Янгиликлар, Исроил - Ғазо: Ҳужум фаластинлик оилаларни уйсиз қолдирди Dunyo Yangiliklar

- Author, Том Бейтмэн
- Role, BBCнинг Яқин Шарқдаги мухбири, Ғазо
Камол Набҳан қўлидаги телефонни амакиваччасига берганда ҳозиргина қўнғироқ қилган номаълум одамдан эшитганларига ҳеч ишонгиси келмасди.
Эркаклар Жабалия қочқинлар жамлоғидаги масжидда Аср намозини ўқигани шайланиб туришган эди.
Аммо бугун одатий кун бўлмади, зўравонликлар кундалик ҳаётни бузди, тепадан огоҳлантирувчи сигнали янгради.
Камолнинг жияни Атоф қариндошига қўл узатди.
Алоқадор мавзулар:
- Исроил араблари яҳудийлар қилаётган ишнинг озгинаси қилса ҳам ўлдириб юборишадими?
- Исроил миллатчилари Қуддуснинг мусулмон мавзеига юриш қилишди - Видео
- Ал-Ақсо масжиди: Нима учун эчки қурбонлиги режаси Қуддусдаги зиддиятларни кучайтириб юборди?
- Қуддус: Исроил полицияси Рамазонда нега Ал-Ақсога бостириб кирди?
"Ундан телефонни олиб, нариги тарафдаги номаълум одам билан гаплашдим, - дейди Атоф. - У ўзини Исроил разведкасидан деб таништирди ва уйни тарк этиш учун беш дақиқа вақтимиз борлигини айтди."
Улар тезда исроиллик қўнғироқ қилувчига у адашаётган бўлиши мумкинлигини, чунки бино "ногиронларга тўла" эканини айтишди. "[Разведка ходими]: 'Йўқ, тезда бинони тарк этинг" деди" дейди Атоф.
Бу тўққиз ойдан бери Исроилнинг Ғазога ракета ҳужумлари бўлаётган энг қақшатқич бешинчи кун эди. Мўлжалга олиб ўлдириш деб аталган бу кампанияда Фаластин ҳудудидаги иккинчи энг кучли жангари гуруҳ - Исломий жиҳоднинг камида олти аъзоси ўлди.
Аммо бу ҳужумлар биринчи туннинг ўзида 10 нафар тинч аҳолини ўлдирди. Улар орасида ухлаб ётганида махсус нишонга олинган айрим эркакларнинг хотин ва болалари ҳам бор. Гуруҳ Исроил шаҳарларига ракета ёмғири билан жавоб қайтарди ва минглаб одамларни бомбапаноҳларга қочишга мажбур қилди.

Сурат манбаси, Reuters
Исроил ўз амалини Исломий жиҳод томонидан такрорий ракета ҳужумларига жавоб мақсадида қилганини айтди. Гуруҳ эса ракеталар Исроил полицияси шарқий Қуддусдаги Ақсо масжидида фаластинликларга қарши рейдлар уюштиргани ва очлик эълон қилган Хадер Аднан Исроил қамоқхонасида ўлганига жавоб бўлганини айтди.
Тўқнашувларда Ғазода 33 фаластинлик, Исроилда эса икки киши ўлди. БМТга кўра, 1200 нафар фаластинлик ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
Исроил томони огоҳлантирув юборган Набҳаннинг оиласига тегишли уйни ракета портлатиб юборди.
Шанба куни оташкесин имзоланишидан сал олдин Исроил айни шаклда бир қанча турар жойларни вайрон қилди - турғунларга огоҳлантирув юборади, кетидан ракета ҳужуми бўлади. Бутун бошли кўп қаватли турар жойларни бузиб юборган бу ҳужумлар Исроилнинг Ғазога қарши пухта ўйланган тактикаси эди.
Исроил томоннинг айтишича, бу бинолар Исломий жиҳод гуруҳи ракета ҳужумларини "бошқариш ва назорат қилиш марказлари" бўлган. Унинг билдиришича, огоҳлантиришлардан мақсад ҳужумларга алоқаси йўқ тинч фуқароларга зарар олдини олиш экан.
Маҳаллий манбаларга кўра, бинода ҳақиқатан жангари яшаган, аммо у гуруҳнинг амалиёт маркази бўлган эмас. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бутун турар-жойларни вайрон қилувчи бундай ҳужумларни халқаро ҳуқуқ бузилиши сифатида қораламоқда. Огоҳлантириш қўнғироғини олган яна бир фуқаро Исроил кучларидан ҳужумни "жиноятчиларнинг квартираси" билан чеклашни илтимос қилгани тасвирга олинган.
Жабалиядаги бино қулади. Бир нечта оилалар учун қочиш йўлаги бўлган зинапоя қулаган девор устида ётибди. Бу ерда яшаган одамлар бошпанаси бўлган том ердан бир неча метр баландликда турибди. Қўшнилар ҳаммани - саккизта оиладан 50 га яқин кишини олиб чиқишди.
Бинода беш нафар ногирон, шу жумладан, мушак дистрофияси билан оғриган одамлар бор эди, дейди ёрдам гуруҳлари. Уларнинг қўшимча қилишича, баъзиларида ногиронлар аравачаси бўлган, махсус мослаштирилган каравот ва дори-дармонлар ҳаво ҳужумида йўқ қилинган.
Оилаларга ёрдам бериш учун келган Ғазо реабилитация жамияти ижрочи директори Жамол ар-Розий унинг гуруҳи озиқ-овқат ва тиббий асбоблар билан таъминлашини айтади.
"Ғазабланяпман ва азоб чекяпман, чунки бундай бўлмаслиги керак эди, ҳеч бўлмаганда тинч аҳолига, айниқса, ногиронларга," дейди у.
Вайроналар орасида Камол Набханнинг яна бир қариндоши ўтирибди. Раҳима Набхан ва унинг турмуш ўртоғи Ёсир синган том плитаси олида ўтириб, йиғлаётган қизлари Жорини тинчлантириш учун бир-бирларига узатмоқдалар.
"Қайинсингилларим ногирон - улар (қутқарилаётганида) ҳатто бошларини ёпа олмадилар, аравачалари эса қулаган уй тагида қолди", дейди Раҳима.
"Ҳамма ногиронлар қандай қочганини кўрди. Улар: "Нима учун уй бузилиши керак? Бу ногиронлар ракета учирганмиди? Бу ишларга бизнинг ҳеч қандай алоқамиз йўқ" дер эди», дейди у.
Раҳима мени вайроналар орасидан эргаштириб боради, қизини қўлида ҳамон кўтариб олган.
Унинг квартираси энг юқори қаватда эди. Ҳозир фақат картонли белгилар турибди. Улар ҳар бир квартирада ким яшаганини кўрсатиш учун шундай белгиларни қўйиб чиқишибди.
"Биз ҳеч қаерга кетмаймиз, қуёшда қоламиз, қуёшда ухлаймиз, уйни ташлаб кетмаймиз", дейди Раҳима.

Сурат манбаси, .
"Биз халқаро ташкилотларни ва Фаластин президентини [Маҳмуд Аббосни] бизни қўллаб-қувватлашга ва бу уйни қайта қуриб беришга чақирамиз, бошқа борадиган жойимиз йўқ", дейди у.
Миср воситачилигида шанба оқшомида ўт очишни тўхтатиш келишуви имзоланди. Аммо 2021 йил май ойида Исроил ва Ҳамас ўртасидаги кенг кўламли урушдан буён Ғарбий Соҳилда бошланган қақшатқич зўравонликлар уч марта Ғазога ҳам ўтди.
Ўтган ҳафтадаги ҳужумлар Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняхуни сиёсий жиҳатдан янада кучайтирди. Улар анча катта қарама-қаршиликни осонгина алангалатишлари мумкин эди - оташкесинга қарамай шундай бўлиш эҳтимоли ҳамон бор. Аммо Бош вазир мисли кўрилмаган ички тартибсизликлар ва ўз коалициясидаги диний-ультрационалист экстремистларнинг кучайиб бораётган босимлари олдида мавқеини мустаҳкамлаб олди.
Бошқа томондан йўқотишларига қарамай, Исломий жиҳод ҳам Исроилга қарши қуролли қаршилик рамзи сифатида ўз обрўсини ошириб олган, Ғазодаги ҳукмрон ҳарбийлашган гуруҳ бўлмиш Ҳамас эса ҳарбий ҳаракатлардан четда қолган.
У Фаластин гуруҳларининг "ягона" позицияси сифатида ракета ҳужумини очиқ қўллаб-қувватлади, аммо ўзини тийди ва отишмаларда қатнашмади. Шунингдек, Ҳамас Исроил ва Мисрнинг қуршови остида бўлган Ғазо аҳолиси учун хизматлар узлуксиз ишлашини таъминлаши ҳам керак. Каттароқ уруш жамоатчилик фикрини унга қарши қилиб қўйиши мумкин.
2021 йилдан бери Исроил ҳукумати минглаб фаластинлик ишчиларга Исроилга киришга рухсат берди, бу Ғазо иқтисодиётини ва Ҳамаснинг солиқ даромадларини кўпайтирди. Бироқ гуруҳ пайшанба куни ишғол остидаги Шарқий Қуддусдаги мусулмон маҳаллалари бўйлаб Исроил байроғи остида ўта миллатчиларнинг йиллик юриши бўлишидан огоҳлантирган.
Ҳамас ҳам, Исломий жиҳод ҳам Исроил ва Ғарб томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган.
Бироқ, бу ердаги кўплаб фаластинликлар ўзларини Исроил миллатчи ҳукумати ва Фаластин қуролли гуруҳлари кескин рад этадиган сиёсий ечим - икки давлат ечимини маъқулловчи халқаро ҳамжамият томонидан ташлаб қўйилгандек ҳис қилмоқда.
Қўшнилар ва Ғазодаги бошқа хайрия ташкилотлари бирдамлик учун Набханлар уйига келмоқда. Бу фаластинликлар Накбанинг 75 йиллигини нишонлаётган кунга тўғри келди. Ўшанда Исроил давлатининг яратилиши натижасида 700 000 киши қочган ёки уйларини тарк этишга мажбур бўлган эди.
Уйсиз қолганлар қўлларида "Бизни ҳимоя қилинг", "Ёрдам беринг" деб ёзилган лавҳаларни кўтариб турибди.
Исроил разведкачисидан огоҳлантириш қўнғироғи олган Атоф Набхан вайроналарга ишора қилиб, илтимоси оддий эканини айтади.
"Бу оилага бошпана керак, - дейди у. - Биз инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бу оилага ғамхўрлик қилишларини сўраймиз."
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















