Исроил ва Фаластин: можаро янада шиддатли босқичга ўтмоқда - янгиликлар ва таҳлил

Женин марказидаги йўл ва тротуарларни қалин қора қуюн қоплади, дея хабар қилади Би-би-сининг халқаро муҳаррири Жереми Боуэн Ғарбий Соҳилдан.
"Фаластинлик йигитлар автомашиналар шиналарини ёқиб қурган баррикадалардан қолган қолдиқлар бу. Йигитларнинг айримлари Исроил машиналарига ирғитиш учун тош ва қўлбола бомбалар кўтариб олган. Шаҳар марказидаги тепаликда қурилган қочқинлар лагерларидан вақти вақти билан портлаш, отишма овозлари эшитилиб туради. Тепада Исроил дронларининг визиллаган товушлари...
Вақти-вақти билан шиналар тутуни орасидан қуролланган фаластинликлар чиқиб, исроилликларга қарата ўт очади.
Бу йил фаластинликлар ва исроилликлар ўртасидаги зўравонликлар деярли кундалик ҳодисага айланди. Бирор томондан қон тўкилганда, кўпинча Фаластин қуролли гуруҳлари, босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги ноқонуний ҳисобланган аҳоли пунктларида яшовчи яҳудийлар ва Исроил армияси қасос ҳаракатига тушиб қолади. Исроилликлар яқинда 50 дан ортиқ ҳужумлар бўлгани учун Женин лагерига рейд уюштиришганини айтишди.

Сурат манбаси, Reuters
Аммо зўравонлик, умидсизлик ва нафрат илдизлари сўнгги тўқнашувларга қараганда анча чуқурроқ. Улар бир асрдан кўпроқ вақт олдин бошланган ерга эгалик қилиш бўйича можаро натижасида пайдо бўлган. 1990 йилларда Исроил билан ёнма ён мустақил Фаластин давлати яратилса, тинчлик ўрнатилиши мумкин деган умидлар бор эди. Аммо бу умидлар пучга чиқди.
Ғарбнинг қудратли давлатлари, жумладан, АҚШ, Европа Иттифоқи аъзолари ва Буюк Британия икки давлатни яратиш ягона мумкин бўлган ечим эканлигини таъкидламоқда. Аммо ҳозиргача уларнинг гаплари қуруқ шиорлигича қолмоқда. Американинг ушбу ғояни амалга оширишга бўлган сўнгги уриниши 2014 йилда муваффақиятсизликка учради.
Исроилнинг Жениндаги амалиёти бир неча ойдан бери давом этяпти. Исроилнинг мунтазам кичик рейдларига қарамай, Фаластин қуролли гуруҳлари Женин қочқинлар лагерини назорат қилиш учун етарлича кучли ва уюшган. Афтидан улар кучайиб бормоқда.
Икки ҳафта олдин улар исроилликлар жипини портлатиб юбордилар ва Исроил рейдини қайтариш учун қаттиқ курашдилар. Ўша рейдда ҳалок бўлган фаластинликлар орасида 15 ёшли қиз ҳам бор эди. Эртаси куни Женин яқинидаги ресторанда тўрт исроиллик икки фаластинлик томонидан ўлдирилди. Исроил армияси эса Фаластин қишлоқларида машиналар ва уйларни ёқиб юборган яҳудий келгиндиларни ҳимоя қилди.
Исроил армияси Женин қочқинлар лагерини назорат қилаётган фаластинликларга қарши рейд уюштириши вақт масаласи эди. Армия қурол ва портловчи моддаларни топиш ва йўқ қилиш бўйича тизимли операция ўтказаётганини айтган.

