Видео: Ўзбекистонлик Россия генералини ўлдирганликда гумонланмоқда, Ўзбекистон томони уни аниқлаштирмоқда

29 ёшли ўзбекистонлик қотилликни пул ва хориж паспорти эвазига қилганини айтган

Сурат манбаси, EPA/Rossiya Xavfslik xizmati

Сурат тагсўзи, 29 ёшли ўзбекистонлик қотилликни пул ва хориж паспорти эвазига қилганини айтган
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Генерал Игор Кириллов ва унинг ёрдамчисини ўлдирганликда гумонланиб, 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Ўзбекистон расмийлари ҳозирча ушбу шахсни аниқлаштираётганини айтди.

Тергов жараёнида гумондор Украина разведкаси топшириғи билан ҳаракат қилганини ва унга 100 минг АҚШ доллари билан бирга Европа давлатларидан бирига чиқариб қўйишни ваъда қилишганини айтган.

Россия тергов қўмитаси ва Федерал Хавфсизлик хизмати Россия қуролли кучларининг радиацион, кимёвий ва биологик қўшинлари раҳбари Игор Кириллов ва унинг ёрдамчиси ўлими борасида ҳисобот берди. Икки масъул шахс генералнинг уйи ёнидаги портлаш натижасида ҳалок бўлишганди.

Хавфсизлик хизмати гумондорни сўроқ қилиш жараёни акс этган видеони тарқатди.

Видеодаги эркак курткасининг чап енги йиртилганини кўриш мумкин эди. Кузатувчилар у ўзининг бузилган рус тилисида, гўёки олдиндан ёдлатилган нарсани айтиб бергандек, тааассурот қолдирганини айтишган.

У Москвага Украина махсус хизмати топшириғи билан келганини айтган. Кейин у самокат сотиб олган, бир неча ойдан сўнг "бомба учун нарсалар" келган. Бомба ясалгандан кейин ускуна генерал уйи ёнига жойлаштирилган, Кириллов подъезддан чиққан вақти гумондор тугмани босган.

Эркакнинг айтишича, бу унга "100 минг АҚШ доллари ва Европа паспорти" таклиф этишгани учун қилганини айтган.

Олдинроқ Украина Хавфсизлик хизматидаги манба BBCга генералнинг ўлдириши махсус амалиёт бўлганини билдирганди.

Россия махсус кучларининг хабар беришича, гумондор Кириллов уйини кузатиш учун автомобил ижарага олган ва унга Wi-Fi ҳамда видеокамера ўрнатган.

У содир бўлаётган ҳодисаларни Украинанинг Днеприда ўтирган ташкилотчиларга транслация қилган.

"Зобитнинг подъезддан чиққани ҳақида видеосигнал олингач қўлбола портлаш ускунаси масофадан ҳаракатга келтирилган", дейилади Федерал хавфсизлик хизмати хабарида.

Кириллов ва унинг ёрдамчисини ўлдириш ҳодисаси бўйича бир неча моддалар билан жиноят иши очилган. Айби исботланса гумондор бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

РИА Новости ўз манбасига таянган ҳолда Ўзбекистон ТИВ Москвада Ўзбекистон фуқароси қўлга олингани борасидаги хабарни аниқлаштираётганини ёзган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

BBC Ўзбек хизмати Ўзбекистон ТИВ, Бош прокуратураси ва ИИВга ҳолат юзасидан муносабат билдиришни сўраб мурожаат қилди.

Куннинг иккинчи ярмига келиб, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси расмий хабар билан чиқди. Унда ушбу шахс ҳақидаги маълумот аниқлаштирмоқда, дейилади.

"Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги элчихонаси 2024 йил 17 декабрь куни Москвада содир этилган теракт иши доирасида "Ўзбекистон Республикаси фуқароси" ҳибсга олингани ҳақидаги тарқалган маълумотларга эътибор қаратди.

Дипломатик ваколатхона қабул қилувчи давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари билан алоқада бўлиб, ушбу воқеани содир этганликда гумон қилинган шахс ҳақидаги маълумотни аниқлаштирмоқда", дейилади элчихона хабарида.

Ушбу хабар остига изоҳ қолдирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги ҳодисадан бир кун ўтиб ўзбекистонликнинг қўлга олинишига шубҳа билан қарашган.

"Яхшиям Ўзбекистон фуқаролари бор, акс ҳолда ишни очишолмасди", дейди @Aleh351.

Ўзбекистонлик оддий фуқаронинг рус генералини ўлдира олишига шубҳа қилганлар ҳам бор.

"Россия расмийлари фикрича, Игорь Кириллов деган ўрис генерал-лейтенантини ўзбеклар ўлдирганмиш. У қандай генералки, шундай юқори рутбадаги жанговар амалдорни оддий ўзбек гастарбайтери ўлдириб кетаверса?!" дейди журналист Аброр Зоҳидов.

