Фаластин: Келажакка умид ўлмоқдами? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Юсуф Элдин
- Role, BBC World Service
30 ёшгача бўлган фаластинликлар ҳеч қачон сайловларда овоз берганлари йўқ ва кўпчилик Фаластин раҳбариятига унчалик ишонмаслигини айтади. Би-би-си олган эксклюзив маълумотларга кўра, улар Исроил-Фаластин можаросини икки давлатни қуриш асосида ҳал қилиш ғоясини тобора кўпроқ рад этмоқдалар.
17 ёшли Жанна Тамимий бу ҳақдаги саволга лоқайдлик билан "Ғарб ўйлаб топган "Икки давлат ечими" сийқаси чиққан гап. Қаерда бўлади уларнинг чегараси?" деб жавоб беради.
Алоқадор мавзулар:
Жаннанинг айтишича, у дунёдаги энг ёш аккредитациядан ўтган журналистлардан бири. У етти ёшида онасининг телефонини олиб, босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги ўзи туғилиб ўсган Наби Салоҳ шаҳрида норозилик намойишларини ёритишни бошлаган.

"Мен [Исроил кучларининг] тез-тез бўладиган тунги ва кундузги рейдлар ҳақида хабар берардим. Ҳаммасини тасвирга ололмасдим, лекин қўлимдан келганча ҳаракат қилардим. Хабар бериш учун доим нимадир бўларди.»
Жанна туғилганидан бери Фаластин ҳудудида парламент ёки президентлик сайловлари бўлмаган. Охиргиси 2006 йилда бўлиб ўтган эди, яъни 34 ёшгача бўлганларнинг ҳеч бири овоз бериш имконига эга бўлмаган.
Бунинг ортидан Фаластин сиёсий раҳбариятига бўлган ишонч пастлаб кетди. Исроил билан бирга мустақил Фаластин давлатини яратиш назарда тутилган ва халқаро миқёсда қўллаб-қувватланган тинчлик формуласи бўлмиш "икки давлат ечими"ни қўлловчилар ҳам камайган.
Ғарбий Соҳилда жойлашган Фаластин Сиёсат ва Кузатув Тадқиқот Маркази йигирма йилдан кўпроқ вақт давомида аҳоли фикрини кузатиб келади. Марказ 18 ёшдан 29 ёшгача бўлганлар ҳақидаги маълумотларни Би-би-си билан баҳам кўрди.
Кузатувлар бу авлод охирги 10 йилда ҳукмрон Фаластин маъмуриятини борган сари камроқ қўллаб-қувватлаётгани ва мос равишда икки давлат ечимини дастакловчилар ҳам изчил камаяётганини кўрсатади.
"Бугунги кунда ёшларнинг норозилигига асосан улар сиёсий тизимда қонунийлик йўқ деб ҳисоблаши сабаб бўлмоқда. Демак, бизда охирги 14 йил давомида сайланмай бошқариб келаётган президент бор", дея тушунтиради Марказ директори, доктор Халил Шикаки.
"Бизнинг сиёсий тизимимиз деярли авторитар, бир кишилик шоу. Назарий жиҳатдан конституциямиз бор, лекин унга амал қилмаймиз".
Шу билан бирга, март ойида ўтказилган сўнгги сўров натижаларига кўра, 30 ёшгача бўлган ёшлар орасида қуролли қаршиликни қўллаб-қувватловчилар энг юқори бўлиб - 56 фоиздан ортиғи интифадага қайтиш ёки Исроилга қарши исённи қўллаб-қувватлайди.
Ўтган йили Ғарбий Соҳил шимолидаги Наблус ва Женин шаҳарларида кўплаб янги жангари гуруҳлар пайдо бўлди ва улар Фаластин маъмурияти хавфсизлик кучларининг қонунийлигига қарши чиқди.
Улардан энг машҳурлари Ғарбий Соҳилда Исроил кучлари ва кўчиб келган яҳудийларга қарши ҳужумлар уюштирган Арслон уяси ва Женин бригадасидир.

