Украина уруши: Россия қўмондонлари ядровий қуролни ишга солишни муҳокама қилган Rossiya Ukraina Yangiliklar

Россиянинг ядровий каллак билан отиладиган ракетаси

Сурат манбаси, Rossiya Mudofaa vazirligi

Сурат тагсўзи, Октябрь ойи охирида Россия ядровий қўшинларининг одатий машқларини ўтказди

АҚШ оммавий ахборот воситаларининг ишончли манбаларга таяниб хабар тарқатишларича, Россия армиясининг энг юқори лавозимдаги зобитлари Украинада ядровий қуролни қўллаш масаласини муҳокама қилганлар.

Дастлаб бу ҳақда The New York Times газетаси ёзди.

Сўнг CBS News телеканали АҚШ президенти маъмуриятидаги манбаларига таяниб хабар тарқатди.

Алоқадор мавзулар:

АҚШ мулозимларига кўра, Россия армияси раҳбариятидаги генераллар Украинадаги жанг майдонига тактик ядровий қуролни қачон ва қайси жойига отиш мумкинлиги масаласини муҳокама этганлар.

Бу муҳокамада Президент Путин қатнашмаган, деб айтишган журналистларнинг АҚШдаги манбалари.

Стратегик ядровий каллакли бомбалар йирик ва вайронкорлик қуввати ҳам кучли бўлади.

Тактик ядровий қуроллар кичикроқ қувватда, бундай бомбани катта сондаги қўшин бир жойда йиғилган пайтда қўллаб душманга зарар етказиш мақсади кўзланади назарияда.

Бундай қурол ҳали инсоният тарихида бирор жангда қўлланмаган.

Пентагон маълумотларига кўра, Россиянинг ихтиёрида 2000 тача тактик ядровий қурол бор.

АҚШ ҳукуматига Россия генералларининг муҳокамаси хабари октябрь ойи ўртасида келиб тушган.

The New York Times ёзишича, ушбу муҳокама Россия генералларининг Украинадаги жанговар ҳаракатлардан нақадар умидсизликка тушганларини намойиш этади ва Путиннинг ядровий қуролни ишга солиш ҳақидаги таҳдидлари қуруқ гап эмас.

Сентябрда Украинанинг тўрт ҳудудини Россияники деб аннексия қилганидан кейин Президент Путин Россия ҳудудини ўзларида бор барча имкониятлар билан мудофаа қилишини айтган, бу қуруқ пўписа эмас, дея огоҳлантирган.

Бундан олдин ҳам Президент Путин ядровий қуролни ишга солиш таҳдидини бир неча маротаба илгари сурган.

Бундай таҳдидлар ортидан Ғарб, хусусан, АҚШ ҳарбий ва жосуслик манбалари Россиянинг ядровий қуролни ишга солиш тайёргарликларини кўрмаганларини айтганлар.

Бироқ ўтган ҳафтада Президент Путин Россиянинг Украинада ядровий қуролни ишга солишидан маъни йўқ деб айтди.

2 ноябрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги расман баёнот билан чиқди, халқаро ҳамжамиятни ядро урушининг олдини олишга чақирди.

Москва глобал стратегик хавфсизликни таъминлаш тарафдори ва "ядровий бешлик" давлатларини оммавий қирғин қуролларини қўллаш провокацияларини рағбатлатирмасликка чақирган Россия ТИВ.

"Бизнинг миллий хавфсизлигимизни қўпоришга қаратилган масъулиятсиз ҳаракатларнинг оқибати бўлган ҳозирги вазиятда ядровий давлатларнинг ҳар қандай ҳарбий тўқнашувига йўл қўймаслик биринчи галдаги вазифага айланди", дейилади Россия ташқи сиёсат маҳкамаси тарқатган баёнотда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek