Ўзбекистон, Марказий Осиёга бугун ким жиддий таҳдид? Видео

Сурат манбаси, Alamy/BBC/kremlin.ru
Минтақа жиддий таҳдид қаршисидами - Россия томони огоҳлантирди. Хавф кимдан?
Алоқадор мавзулар:
ИШИД омили

Сурат манбаси, Alamy
ИШИД таҳдиди ҳалиям сусаймадими?
Унинг Марказий Осиёга чегарадош Афғонистондаги Хуросон қаноти "минтақа ташқарисидаги энг йирик террор таҳдиди"га айландими?
Гуруҳ солаётган таҳдид бугун минтақани ортда қолдириб, Европаю Америкага етдими?
У ўз сафларига Марказий осиёликларни ёллашни шунчалик кучайтирдими?
ИШИД ва айниқса, Хуросон қанотининг хавфи шу кунларда яна Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгашида кўтарилди.
Бу ҳақда кўпроқ яна Россия томони вакиллари гапиришгани кўрилди.
Уларнинг бугунги қудрати халқаро ташкилот махсус экспертлар гуруҳининг янги ҳисоботида ҳам хос эътибор топди.
Ҳисоботда айтилишича, ИШИД ва тармоқлари солаётган таҳдид сусаймаган.
Улар ўзларига қарши босимларга мослашувчан ва чидамлилигича қолган.
ИШИДнинг Хуросон қаноти Афғонистон, минтақа ва ҳатто ундан ташқарида катта хавф туғдиришда давом этган.
Сўнгги хабарлар халқаро иттифоқ кучлари Афғонистонни буткул тарк этиши, ИШИД эса, Яқин Шарқда мавҳ этилганига оид баёнотлардан саноқли йиллар ўтиб олинмоқда.
Шундай экан, "Диққат, ББС" дастуримизнинг бу галги сонида ИШИД ва Хуросон қанотининг бугунги қудратига таҳлилий бир назар.
Минтақа жиддий хавф қаршисидами? Видеони кўринг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
ИШИД бугун нимага қодир?

Сурат манбаси, AFP
ИШИД бундан ўн йил аввал дунёни ларзага солган, Ироқ ва Сурияда ўзининг Исломий Халифалигига ҳам асос солган эди.
Гуруҳ Сурия ва Ироқдаги таянч нуқталарида шафқатсиз жазолаш ва оммавий қатлларни амалга оширди.
Кейин зўравонликлари террор тўлқини билан бутун дунёга тарқалди.
80 дан ортиқ давлат ИШИДга қарши курашиш учун бирлашди – гуруҳ 2019 йилда сўнгги таянч нуқтасини йўқотди.
Яқин Шарқда мавҳ этилгач, ИШИД бу ҳудудларнинг катта қисмини қўлдан бой берди, аммо ғояси қолди.
Кейин гуруҳ ўзининг тактикасини ўзгартирди.
Ҳудудни давлат каби ушлаб туришнинг ўрнига заифлашган гуруҳ бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетди.
Жанубий-Шарқий Осиёдан то Ғарбий Африкагача "вилоятлар" деб аталадиган ҳудудларда фаолият юрита бошлади.
Бу тармоқларнинг энг каттаси ва стратегик жиҳатдан муҳимлари Қора Африкада жойлашган.
ИШИД – бошқа жиҳодчи гуруҳлар билан бирга – қитъага ўтди ва турли натижаларга эришди.
2024 йилда ИШИД даъво қилган ҳужумларнинг 70% Африкага тўғри келади.
Бу қитъанинг гуруҳ учун қанчалик муҳим бўлганини кўрсатади.
Баъзи минтақаларда тинч аҳоли зўравонлик нишонига айланмоқда. Гуруҳ мунтазам равишда бошни танасидан жудо қилиш ва черковга ўт қўйиш тасвирларини чоп этиб келади.
Бошқа жойларда тармоқлари қуролли амалиётлар олиб боришади. Улар маҳаллий ҳукумат кучлари, ярим ҳарбий гуруҳлар ёки рақиб жиҳодчиларга қарши бўлиши мумкин.
Бироқ ИШИД фақат жанг қилмайди. У Исломнинг қатъий ва сўзма-сўз шаклини тарғиб қилиб, онг ва қалбларни забт этишга ҳам уринмоқда.
Гуруҳ ташвиқотида уларнинг маҳаллий жамоалар билан мулоқотда бўлишаётгани кўринади.
Ўтган йил Рамазон ойида ИШИДнинг Саҳел тармоғи варақалар ва хотин-қизларга шаръий либослар ҳам тарқатди.
Жангарилар қишлоқма-қишлоқ юриб, ваъз қилишади, ўз талқинларидаги Исломга кўра "ҳаром", деб билган маҳсулотларини мусодара этишади.
Бироқ буларнинг барчаси оёқ-қўлларни кесиш ва тошбўрон қилиш каби қаттиқ Исломий жазо чораларини кўзда тутувчи гуруҳга хос зўравонликларсиз ҳам кечмайди.
Нима учун Африка?

Сурат манбаси, Getty Images
ИШИД бутун дунё бўйлаб ўз таъсирини ёйишни истайди – лекин унга фаолият юритиши учун база керак.
Қора Африкада заиф бошқарув ва маҳаллий бўлинишлар сабаб, беқарорликка юз тутган катта ҳудудлар бор.
