Ўзбекистон. Дунё. Янгиликлар: Путиннинг марҳум ота-онасига ўғлидан шикоят қилиш қанақа бўлади? Трампга ҳам 'повестка' келдими? Чегарада нима бўлди? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

мигрантлар

Сурат манбаси, POLISH DEFENCE MINISTRY/REUTER

Сурат тагсўзи, Amnesty International Беларусь чегарасидаги мигрантларга нисбатан ҳаракатлар Европа Иттифоқи қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқнинг ўта қўпол бузилиши ҳисобланишини таъкидлади
  • Путин ота-онаси қабрига хат қолдирган аёлга жиноий иш очилди;
  • Эронликларга Латвия чегарасида қайноқлар қўлланилганмиди?
  • «Трамп ўз қилмишлари учун жавоб бериши керак»;
  • Остонада «Марказий Осиё ва Россия» саммити;

«Ўғлингиз ўзини ёмон тутаяпти»

60 ёшли петербурглик Ирина Цибаневага Владимир Путиннинг ота-онаси қабрида қолдирилган хати туфайли жиноий иш очилган.

Путин ота онасининг қабри

Сурат манбаси, TASS

Сурат тагсўзи, "Ўғлингиз ўзини ёмон тутяпти! Тарих дарсларини қолдираяпти, партадошлари билан урушиб, бутун мактабни портлатиб юбориш билан қўрқитмоқда. Чора кўринглар", - деб ёзилганди қабрдаги кундалик дафтар варағига.

Россия президентининг ота-онаси - Владимир Спиридонович Путин ва Мария Ивановна Путинанинг (Шеломова) қабрлари Санкт-Петербургдаги Серафимовский қабристонида жойлашган. Улар 1999 ва 1998 йилларда вафот этишган.

Алоқадор мавзулар:

Сентябрь ойи охирида номаълум шахслар улар дафн этилган жойда мактаб кундалиги варағига ёзилган хабар қолдирилгани матбуотда нашр қилинган эди.

«Ҳурматли ота-оналар! Ўғлингиз ўзини ёмон тутяпти! Тарих дарсларини қолдираяпти, партадошлари билан урушиб, бутун мактабни портлатиб юбориш билан қўрқитмоқда. Чора кўринглар», - деб ёзилганди кундалик варағига.

Мазкур воқеага ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари диққат қаратишди. Тергов-суриштирув ҳаракатлари кундаликдаги ёзув петербурглик 60 ёшли Ирина Цибаневага тегишли экани аниқланган.

Цибанева

Сурат манбаси, MEDIAZONA

Сурат тагсўзи, 60 ёшли Ирина Цибаневага нисбатан сиёсий ва мафкуравий нафрат асосида дафн этилган жойларни таҳқирлаш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Санкт-Петербург судлари қўшма матбуот хизмати хабарига кўра, Цибаневага нисбатан сиёсий ва мафкуравий нафрат асосида дафн этилган жойларни таҳқирлаш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ушбу моддада назарда тутилган энг юқори жазо беш йил қамоқ жазосидир.

Чегарадаги ироқликлар мажбурланганми?

Латвия Беларусь чегарасидаги мигрантларга шафқатсиз муносабатда айбланмоқда.

чегарада

Сурат манбаси, LEONID SHCHEGLOV/TASS

Сурат тагсўзи, Латвия, Литва ва Польша расмийлари муҳожирлар оқимини Беларусь режимининг гибрид ҳужумлари деб аташган.

Amnesty International - Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти Латвия ҳукумати муҳожирларни шафқатсиз чоралар билан мамлакатдан ҳайдаб чиқаргани, баъзиларини эса ҳатто қийноққа солганини даъво қилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотининг янги ҳисоботида асосан Латвия-Беларусь чегарасини кесиб ўтишга уринган Ироқ фуқаролари ҳақида сўз боради.

Рига расмийлари қочоқларга нисбатан ҳаддан ташқари куч ишлатилганини инкор этиб, улар «чегарани ноқонуний кесиб ўтиш»га муносабат билдиришаётганини иддао қилмоқда.

Ўтган ёзда Ироқ ва Суриянинг минглаб фуқаролари Беларусдан Европа Иттифоқига ўтишга интилишган.

Кўпчилик Польша, баъзилари Литва ва Латвия билан чегарани кесиб ўтишга ҳаракат қилди.

