"Муаммо Лавровда эмас, ўзимиз бошимизга чиқариб олдик" – Сергей Лавров Самарқандда қандай баҳсга сабаб бўлди?

Сурат манбаси, Россия ТИВ
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Самарқандда рус тилида ёзув йўқлигига эътирози ўзбекзабон фаолларнинг норозилигига сабаб бўлди.
Сергей Лавровнинг Ўзбекистонга бир кунлик ташрифи ва рус тили масаласини кўтаргани жамоатчиликнинг кескин муносабатларига сабаб бўлди.
Лавров ўзбекистонлик ҳамкасби билан Самарқанддаги "Мотамсаро она" ёдгорлиги зиёрати давомида ёзувлар орасидан рус тилини қидирди.
Россия ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, ёдгорлик ёнида ҳалок бўлган аскарларга аталган хотира сўзлари фақат инглиз тилига таржима қилинган, холос.
"Инглизлар сизга қандай келиб қолишди? Қарасам, инглизча ёзув", — деб сўрайди тармоқларда тарқалган видеода у экскурсоводга юзланиб.
"Бу ерда барча тилларда бор, умуман олганда. Туризм шаҳри", — деб жавоб беради экскурсавод.
"Русчани кўрмаяпман", — дея жавоб қайтарган Лавров.
Суҳбатга Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов аралашмаганини кўриш мумкин.
Ушбу хабар чиқиши билан Ўзбекистондаги фаоллар Сергей Лавровга эътироз билдира бошлашди.
"Ҳар бир мамлакат ўзининг ҳудудидаги тарихий обида ёки ҳайкали атрофида қайси тилда ёзишини фақат ўзи ҳал қилади. Четдан келиб, бошқа давлатнинг Ташқи ишлар вазири бизни танқид қилиши нотўғри. Зеро, биз уларнинг колонияси эмасмиз!" деб ёзди ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа.
"Дипломатик безбетлик"

Сурат манбаси, Россия ТИВ
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (uza.uz) бош директорининг биринчи ўринбосари Хушнуд Худайбердиев ўзининг Telegramдаги каналида Лавровнинг эътирозларини "дипломатик безбетлик" деб номлади.
"Энди бир ками сенга ҳисоб беришимиз қолувди. Рус тилидаги ёзувни бориб Россиянгдан қидирасан. Россия мулозимининг гапларини мен дипломатик безбетлик, деб қабул қилдим. Ҳеч бўлмаса, таклиф сифатида "рус тилида ҳам матн бўлса, хурсанд бўлардик" деса ҳам майли экан. Худди "юқоридан" текширувчи келгандек, "қани русчаси?" деб сўроққа тутишига ўлайми", — деди Хушнуд Худойбердиев.
У масъуллар танқиддан сўнг русча матн қўйишидан хавотир билдирган.
"Ишқилиб, бизникилар шоша-пиша русча матн қўйишмайди, деган умиддаман. Ўзбекча ва инглизча матн жуда тўғри қарор бўлган. Ўзгартириш шарт эмас, менимча".
Олий Мажлис депутати Одилжон Тожиалиев X ижтимоий тармоғида шундай деди:.
"Ўзбек халқи тилни мажбурият эмас, имконият деб танлайди. Хориж тилини сунъий тарғиб қилиш муҳаббат эмас, қарши муносабат уйғотади. Қолаверса, ҳурмат талаб қилинмайди — у сингади".
Депутат "Москва Бош майдонига ўзбекча ҳам ёзилса, кейин ўйлаб кўришимиз мумкин", деб қўшимча қилган.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
"Лавров ақл ўргатишга келганми?"
Таълим бўйича мутахассис Комил Жалолов Лавров Самарқандга ақл ўргатишга келганми, дея савол ташлайди.
"Лавров суверен давлатга жамоат жойларидаги ёзувлар қайси тилда бўлиши кераклиги ҳақида ақл ўргатгани келганми? Дейлик, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Россияга борса ва у ердаги Иккинчи жаҳон урушига бағишланган ёдгорликларда нега ўзбекча ёзувлар йўқлиги ҳақида савол берса, қандай жавоб оларди? Бундай савол беришга ҳадди сиғармиди ўзи? Унда нега Лавровнинг ҳадди сиғяпти?" — дейди жамоатчилик фаоли Комил Жалилов.
"Унда мигрантларни қайтаринг"
Muammo Lavrovda emas, muammo o‘zimizda, yonberishlar, mayli-mayli bilan boshimizga o‘zimiz chiqarib oldik. Lavrov Ozarboyjonga borib bunaqa topshiriq bera olmaydi, masalan.
Лавровга билдирилган эътирозларга жавоб асосан рус тилида бўлган.
Уларнинг айримлари Россия ТИВ раҳбари танқид қилмагани, балки русча йўқлигидан ҳайратланганини айтган.
Улар ўзбекистонликлар Россияда меҳнат муҳожирлиги билан шуғулланаётгани учун ҳам рус тилига ҳурмат кўрсатилиши кераклигини таъкидлашган.
"Ҳозирча инглизча ёзишмоқда, кейин Ўзбекистонда ЛГБТ пайдо бўлиб, ўз ҳуқуқларини талаб қила бошлайди. Сизга аждодларимиз хотираси бегона, лекин турмуш тарзимиз, динимизга зид бўлган ғояларга эшик очяпсизлар. Мен русман, лекин Ўзбекистонда яшайман. Қўшнилар билан биргаликда мусулмон ва насроний урф-одатларга ҳурмат билан қараймиз, аммо невараларим ва эвараларим учун хавотирдаман", дейди Надежда Азарова.
Мигрантларнинг рус тилини билиш кераклигини Сергей Лавров ҳам эслатган.
"Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан Россияга бораётган меҳнат мигрантлари рус тили ва Россия қонунларини билиши керак", деган Сергей Лавров Самарқанддаги матбуот анжуманида.
"Айб ўзимизда"
Иқтисодчи Отабек Бакиров "бошимизга чиқариб олган ўзимизда" дейди.
"Муаммо Лавровда эмас, муаммо ўзимизда, ёнберишлар, майли-майли билан бошимизга ўзимиз чиқариб олдик. Лавров Озарбойжонга бориб бунақа топшириқ бера олмайди масалан", дейди @the_bakiroo.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, "Миллий тикланиш" партияси етакчиси Алишер Қодировнинг таъкидлашича, "рус сиёсатчилари Ўзбекистонда рус маданияти ва рус тилига бўлган муносабатни ёмонлаштириш учун ҳамма йўлларни синаб кўрмоқда".
"Нега Ўзбекистонда ёшлар ҳеч ким эслатиб турмаса ҳам, инглиз, немис, турк ва араб тилларини ўрганишга ҳаракат қилади? Сўраб олинган ҳурмат ва ёлғон яратилган эҳтиёждан фақат тескари натижа бўлишини вазир Лавров билмаслиги мумкин эмас", — деди у.












