Исроил вазирининг Ал-Ақсога кириши мусулмонларни ғазаблантирмоқда Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, @itamarbengvir
Огоҳлантиришларга қарамасдан Исроил Миллий Хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир мусулмонлар учун учинчи муқаддас масжид ҳисобланадиган Ал-Ақсо масжиди ҳудудига кирди, мусулмон давлатлари ушбу амални кескин қораламоқдалар.
Исроил давлати ташкил этилганидан буён Қуддуси Шарифдаги мусулмонлар, яҳудийлар ва насронийлар учун ҳам муқаддас саналадиган ҳудудларга ўтмасликка келишилган, узоқ йиллардан буён ҳамма ушбу тартиб-қоидаларга амал қилиб келади.
Алоқадор мавзулар:
Исроилдаги ўта ўнг қанот сиёсатчи сифатида танилган Итамар Бен-Грив Бенжамин Нетаняху ҳукуматида Миллий Хавфсизлик вазири лавозимини эгаллаганидан кейин илк бор - 3 январ куни Ал-Ақсо ҳудудига ўтди, бу билан дунё мусулмонларини янада ғазаблантирди.
Фаластин ҳукумати ушбу қадамни "мисли кўрилмаган провокация" деб таърифлади.
"Иордания Ал-Ақсо масжидига бостириб кирилиши ва унинг муқаддаслигига дахл этилганини энг оғир сўзларда қоралайди", дейилади Иордания Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.
Итамар Бен-Грив кучайтирилган қўриқчилари ҳамроҳлигида масжид ҳудуди деб кўриладиган жойга ўтган, лекин Ал-Ақсога яқинлмашмаган.
Бу жойда у 13 минутча бўлган.
Исроил матбуоти хабар қилишича, Бош вазир Бенжамин Нетаняху бир кун олдин Итамар Бен-Гривни Ал-Ҳарам Ал-Қудс Аш-Шарифга чиқмасликка кўндирмоқчи бўлган, лекин у барибир яқин ҳафталарда чиқаман, деб айтган.
Қуддус шаҳридаги 13 гектарлик гўша дунё мусулмонлари учун ҳам, яҳудийлар ва насронийлар учун ҳам муқаддас жой ҳисобланади.
Мусулмонлар у жойни Ал-Ҳарам Ал-Қудс Аш-Шариф деб атайдилар.
Яҳудийлар Ал-Ҳарам Ал-Қудс Аш-Шарифни Ҳар ҳа-Баит деб атайдилар, рус тилида Храмовая Гора, инглиз тилида Temple Mount деб номланади.
У ерда Ал-Ақсо ва Қуббат ас-Саҳро масжидлари, яҳудийларнинг Йиғи девори жойлашган.
Масжидул Ақсо дунё мусулмонлари учун Маккаи Мукаррамадаги Масжидул Ҳаром, Мадинаи Мунавварадаги Масжиди Набавийдан сўнгги учинчи муқаддас макон ҳисобланади.
Исроил 1967 йили ҳудудни босиб олганидан кейин Масжидул-Ақсо назорати Иорданияда қолган, лекин ҳудудга кириш жойларини Исроил хавфсизлик кучлари назорат қилади.
Итамар Бен-Грив фаластинликларга нисбатан янада қаттиққўл сиёсат юритиш талабини илгари суриб келади, у Ал-Ақсо ҳудудига яҳудийларнинг ҳам ўтиб ибодат қилишларига йўл очишни мақсад қилган.
Бу нарса охирги эллик йиллик тартибнинг ўзгартирилишини англатади ва мусулмонлар бунга қаршилар.
Муқаддас жойлар устидан таранглик Исроилда янги миллатчи ҳукумат ҳокимиятга келганидан кейин янада ортди.
Исроил парламентига бўлиб ўтган сайловда миллатли либерал Ликуд партияси бошқаларга қараганда кўпроқ - 32 ўрин эгаллади, Ликуд раҳбари Бенжамин Нетаняхунинг ҳукуматни шакллантириш учун миллатчи, ўнг қанот партиялар билан коалиция ташкил этишига тўғри келди.
Кнессетда 64 ўринлик блок барпо этишга эришган Нетаняху Бош вазир бўлди, радикал қараш ва сиёсати билан танилган сиёсатчиларга ҳукумат вазири лавозимларини беришга кўнди.
Итамар Бен-Грив Миллий Хавфсизлик вазири, фаластинликларга қарши баёнотлари билан танилган Безалел Смотричга Яҳудий кўчманчилари сиёсатини бошқариш топширилди.
Фаластиннинг Ғазо бўлгасини назорат қиладиган Ҳамас ҳаракати Итамар Бен-Гривни Ал-Ақсога чиқиш оқибатлари ёмон бўлишидан огоҳлантирган эди.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
"Ал-Ақсо масжидига экстремист вазир Бен-Гривнинг бостириб кириши мисли кўрилмаган провокация ва можаронинг хавфли кенгайтирилишидир", дея қораловчи баёнот берди Фаластин Ташқи ишлар вазирлиги.
Ҳамас Бен-Грив ташрифини жиноят деб атади, муқаддас жой Фаластин, Араб, Исломий жой бўлиб қолади, дея баёнот берди.
2000 йили Исроилнинг ўша пайтдаги мухолифатдаги ўнг қанот сиёсатчиси Ариэл Шароннинг Ал-Ақсога кириши фаластинликларни роса ғазаблантирган, зўравонликларга сабаб бўлган.
Ушбу зўравонликлар иккинчи Фаластин қўзғолони ёки Интифадага олиб келган эди.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















