Британия тинчликни сақлаш учун ўз аскарларини Украинага юборишга тайёр

Сурат манбаси, AFP
Британия, агар зарурат бўлса, ўз ҳарбийларини тинчлик битими шартлари амалга ошишини таъминлаш учун Украинага юборишга тайёр, деди Британия Бош вазири Кийр Стармер Telegraph газетасидаги мақоласида.
Нашрга кўра, бу британ бош вазирининг Украинада британ тинчликни сақловчи кучларини жойлаштириш борасидаги илк баёноти бўляпти.
Унинг мақоласи душанба куни Парижда бўлиб ўтиши кутилаётган Европа лидерлари учрашуви арафасида чиқди.
"Британия Украина хавфсизлиги кафолатлари йўлидаги ишларни тезлаштиришда етакчи ролни ўйнашга тайёр. Буларнинг сирасига Украина Қуролли кучларини қўллаб-қувватлашда давом этиш ҳам киради. Британия аллақачон бу ишларга йилига 3 миллиард фунт ажратган ва бу камида 2030 йилгача давом этади. Бу шунингдек, агар зарурат туғилса, ўз махсус қўшинларимизни киритиб Украина хавфсизлик кафолатларини таъминлашга ҳисса қўшишга тайёрлигимизни англатади", - деб ёзди Стармер.
17 февралда Парижда учрашадиган Европа давлатлари раҳбарлари Украинадаги вазиятни муҳокама қиладилар.
Европа Иттифоқи давлатлари АҚШ Президенти Доналд Трампнинг Россия билан тинчлик музокараларига уларни жалб қилмаслик қароридан норозилар.
Кутилишича, Париждаги учрашув ортидан Европа лидерларининг сўзларини Трампга етказиш учун Стармер Вашингтонга учади.
Украина борасидаги АҚШ ва Россиянинг ҳар қандай қарорини ҳеч қачон қабул қилмайман, ҳеч қачон.
Бунинг ортидан Европа раҳбарлари Украина Президенти Володимир Зеленский иштирокида яна бир саммит ўтказишни режалашган.
Бу билан бир вақтда Саудия Арабистонида Россия ва АҚШ расмийларининг учрашувига тайёргарлик кетяпти. Улар тинчлик келишуви, ҳамда Доналд Трамп ва Владимир Путиннинг учрашувига тайёргарликларни муҳокама қилишади.
"Коммерсант" газетаси ва Axios порталига кўра, вакиллик гуруҳларининг илк учрашуви Ар-Риёдда сешанба куни бўлади.
Унда АҚШ томонидан Давлат котиби Марко Рубио, президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц ва Яқин Шарқ бўйича махсус элчиси Стив Уиткофф иштирок этиши кутилади.
Россияликлар гуруҳига ким бошчилик қилиши расман айтилмаяпти, аммо баъзи манбаларга кўра, бу Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бўлади.
Украина ҳукуматидаги юқори даражали манба аввалроқ Би-би-сига Саудия Арабистонидаги музокараларга Киев таклиф қилинмаганини айтди. Би-би-си мухбирларига кўра, Украина илк музокараларга жалб қилинмаслиги мумкин.
Трамп якшанба оқшомида Украина президенти тинчлик музокараларида иштирок этишини айтган.
Зеленский бир неча бор Украина иштирокисиз эришилган тинчлик келишувини қабул қилмаслигини айтган. АҚШнинг NBC каналига гапирган Зеленский "Украина борасидаги АҚШ ва Россиянинг ҳар қандай қарорини ҳеч қачон қабул қилмайман, ҳеч қачон", деб айтган.