Айрим маҳаллий исёнчи гуруҳлар эса, ИШИДнинг дунёдаги номига учиб, узоқроқ яшаб қолиш истагида унинг назоратига ўтишган.
Қолаверса, Африкада Ироқ ва Сурияда ИШИДга қарши курашга бошчилик қилган АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция каби афзаллик ҳам йўқ.
Буларнинг барчасига қарамай, Африка ҳали глобал жиҳодчилар учун бир пайтлар Ироқ ва Сурия бўлганчалик жўғрофий оҳанрабога айлангани йўқ.
10 йил аввал Ироқ ва Суриядаги халифалик, деб аталмиш тузум дунёнинг 110 давлатидан 40.000 дан зиёд хорижий жангарини ўзига жалб қилган.
Бу гал гуруҳга қўшилиш учун кўнгиллилар оқиб келаётгани йўқ – аммо ИШИД да ҳали ҳам ёлланганлар кўп.
Улардан кўпи бошқа ерда ўзларига деярли бирор бир имконият кўрмаган ёшлар ва маҳаллий эркаклардир.
ИШИД бугун ўн йил аввалгидек жаҳон янгиликларида кўп сарлавҳаларга чиқаётгани йўқ.
Аммо гуруҳ йўқ бўлди, деб ўйлаш ҳам хато.
ИШИД, бундан ташқари, асослари Ўзбекистонга бориб тақалувчи Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистонда экан, энг сўнггида тўлиғича байъат келтирган жангари гуруҳ бўлади.
Асослари Ўзбекистонга бориб тақалувчи мазкур ҳаракат ўз вақтида дунёдаги энг йирик Ўзбек жангари гуруҳида сифатида кўрилган.
Яқин Шарқда ИШИД сафларида жанг қилган ўзбекистонликлар сони эса, имконли бўлган сўнгги халқаро ҳисоботларда 500 нафар экани айтилган.
Бутун постсовет макони назарда тутилганида, ўшанда бунинг 1500 тани ташкил этувчи россияликлардан кейин иккинчи энг йирик рақам экани кўрилган.
ИШИД халқаро коалиция кучлари, Ироқ ва Сурия қўшинлари томонидан Яқин Шарқда мавҳ этилганидан кейин ўзбекистонлик жангарилар тақдирига оид аниқ маълумотлар имконли эмас.
Ҳануз Суриянинг курдлар назорати остидаги қамоқхоналарда сақланаётган ва сонлари минглаб экани айтилувчи ИШИД гумондорлари орасида ўзбекистонлик ва ёки Марказий осиёликлар бор-йўқлиги ҳам ноаён.
Ўзбекистон Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан сўнгги йилларда улар оилалари ва фарзандларидан бир неча юз нафарини ортга ва тинч ҳаётга қайтарган, унинг бу каби сиёсати халқаро миқёсда эътибор ва эътироф топгани ҳам кўрилган.
Би-би-си Ўзбек хизмати суҳбатлашган айрим етакчи сиёсий таҳлилчилар эса, буни ўшанда Ўзбекистон Яқин Шарқдаги фуқаролари билан боғлиқ муаммони англаб етгани билан изоҳлашган.
"Давлат уларни қайтариш билан ўзининг истиқболдаги, келажакдаги хавфсизлигини ўйлаб, жиддий иш қилаётганлиги"ни айтишган.
Ўзбекистон Президенти, бундан ташқари, Мирзиёев 2018 йил сентябрь ойида афв тўғрисида махсус фармон қабул қилган.
Бу фармон жангари гуруҳларга "адашиб кириб қолган ва пушаймон бўлган фуқароларни афв" этишни кўзда тутади.
Унинг қабул қилиниши ортидан, қанча сондаги ўзбекистонлик жангарининг ортга қайтгани маълум эмас.
Ўзбекистон матбуоти Сурия ва Ироқдан қайтган ва олиб келинган қатор собиқ жангариларга узоқ йиллик қамоқ жазолари берилгани ҳақида ҳам хабар бериб келади.
Орада Яқин Шарқдаги айрим ИШИД жангариларининг турли йўллар билан Афғонистонга ҳам қайтишаётганига оид хабарлар олинган, аммо уларда жангариларнинг сони, шахси, яъни қай бир давлат фуқаролари эканликларига ойдинлик киритилмаган.
Агар, Ғарбдаги айрим етакчи экспертларнинг сўнгги таҳлилларига таянилса, ИШИДнинг Хуросон қаноти сафларидаги Ўзбекистон Исломий ҳаракати собиқ аъзоларининг аксарияти яхшироқ имконият илинжида Афғонистоннинг Тожикистонга чегарадош шимолий-шарқий Бадахшон вилоятининг олис ва чекка водийларида яшириниб юришибди.

Сурат манбаси, skrinshot
Энг хатарли қаноти...

Сурат манбаси, BBC MONITORING
Айнан Ўзбекистон ва Марказий Осиёга чегарадош Афғонистондаги Хуросон қаноти ҳозир ИШИДнинг энг фаол ва энг жангари тармоқларидан бири саналади.
ИШИДнинг Жанубий Осиёдаги тармоғи ўлароқ Хуросон қанотига дастлаб Покистонда асос солинган.
Лекин ИШИДнинг Хуросон қаноти Толибон қудратга қайтган сўнгги уч йил ичида Афғонистонда қайта фаоллашишга муваффақ бўлган.
Шу вақт оралиғида Афғонистон тупроғидан туриб Ўзбекистон ва Тожикистонга уюштирилган ракета ҳужумларига масъулиятни ҳам айнан ИШИДнинг Хуросон қаноти ўз зиммасига олиб чиққан.
Бунақаси ҳам минтақа давлатлари ҳам ҳам ИШИД ўзининг фаолиятида кўрилмагани билан катта шов-шувга сабаб бўлган.
Россия бўладими ёки Эрон, ўтган йили дунёнинг қатор давлатларида амалга оширилган устма-уст қонли ҳужумларга масъулликда ҳам айнан ИШИД Хуросон қанотининг номи тилга олинган.
ИШИД Хуросон қаноти ҳужумлари баробарида Марказий Осиёни ҳам кўзлаб, ўзининг тарғибот ва ташвиқотига ҳам зўр берган, ўз тарғиботида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг номини тилга олишгача борган.
Ўтган йили пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган халқаро анжуман чоғида ҳам ИШИД-Хуросон қанотининг таҳдиди алоҳида муҳокама мавзусига айланган.
Ўзбекистон томони "душманга қарши биргаликда курашиш кераклиги", бу масалада "Афғонистонга ёрдам беришнинг муҳим"лигини таъкидлаган.
Жумладан, Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизматининг ўша пайтдаги раҳбари бунинг сабабини "қарши чораларнинг заифлашиши гуруҳнинг кучайишига олиб келиши ва бу, ўз навбатида, бутун минтақа хавфсизлигига таҳдид солиши" билан огоҳлантирганди.
ИШИД-Хуросон қаноти сўнгги йилларда Россия томони ҳам Марказий Осиё давлатларини каттаю кичик минбарлардан энг кўп огоҳлантириб келаётган таҳдидлардан бири бўлади.
Бошқа томондан, худди шу омил аксарият таҳлилчилар томонидан минтақа мамлакатларига ўзининг сиёсий, иқтисодий ва геосиёсий босимини ўтказишда Кремль қўлидаги энг самарали таъсир воситаларидан бири сифатида ҳам кўрилади.
Россия дунёнинг Марказий Осиёда ўзининг кўплаб ҳарбий базалари ва иншоотларига эга ягона давлати бўлади.
Унинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам Афғонистон билан чегарадош Тожикистонда жойлашган.
ИШИД, Хуросон қаноти ва Марказий Осиё

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
БМТ қошидаги махсус гуруҳ ҳисоботида айтилишича, ИШИДнинг Хуросон қаноти Афғонистон шимолидан Марказий Осиё давлатларига таҳдид солиб, ўз имкониятларини кенгайтиришда давом этган.
Ҳисоботда айтилишича, гуруҳ ўзининг сафларига Марказий осиёликларни фаол ёллаган. Бу жараёнда, айниқса, тожикистонликларга кўпроқ эътибор қаратган.
Бундан ташқари, ёлланган жангариларни Афғонистонга олиб киришга устивор аҳамият берган.
Гуруҳ ўзининг эътиборини минтақа ва ундан ташқарига қаратганига Эрон ва Россиядаги ҳужумлар далолат қилади, дейилади мазкур ҳисоботда.
Ўтган йил Москванинг Крокусида юз берган ва масъулиятини ИШИД ўз зиммасига олган ҳужум ортидан айрим етакчи Ғарб нашрларида унинг "Хуросон қаноти минглаб жангариларининг ярмидан кўпроғи тожиклар экани, гуруҳ ўз жангариларининг ярмини Тожикистондан ёллаши"га оид иддаолар ҳам бўй кўрсатган.
Айни мазмундаги даъволарга ИШИД Хуросон қанотининг муносабати маълум эмас.
Бошқа томондан, Эрон ва Россиядаги ҳужумларга ҳам асосан Тожикистон фуқаролари алоқадорликда гумон қилинганлар, сўнгги йилларда айрим Европа давлатлари, ҳатто, Америка Қўшма Штатларида ҳам айнан тожикистонликларнинг ИШИДга алоқадорлик гумони билан ҳибсга олинганликларига оид хабарлар олинган.
Худди шу манзарада ИШИД-Хуросон қанотининг сафларидаги Марказий осиёликларга оид аниқ рақамлар кенг матбуотга имконли эмас.
Шундай экан, буларнинг барчаси нима дегани ва воқеаларнинг бу каби ривожи минтақа хавфсизлиги учун нимани англатади?
Norozilikning ijtimoiy bug‘i to‘planib, to‘planib, yoki Qozog‘istonda bo‘lgani kabi portlaydi va yo boshqa, jumladan, radikal vositalar orqali chiqish yo‘lini topadi...
Досум Сатпаев: Объектив айтишимиз керак, бу каби тренд умуман олганда бутун Марказий Осиёда кузатилмоқда. Яъни, асосан ёшларнинг бир қисми радикал тузилмаларга қўшилиб кетаётир.
Буни Қозоғистон мисолида ҳам айтишимиз мумкин.
Чунки ҳар йили Қозоғистоннинг турли минтақаларида террорчилик хуружларини уюштирганлик, экстремистик ғояларни тарқатганлик ва яна ҳоказоларда гумонланганлар қўлга олинаётгани ҳақида хабарлар бўй кўрсатмоқда.
Тожикистонга келсак, энг аввало унинг Афғонистонга яқин эканлигини инобатга олишимиз лозим. Яъни, айни ўринда жўғрофий омиллар ҳам жуда муҳим ўрин тутади.
Иккинчиси эса, ижтимоий-иқтисодий факторлар.
