Сербиядаги ўзбек мигрантлар матбуот ва дипломатлар эътиборида

Сурат манбаси, balkaninsight.com
Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси Сербия ва бошқа Болқон мамлакатларида Ўзбек мигрантлари эксплуатация қилинаётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.
"Сербияда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонлик фуқароларнинг хавфсизлиги, шароитларда ишлаши ва ҳар қандай эксплуатациядан ҳимояланиши масалалари Элчихонанинг доимий диққат марказида туради", дея хабар тарқатди элчилик ўзининг Телеграм каналида.

Сурат манбаси, .
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
5 май. Россия элчисига ўзбек мигрантлар аҳволидан хавотир билдирилди

Сурат манбаси, gov.uz
Россиянинг Тошкентдаги элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб Россияда меҳнат муҳожирлигида банд бўлган ўзбекистонликларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётганидан норозилик билдирилди.
Бу ҳақда gov.uz веб-сайти хабар қилди.
Учрашув 2 май куни бўлиб ўтган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Бобур Усмонов Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Малгиновни қабул қилган.
"Музокаралар чоғида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг устувор йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Томонлар кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда икки ва кўп томонлама ҳамкорлик доирасида олий ва юқори даражадаги бўлажак тадбирлар жадвалини келишиб олдилар", дейилади хабарда.
"Томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича ҳамкорлик юқори даражада эканини таъкидладилар: ҳар йили консуллик масалалари юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. Шунингдек, миграция соҳасида ҳам яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган: Ўзбекистон фуқароларини Россияда ишлаш учун ташкилий жалб этиш масалаларини тартибга солиш юзасидан икки томонлама ишчи гуруҳ ҳар ой мунтазам йиғилишлар ўтказмоқда", дейилади хабарда.
"Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мунтазам маслаҳатлашувлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга, консуллик хизматлари соҳасидаги ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга, шунингдек меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларни тезкорлик билан ҳал қилишга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди. Буларга фуқароларнинг жўнаб кетишидан олдинги тил ва касбий тайёргарлик, рухсат бериш тартиб-таомилларининг бир қисмини Ўзбекистонда амалга ошириш ва қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш каби масалалар киради", дейилади gov.uz хабарида.

Сурат манбаси, .
"Музокаралар давомида Ўзбекистон томони Россия томонининг эътиборини Россия Федерациясида Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари бузилиши ва уларга нисбатан қўпол муомала ҳолатлари ҳақидаги кўпайиб бораётган хабарларга қаратди.
Бундай ҳолатлар Россия ҳудудида меҳнат фаолияти олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш ҳисобланиши, бу ҳуқуқ ва эркинликлар эса яшаб турган мамлакат қонунчилиги асосида таъминланиши лозимлиги таъкидланди.
Шу муносабат билан, кўтарилган масалани синчковлик билан ўрганиш ва Ўзбекистон томонининг хавотирларини Россия Федерациясининг тегишли ваколатли органларига етказиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Россия фуқароларининг икки мамлакат ҳудудидаги ҳуқуқ ва эркинликларини ўзаро таъминлаш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишилди", дейилади gov.uz хабарида.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ташкиллаштирган ушбу мулоқот Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Самарқандда айтган гаплари Ўзбек жамоатчилигида норозиликларга сабаб бўлгани ортидан бўлиб ўтди.
Самарқанддаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйган Сергей Лавров нега рус тилида ёзув йўқлигини айтди, "Она муқаддас", деди.
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг инсон ҳуқуқлари ҳам муқаддаслигини эслатди.
"Ҳар бир мамлакат ўзининг ҳудудидаги тарихий обида ёки ҳайкали атрофида қайси тилда ёзишини фақат ўзи ҳал қилади. Четдан келиб, бошқа давлатнинг Ташқи ишлар вазири бизни танқид қилиши нотўғри. Зеро, биз уларнинг колонияси эмасмиз!" деб ёзди Шерзодхон Қудратхўжа.
2 май. Россия қурилишда Ўзбекистон мигрантларисиз қийналмоқда, АҚШ Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди, Россия сафида жанг қилаётган ўзбекистонликлар хабари текширилади

