Ядровий қиёматга бир баҳя қолдими? Ўзбекистон ва дунё Rossiya Putin Ukraina Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби жиддий огоҳлантириш билан чиқди. Унинг айтишича, дунё Совуқ Урушдан буён бу каби ядровий таҳдид қаршисида қолмаган. Ядровий уруш муқаррарми?
Алоқадор мавзулар:

Сурат манбаси, Reuters
Антониу Гутерриш ядровий уруш нега аллақачон бошланиб кетмагани сабабини "ўзларининг ўта омадли эканликлари" билан изоҳлаган.
Аммо БМТ Бош котиби глобал кескинлик кучайиб бораётган бир манзарада "биргина тушунмовчилик, биттагина хато" инсониятга қимматга тушиши, уни "ядровий ҳалокатга етаклаяжаги"ни қўшимча қилган.
Унинг бу сўзлари "Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисида"ги шартномага аъзо давлатлар анжуманининг кириш қисми чоғида янграган.
Дунё сўнгги бор 1968 йили, Куба ракета инқирози пайтида ядровий уруш ёқасида қолган.
Мазкур шартнома ҳам худди ўша пайтда имзоланган.
Келишув ядро қуролларининг янада кўпроқ давлатларга тарқалишининг олдини олиш ва якунида тўлиқ ядровий қуролсизланишга эришиш мақсадини кўзда тутади.
Битим жаҳондаги деярли барча давлатлар томонидан имзоланган.
Аммо унга ҳеч қачон имзо чекмаганлар сирасига ядровий қуроли бор ёки шунга гумон қилинувчи тўрт мамлакат - Ҳиндистон, Исроил, Шимолий Корея ва Покистон ҳам киради.
БМТ Бош котиби дунё давлатларини яна бир бор бу каби қуроллардан буткул воз кечиш масаласига янгидан ёндашишга ундаган.
"Омад - бу стратегия эмас. У ядровий можарога айланиб кетадиган геосиёсий тангликдан қалқон ҳам бўлолмайди", - деб айтган Антониу Гутерриш.
Айни ўринда БМТ Бош котиби дунёда кескинликлар ўзининг "янги чўққисига кўтарилаётгани" билан огоҳлантирди.
Бунга мисол қилиб Украина босқини, Корея ярим ороли ва Яқин Шарқдаги тангликни тилга олди.

Сурат манбаси, Getty Images
Украинага февраль ойидаги босқинидан қисқа вақт ўтмай, Россия президенти ядровий қуролларини шай аҳволга келтиришни буюрган.
"Кимки йўлларига тўғаноқ бўлса, бунинг мислсиз оқибатларига юз тутиши" билан ҳам таҳдид қилган.
Стратегияси эса, Россияга давлат сифатида мавжудлиги таҳдид остида қолса, ядровий қурол қўллашига изн беради.
Душанба куни Путин БМТ Бош котиби очиб берган конференция иштирокчиларига мактуб йўллаган.
"Ҳеч ким ғолиб бўлолмаслиги"ни айтиб, "ядровий урушни қўзғамаслик керак"лигини таъкидлаган.
Аммо, президентининг мактубига қарамай, Россия анжуманда танқидлар остида қолган.
Жумладан, АҚШ Давлат котиби Россиянинг "қурол билан ўйнашаётгани"ни қоралаган.
Ҳозир дунёнинг тўққиз давлати арсеналида жами 13 мингга яқин ядровий қуролнинг борлиги ишонилади.
Бу, шунда ҳам, ядровий пойга авжига чиққан 1980-йиллар ўрталаридагиси билан қиёслаганда бир неча бараварга кам сондагиси бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