Чунки жаҳон тажрибаси ҳам экстремизм ва террорчилик одатда қашшоқлик, ижтимоий ҳимоясизлик ва қонунсизлик даражаси юқори бўлган жамиятларда илдиз отиши ва қўлловга эга бўлишини кўрсатади.
Бундан бир неча йил аввал ўтказилган айрим тадқиқотлар ҳам худди шу нарсага далолат қилади.
Яъни, баъзи давлатларда юқори даражадаги коррупция ундан норози ва бунга қарши курашиш лозим, деган ўйда бўлган одамлар учун радикал тузилмаларга қўшилишларига туртки берган омиллардан бири бўлиб чиққан.
Улар бу каби тузилмалар коррупциясиз янгича сиёсий тизимни ҳам яратиш мақсадида, деб ҳисоблашган.
Марказий Осиёнинг барча давлатлари, жумладан, Тожикистонда ҳам коррупция даражаси анча юқори эканини инобатга олсак, табиийки, бу ҳам аҳолининг бир қисми томонидан катта минус ва курашиш лозим бўлган муаммо сифатида кўрилади.
Коррупцияга қарши, табиийки, турли йўллар билан курашилади.
Дейлик, ҳуқуқ ҳимоячилари буни маълум бир ҳуқуқий соҳа доирасида амалга оширадилар ва ҳоказо.
Радикал тузилмалар вакиллари эса, оқлаб бўлмаса-да, табиийки, бунга қарши радикал йўлда, ўз фаолиятлари орқали курашишга ҳаракат қилишади.
Шунинг учун ҳам, менимча, одамларнинг нега турли радикал тузилмаларга кириб кетаётганининг сабаби Тожикистонда кузатилаётган кенг қамровли муаммоларга бориб тақалади.
Яна шуни унутмаслигимиз керакки, Тожикистон ҳам Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби мухолифат амалда йўқ қилинган мамлакат.
Тожикистонда ўз вақтида Марказий Осиёдаги ягона диний партия – Ислом Уйғониш партияси фаолият юритган.
Аммо кейинчалик мухолифатда бўлган бу партиянинг фаолияти тақиқланган ва таъқибга учраган.
Яъни, Тожикистон сиёсий майдонида Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби амалдаги ҳукумат мухолифларига жой йўқлиги маълум бўлган.
Демоқчиманки, бу тизимларда норозилик кайфияти сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, касаба уюшмалари ва фуқаролик жамияти фаолияти орқали чиқиш йўлини топа оладиган бирон бир восита йўқ.
Ҳамма нарса кучли сиқув остида бўлиб, барча мурватлар қаттиқ тортилган пайтда бу каби норозилик ҳисси табиий равишда бошқа, шу жумладан, биз гувоҳ бўлиб турган радикал шакллар орқали чиқади.
Шунинг учун яна бир бор такрор айтаманки, барча Марказий Осиё давлатлари ва айниқса, авторитарларининг муаммоси шундаки, улар, айтайлик, фуқаролик жамиятининг ривожланиши, янги сиёсий институтларнинг пайдо бўлишига йўл қўймасалар, шунчаки буғ қозонига ўхшаган ҳолатни пайдо қилишади.
Яъни, норозиликнинг ижтимоий буғи тўпланиб, тўпланиб, ёки Қозоғистонда бўлгани каби портлайди ва ё бошқа, жумладан, радикал воситалар орқали чиқиш йўлини топади...
Менимча, бу бутун минтақа учун қўшимча таҳдид.
Ҳамма нарса ўз қўлида бўлган одамлар - мен ҳокимият, ахборот ресурслари, куч, маблағ ва ҳоказоларни назарда тутаяпман - бу таҳдидларни минималлаштириш учун улардан самарали ва лозим даражада фойдаланишмаяпти.
Агар биз фуқаролик жамиятини ривожлантирмасак, муқобил вариантларни яратмасак, эртами-кечми, шундай, яъни радикал ғоялар тарафдорлари бўлган одамлар ҳам ҳокимиятга келиши мумкин.
Менимча, бу биз олдини олишимиз лозим бўлган энг ёмон сценарий.
Савол: Шундай экан, минтақа давлатлари ҳукуматлари ҳозир бу хавфни жиддий англаб етишган, деб айта оламизми?
Досум Сатпаев: Мен бундай демаган бўлардим. Агар қилаётган ишларига диққат қилсангиз, улар асосан фақат куч омилига таяниб, иш юритишмоқда. Яъни, бунинг сабаблари эмас, оқибатлари билан курашишмоқда. Бу, шу жумладан, Қозоғистон мисолида ҳам кўринади.
Афсуски, нима учун бундай бўлаётгани, кетаётган бу одамлар кимлар экани, уларни радикал фаолият билан шуғулланишга айнан нималар ундаётгани билан боғлиқ таҳлилий ишларни кўрмаяпмиз. Менимча, ҳеч бир ерда бунинг уддасидан чиқилмаяпти.
Таҳлил қилинаётган бўлса ҳам, бу ҳақда расмий даражада гапирмасликка ҳаракат бор.
Чунки, агар, ҳақиқатан ҳам самарали, жиддий таҳлил ўтказсангиз, сабаблар бевосита мутасаддилар ўзларининг иқтисодий, сиёсий, мафкуравий, яъни мутлақо барча соҳаларда самарасиз фаолияти билан боғлиқ бўлиб чиқади.
