Ал-Ақсо атрофида янги хавф: Рамазон ойида мусулмонлар яна хавотирда Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Ал-Ақсо масжиди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шарқий Қуддус. Ҳам мусулмонлар ва ҳам яҳудийлар учун бирдек муқаддас сатҳ. Бу ерда Маъбад тоғи баробарида ал-Ақсо масжиди ҳам жойлашган
    • Author, Иоланда Нелл
    • Role, BBC News, Қуддуси Шариф

"Биз мусулмонлар учун Рамазон ойида Ал-Ақсо масжидида намоз ўқиш жуда муҳим. Бу руҳоний бир давр ва мен уни доим интиқлик билан кутаман", дейди елкасига жойнамоз ташлаб олиб, Исломдаги учинчи муқаддас жой томон йўл олган Зиёд.

"Аммо бу йил невараларимни олиб келмайман, - дейди Рамазон ойида ҳар куни тонг отардан кун ботарга довур рўза тутишга қасд қилган хизматчи. - Бироз қўрқаман."

Бу каби бир ҳолат эса, дунёдаги уч йирик самовий дин вакилларининг энг муқаддас диний айёмлари бир пайтга тўғри келган бир вазиятда кузатилмоқда.

Бунақа тасодиф эса, узоқ йиллар деганда бир кузатилади.

Ал-Ақсо атрофида яна нималар бўлмоқда?

Алоқадор мавзулар:

Эски Шаҳар

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Яҳудийлар ибодат қилишлари мумкин бўлган энг муқаддас жой Ғарбий деворда, Қуддусда бўлиш Песах байрами учун теран маънога эга

Бундан ўттиз йил олдин мусулмонлар учун Рамазон, яҳудийлар учун Песах ва насронийлар учун Пасха бир вақтга тўғри келган.

Бу ҳафта бир вақтга тўғри келган диний байрамларни нишонлаш учун ўн минглаб исроиллик ва фаластинлик обидлар ҳамда хорижлик зиёратчилар Қуддуснинг Эски шаҳрига оқиб келади.

Аммо бу ҳолат талаш бўлган муқаддас жойларда кескинликни ҳам кучайтиради.

Босиб олинган Шарқий Қуддусда одатдагидан сезиларли даражада кўп исроиллик полициячи бор ва улар Исроилда сўнгги йилларда содир бўлган бир қатор энг қонли ҳужумлар ортидан ҳушёр ҳолатда турибди.

"Биз мусулмонлар учун Рамазон ойида Ал-Ақсо масжидида намоз ўқиш жуда муҳим. Бу руҳоний бир давр ва мен уни доим интиқлик билан кутаман", дейди елкасига жойнамоз ташлаб олиб, исломдаги учинчи муқаддас жой томон йўл олган Зиёд.

"Аммо бу йил невараларимни олиб келмайман, - дейди Рамазон ойида ҳар куни тонг отардан кун ботарга довур рўза тутишга қасд қилган хизматчи. - Бироз қўрқаман."

Муқаддас қабр черкови

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Муқаддас қабр черковида насронийлар Исо (а.с.) дафн этилган, деб ишонувчи қабр бор

Шарқий Қуддусдаги насроний туроператор Далиа Хабашнинг айтишича, полиция назорат пунктлари унга Пасха байрамида Эски шаҳардаги кекса қариндошлариникига боришга доим тўсқинлик қилади, аммо у барибир бориши керак.

"Фаластинлик насроний аёл учун Қуддусдаги байрам ўзгача. Бу нафақат Исо хочга михланган, дафн қилинган ва тирилган жой, балки бошқа насронийлар ва фаластинликлар биргаликда байрам қиладиган жойдир", дея изоҳ беради у.

У Пальма якшанбаси куни Зайтун тоғидан пальма новдаларини кўтарган скаутлар билан қўшиқ куйлаб келиш ва Муқаддас мақбара черковида Сабт ан-Нур (Нур шанбаси) православ маросимини ўтказишдан завқ олиши ҳақида гапиради.

"Қўнғироқлар чалиниб, "У тирилди", деган хайқириқдан бир неча сония ўтгач, Эски шаҳар бўйлаб шамлар ёқилади", дейди Далиа.

"Бутун дунёда бунга ўхшаши йўқ."

Керен Тройнер
Сурат тагсўзи, Керен Тройнер ўзига Ғарбий Девордаги "бирдамлик" ҳисси ёқишини айтади

Яҳудийлар ибодат қилишлари мумкин бўлган энг муқаддас жой Ғарбий деворда, Қуддусда бўлиш Песах байрами учун теран маънога эга.

Седер маросим таоми пайтида, қадимги Мисрда исроилликларнинг қулликдан озод бўлганлиги ҳақидаги Чиқиш ҳикояси айтилади. Анъанага кўра, охирги сўзлар "Келаси йил Қуддусда", яҳудийларнинг Библиядаги ватанларига қайтиш истагини акс эттиради.

"Бу руҳоний жой. Ишонаманки, бу ерга келсам, дуоларим ижобат бўлади", - дейди ҳозир Канадада яшаётган, лекин Исроилда туғилган Керен Тройнер. - Атрофимдаги одамларнинг йиғлаётганини ва қалб қўрини тўкаётганини кўрганишни, бирлик ҳиссини туйишни севаман."

