Путин Украина ҳақида айтган гаплар қанчалик рост ё асоссиз? Ukraina Rossiya Putin

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Reality Check таҳририяти
- Role, BBC News
Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқидаги исёнчилар назоратида бўлган икки ҳудудга қўшин киритишни буюриб, уларни мустақил давлат сифатида тан олди.
Кремлда туриб қилган телемурожаатида жаноб Путин Украина борасида қатор айбловлар билан ўз ҳаракатларини оқлашга уринди.
"Ўзини цивилизациялашган деб атайдиган дунё... қарийб тўрт миллион одамга қаратилган бу даҳшат, геноцидга эътибор бермасликни афзал кўради".
Президент Путин Украина шарқидаги Донбасс ҳақида гапирар экан, у ердаги русийзабонлар "геноцид"га дучор қилинаётганини иддао қилди, бу атамани у аввал ҳам ишлатган, бу гал эса Россия давлат телевидениесида такрорланди.

Сурат манбаси, Getty Images
152 давлат, жумладан, Россия томонидан ратификация қилинган БМТнинг Геноцид тўғрисидаги конвенциясида геноцид “миллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳни тўлиқ ёки қисман йўқ қилиш мақсадида қилинган ҳаракатлар” деб таърифланган.
Бунга Руанда ва Сребреницадаги қирғинлар мисол қилиб келтирилган.
Аммо Украина шарқида геноцид ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Германия канцлери Олаф Шольц жаноб Путиннинг баёнотини "бемаъни" дея рад этди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъкидлашича, давлатлар "баъзида айрим ҳодисалар ёки зўравонликларни геноцид сифатида тавсифлаайди", аммо бу "гаплар нуфузли ёки аниқловчи" сифатида қабул қилиниши мумкин эмас.
Бироқ Украина шарқида можаро давом этмоқда.
БМТ ҳисоб-китобига кўра, можаро бошланган 2014 йил 14 апрелдан 2022 йил 21 февралгача Украина шарқида 14200-14400 киши ҳалок бўлган, жумладан:
• камида 3407 нафар тинч аҳоли
• Украина армиясининг 4400 нафар ҳарбий хизматчиси
• Қуролли гуруҳларнинг 6500 аъзоси
39 000 га яқин одам жароҳат олди, улардан тахминан 7000 дан 9000 нафаригача тинч аҳоли эди.

2018 йилда Халқаро Инқироз Гуруҳи таҳлил маркази уруш жабҳасининг ҳар икки томонида 600 000 га яқин одам "ҳар куни ўққа тутиладиган, миналар қўйилган ва ҳаракат эркинлиги ва асосий хизматлар қаттиқ чекланган" хавфли манзилгоҳларда яшашини аниқлади.
"Украина ўзининг ядро қуролини яратмоқчи эканлиги ҳақида аллақачон баёнотлар бўлган... Украина ҳақиқатан ҳам совет ядровий технологиясига ва бундай қуролларни етказиб бериш воситаларига эга."
Ўтган ҳафта жаҳон етакчилари учун хавфсизлик бўйича конференцияда Украина президенти Владимир Зеленский: "Бизда бундай қуроллар йўқ", деди.

Сурат манбаси, AFP
Совуқ уруш даврида дунёдаги учинчи йирик ядровий арсеналга эга бўлган Украина 1990 йилларда АҚШ, Британия ва Россиянинг хавфсизлик кафолатлари эвазига ядро қуролидан воз кечган.
Мудофаа бўйича мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакат ҳозирда ҳаво орқали ядро қуролини етказиб бериш воситаси ёки ракеталар билан етказилиши мумкин бўлган ядро каллакларига эга эмас.
Украинанинг Германиядаги элчиси Андрей Мелник ўтган йили Украина НАТОга аъзо бўлмаса, ядродан холи мамлакат мақомини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлишини айтган эди.
Маълумотларга кўра, Украина шарқида бошланган можаро ва 2014 йилда Қрим Россия томонидан аннекция қилинганидан кейин бу масала жамоатчилик муҳокамаларида кўпроқ тилга олинди.
Аммо ҳукумат ядровий қуролга қайтиш нияти борлигини айтмаган ва ўтган йили нашр этилган тузатилган ҳарбий стратегияда уни қўлга киритиш ҳақида ҳеч қандай гап йўқ.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (IAEA) бизга Украинада "тинч фаолият учун мўлжалланган ядровий материалларни бошқа мақсадларга йўналтириш" аломатларини кўрмаслигини айтди.
"Шубҳасиз, кўплаб давлатлар, шу жумладан, Россия учун ҳам муаммо ва синов бўлган коррупция Украинада ўзига хос хусусиятга эга бўлди."
Россия “Transparency International”нинг 2021 йилги Коррупцияни идрок этиш индекси - Corruption Perceptions Index да энг паст ўринни эгаллаган Европа давлати бўлиб, дунё бўйлаб 180 мамлакат ичида 136-ўринни, Украина эса 122-ўринни эгаллади.
Ташкилотга кўра, сўнгги ўн йил ичида Украинанинг кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланган.
Аммо "Transparency International" Россия вакили Илья Шуманов шундай дейди: "Россиянинг рейтинги... коррупцияга қарши курашда тизимли ижобий ўзгаришлар йўқлигини акс эттиради".
"Пандемия даврида 60 мингдан ортиқ шифокор ва бошқа тиббиёт ходимлари мамлакатни тарк этди."
Бу даъво Украинадаги Разумков Маркази социологик сўров ширкати томонидан 2021 йил март ойида эълон қилинган ҳисоботга асосланган бўлиб, унда шундай дейилади: "Мутахассисларнинг фикрича, 2020 йил бошидан буён 66 минг шифокор ва тиббиёт ходими Украинани тарк этган".
Украинанинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Максим Степановнинг сўзларига кўра, 2021 йил февраль ҳолатига кўра, уларнинг 34,000 га яқини Украина соғлиқни сақлаш тизимида рўйхатдан ўтган ва пандемия бошланганидан бери ишдан кетган шифокорлардир.
Иқтисодий тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, киевлик шифокор йилига 23 минг доллар маош олади, қўшни Польшада эса 61 минг долларга тенг.
Расмий статистика украиналик шифокорлар ишлаш учун қайси давлатларга кетаётганини кузатмайди, бироқ соғлиқни сақлаш соҳасидаги иш берувчилар Польша, Чехия ва Словакияда ишлаш учун ариза берувчилар сони тез ўсиб бораётганини айтадилар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