Натижада эса, ҳокимият ва жамият кўп сонли радикалларнинг пайдо бўлишида, авваламбор, амалдаги ҳукуматнинг ўзи айбдор, аслида уларни яратган ва ҳозирда уларга қарши курашаётган мавжуд сиёсий тизимлар ўзларининг айби, деган парадоксал хулосага келиши мумкин бўлади.
Агар бошдаёқ тез ва сал бошқачароқ ёндашилганида, бу каби ҳолат бўй кўрсатмаслиги ҳам мумкин эди.
Шунинг учун ҳам, менимча, Марказий Осиёда терактлар, кўплаб турли хорижий ва маҳаллий экстремистик гуруҳларнинг фаолияти билан боғлиқ ҳодисалар юз берганига қарамай, афсуски, ҳукуматлар ҳануз бундан сабоқ чиқаришмаяпти.
Менимча, бу бутун минтақа учун қўшимча таҳдид. Ўз қўлида ҳамма нарсага эга бўлган одамлар - мен ҳокимият, ахборот ресурслари, куч, маблағ ва ҳоказоларни назарда тутаяпман - бу таҳдидларни минималлаштириш учун улардан самарали ва лозим даражада фойдаланишмаяпти.
Савол: Буларнинг барчаси Марказий Осиё учун қандай якун топиши мумкин?
Досум Сатпаев: Энг ёмон вариант, агар шартли равишда айтадиган бўлсак, 20-30 йилдан кейин радикал қарашлар тарафдорларининг сони шунчалик кўп бўлиши мумкинки, бу ҳатто қандайдир ҳокимият алмашинуви ва яна бошқа, бошқаларга олиб келиши мумкинлигидир.
Бунга Мисрдаги воқеалар ҳам бир мисол. Ўз вақтида у ерда ҳам қудратга радикал ғоялар тарафдорлари келишди.
Улар ҳокимиятни унча узоқ қолишмаган бўлсалар-да, Ҳусни Муборакдан кейинги Миср мисоли бунга жуда яққол мисол бўлди.
Диктатор, деб кўрилган Ҳусни Муборак ҳам Мисрни 35 йилдан зиёд бошқарган.
Ҳокимияти қулаганидан кейин эса, қудратга ким – радикал ғоялар тарафдорлари келишди. Бу ҳам биз учун муайян сабоқ.
Агар биз фуқаролик жамиятини ривожлантирмасак, муқобил вариантларни яратмасак, эртами-кечми, шундай одамлар ҳам ҳокимиятга келиши мумкин.
Менимча, бу биз олдини олишимиз лозим бўлган энг ёмон сценарийдир.
ИШИД-Хуросон жиддий хавфми?

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон ИШИДнинг Хуросон қаноти билан 2015 йилдан буён қаттиқ урушиб келади.
Ҳокимиятни эгаллашидан аввал ҳам, кейин ҳам гуруҳни ўзининг қудратига энг катта хавф сифатида кўради.
Толибон Афғонистонда қудратга қайтиши ортидан, гуруҳни жиловлашга муваффақ бўлганликларини ҳам бир эмас, бир неча бор иддао қилган.
Ҳаракат ИШИД Хуросон қанотининг Афғонистонда яна кучайиб бораётганига оид баёнотларга ҳам қўшилмайди. Уларни "тарғибот", деб атайди.
Аммо гуруҳ ўтган йили Толибон муваққат ҳукумати вазирини ўзлари ўлдирганликларини иддао қилиб чиққан.
Бунақаси Толибон ҳокимиятни эгаллаши ортидан кузатилмагани билан эътиборни ўзига тортган. Катта шов-шувга сабаб бўлган.
Толибон ўз вақтида минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ, деб кўрилган. Аъзолари ва тарафдорларининг сони ўн минглаб экани айтилган.
Аммо бу гал ҳам Афғонистондаги муваққат ҳукумати ҳали-ҳануз дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман тан олинмаган.
Шундай экан, ИШИДнинг Хуросон қаноти бугун қанчалик катта таҳдид?
ISHIDning Xuroson qanoti birgina Afg‘onistonning o‘z muammosi emas. Bu – mintaqaviy muammo...
Довуд Аъзамий: Бундан бир неча йил аввалги қудрати билан қиёсланганда, ИШИДнинг Хуросон қаноти бугун нисбатан кучсизланган. Чунки Афғонистондаги ўзи назорат қилган ҳудудларни деярли бой бериб бўлган. Тўғри, гуруҳ ҳозир ҳам мамлакатнинг аксарият қисмларида ўзининг жангариларига эга. Аммо улар ошкора фаолият юритишмайди. Ухлаб ётган кичик-кичик ячейкалар шаклида ҳужум қилиш имкониятини кутиб юришади. Бундан аввал улар Афғонистонда муайян ҳудудларни назорат қилишган. Бу ерларда гуруҳ ўз ҳужумларини режалаштирган. Кейин яна жангариларини ҳам тайёргарликдан ўтказган. Ҳозир эса, бундай эмас. Улар ортиқ бирор бир ҳудудни назорат қилишмайди. Асосан шаҳарлар ва улар марказларида кичик-кичик ухлаб ётган ячейкалар кўринишида яшириниб юришади. Яъни, ҳужум ва нишон учун мақбул вақтни пойлашади. Улар, одатда, таъбир жоиз, "юмшоқ" мўжалларни нишонга олишади. Масалан, масжидлар, муқаддас қадамжолар, мактаблар, хуллас, шунга ўхшаш жойларга ҳужум қилишади. Шу билан бирга, гуруҳ Толибон мулозимларини ҳам нишонга олишга ҳаракат қилади. Гуруҳ орада Толибоннинг вилоят ва туман миқёсидаги бир қанча мулозимларини ўлдиришга ҳам муваффақ бўлган. Толибон ҳукумат кучлари ҳозиргача ИШИДнинг Хуросон қаноти билан урушиб келмоқда. ИШИД партизан гуруҳ, яширинча фаолият юритади, Толибон эса, уларни таъқиб қилади. Толибон мамлакатнинг қайсидир бир ерида ИШИД Хуросон қанотининг яна битта ячейкасини йўқ қилгани ёки қанчадир жангарисини ўлдиргани ҳақида вақти-вақти билан баёнотлар бериб келади. Толибон муваққат ҳукумати ИШИД Хуросон қанотининг жиддий таҳдид эмаслиги, ўзларининг гуруҳни йўқ қилишга қодир эканликларини таъкидлайди.
Савол: Биргина ўтган йилнинг ўзини оладиган бўлсак, ИШИДнинг Хуросон қаноти АҚШ томонидан Эрон ва Россияда кетма-кет амалга оширилган ҳалокатли ҳужумларга масъул кўрилди. Шу икки ҳужумга алоқадорлик гумони билан қўлга олинган ва айбланаётганлар мисолида эса, Марказий осиёликларнинг номлари тилга олинди. Биргина шу икки ҳужум назарда тутилганида, ИШИДнинг Хуросон қаноти бугун минтақага қанчалик катта таҳдид?
Довуд Аъзамий: ИШИД халқаро гуруҳ. У битта минтақа ёки битта давлат билан чегараланмаган. ИШИДнинг Хуросон қанотига келсак, у биргина Афғонистоннинг ўзида фаолият юритмайди. Гуруҳнинг бутун минтақада аъзолари бор. Мисол учун, уларнинг орасида Ўзбекистон, Тожикистон, Покистон ва ҳатто, Эрон фуқаролари ҳам учрайди. Уларнинг барчаси ИШИД Хуросон қанотининг бир қисми бўлади. ИШИД Хуросон қаноти ўз сафларига янги одамлар ёллаш мақсадида сўнги йилларда ўзининг тарғиботи ва ташвиқотини ҳам кучайтирган. Худди шу мақсадда янги тиллардан фойдаланиш ёки паштунча, форсча, тожикча, ўзбекча бўладими, маҳаллий тилларда кўпроқ тарғибот материаллари тайёрлашга ўтган. Улар бу билан бутун минтақадан ўзларига янги аъзоларни ёллашни мақсад қилишган. Чунки уларга янги одамлар, фидойи жангчилар керак. Гуруҳ, бундан ташқари, маблағ топиш учун ҳам тарғибот йўлидан ҳам фойдаланади. Бу эса, гуруҳнинг пулга ҳам эҳтиёжманд эканлигини англатади. Чунки қудратли бўлган пайтида ИШИД бошқа тармоқлари қатори уларни ҳам молиялаб келган. Аммо ИШИД ҳозир анча заифлашган ва бўҳрон ичида. Шу боис, Хуросон қанотининг пулга зориқмаган кунлари ортда қолган. ИШИД энди ўзининг маҳаллий тармоқларига кўрсатма беришга ўтган. Улар эса, ўзларининг эътиборларини минтақадан янги аъзолар ва пул топишга қаратишган. Чунки дунёнинг бошқа ҳудудларидаги тармоқлари йўқ бўлиб кетиш таҳдиди остида. Шунинг учун ҳам, унинг Хуросон қаноти сафларига янги одамлар ёллаш баробарида ўз фаолиятини молиялаштириш мақсадида маблағ ва захира илинжида ҳам минтақага кўз тиккан.
Савол: ИШИДнинг Хуросон қаноти қанчалик узоққа бора олади? Тармоқларининг ўртасидаги бугунги алоқалар қанчалик хавотирга молик? Умуман олганда, ИШИД яна ўзининг аввалги қудратига қайта олиши мумкинми?
Довуд Аъзамий: Улар бир соябон остидаги гуруҳ. Дунёнинг турли бурчакларида фаолият олиб борувчи ҳар хил "вилоятлари" ва тармоқлари бор. Улар ўзаро алоқада, гоҳида захира, баъзида тажрибалари билан ўртоқлашишади, бир-бирларининг тактикаларидан ўрганишади. Бундан ташқари, бир-бирларини берилган кўрсатмалардан бохабар этишади. Шу боис ҳам, ИШИД, унинг халқаро ва минтақавий тармоқлари ўртасида ўзаро мулоқот бор. Аммо таъминотлари издан чиққан. Чунки ИШИДнинг ўзи жангари ва маблағ тақчиллигига юз тутган. Шунинг учун ҳам маҳаллий тармоқларини молиялаш ёки уларни ҳатто жангарилар билан таъминлашга қурби етмайди. Бошқа томондан, ИШИД маблағ ва одам илинжида дунё бўйлаб ўзининг тарафдорлари ва хайрихоҳларига ҳам кўз тиккан. Бу масалада Европа давлатларида яшовчи одамларни ҳам назардан қочирмаган. Тарғиботидан кўзланган мақсад ҳам шу. Бундан ҳам муҳими, ИШИД бу одамларнинг ҳужум уюштириб, унга масъулиятни ўз зиммаларига олишларини ҳам хоҳлайди. Чунки бу нарса гуруҳ учун яхшигина тарғибот вазифасини ўтайди, уларни танитади. Гуруҳ эса, шу йўл билан ҳам ўзларига янада кўпроқ пул ва одамни жалб қилмоқчи. ИШИДнинг ўзи бўладими ёки бошқа тармоқлари, асосий мақсади шу, яъни имкон қадар кўпроқ ҳужумларнинг иштирокчисига айланиб, янгиликлар сарлавҳаларига чиқишса, бу ўзларига янада кўпроқ одам, хайрихоҳ ва ҳомий келтиради, деган умид.
Савол: Бугун биргина Толибоннинг ўзи Афғонистондаги ИШИД-Хуросон қанотини жиловлай оладими? Сизнингча, бу масалада халқаро ҳамкорлик қанчалик муҳим? Бошқа томондан, ҳали-ҳануз Толибон муваққат ҳукуматининг дунё ҳамжамияти томонидан тан олинмагани омилининг ўзиёқ бу каби ҳамкорлик истиқболини қанчалик йўққа чиқариши мумкин?
Довуд Аъзамий: Бу масалада на-да халқаро ва на-да минтақавий ҳамкорликнинг кўнгилдагидек экани ҳақида сўз юритиш ўринли бўлади. Чунки давлатлар ўзаро адоватда, ёки оралари танг ва ё бошқа, бошқа. ИШИДга келганда, дунёнинг аксарият ҳукуматлари унга қарши. Аммо ИШИДга қарши ҳамкорлик масаласига келганда, улар ўзаро ҳамкорликка боришмайди. Марказий ва Жанубий Осиёдаги деярли барча давлатлар ҳам ИШИДни ўз хавфсизликларига йирик таҳдид сифатида кўришади. Аммо ҳамкорлик, жосуслик маълумотларини айирбошлаш ва ИШИДнинг турли тармоқларига қарши хавфсизлик амалиётларини мувофиқлаштириш масаласида ҳамкорликлари кўнгилдагидек эмас. Чунки минтақа ўзининг эътиборини сиёсий бўладими ёки маиший, бошқа масалаларга қаратган. Уларнинг жосуслик маълумотларини айирбошлаш ва хавфсизлик амалиётларини мувофиқлаштириш бўйича рисоладагидек механизмлари ҳам йўқ. ИШИДнинг Хуросон қаноти биргина Афғонистоннинг ўз муаммоси эмас. Бу – минтақавий муаммо. Чунки бу гуруҳ минтақадаги деярли барча давлатлардан аъзоларга эга ва минтақадаги деярли ҳар бир давлат унинг нишони бўлади. Шу боис ҳам гуруҳ улар сўзлашаётган тилларда ўзининг тарғибот ва ташвиқот материалларини тайёрлайди. У ҳам минтақавий ва ҳам халқаро миқёсда ўз мақсадларига эга. Гуруҳ деярли минтақанинг ҳар бир давлатида ўзининг аъзолари ва хайрихоҳларига эга. Шу боис ҳам, Толибон ҳукумати фақат Афғонистон ичкарисидаги ИШИД таҳдидига бас кела олиши мумкин. Аммо ИШИД бутун минтақа бўйлаб минглаб тарафдорлари, фаол жангарилари ва хайрихоҳларига эга. Шундай экан, жосуслик маълумотлари айирбошланмас ва ҳарбий амалиётлар мувофиқлаштирилмас экан, ИШИД муайян ҳукуматлар томонидан заифлаштирилиши мумкин эса-да, уни буткул йўқ этиб бўлмайди. Чунки одамлар ҳаракатланиши, турли жойларда яширинишлари мумкин. Минтақа давлатлари ҳукуматларида эса, шу пайтгача рисоладагидек механизм бўлмаган. Агар ана шундай муқим бир механизм бўлмаса, ИШИДни мавҳ этиб бўлмайди.
Савол: Сизнингча, ИШИД ҳақида сўз кетганда, бу каби ёндашувнинг оқибати нима бўлади?
Довуд Аъзамий: Жосуслик маълумотлари айирбошланмас, ИШИДга қарши хавфсизлик амалиётларида ҳамкорлик ва мувофиқлик бўлмас экан, бу ИШИД учун яхши мужда. Чунки гуруҳ ўзининг амалиётлари, тарғибот-ташвиқот ишларини давом эттира олади. Ҳужум уюштиришга қодир бўлади. Чунки ИШИД жангарилари қанчалик ҳаракатланишга қодир эканига сўнгги ҳисоботлар ҳам далолат қилаётир. Дейлик, ўзбекистонлик бир жангари Покистонга, Покистондан кейин Афғонистонга келиб, ҳужум уюштирган. Ёки Тожикистондан кимдир йўлини қилиб чегарадан ўтган ва Афғонистонда ҳужумни амалга оширган. Бошқасида эса, тожикистонликлар Эронга бориб, Эрон ичкарисида ҳужумга қўл уришган. Яна бир ҳолатда Афғонистонда бўлган жангарилар Эронга ўтиб, шу ишни қилишган. Ва ё ИШИДнинг Марказий осиёлик бўлган аъзолари Россияга бориб, ҳужум уюштиришган. Шундай экан, юқорида ҳам тилга олиб ўтганимдек, бу минтақавий феномен ва минтақавий ҳамкорликкина унга бас кела олиши мумкин.
Савол: Бугун ИШИДга қарши энг самарали курашнинг йўли нима?