"Мен хавфсизлик билан боғлиқ вазият ҳақида ўйламайман, - деб давом этади Керен. - Қўрқмайман. Худо сизни паноҳида сақлашига ишонишингиз мумкин."

Ронит исмли исроиллик аскар оиласи билан Песах байрамини нишонлашни интиқлик билан кутмоқда, бироқ у бу вақтда кутилмаган воқеалар бўлиши мумкинлигини яхши билади.

"Мен хавфсизлик ҳолатидан хавотирдаман, лекин хавфсизлик хизматларимизга ишонаман", дейди у.

Ал-Ақсо масжиди

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Яҳудийларнинг Маъбад тоғи ҳам жойлашган сатҳдаги Ал-Ақсо масжиди Ислом оламидаги энг муқаддас учта қадамжодан биттаси саналади

Аввалроқ, байрамлар бир вақтга тўғри келиб, миллатчи яҳудийлар Ал-Ақсо масжиди жойлашган Маъбад тоғи/Ҳарам аш-Шарифни зиёрат қилмоқчи бўлганида Исроил-Фаластин зўравонликлари авж олган эди. Мажмуада Библиядаги икки ибодатхона жойлашгани учун бу ер яҳудийликдаги энг муқаддас жой саналади.

Ўтган май ойида Ғазо секторини бошқараётган исломий гуруҳ Ҳамас Ал-Ақсо масжиди ташқарисидаги тўқнашувлардан сўнг Қуддусга ракета зарбалари бера бошлади, 11 кунлик ҳалокатли уруш бошланди.

Охирги ҳафталарда Исроил ва Фаластин расмийлари ўртасида бу йилги уч Иброҳимий диннинг байрамлари олдидан ҳудудда осойишталик ва диний эркинликни таъминлаш учун юқори даражадаги учрашувлар бўлиб ўтди.

Уларда ҳатто Иордания қироли Абдуллоҳ ҳам қатнашган, унинг ҳукмрон оиласи деярли 100 йилдан бери Қуддусдаги Ислом ва насроний зиёратгоҳлари ҳомийсидир.

Бироқ уларнинг келишувлари Исроилда сўнгги уч ҳафта ичида 14 кишининг ҳаётига зомин бўлган тўртта даҳшатли терактни тўхтата олмади.

Улардан иккитаси ИШИД билан алоқадор бўлган, Исроил араб фуқаролари томонидан содир этилган. Қолган иккитасини эса босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Женин ҳудудидан бўлган фаластинлик жангарилар амалга оширган. Уларнинг қилмишини Ҳамас ва бошқа қуролли гуруҳлар олқишлади.

Исроиллик қурбонлар

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Тел-Авивда ўтган ҳафта содир бўлган отишмада қурбон бўлган уч исроиллик якшанба куни дафн қилинди

"Мен буни омма олдида айтишдан қўрқмайман: "Биз яна урушни хоҳламаймиз", дейди тўрт фарзанднинг онаси Невин Солиҳ, Ғазодаги воқеаларни асабий кузатиб.

У 10 ой олдин Исроил ҳаво ҳужумида вайрон бўлган уйларини қандай тиклаганликлари ҳақида гапиради.

"Уйни Рамазонни кутиб олиш учун безатдик, - дейди у. - Қизларим ҳар куни Рамазон ҳайитини нишонлаймизми, деб сўрашади. Ўтган йили мен уларга янги кийим сотиб олдим, лекин афсуски, улар бу кийимларни кийганлари йўқ.

Исроиллик бир ҳарбий мулозим шу ҳафта журналистларга: "Биз бу байрам мавсуми тинч ва хавфсиз ўтишини истаймиз", деди ва вазият "оғир" эканлигини қўшимча қилди.

Унинг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари терроризмга қарши операциялар билан Қуддусга киришга рухсат олган фаластинликларни ичкарига қўйиш каби каби ишларни мувозанатлашга ҳаракат қилмоқда.

Дафн маросими

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Чоршанба куни Қуддуси Шариф яқинида полиция билан юз берган тўқнашувлар бир фаластинлик ўспириннинг ҳам ҳаётига зомин бўлди

Исроил армияси Ғарбий Соҳилда рейд ва ҳибсга олишни кўпайтиргани жиддий тўқнашувларга олиб келди. Сўнгги зўравонлик тўлқинида камида 20 фаластинлик, жумладан, ҳужумчилар ва ҳужумларни режалаштирганлар ҳалок бўлди.

Исроил аскарлари учун асосий операциялар маркази бўлган Женинда ғазаб кучаймоқда.

"Ҳа, вазият чатоқ, айниқса Рамазон ойида, лекин биз ҳар кунги рейдлар ва совуққон қатлларга қарши бирдам бўламиз, - дейди Жиҳод аз-Зоҳрий. - Биз ор-номус билан курашамиз ва муносиб ўламиз".

Ўтмишда бўлгани каби кўпгина фаластинлик ва исроилликлар учун диний байрамларнинг қувончи давомли тўқнашувлар боис татимаяпти.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek