Ал-Ақсо масжиди: Нима учун эчки қурбонлиги режаси Қуддусдаги зиддиятларни кучайтириб юборди? Isroil Falastin Dunyo Yangiliklar

Мусулмонлар ал-Ақсо масжидини Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) Меърожга кўтарилган жой, деб билишади. Исломдаги учинчи муқаддас маскан саналади

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Мусулмонлар ал-Ақсо масжидини Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) Меърожга кўтарилган жой, деб билишади. Исломдаги учинчи муқаддас маскан саналади
    • Author, Марк Ши
    • Role, ББС Жаҳон хизмати
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Нима учун бир яҳудий жамоаси мусулмон ва яҳудийлар учун муқаддас саналган жойда маросим қурбонлигини қилмоқчи бўлди?

Зўравонликлар ортида ким ё нима турибди? Видео:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Харита

Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида юз берган тўқнашувлардан сўнг Исроил полицияси 350 нафарча фаластинликни ҳибсга олган.

Яҳудий экстремистлари ушбу масжид жойлашган ва яҳудийлар Маъбад тоғи деб атайдиган жойда эчки қурбонлик қилмоқчи экани ҳақидаги хабарлардан сўнг жангари исломий гуруҳ Хамас фаластинликларни ушбу жойни ҳимоя қилишга чақирган эди.

Аммо экстремистлар нега бу ерда ва айнан шу кунларда қурбонлик қилишмоқчи бўлди?

Нега эчки қурбонлиги?

Эчки қурбонлиги маросими

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Эчки қурбонлиги маросимининг келиб чиқиши Тавротдаги исроилликларнинг Мисрдан чиқиб кетиши ҳақидаги ривоятга бориб тақалади

Бу маросим қурбонлиги бўлиб, яҳудий муқаддас китоби Тавротда ёзилган.

Тавротга кўра, яҳудийлар Мисрда асирликда бўлган ва уларни озод қилиш учун Худо ҳудуд бўйлаб юради ва шунда мисрликларнинг тўнғич фарзандлари ўлади.

Сўнг исроилликларга (яҳудийларга) эчки сўйиб, унинг қони билан дарвозалари тепасига белги қўйиш буюрилади, токи ўлим фариштаси уларнинг уйлари олдидан тўхтамай ўтиб кетсин.

Бу "Миср бошига солинган еттинчи кулфат", Миср фиръавнига охирги зарба эди. Шундан сўнг фиръавн яҳудий халқини озод қилиб, юртларига кетишга изн беради ва бу воқеа "Чиқиш" деб аталади.

Шундай қилиб, исроилликлар бугунги Исроил ҳудудига етганларида "Чиқиш"ни хотирлаб туриш учун ҳар йили эчки қурбонлик қилиш шарт бўлиб қолади.

Бугунги кунда бу маросимни жуда оз диний гуруҳлар давом эттириб келяпти.

Нега бу ерда?

Al-Aqso masjidi

Сурат манбаси, RAFFI BERG

Сурат тагсўзи, Масжид жойлашган Маъбад Тоғини эса, ҳар икки дин вакиллари ўзлари учун бирдек муқаддас, деб билишади

Маъбад тоғи яҳудийликда муқаддас саналади.

У икки қадимий ибодатхонанинг ўрни бўлиб, айрим яҳудий жамоалар ҳозирда мовий гумбаз масжид ўрнида ибодатхона қуришни исташади.

Айрим яҳудий диндорлар Фисиҳ қурбонлиги айнан шу ерда қилиниши керак деб ҳисоблашади.

Аммо Ал-Ақсо мажмуаси (Муҳаммад пайғамбар Mеърожга кўтарилган жой сифатида) Исломдаги учинчи муқаддас маскан саналади. Гарчи яҳудийларга бу ерга киришга рухсат берилган бўлса ҳам, ғайримусулмонларга бу ерда ибодат қилиш тақиқланган.

Қуддуснинг бу қисми 1967 йили Олти кунлик урушда Исроил томонидан босиб олинган. Шундан сўнг масжид ҳомийси саналмиш Иордания ва Исроил ўзаро келишиб, яҳудийлар бу жойга келиши мумкинлиги, аммо ибодат қилмаслиги кераклиги белгиланган.

Аксар фаластинликлар зиёратчиларнинг бу ерга келиши ва Исроил хавфсизлик кучлари доим ҳозир туришини хушламайди. Шу боис турли гуруҳлар масжидни ҳимоя қилишга уринади.

Нега ҳозир?

Ҳар йили яҳудий экстремист гуруҳлар Фисиҳ олдидан Маъбад тоғида эчки қурбонлик қилишга рухсат берилишини талаб қилади.

Исроил расмийлари бунинг олдини олиш учун шу кун келишидан олдин айрим шахсларни ҳибсга олади.

Бу йил Фисиҳ 5 апрель, чоршанба оқшомида бошланади ва 13 апрель пайшанба оқшомида тугайди.

Ҳозир мусулмон муқаддас ойи - Pамазон билан бир вақтга тўғри келиб қолгани зиддиятларни янада зўрайтирган.

Бунинг ортида ким турибди?

Бу "Тоққа қайтиш" номли бир яҳудий экстремистик гуруҳининг масжидда эчкини қурбон қилишга уриниши билан боғлиқ.

Унинг етакчиларидан бири Рафаэль Моррис ўтган йили Би-би-сига Ал-Ақсо масжидида мусулмон кийимида ибодат қилишга уриниши ҳақида гапирган эди.

У ўзини диндор ва сионист яҳудий деб таърифлайди.

"Мен Худо Библияда ваъда қилгани учун Маъбад тоғи яҳудий халқига тегишли эканига ишонаман", дейди у.

"Вазифа Маъбад тоғини қайтариб олишдир."

Моррис душанба куни Исроил полицияси томонидан тартибсизлик чиқаришни режалаштирганликда гумонланиб ҳибсга олинган.

Исроил оммавий ахборот воситалари хабар беришича, "Тоққа қайтиш" гуруҳи масжидда эчки қурбонлик қила олган ёки шундай қилишга уринаётганда ҳибсга олинганларга пул мукофотлари ваъда қилган.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002