Довуд Аъзамий: Бу хусусда минтақа давлатлари қилишлари лозим бўлган уч нарса бор. Биринчиси – уларнинг молияси манбасини тўсиш. Иккинчиси – уларнинг тарғибот-ташвиқот қилишларига имкон бермаслик. Ижтимоий тармоқлардаги акаунтлари масаласига эътибор қаратиш. Бундан ташқари, улар журналлар ҳам чоп этишади. Ўз журналларини ижтимоий тармоқларга жойлаштиришади. Бундан ташқари, ўзларининг журналлари, рисолалари ва ахборотларини одамларга қўлда ҳам тарқатишади. Шундай экан, ИШИДнинг тарғибот ва ташвиқоти фақат минтақавий ҳамкорлик билан чек қўйилиши мумкин бўлган яна бир масала. Учинчиси эса, одам ёллаш. Бу уч нарса бир-бирига боғлиқ. Шундай экан, минтақа давлатлари бу уч жабаҳада ҳамкорликка боришмас экан, ИШИДни йўқотиб бўлмайди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Янги хавотирлар

Сурат манбаси, Manbar.me
ИШИД-Хуросон қаноти сўнгги йилларда Россия томони ҳам Марказий Осиё давлатларини каттаю кичик минбарлардан энг кўп огоҳлантириб келаётган таҳдидлардан бири бўлади.
Бошқа томондан, худди шу омил аксарият таҳлилчилар томонидан минтақа мамлакатларига ўзининг сиёсий, иқтисодий ва геосиёсий босимини ўтказишда Кремль қўлидаги энг самарали таъсир воситаларидан бири сифатида ҳам кўрилади.
Асад тузумининг қулаши билан якун топган Суриядаги сўнгги воқеалар эса, ИШИДнинг юзага келган вазиятдан фойдаланиб қолишига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Исёнчи кучлар пойтахт Дамашқни эгаллаган куннинг ўзидаёқ АҚШ ҳатто ИШИДнинг Суриядаги истеҳкомларига ҳаводан ўнлаб зарба беришгача борган.
Асад тузуми қулатилиши ортидан гапирган Американинг ўша пайтдаги президенти Суриядаги гуруҳларни ИШИД билан ҳамкорлик қилмасликлари ҳақида огоҳлантирган.
Жо Байден, шундай қилган тақдирларида, бунинг бежавоб қолмаслигини таъкидлаган.
Айрим экспертлар эса, бунгача айнан Сурия инқирозини Ўзбек жангарилиги Яқин Шарқда бошқа бир қиёфада намоён бўлишининг асосий омили ўлароқ тилга олишгани ҳам бор гап.
ИШИДнинг Хуросон қаноти

Сурат манбаси, Reuters
- Хуросон қаноти ҳозир ИШИД тармоқлари ичида энг хатарлиси ва жангариси саналади.
- Афғонистондаги жиҳодчи гуруҳлар орасида эса, энг ашаддийси ва зўравони, деб кўрилади.
- Гуруҳ дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан террорчи ташкилот, деб тан олинган.
- Эътиборини Афғонистон, Эрон, Покистон ва Марказий Осиёга қаратган.
- Гуруҳ ўзига Хуросон номини берган. Бу ҳудудларни қамраб олувчи Хуросон ўз вақтида ислом халифалигининг бир қисми бўлган.
- У Сурия ва Ироқдаги омон қолган раҳбарияти билан бирга Шариат ва Ислом қонунларининг ўта қаттиқ талқини орқали бошқариладиган умуммиллий исломий халифаликка интилмоқда.
- ИШИД глобал тармоғининг бир қисми, унга 2015 йилда, ИШИД Сурия ва Ироқда энг қудратга тўлган пайтда асос солинган.
- Энг кучайган пайтида ИШИД-Хуросон қаноти аъзоларининг сони қарийб уч мингга нисбат берилган.
- Гуруҳнинг фаолияти биргина Афғонистоннинг ўзи билан чекланмайди.
- У Ғарб бўладими ёки бошқа, имкони бўлгунча дунёнинг бошқа қисмларида ҳам ҳужум уюштиришга ҳаракат қилади, айниқса, сўнгги йилларда ИШИДнинг энг ҳалокатли тармоғи ўлароқ ўртага чиққан.
- Эрон ва Россия мисолида сўнгги йилларда, ҳатто, жаҳон миқёсида ҳам энг қонлиларидан, деб кўрилган қатор йирик ҳужумларга ҳам масъул, деб кўрилган.
- Сўнгги таянч нуқтаси сифатида Афғонистоннинг шарқий Нангарҳор вилояти тилга олинади, аммо ҳозир ҳам Афғонистоннинг исталган қисмида ҳужум уюштиришга қодир экани кўрилади.
- Афғонистонда Толибонга "ашаддий рақиб", мафкураси ҳам бир-бирига зид, ҳаракат гуруҳга қарши 2015 йилдан буён курашиб келади.
- Аммо ҳарбий экспертлар унинг "Ҳаққоний" тармоғи орқали Толибонга боғлиқлиги борлигини ҳам таъкидлашади.
- Гуруҳ Толибонни Доҳанинг "ҳашаматли меҳмонхоналари"да эришилган тинчлик битими деб, жиҳод ва жанг майдонини тарк этишда айблайди.
- ИШИДнинг Хуросон қаноти Толибон жангариларини "муртад", деб ҳисоблайди ва уларнинг ўлдирилишини исломий қонунлар талқинига кўра, "қонуний", деб билади.












