дейди жаноб Гранд Би-би-сига.

Унинг айтишича, Европанинг энг катта муаммолари унинг "қўшин ва унинг жанговорлиги" бўлади. Бу нафақат қўшинлар сони, балки уларнинг зудлик билан жанг қилишга қанчалик тайёрлиги ҳамда ҳаво-ҳаво ёнилғи қуйиш, дронлар ва узоқ масофали ракеталар каби илғор технологияларни ўз ичига олади.

Ҳарвард Университетининг Белфер номидаги фан ва халқаро алоқалар маркази мақоласида Гранд ва унинг ҳамкасблари шундай ёзадилар: "Трансатлантик ҳамкорликнинг ажралмас қисми сифатида кучли Европа мудофаа қобилияти бир кечада шаклланмайди. Бу кўп йиллик барқарор саъй-ҳаракатлар ва мажбуриятларни талаб этади.

Европа эркинлиги ва дунёдаги мавқеини таъминлаш, глобал мавҳумлик даврида Америка етакчилигини сақлаб қолиш учун Европа ҳам, Америка ҳам мураккаб ўзгаришларни амалга ошириши керак."

Бу Европа келажаги учун нимани англатади?

Франция Президенти Эммануэл Макрон ва Дания Бош вазири Метте Фредериксен 2025 йил 17 феврал куни Париждаги Елисей саройида.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Парижда фавқулодда саммит ўтказилди. Унда Украина ва хавфсизлик стратегияси муҳокама қилинди

Европанинг ҳарбий салоҳиятидаги бўшлиқлар сабабли кўпчилик АҚШнинг хавфсизликни таъминлашдан воз кечиш таҳдидидан хавотирга тушмоқда.

"Европаликларнинг Қўшма Штатларсиз ҳарбий жиҳатдан хавфсизлигини тасаввур қилиш қийин," дейди профессор Уитмен.

Жаноб Гранднинг таъкидлашича, Европа давлатлари барқарор, жамоавий армияга эришиш учун ўз харажатларини сезиларли даражада оширишда давом этишлари керак.

Баъзилар эса Россия АҚШнинг эътиборини бошқа томонга қаратиш ниятини синаб кўришидан жиддий хавотирда.

Профессор Ҳедфилд шундай дейди: "Афсус билан айтиш керакки, одамлар Украина парчаланиб кетади ва биз уни қайта қуришимиз керак бўлади, деган фикрга ўрганиб қолишди. Лекин улар Россиянинг Швеция, Полша ёки ҳатто Буюк Британияга ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида ўйлашга ўрганишмаган, бу эса бутунлай бошқа даражадаги можаро бўлади."

АҚШсиз НАТО ўзининг қандай ташкилотлигини тез аниқлаши керак бўлади.