Сурат манбаси, Getty Images
Россия қурилиш соҳаси Россияга келмай қўйган Ўзбекистон ва Тожикистонлик мигрантларнинг етишмаслиги сабаб оғир кунларни бошдан кечирмоқда. Ўзбекистон тегишли идоралар 1110 нафар Ўзбекистон фуқаросининг Россия армиясида жанг қилаётгани ҳақидаги хабарни текширишни бошлади. АҚШ депортация борасидаги кўмаги учун Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди.
Бир вақтлар гуркураган Россия қурилиш соҳаси қийин кунларни бошидан кечирмоқда. Бунинг асосий сабаби Ўзбекистон ва Тожикистонлик мигрантларнинг келмай қўйгани ҳамда банклардаги юқори фоиз ставкаси эканлиги айтилмоқда.
Россия Марказий Осиёлик мигрантларнинг ўрнини тўлдириш учун жанубий Осиё давлатлари ишчиларига мурожаат қилмоқда. Ушбу чоралар ҳозирча самара бермаётгани айтилмоқда.
Украинадаги урушга эркакларни оммавий жалб қилиш ва 2024 йили Москва яқинидаги концерт залида рўй берган ҳалокатли ҳужумдан сўнг Марказий Осиёдан келаётган муҳожирларга қўйилган чекловлар Россияда ишсизлик даражасини тарихий паст кўрсаткич – 2.3%га тушириб юборди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Ишсизлик даражасининг пастлиги ва Украинада уришаётганлар учун тўланаётган катта пул Россия иқтисодиётида маошлар учун мезонга айланди. Бу маошлар ўсиши спиралини келтириб чиқарди ва айниқса қурилиш каби заиф соҳалардаги компанияларни оғир аҳволга солиб қўйди.
Вазиятнинг жиддийлиги бу масалага Президент Путиннинг эътибор қаратишига олиб келди.
"Қурувчиларнинг қарзлари ортиб бормоқда, бу бизнеснинг барқарор фаолиятини хавф остига қўяди. Ҳатто бозордан бутунлай чиқиб кетиш эҳтимоли мавжуд. Бу эса соҳадаги ишчи кучининг қисқаришига олиб келиб, бутун иқтисодиётга салбий таъсир қилиши мумкин. Ҳукумат Россия Марказий банки билан биргаликда мавжуд вазиятга хос чоралар кўриши лозим", деди Владимир Путин.
Қурилиш ширкатлари марказий фоиз ставкалари юқорилиги ва геосиёсий вазиятнинг мураккаблиги қийинчилик туғдираётганини айтишмоқда.
Россия Марказий банки асосий фоиз ставкасини 21%гача оширди — бу 2000-йиллар бошидан бери энг юқори кўрсаткич. Қурилиш соҳасида эса ўтган йили иш ҳақи 35%га ўсди. Бу соҳада ҳозирги кунда 400 минггача ишчи етишмаётгани айтилмоқда.
"Қурилиш соҳасидаги ишчи кучи етишмовчилиги иқтисодиётда юқори учталикка киради. Турли ҳисоб-китобларга кўра, бу 200 000 дан 400 000 гача ишчини ташкил этади. Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон ва тожикистонлик меҳнат мигрантларининг катта оқими ортга қайтаётгани сир эмас. Унинг турли сабаблар бор", дейди Bel Development қурилиш компанияси бош директори Елена Комиссарова.
Россияда қурилиш соҳаси кўп йиллар давомида Ўзбекистон ва Тожикистондан келган юз минглаб муҳожирлар ҳисобига ривожланиб келди. Улар рус тилини билади ва паст маошга рози бўлиб ишлашарди.
Qurilish sohasidagi ishchi kuchi yetishmovchiligi iqtisodiyotda yuqori uchtalikka kiradi. Turli hisob-kitoblarga ko‘ra, bu 200 000 dan 400 000 gacha ishchini tashkil etadi.
Бироқ ҳукумат сўнгги йилларда мигрантлар учун қоидаларни қаттиқлаштирди.
Жумладан, янги қоидаларга кўра, мигрантлар Россияга кирганидан сўнг 60 кун ичида иш топиши шарт, акс ҳолда улар депорт қилинади ва Россияга кириши беш йилга тақиқланади.
Янги чекловлар, рублнинг қадрсизланиши ва Марказий Осиё давлатларидаги иқтисодий ўсиш минтақадан ишчи кучи оқимини секинлаштирди.
Россия ушбу мигрантларнинг ўрнини тўлдириш учун янги бозор излай бошлади.
Осиёнинг Ҳиндистон, Покистон ва Шри-Ланка давлатлари ушбу бўшлиқни тўлдириш учун эҳтимолий манбалар қаторида кўрилмоқда.
Россия Иқтисодиёт вазири Максим Решетников март ойида Россия мигрантлар оқимини собиқ Совет республикаларидан ташқаридаги Осиё давлатлари ҳисобига кенгайтириши кераклигини айтди.
Бироқ рус тилини билмайдиган ва етарли малакага эга бўлмаган ишчилар келаётган Жанубий Осиё ҳозирча кутилган самарани бермаяпти.
"Яқинда йирик кўчмас мулк ширкати Samolet Ҳиндистондан ишчиларни тажриба сифатида олиб келди. Бироқ, бу лойиҳа ҳозирча ижобий натижа бермади. Бунинг асосий сабаблари тил ва менталитет фарқи, шунингдек, умуман малакасиз ишчиларни олиб келишган", дейди Елена Комиссарова.
Малакали ва тил билган мигрантларнинг кетиб қолиши сабаб Россия иқтисодиёти зарар кўраётган бўлса-да, мамлакатда Марказий осиёлик мигрантларга нисбатан муносабат ижобий томонга ўзгармаяпти.
Улар меҳнат қилаётган, ҳордиқ чиқараётган ва спорт билан шуғулланаётган объектларга ниқобли рейдлар бот-бот уюштирилмоқда. Мигрантларга куч ишлатиб, таҳқиромуз қўлга олишлар давом этмоқда.
Ана шундай рейдлардан бирида ҳаммомдаги Қирғизистон фуқароларининг тепкиланиб қўлга олинишига Қирғизистон ҳукумати расмий эътироз ҳам билдирди.
Бироқ Россия расмийлари ушбу рейдлар қонуний асосда ўтказилаётганини таъкидламоқда.
Россия сафида жанг қилаётган ўзбекистонлик хабари текширилади

