Янгиликлар. Украина: Россияни ‘Ер юзидан супуриб ташлашмоқчи’ми ва Кремль нега қўрқувда? Putin Rossiya Ukraina Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Россияни "йўқ қилишнинг вақти келди"ми - Москвадан янги хавотирлар.
Алоқадор мавзулар:
- Украина. Янгиликлар. Воқеа сатҳидан: Путиннинг ўзи қўлига қурол олди
- Украина. Янгиликлар: ‘Қиёмат’ генерали энди Путинга ғалаба келтирадими - у ким?
- Россия режими террорчи деган резолюция тайёрланди
- Ўзбекистон. Дунё. Янгиликлар: Путиннинг марҳум ота-онасига ўғлидан шикоят қилиш қанақа бўлади? Трампга ҳам 'повестка' келдими? Чегарада нима бўлди?
Москва ва бутун Рус патриархи янги баёнот билан чиқди.
Патриарх Кириллнинг даъво қилишича, Ғарб "Россияни Ер юзидан супуриб ташламоқчи".
У ўзининг иддаоси сабабини Россия "олам, Худо ва инсонга муқобил қараш"ни намоён этиши билан изоҳлаган.
Патриарх Кирилл бу ҳақда Нижний Новгород вилоятидаги Серафим-Дивеев ибодатхонасидаги диний тоат-ибодатдан сўнг тўхталиб ўтган.
"Баъзилар Россияни йўқ қилишнинг пайти келди, деб ўйлашади. Чунки Россия олам, Худо ва инсонга муқобил қарашдир. У Худони одамларнинг ҳаётидан четлатган дастурлаштирилган тизимга зид тўғри келмайди", - деб айтган патриарх.
Унинг ўз ваъзида даъво қилишича, "Россия кўпчилик учун кўзга санчилган тикан".
"Бугун юз бераётган нарсалар шунчаки навбатдаги ҳарбий амалиёт ёки қандайдир танглик эмас. Кўринишидан, кўпчилик православ Россияни Ер юзидан йўқ қилиш истагига тушиб қолган. Аммо бундай бўлмайди", - дея баён қилган у.
Православлик Католиклик ва Протестантлик билан бирга Насронийликнинг уч асосий йўналиши, таълимотидан биттаси саналади.
Энг кўп православларнинг эса, айнан Россияда яшаши айтилади.
"Ифлос бомба" можароси

Сурат манбаси, EPA
Россия Мудофаа вазири кутилмаганда бир куннинг ўзида камида тўрт давлат Мудофаа вазирларига сим қоққан.
Сергей Шойгу кеча, якшанба куни АҚШ, Буюк Британия, Туркия ва франциялик ҳамкасблари билан гаплашиб олган.
Расмий хабарларга кўра, Россия Мудофаа вазири ўзининг телефон мулоқотлари чоғида Украинанинг эҳтимолий провокацияларидан хавотир билдирган.
Сергей Шойгу айни ўринда Украина "ифлос" бомба қўллаши мумкинлиги ҳақида сўз юритган.
"Ифлос" бомба эса, портлаганида атмосферага радиоктив моддалар чиқарувчи портловчи қурилма бўлади.
Украина ўз ҳудудида қандайдир "ифлос" бомба ёки кам қувватли ядровий қуролни портлатиш режасида экани ҳақида якшанба куни эрталаб кутилмаганда Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги хабар берган.
Агентлик ўз хабарида, "турли мамлакатлар, жумладан, Украинадаги ишончли манбаларга таянгани"ни айтган.
Аммо манбаларининг ҳеч биридан ном тутмаган.
Ўз хабарини тасдиқлаши мумкин бўлган бирор бир маълумот ҳам тақдим этмаган.
Агентликнинг таъкидлашича, сўз Киев томонидан тайёрланаётгани айтилаётган провакация ҳақида кетмоқда.
Бу провакация эса, Россияни оммавий қирғин қуролидан фойдаланганликда айблашга асос беради, дейилади мазкур хабарда.

Сурат манбаси, .
Бунинг ортидан Украина Ташқи ишлар вазири расман раддия билан чиққан.
Дмитрий Кулеба Украинада "ифлос" бомба йўқлигини таъкидлаган.
Мамлакати бундай бомбани қўлга киритиш истагида эмаслигини ҳам баён қилган.
Украина Ташқи ишлар вазирига кўра, "ифлос" бомбани Россиянинг ўзи портлатишга ҳозирлик кўраётган бўлиши мумкин.
"Россиянинг Украина гўёки "ифлос" бомба қўллаш режасида эканига оид ёлғонлари абсурд бўлиш баробарида хавфли". - Биринчидан, Украина Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома тарафдори: бизда "ифлос бомба" йўқ ва биз уни қўлга киритмоқчи эмасмиз. Иккинчидан, руслар кўпинча ўзлари қилишни режалаштирган нарсаларида бошқаларни айблашади", - дея твит қилган Дмитрий Кулеба.
Россия Мудофаа вазирининг якшанба кунги телефон қўнғироғи ортидан АҚШ, Буюк Британия ва Франция қўшма раддия билан чиқишган.
"Россиянинг очиқ-ойдин ёлғонларига ишонмасликларини қатъий англатиб қўйишган".
Баёнотни АҚШ Давлат департаменти тақдим этган.
Айнан Россия дунёнинг ядровий қуролига эга саноқли қудратларидан бири бўлади.
Кремлнинг сўнгги иддаоси Россиянинг ўтган икки ҳафта ичида Украина энергетика объектларига учинчи бор қақшатқич зарба бериши ортидан кузатилган.
Расмий Киев қиш мавсуми арафасида Россия тактикасидаги бу каби кескин ўзгаришни Кремлнинг шу йўл билан ўзлари ва Европага босиб ўтказиш ҳаракати сифатида баҳолаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