BBCда ушбу ҳолатни мустақил манбалардан тасдиқлатиш имкони йўқ.

Россиянинг кимёвий қуроллар раҳбари Москвада портлатилди, Ўзбек милициялари Россияда нима қилади, Украинада яна бир ўзбек ушланди

Генерал

Сурат манбаси, Россия Мудофаа вазирлиги

Россиянинг радиацион, кимёвий ва биологик ҳимоя кучлари раҳбари Игор кириллов Москвадаги портлашда ҳалок бўлди. У Ғарб томонидан Украинадаги жанг майдонларида кимёвий қуроллар қўллашга бош-қош бўлишда айбланганди.

Украина хавфсизлик хизмати манбалари портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олиб, уни қонуний нишонга қаратилган махсус операция деб таърифлади.

Россия расмийларига кўра, Кириллов ва унинг ёрдамчиси электр самокатга ўрнатилган портловчи моддалар орқали ўлдирилган. Портлаш унинг Москва жанубий-шарқидаги Рязанский Проспектда жойлашган уйидан чиққан пайтда содир бўлган.

Кириллов ўзининг Россия мудофаа вазирлигида ўтказган ғалати брифинглари билан ном қозонганди. Бу брифинглар сабаб Британия ташқи ишлар вазирлиги уни "Кремл дезинформацияси учун муҳим ташвиқотчи" деб атаган.

харита

Бироқ Кириллов фақат ташвиқотчи эмас, балки Россиянинг Тимошенко номидаги Радиацион, кимёвий ва биологик ҳимоя академиясини раҳбари ва 2017 йилдан бошлаб Россия армиясининг Радиацион, кимёвий ва биологик ҳимоя кучларини бошқарган.

Россия мудофаа вазирлигига кўра, бу қўшиннинг асосий вазифалари хавфларни аниқлаш ва бўлинмаларни зарарланишдан ҳимоя қилиш билан бирга "алангаланувчи воситалар орқали душманга зарба бериш"дан иборат.

Британия ташқи ишлар вазирлиги унинг бошқаруви остидаги кучлар "Украинада ваҳший кимёвий қуроллар қўллаганини" таъкидлаган. Улар тартибсизликлар билан курашиш воситалари ва "токсик бўғувчи модда хлоропикриндан" кенг фойдаланишганини билдирган.

Алоқадор мавзулар:

Унинг ўлдирилиши арафасида Украина Хавфсизлик кучлари у "шарқий ва жанубий фронтларда тақиқланган кимёвий қуролларни оммавий қўллагани" учун жиноий иш доирасида айбланганини эълон қилганди.

Украина Хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, 2022 йил февраль ойидаги Россия босқинидан буён Украина ҳудудида "душман томонидан 4800 дан ортиқ кимёвий қурол қўллаш ҳолатлари" қайд этилган.

Токсик моддалар дрон ҳужумлари ва жанг гранаталари воситасида қўлланилгани айтилган.

Кириллов уруш бошиданоқ Украина ва Ғарбга қарши бир қатор даъволари билан танилганди, аммо уларнинг ҳеч бири фактларга асосланмаган.

Унинг энг шов-шувли даъволаридан бири — АҚШ Украинада биологик қуроллар лабораторияларини қургани ҳақида бўлган. Бу 2022 йилдаги босқинни оқлаш учун ишлатилганди.

У 2022 йил март ойида Россия томонидан босқиннинг биринчи кунида топилган ҳужжатларни намойиш қилди. Бу маълумотлар кремлпараст ОАВ томонидан тарқатилган, лекин мустақил экспертлар томонидан ёлғон деб рад этилган.

Кирилловнинг Украинага қарши айбловлари бу йил ҳам давом этди.

Ўтган ой у Украина армиясининг Россиянинг чегара ҳудудидаги Курскка қарши ҳужумини "Курск атом электр станциясини эгаллашга қаратилган асосий мақсадлардан бири" эканини даъво қилди.

У украин ҳисоботига асосланган деб даъво қилган слайд-шоуларни намойиш этди. Унда авария юз берса, фақат Россия ҳудуди радиоактив зарарланишга учрашини айтилганди.

Кирилловнинг асосий мавзуларидан бири Украина "ифлос қурол" яратишга интилаётгани ҳақидаги айбловлар эди.

Икки йил олдин у Украинадаги "икки ташкилотга "ифлос қурол" ишлаб чиқариш бўйича махсус кўрсатмалар берилган" деб иддао қилди. Бу даъволар Ғарб давлатлари томонидан "очиқч ёлғон" деб рад этилган.

Бироқ Кирилловнинг даъволари Украина президенти Володимир Зеленский томонидан огоҳлантириш янграшига олиб келди: агар Россия Киев бундай қурол ясаётганини айтаётган бўлса, бу фақат бир нарсани англатади — Россиянинг ўзи уни ясамоқда.

Ўтган ёзда Кириллов яна шу мавзуда қайтиб, Россия ўтган йил февралда босиб олган Украинанинг Авдеевка яқинида кимёвий қурол лабораториясини топганини даъво қилди.

Унинг айтишича, Киев Халқаро кимёвий конвенциясини бузган ва бу ишда унга Ғарб давлатлари ёрдам берган.

Унинг ўлими Кремл тарафдорлари томонидан йўқотиш сифатида қабул қилинмоқда, бироқ бошқа томондан бу Украина Москвадаги юқори мартабали амалдорларни нишонга олиш қобилиятига эга эканини исботлади.

Россия парламенти юқори палатаси спикер ўринбосари Константин Косачёв унинг ўлимига "ўрни босилмас йўқотиш" деб таъриф берди.

Фуқароларини ҳимоя қилиш учун: Ўзбекистон ва Қирғизистон Россияга Ички ишлар идоралари ходимларини юбормоқда

Rasmiy
Ularning asosiy vazifasi o‘z mamlakati fuqarolariga yordam ko‘rsatish, jumladan, Qirg‘iziston va Rossiya orasida ko‘chib o‘tish masalalari bo‘yicha ko‘maklashish.
24.kg
Batafsil: BBC.COM/UZBEK

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ходимлари штат жадвалига қўшимча Ички ишлар вазирлигининг вакили лавозими жорий этилади. Бу ҳақда fergana.news хабар бермоқда.

Ушбу қарорни президент Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни имзолаган.

Ҳужжат муқаддимасида қайд этилишича, "янги штат бирлиги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ўз вақтида ҳимоя қилиш, шунингдек, Россия Федерациясининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, одам савдоси, ноқонуний миграция ва бошқаларга қарши курашда яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида жорий қилинмоқда".

Eadaily.com нашри ушбу хабар бир неча саволлар пайдо қилганини ёзади.

"Энг аввало, дипломатик ваколатхоналар икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган тақдирда фақат ташқи сиёсат масалаларини ҳал қилиш учун ташкил этилади. Россия билан элчихоналар ёки консулликлар даражасида дипломатик алоқалар ўрнатган бирорта давлатда Ички ишлар вазирлигининг вакили йўқ", дейилади мақолада.

Унда айтилишича, ягона истисноли давлат Қирғизистон бўлиб, бу мамлакат ҳукумати ўз ички ишлар ходимларини Россияга юбориш ғоясини шу йилнинг октябр ойида жорий қилган.

Қирғизистон ўз ходимларини Россиянинг тўртта энг йирик шаҳри: Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург ва Новосибирскка юборишган.

"Кўриниб турибдики, Тошкент қирғиз ҳамкасбларининг Россия ҳудудида ўз фуқароларининг манфаатларини қандай "ҳимоя қилишини" бир ярим ой кузатди ва охир-оқибат "бизга ҳам керак экан" деган хулосага келди", дейилади мақолада.

Қирғизистоннинг 24KG сайти "уларнинг асосий вазифаси ўз мамлакатлари фуқароларига ёрдам кўрсатиш, жумладан, Қирғизистондан Россияга ёки Россиядан Қирғизистонга кўчиб ўтиш масалалари бўйича кўмак беришдир," — деб ёзади.

Украина кучлари Запароже йўналишида Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди

Запороже йўналишидаги жанговор ҳаракатлар давомида Украина Миллий гвардиясининг "Спартан" оператив бригадаси ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган 46 ёшли Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди. Бу ҳақда "Спартан" оператив бригадасининг Telegram канали хабар берди.

Ҳарбийларнинг маълум қилишича, қўлга олинган шахсни Москвадаги миграция маркази орқали Россия армияси ёллаган. У жиноий жавобгарликдан қутулиш ва пул ишлаш умиди билан шартнома имзолаган.

Россия марказий Осиёдан келган мигрантларни фаол равишда ёллаётгани айтилади.

Россияда яшовчи эркакларга жиноий жавобгарликдан қутулиш ва катта миқдорда молиявий мукофотлар олиш ваъдаси билан шартномалар таклиф этилиши кўп учрайди.

Kun.uz сайтининг ёзишича, Москвага ўқишга бориб, урушда қатнашган op,trbcnjykbr талабага ҳукм ўқилди.

22 ёшли фарғоналик йигит Россия армияси сафида 2023 йил 13 октябр кунидан 2024 йил 10 февралгача Луҳанск ва Донецкдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган. Тан жароҳати олиб, госпиталда даволаниб чиққач командирининг турли хил ҳақоратомуз сўзлари сабаб Ўзбекистонга қайтган. У судда онкологик касалликка чалинган онасини даволатиш ва операция қилдириш учун шу ишга қўл урганини айтган.

Қўштепа суд ҳукми билан А.Х. Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида (ёлланиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. Унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан тайинланган жазо шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланган.