Мирзиёев Франциядан олиб қайтган олий мукофот қандай гап-сўзларга сабаб бўлмоқда?
Ўтган ҳафта Францияга борган президент Шавкат Мирзиёев бу давлатнинг олий мукофоти – Фахрий легион ордени билан тақдирланди. Расмий матбуотда бу воқеа олқишлар билан қарши олинган бўлса, айрим танқидчилар Ўзбекистон етакчисига бундай мукофот берилиши қанчалик асосли бўлганини савол остига олган.

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
Ўзбекистон президентига Франциянинг энг юқори ва фахрий мукофотини шахсан ушбу мамлакат етакчисининг ўзи – Эммануэл Макрон тантанали равишда топширган.
Стратегик ҳамкорлик мақоми ва 6,5 миллиард евро қийматига тенг савдо келишувларига эришилган давлат ташрифи чоғида топширилган бу мукофот Ўзбекистон расмий матбуоти томонидан ўзига хос илиқлик билан қарши олинган.
17 март куни ЎзА вебсайтида чоп этилган мақоласида сенатор Қудратилла Рафиқов Елисей саройида бўлиб ўтган мукофот топшириш маросимини "ташрифнинг энг қувончли воқеаси" дея таърифлаган.
Аввалроқ Мирзиёевга умрбод президентлик бериш ғоясини илгари сурган сенатор мазкур мукофотга сазовор бўлган таниқли шахсларнинг узун рўйхатини келтирган.
"…Франция президенти Шарл де Голл, Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилл, Микробиология асосчиси машҳур олим Луи Пастер, француз актёри Жан-Пол Белмандо, ёзувчи, "Уч мушкетёр" асари муаллифи Александр Дюма, биринчи фазогир Юрий Гагарин, Жанубий Африка республикаси Президенти Нелсон Мандела, АҚШ президенти Франклин Рузвелт, Буюк Британия қироличаси Елизавета ИИ, Сингапур Бош вазири Ли Куан Ю...".
Siz ushbu yuksak mukofotni oʻzbekning chiroyli qoshu koʻziga qarab berdi, deb oʻylaysizmi? Bu martabaga erishish... uchun juda ulkan mehnat kerak boʻladi, aziz oʻquvchi.
Бир вақтнинг ўзида Касаба уюшмалари федерацияга раҳбарлик қилиб келаётган ва 2021 йилда ўзининг "Менинг президентим!" номли китобини чоп эттирган Рафиқов ушбу рўйхатдаги номларга таянган ҳолда Франция олий мукофоти Ўзбекистон президентига бекорга берилмаганини тахмин қилган.
"Барчаси дунё сиёсати, маданияти, бир сўз билан айтганда, инсоният тамаддунига таъсир қилган лидерлар, инсонлар... Сиз ушбу юксак мукофотни ўзбекнинг чиройли қошу кўзига қараб берди, деб ўйлайсизми? Бу мартабага эришиш, юқоридаги жаҳон халқлари тан олган нуфузли рўйхатдан жой олиш учун жуда улкан меҳнат керак бўлади, азиз ўқувчи", ёзган у ЎзАда эълон қилинган мақоласида.
Давлат телевидениеси ҳам мақтовлар марафонига қўшилган.
15 март куни "Ўзбекистон" телеканалида Олий Мажлиснинг Ташқи ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Файзиева давлат ташрифи ҳақида сўзлар экан, бу воқеа "Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги давлатлараро муносабатлар тарихида янги саҳифа очди", дея таъкидлаган.
"Ўзбекистон 24" янгиликлар телеканалида эса олим Поён Бакиров янада жўшқин мақтовлар билдириб, мазкур мукофот "бутун дунёдаги одамлар томонидан эъзозланган" Ўзбекистон президенти, шунингдек "Янги Ўзбекистон деб номланган жаннатмонанд юртни тан олиш белгиси" эканини билдирган.
"Мукофот ортида нима турибди"?

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
Ўзбекистон президентининг хорижий давлат олий мукофотига сазовор кўрилиши айрим мустақил кузатувчилар ва фаоллар томонидан саволлар билан қарши олинган ҳам.
Швейцарияда яшайдиган ўзбекистонлик собиқ дипломат Алишер Таксанов бу мукофотнинг сабаблари юзасидан алоҳида саволни ўртага ташлаган.
"Мукофот тақдим этилишдаги эълон қулоққа жуда ёқимли эшитилади: ʼЎзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда икки халқ ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашдаги катта ҳиссаси учунʼ. Аммо аслида бу мукофот ортида нима турибди?".
Facebookʼда қолдирган бу саволига собиқ дипломатнинг ўзи қисман жавоб бериб, у Мирзиёев бошқаруви даврида бир қатор ташвишли воқеалар кузатилганини тилга олган.
Таксанов Ўзбекистоннинг ташқи қарзи "6 миллиард доллардан 35 миллиард долларга" ўсгани, шунингдек, давлат бошқарувида тизимли муаммолар ҳамон борлигини таъкидлаган.
"Бюджет ҳамон шаффоф эмас, давлат харидлари ёпиқ шаклда ўтказилади ва қарорлар парда ортида қабул қилинади".
Таксанов жамиятда тобора кучайиб бораётган тенгсизлик ва коррупцияга диққат қаратиб, қуйидагича фикр қолдирган:
"Мансабдорлар ҳашаматли машиналарда юришади, мактабларда эса иситиш тизими йўқ. Қаердан келгани аниқ бўлмаган капиталга эга шубҳали инвесторлар мамлакатга кирди. Цензура кучайган, ҳукумат танқидчилари – журналистлар ва блогерлар – сохта айбловлар билан қамоққа ташланмоқда. Коррупция энди яширин бўлмай, тизимли норма даражасига етди".
Fransiya Shavkat Mirziyoyevni u Oʻzbekiston fuqarolarining aksariyati ishonchini har qachongidan ham koʻra koʻproq yoʻqotgan bir paytda eng yuqori mukofot bilan taqdirladi.
Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Надежда Атаева эса Франциянинг бу қароридан ҳафсаласи пир бўлгани ҳақида ёзган.
"Франция Шавкат Мирзиёевни у Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти ишончини ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ йўқотган бир пайтда энг юқори мукофот билан тақдирлади", даъво қилган у.
Бироқ мустақил кузатувчилардан эшитилган фикрларнинг ҳаммаси ҳам салбий руҳда бўлмаган.
Ёзувчи ва таҳлилчи Анвар Назир Франция-Ўзбекистон муносабатларининг мустаҳкамланишида геосиёсий афзалликларни кўрган.
"Бу Кремлнинг Ўрта Осиёдаги позицияларига кучли зарба. Ҳозир эса, Ўзбекистон суверен ҳуқуқларига ҳурматсизликнинг мутлақ намойиши сифатида Россиянинг Давлат Думаси спикери Володин Тошкентга келди. Албатта, Москва Франция билан рақобатлаша олмайди, лекин у жуда зарар келтирадиган ишларни қилиши мумкин. Москванинг узоқ йиллик лойиҳаси Дархондаги машҳур офис ҳақидаги воқеа билан амалга ошиши керак эди, буларнинг барчаси Ўзбекистонни Ўрта Осиё Чеченистонига айлантириш лойиҳасининг якуний давоми эди, лекин бу лойиҳа амалга ошмади, Худога Шукур".
Таниқли ҳуқуқбон, "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ҳам ўхшаш фикрларни илгари сурган.
"Демократик Франция билан ўзаро сиёсий интеграция, мамлакатнинг дунёга очилиши йўлидаги муҳим қадамдир. Бу каби ўта муҳим қадам ўрисқулларга, Ғарбга нафратдаги қатламга беҳузурлик келтириши тайин. Президентнинг бундай юришини фуқаролик жамияти вакили сифатида олқишлайман".
Фахрий легион ордени нима ўзи?

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
Фахрий Легион ордени (Légion d'honneur) Франциянинг ҳарбий ҳамда фуқаролик соҳасидаги энг юксак мукофоти ҳисобланади.
Унга 1802 йилда Наполеон Бонапарт томонидан асос солинган.
Орден Францияга беназир хизмат кўрсатганлар ёки санъат, илм-фан, саноат, маданият ёхуд хайрия фаолиятида алоҳида ҳисса қўшган шахсларни эътироф этиш мақсадида таъсис этилган.
Мукофот нафақат Франция фуқаролари, балки бу мамлакат ривожига сезиларли даражада ҳисса қўшган ёки Франция билан халқаро муносабатларни мустаҳкамлашга ўзини намоён этган хорижликларга ҳам тақдим этилади.
Мукофотга сазовор бўлганлар одатда расмий маросимда нишонни қабул қилиб олишади.
Бу нишон Франция давлати томонидан билдирилган юқори миннатдорчилик ва эътирофнинг нуфузли рамзи саналади.















