Исроил араблари яҳудийлар қилаётган ишнинг озгинаси қилса ҳам ўлдириб юборишадими? Улар нега суст? Dunyo, Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Родри Дэвис
- Role, BBC
Ер куни муносабати билан ўтказилган охирги юришда Жамил Саид суд‑ҳуқуқ соҳаси ислоҳотига қарши йил бошидан бери Исроилни ларзага келтириб ўтказилаётган умуммиллий намойишларни қоралади.
"Бирортасида қатнашмадим, ниятим ҳам йўқ, аксар фаластинликлар ҳам қатнашган деб ўйламайман", дейди Исроил шимолидаги Назарет шаҳридан бир талаба.
"Исроиллик намойишчилар аввалги тартибни қолдиришни - "демократияни қайтаришни" талаб қилмоқда. Бу биз истаётган нарса эмас."
Жамил Исроилнинг икки миллионлик арабларидан бири. Улар мамлакат аҳолисининг 20 фоизини ташкил қилади. Гарчи улар расман Исроил фуқаролари бўлса ҳам, аксарияти ўзини фаластинлик ҳисоблайди.
Юз минглаб намойишчилар ҳар ҳафта кўчаларни тўлдирмоқда. Улар ўнг миллатчи ҳукуматнинг Олий суд аъзоларини тайинлашда ҳукуматга кўпроқ ваколат бериш назарда тутилган қонун лойиҳасига қарши ўз норозилигини билдирмоқда.
Исроил шаҳар ва шаҳарчаларида кўтарилаётган намойишлар сабабли Бош вазир Бенямин Нетаняҳу коалицияси Исроил парламенти - Кнессет танаффусдан қайтгунига қадар ислоҳотларни тўхтатиб туришга қарор қилди.
Алоқадор мавзулар:
Жамилнинг ишонишича, Ер кунида кўча юришларини ўтказиш фаластинликлар ҳуқуқлари учун суд‑ҳуқуқ масалаларидан кўра муҳимроқ. Ер куни 1976 йили Исроилнинг фаластинликлар ерларини давлат фойдасига олиб қўйишига қарши намойиш чоғида ўлдирилган олти фаластинликни эслаб ўтказиладиган йиллик хотира юришидир.
Қотилликлар бўлган Араб шаҳарчаси Сахниндаги юришда Жамил Исроил хавфсизлик кучлари яҳудий ва араб намойишчиларга икки хил муносабатда бўлаётганидан шикоят қилди.
"Исролийлар қилаётган ишнинг чорагини қилсак ҳам, бизни ўлдирворишади", дейди у.
Камситишлар
Ўтказилаётган намойишларда Исроил араблари иштироки паст, айниқса, шимолдаги Исроил араб ҳудудларида.
Айримлар адлия соҳасидаги инқироздан хурсанд, улар бунга ўзларини давомий тарзда ажратиб келган Исроил давлати ва тизимининг мантиқий оқибати деб қарайди.

Сурат манбаси, Getty Images
Кўпчилик фикрича, Исроида ва ишғол остидаги ҳудудларда фаластинликларга нисбатан адолатсиз бўлган суд тизимини ҳимоя қилишдан маъни йўқ. Масалан, 2018 йилги миллий давлат ҳақидаги қонунда Исроилда ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқи яҳудийларга берилган.
Яқинда маҳкама Исроил армиясининг ўқув майдони учун Ғарбий Соҳилдаги ҳудуддан 1000 нафар фаластинликни кўчиришни маъқуллади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари бу ҳаракат - босиб олинган ҳудудда ҳарбий зарурат бўлмаса - уруш жинояти бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
Исроилда бир қатор натижаси нотайин сайловлар ўтказилгач ва қисқа муддатли кенг кўламли коалицион ҳукумат қулаганидан сўнг, ноябрь ойида Нетаняҳу Исроил тарихидаги энг ўнг қанот ҳукумат тепасига қайтди.
Миллатчи ва диний партиялар коалицияси ҳокимиятда бўлса, Исроил ва ишғол остидаги ҳудудлардаги кўплаб фаластинликлар ўзини хавфсиз ҳис этмайди.
Коалициянинг икки энг кўзга кўринган вазирлари - Молия вазири Безалел Смотрих ва Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг ўзлари Ғарбий Соҳилда яшайди.
Смотрих ўтган ой "Фаластин халқи деган нарса йўқ" деб шов-шув кўтарган эди.
Исроил оммавий ахборот воситалари таҳлилчилари ҳукумат Ғарбий Соҳилнинг бир қисмини ёки барини аннекция қилиш учун айрим қонуний чекловларни олиб ташлашга ҳаракат қилади, деб тахмин қилмоқда. Агар шундай бўлса, бу эҳтимол фаластинликларнинг ютиб юборилиши ёки ҳайдалишига олиб келиши мумкин.
"Биз ёлғиз эмасмиз"
Айрим яҳудий исроилликларнинг Фаластин ҳуқуқлари, ишғол ва тинчлик масалалари норозилик намойишларида кўтарилиши кераклиги ҳақидаги чорловларига асосий намойишчилар бефарқ қарамоқда ёки ўз муаммоларига эътибор қаратишлари кераклиги ҳақидаги гаплар айтилмоқда
Аммо шунга қарамай, баъзи исроиллик араблар миллатдошларини Исроил намойишларида фаолроқ бўлишга чақирмоқда.
Ер куни маршида Кнессетнинг араб аъзоси Аида Тума-Сулаймон шундай деди: "Баъзилар қўшилмоқда, аммо бу ислоҳотлардан энг кўп жабр кўрадиганлар фаол эмас.
Бизга ўхшаган сиёсий фаоллар намойишларга раҳбарлик қилаётганлар билан гаплашиш ёки ишғолга қарши блок намойишларида қатнашиш орқали овозимизни эшиттиришга ҳаракат қилмоқдамиз."
Ушбу блокни Тел-Авив ва Қуддусдаги Фаластин байроқлари кўтарилиб, иброний ва араб тилларида шиорлар айтилаётган йирик норозилик намойишларида тобора кўпроқ кўриш мумкин. Аммо улар намойишчиларнинг умумий сонига нисбатан анча оз.
Баъзи исроиллик араблар норозилик намойишларини тенгликни талаб қилиш учун имконият деб билади.

"Биз бошқа халқни - Фаластин халқини ишғол остида сақлаш билан ҳақиқий демократия бўлиши мумкин эмаслигини ва ҳақиқий демократия Исроил араб фуқароларини камситиши мумкин эмаслигини айтяпмиз", дейди Кнессетнинг асли араб собиқ аъзоси ва ҳуқуқ профессори Юсуф Жабарин.
"Биз ҳақиқий демократияни тарғиб қилиш учун бошқа ташаббусларни ҳам қўллаб-қувватлашимиз керак."
Бунинг учун яҳудий исроилликлар билан ҳам ишлаш керак.
Кнессет танаффусга кетганда ўтган Тел-Авивдаги биринчи шанба норозилик намойишида Алон-Ли Грин бинафшаранг кўйлакли намойишчилар орасида эди.
Жаноб Грин Исроилдаги яҳудийлар ва фаластинликларни тинчлик ва тенглик учун бирлаштиришни кўзлаган оммавий ҳаракат бўлмиш "Бирга курашиш" ҳаракатнинг ҳам етакчиларидан бири.

Унинг айтишича, ўз овозларини эшиттириш осон эмас, бироқ бу борган сари имконли бўлиб бормоқда.
"Намойишга Фаластин ҳуқуқлари учун чақириқларни киритиш масаласида қизғин баҳслар давом этмоқда", дейди у.
Унинг сўзларига кўра, жамоатчиликнинг аксарияти намойишларда ишғол ёки ижтимоий адолат масалаларини кўтаришни истамайди. Ҳамма жойда Исроил байроғи, улар орасида Фаластин байроқларини ҳам кўриш мумкин, дея қўшимча қилади Грин.
Илгари, "бунақа намойишларда Фаластин байроғини кўтарган одамларга нисбатан кўплаб ҳужумлар, ҳатто тажовузлар бўларди", дейди у.
Нодавлат нотижорат ташкилотида ишлайдиган Иброҳим Абу Аҳмад Исроил митингларида сўзлаган кам сонли исроиллик араблардан биридир.

Шанба кунги норозилик намойиши чоғида 30 ёшли йигит зудлик билан, тўла ҳуқуқли Фаластин давлатини яратиш имконсизлигини, аксинча, бунинг учун кичик қадамлар қўйиш кераклигини айтди.
У Исроилда фаластинликларнинг ижтимоий ва сиёсий ролини кучайтириш тарафдори эди.
"Исроил жамиятида иттифоқчимиз бор, биз ёлғиз эмасмиз, бу ўзгаришларга ишонадиган одамлар бор, - дейди Абу Аҳмад. - Биз бундан уларни ўзимиз томонга ўтказиш имконияти сифатида фойдаланишимиз керак. Ўзингизни ҳаммадан бегоналаштирманг."
"Инқироз ечилганда эса, биз уларга: "Биз сизни қўллаб-қувватладик. Келинг энди муаммоларимизни муҳокама қилайлик", дейишимиз мумкин.»
Абу Аҳмаднинг қўшимча қилишича, фаластинликлар ўз фикрларини билдириш учун "рухсат кутмаслиги керак".
"Биз эшикни тақиллатаверишимиз керак", дейди у.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