Сурат манбаси, EPA-EFE
Биз Женин бригадасига соат 02:00 да қўшилдик ва уларнинг Женин қочқинлар лагеридаги машқларини кузатдик.
Ҳар бир аъзо М16 автомати билан қуролланган ва бошдан оёқ қора кийинган, улар бир қатор тизилиб сассиз юришар, автоматларини хиёбонлар ва томларга қаратиб, уларни кўздан кечиришарди.
Бу жангчилар, асосан, 20 ёшлардаги йигитлар бўлиб, ўзларини асосий жангари гуруҳлардан мустақил эканликларини даъво қилишади ва Фаластин ҳудудларидаги сиёсий партиялар билан алоқаларини инкор этишади.
Жангчилардан бири, 28 ёшли Мужоҳиднинг айтишича, унинг тенгдошлари ҳозирги раҳбариятда йўқ.
"Фаластин ёшлари сўнгги 30 йилдаги сиёсат туфайли умидларини йўқотди", дейди у.
У зўравонликни ечим деб кўрадими?
"Бу ишғол ҳар куни бу ерга кириб келади ва куппа кундузи совуққонлик билан ўлдиради", дейди у Исроил кучларига ишора қилиб. "Бу ишғол фақат куч тилини тушунади."
Сиёсий ҳарорат
Парламент ёки президентлик сайловлари бўлмаган вақтда, университет талабалари сайловлари сиёсий ҳарорат барометри ҳисобланади. Ғарбий Соҳилдаги Бирзейт университети ва унинг талабалари сайловлари ҳудудлардаги сиёсий кайфиятни акс эттириши мумкин.
Ҳиссиётларда ҳам аниқ ўзгариш бор. Фаластин мухториятидаги ҳукмрон партия Фатаҳнинг ёшлар қанотидан бўлган талабалар исломий мухолифат партияларига, жумладан, асосий рақиб Хамасга қарши чиқиб келган. Аммо ўтган йили бу ўзгарди.
2022 йилги талаба сайловларида қатнашган Фаластинни озод қилиш демократик фронти вакили Мустафо: "Шок қиладиган ҳолат", деб тушунтиради.
"Одатда, Фатаҳ ва Хамас фракциялари ўртасидаги фарқ бир-икки ўринни ташкил қиларди. Бу сафар Хамас 10 ўринга эга бўлди".
Талабалар сайловларида Хамаснинг мисли кўрилмаган ғалабаси, асосан, Фаластин маъмуриятига қарши норозилик сифатида кўрилмоқда, бу ўтган ой бир оз кичикроқ кўпчилик овоз билан яна такрорланди.
"Албатта, агар умумхалқ сайловлари бўлса, улар Бирзейтдаги сайловлар билан ўхшаш натижа бериши мумкин эди, - деб давом этади Мустафо, - чунки одамлар Фаластин маъмуриятининг сиёсий ҳибслар, солиқлар, қотилликлар, сўз эркинлигини бўғиш ёки бошқа нарсалар билан шуғулланишидан тўйган."
"Анжир барги"
Фаластин ҳудудлари келажаги борасида ўз сўзини айтолмай улғайган кўпчилик учун ўзлик масаласи ўртага чиқмоқда.
Мажид Насруллоҳ маданият ва таълим соҳасида фаолият юритувчи мустақил ташкилот - Қаттан фондида куратор бўлиб ишлайди. У Ғарбий Соҳилдаги Рамаллоҳ шаҳрида яшайди, лекин Исроил марказидаги Қаналсувада туғилган.

Фаластин фуқаролари Исроил аҳолисининг 20% ни ташкил қилади ва кўплаб тенгдошлари сингари у ўзини "48 дан" деб атайди - бу атама 1948 йилда Исроил яратилганидан кейин Исроилга айлантирилган ерларда қолган фаластинликларни билдиради. Улар ана шу бўлиниш орқасидан Фаластин жамиятидан ажратиб қўйилган.
"Мени Ғарбий Соҳилдаги Фаластин жамиятининг бир қисми сифатида тан олишмайди, - дейди Мажид. - Мен [Фаластиндаги сайловларда] овоз бера олмайман. Бошқа томондан, Исроил қонунларига кўра, мен бу ерда (Рамаллоҳда) бўлмаслигим керак эди."
Исроил қонунлари фуқароларга хавфсизлик нуқтаи назаридан Ғарбий Соҳилдаги Фаластин ҳудудларига сафар қилишни тақиқлайди.
Фаластиндаги сиёсий жараёнда сўз айтиш ҳуқуқи бўлмаган Мажид ҳам икки давлат ечимига ишонмайди.
"Икки давлат ечими аслида фаластинликларга давом этаётган зулм учун анжир барги сифатида ишлатиладиган сиёсий лойиҳадир", дейди у.
"Бу давлат ҳақида ҳам эмас. Беш ёшли бола ҳам харитага қараб, бу ечим ишламаслигини айтиб беради".

Сурат манбаси, Getty Images
Агар ёш авлод мақбул вариант сифатида икки давлат ечимини рад этса, бу лойиҳанинг келажаги сўроқ остида.
Мен Мажиддан нимага умид қиласиз деб сўрайман.
"Узоқ вақт давомида мен "ягона демократик давлат" (Исроил ва Фаластин ҳудудларини қамраб олувчи) ечими тарафдори бўлганман, - дейди у. - Ҳеч бўлмаганда сўнгги ўн йилликда ҳукуматнинг ҳозирги шаклидан норозилигимизни билдиришга жуда кўп уринишлар бўлди, улар бутунлай бостирилди. Мен чин дилдан айтишим мумкинки, Фаластин маъмурияти нафақат менинг тенгдошларим, балки бутун фаластинликларнинг овози эмас".
Фаластин маъмурияти ушбу мақолада кўтарилган саволлар юзасидан Би-би-си сўровига жавоб бермади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