Шаҳар чорраҳаларида ва Женин қочқинлар лагери ёнидаги шифохона олдида ғазабланган ёш фаластинликларни ғазаб ва умидсизлик қамраб олган. Уларнинг ёнаётган шина баррикадалари ўзидан қора излар ва чирмалган симларни қолдирган.
Исроил армияси икки кун давомида лагердан топилган ва зарарсизлантирилган портловчи моддалар, шунингдек, «террорчилар штаблари» деб аталган жойлар ҳақида маълумотларни эълон қилмоқда. Ҳарбий баёнотлардаги дипеломатик оҳанг Исроил вазирлар маҳкамаси аъзоларининг Фаластиннинг ўз тақдирини ўзи белгилашига қарши баёнотларига ўхшамайди.
Тел-Авивда исроилликлар устига машинасини ҳайдаган фаластинлик ўша ерда бир ўткинчи томонидан отиб ўлдирилган. Жамоат хавфсизлиги вазири Итамар Бен Гвир Исроилнинг Жениндаги уруши Тел-Авивдаги уруши ҳамдир деб айтди. Унга кўра, ҳар бир яҳудий қотиллар нишонига айланган.
Бен Гвир ва унинг сиёсий иттифоқчилари Ғарбий Соҳилдаги душманларни бостириш учун жазо амалиёти ўтказишга ундамоқда. Исроил армияси янада эҳтиёткор, чунки вазият оғирлашиши хавфи ва оқибатларидан хавотирда. Исроил армияси ўз операциясини Женин қочқинлар лагери билан чеклашни, тезда ғалабани эълон қилиб, аскарларни ўз базаларига қайтаришни хоҳлайди.
Бундай операциядан кейин Исроилнинг ғалабалари узоқ давом этмайди. Фаластин қуролли гуруҳлари ўз арсеналларини тўлдирмоқда ва ҳаммаси яна қайта бошланади. Исроил сиёсатчилари «сионистик жавоб» деб атайдиган ва фаластинликлар давлат қуришни ҳоҳлаган босиб олинган ерларда яҳудийлар учун турар жой қурилиши аҳволни баттар таранглаштирмоқда.
Кўпчилик фаластинликлар Фаластин маъмуриятидаги кексайиб қолган ва самарасиз раҳбарларидан ҳафсаласи пир бўлган. Бу маъмурият 1990 йиллардаги тинчлик жараёнидан қолган мерос бўлиб, кейинчалик Фаластин давлатини қуриш учун зарур бўлган институтларни шакллантириш учун мўлжалланган эди.
Ушбу операция тугагач, ҳар икки томон ғалаба даъво қилади. Яна ҳаммаси бошидан бошланади. Ғазаб, умидсизлик ва қашшоқлик Фаластин жамиятида, айниқса, Женин ва Наблусда қаршилик маданиятини кучайтиради. Исроилнинг ўнг қанот миллатчи ҳукумати эса ўз сўзини амалда қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади.
Ҳақиқий хавф шундаки, исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги можаро янада шиддатли босқичга ўтмоқда."

Сурат манбаси, EPA
4 июль, 2023 йил
Исроил Женин қочқинлар жамлоғида "террорчилар"га қарши амалиёт ўтказаётганини айтмоқда.
3 июль куни ўлдирилган инсонлар 16 ва 23 ёшдаги фаластинликлар бўлганлар.
4 июль куни Тел-Авив шаҳридаги савдо маркази ташқарисида турган одамлар устига бир эркак автомобилини ҳайдаб пиёдаларни босиб кетган.
Исроил расмийларига кўра, оқибатда етти инсон яраланган.
Алоқадор мавзулар:
Улардан уч нафарининг аҳволи жиддийлиги айтилмоқда.
Исроил полицияси хабар қилишича, одамлар устига машинасини ҳайдаган одам автомобилидан тушиб, одамларни пичоқлашни бошлаган.
У одамни бир "жасур фуқаро" отиб ўлдирганини айтди Исроил расмийлари.
Фаластиннинг Ҳамас қуролли гуруҳи эса Тел-Авивдаги ҳужумчини олқишлади, "қаҳрамон" деб атади.

Сурат манбаси, Israel MDA
Ҳужумчининг номи Ғарбий соҳилда яшаган 20 ёшли Обид Элоҳаб Ҳалайла деб эълон қилинди.
Женин қочқинлар лагерида жойлашган квартираларга тунда Исроил дрон ва ракеталари билан ҳужум қилинган.
Шу вақтгача 10 инсон ҳалок бўлгани, 120 киши яралангани хабар қилинди.
Фаластин шифокорлари 20 инсоннинг аҳоли оғир эканини айтдилар.
Фаластин расмийлари Исроил хавфсизлик кучларини шифохонага ҳужумдай айбладилар.
Жениндаги норозиликлар Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида яҳудий кўчирилувчилар масканларининг янада кенгайтирилаётганига қаршилик сифатида бошланган.
Исроил ҳарбий амалиёти оқибатида минглаб женинликлар ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлдилар.
Фаластин расмийлари 4000 одам қочиб чиққани ҳақида айтдилар.
Исроил Жениндаги амалиёт деярли ниҳоясига етиб қолди, дейди, аввалдан тайёрлаб қўйилган қўлбола портловчи моддаларни зарарсизлантирганини айтмоқда.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













