Қуддус: Исроил полицияси рамазонда нега Ал-Ақсога бостириб кирди? Yangiliklar, Dunyo
- Author, Ярослав Луков
- Role, BBC News
Исроил полицияси Қуддуси Шарифдаги муқаддас Ал-Ақсо масжидида ўнлаб фаластинлик намозхонлар билан тўқнашди.
Полициянинг айтишича, қўлларига мушак, таёқ ва тош ушлаб олган "агитатор"лар Ал-Ақсо масжидига беркиниб олгач тонг саҳар рейд ўтказилган.
Фаластинликларга кўра, полиция гуруҳни қувиш учун шовқинли граната ва резина ўқлар ишлатганидан сўнг 14 киши жабр кўрган.
Шундан сўнг Исроил ҳудидига Ғазо секторидан камида 9 та ракета отилган, Сдерот бўлгасида ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш сигналлари янграган.
Исроил армиясининг айтишича, 5 та ракета тутиб қолинган ва қолган тўрттаси "очиқ майдонга тушган".
Ҳужумларга масъулиятни ҳозирча ҳеч қайси гуруҳ ўз зиммасига олмаган, бироқ ҳужумлар Хамас ҳарбий гуруҳи томонидан маъқуллангани айтилади.
Хамас раҳбари ўринбосари Солиҳ Ал-Арури "исломий муқаддас жойларга ҳужум қилишнинг буюк бадали бор ва биз улар(Исроил)нинг оёғи остидаги ерни ёқамиз", деб огоҳлантирган.
Исроил ҳарбийлари кейинчалик жанговор самолётлари ҳарбий объектларни нишонга олганини билдирди.
Исроил қўшиб олган Шарқий Қуддусда тўқнашувлар бир гуруҳ фаластинлик намозхонлар Рамазон таровеҳ номозларидан сўнг ўзларини масжид ичида ўраб олганидан сўнг бошланган.

Масжид ичида олинган тасвирларда намойишчилар мушак отаётганини кўриш мумкин. Исроил полициясига кўра, уларга қарата тошлар отилган ва бир полиция ходимини яралаган.
Яна бир видеода Исроил полицияси фаластинликларни таёқлар билан дўппослаётгани кўринган.
Фаластин Қизил ярим ой жамиятининг таъкидлашича, Исроил кучлари жамиятнинг тиббиёт ходимларини масжидга киритмаган.
Аввалроқ фаластинлик жангчилар диндор яҳудийлар чоршанба куни бошланадиган пасха байрами учун масжид мажмуасида эчки қурбонлик қилишни хоҳлаяпти, деган хабарлардан сўнг мусулмонларни масжид ичига қамалиб олишга чақирганди.
Қуддусдаги тепалик иудаизм динида энг муқаддас жой ва Исломда учунчи муқаддас жой ҳисобланади. Бу яҳудийлар учун Инжилда кўрсатилган 2 та ибодатхона жойлашган муқаддас тоғ ва мусулмонлар учун пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) Байтул Мақдисдан осмонга, Меърожга олиб чиқилган Ҳарам ал-Шариф ҳисобланади.
Мусулмонлар бутун мажмуани Ал-Ақсо деб билади, бироқ сўнгги тўқнашувлар масжиднинг биносининг ичида содир бўлган.
Яҳудий ва мусулмон бўлмаганлар мажмуа ичига киришга рухсат берилади, бироқ ибодат қилиши мумкин эмас. Шундай бўлса-да, фаластинликлар яҳудийларнинг киришини қалтис бўлиб турган вазиятни ўзгартиришга ҳаракат сифатида қабул қилади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