Сурат манбаси, Reuters
Ўзбекистон ваколатли идоралари Украинага қарши урушда иштирок этиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 1110 нафар фуқаро ҳақидаги маълумотларни текширишни бошлади.
Бу ҳақда , gazeta.uz Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхоновга таяниб ёзмоқда.
Россия ҳарбийларига ўз ихтиёри билан асирга тушишда ёрдам бериш учун яратилган Украинанинг "Яшашни истайман" давлат лойиҳаси Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузган ва Украинага қарши жанговар ҳаракатларда қатнашган Ўзбекистон фуқароларининг номма-ном рўйхатини эълон қилган.
ТИВ матбуот котиби "Мамлакатдан ташқарида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш республика қонунчилигида тақиқланган. Тегишли чоралар кўрилади", деган.
Вазирлик Ўзбекистонда икки фуқаролик тақиқлангани ва тегишли чоралар кўрилишини ҳам маълум қилган.
Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон расмийлари "Ўзбекистон фуқароларининг хориждаги ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларга жалб этилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисида мунтазам равишда хабардор қилиб" бораётганини таъкидлаган.
Ушбу хабарни ўз саҳифасида жойлаган anhor.uz сайти 2025 йил 30 апрель куни таҳририятга уни олиб ташлаш талаби қўйилган сохта хат келганини ёзди.
Мактуб Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ номидан ёзилган.
Аммо нашр Telegramдаги ушбу бот сохталигини айтган ва бошқа ҳамкасбларини ҳам огоҳликка чақирган.
Мигрантларнинг депортацияси учун АҚШ Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди

Сурат манбаси, Reuters
АҚШнинг Ички Хавфсизлик департаменти Президент Шавкат Мирзиёевга 131 нафар инсонни — уларнинг кўпчилиги ўзбекистонликлар — депортация қилиш учун рейс ташкил этишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирган.
Ҳисоботда қайд этилишича, ушбу рейсда Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам бор эди.
АҚШ Ички Хавфсизлик департаментига кўра, депортация амалиёти тўлиқ Ўзбекистон томонидан молиялаштирилган ва бу "икки давлат ўртасидаги яқин хавфсизлик ҳамкорлигини намоён этиб, АҚШ иттифоқчилари учун намуна бўлиб хизмат қилади".
Департамент раҳбари Кристи Ноэмнинг айтишича, АҚШ томони Ўзбекистон билан "ўзаро хавфсизликни мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларда ҳамкорликни давом эттириш ниятида".
30 апрел куни 100 дан ортиқ ўзбекистонлик АҚШдан депортация қилинган. Nova24.uz хабарида таъкидланишича, депортация пайтида ўзбек дипломатлари "инсонпарварлик тамойилларига риоя этилишини кузатиб борган".