Мазкур ҳаракат Александр Лукашенко Ғарб санкцияларига муносабат билдириб, Европани муҳожирлар билан тўлдиришга ваъда берганидан сўнг кейин бошланган.

Айнан шу баёнотлар Латвия, Литва ва Польша расмийларини муҳожирлар оқимини Беларусь режимининг гибрид ҳужумлари деб аташга сабаб бўлган.

Рига бунга жавобан чегара ҳудудларида фавқулодда ҳолат жорий қилган.

Ушбу режим маҳаллий ҳуқуқий тартибга солиш фаолиятини тўхтатишни ўз ичига олади, унга кўра мигрантлар бевосита назорат-ўтказиш пунктида бошпана сўраш ҳуқуқига эга эди.

Ироқликлар Латвия чегарасидаги қийинчиликлари ҳақида ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилишган.

Amnesty International Рига ҳукумати мигрантларни ҳеч қандай ҳимоя бўлмаган Беларусь давлатига қайтиб кетишга куч билан мажбурлашганини айтмоқда. Айнан шу ҳаракат Европа Иттифоқи қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқнинг ўта қўпол бузилиши ҳисобланишини таъкидлади.

Ташкилотнинг ушбу ҳисоботи эълон қилингандан сўнг Латвия Ички ишлар вазирлиги айбловларга дарҳол муносабат билдирди. Департаментнинг расмий баёнотига кўра, Беларусдан Латвия чегарасини кесиб ўтмоқчи бўлганлар орасида бирорта ҳам одам ёмон муносабатда бўлганидан шикоят қилмаган.

Бундан ташқари, фавқулодда ҳолат жорий этилгандан сўнг Беларусь билан чегарани кесиб ўтишга уринган мигрантларнинг 195 нафари гуманитар сабабларга кўра Латвия ҳудудига киритилган. Яна ўнлаб Ироқ, Афғонистон ва қатор давлатларнинг фуқаролари бошқа чегара ўтказиш пунктлари, шу жумладан Рига аэропорти орқали мамлакатга киритилган.

Трампга чақирув қоғози ёзилди

2021 йил 6 январь куни Дональд Трамп тарафдорлари Капитолийга бостириб кириши воқеаларини тергов қилаётган АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси қўмитаси Трампни гувоҳлик беришга расман чақиришга қарор қилди.

«У жавобгарликка тортилиши керак. У ўз қилмишлари учун жавоб бериши керак», — деди қўмита раиси Бенни Томпсон Трампни чақириш қарорини изоҳлар экан.

Трамп

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Трампнинг хатти-ҳаракатлари нафақат конгрессменлар, балки прокурорлар томонидан ҳам ўрганилмоқда.

Томпсон таъкидлаганидек, президентни гувоҳлик беришга мажбурлашнинг юридик прецеденти бор: президентлар Клинтон, Никсон ва бундан анча олдинроқ Томас Жефферсон ҳам бундай чақирув қоғозларини олишган.

Бироқ Трампнинг собиқ ходимлари Стив Баннон ва Питер Наварро Конгресснинг чақириқларини эътиборга олмади.

Қўмита аъзоларининг фикрича, Дональд Трамп 6 январь воқеаларида бевосита айбдор: у президентлик сайловлари натижалари сохталаштирилганлигини ҳеч қандай далилсиз айтди ва унинг нутқидан сўнг тарафдорларидан иборат оломон дарҳол Капитолий биносига бостириб киришди. Бу Жо Байденнинг сайлов ғолиби сифатида расман тан олинишини бузиш мақсадидаги хужум эди.

Натижада беш киши ҳалок бўлди, юзлаб одамлар жароҳат олди.

Вакиллар палатаси қўмитаси Трампни чақириш учун бир овоздан овоз беришди.

Парламент қўмитаси расмий айблов қўя олмайди, унинг вазифаси ишни синчковлик билан ўрганиш ва натижаларини жамоатчиликка тақдим этишдан иборат.

Бироқ Трампнинг ўша кунлардаги хатти-ҳаракатлари нафақат конгрессменлар, балки прокурорлар томонидан ҳам ўрганилмоқда.

Бундан ташқари, Би-би-сининг Шимолий Америкадаги мухбири Энтони Цуркернинг аниқлаштиришича, агар Трамп сўроққа келишдан бош тортса, қўмита уни Конгрессга нисбатан ҳурматсизликда айблаши ва Адлия вазирлигига бу айбловни ўрганиб чиқишни буюриши мумкин. Муқаддам Баннон ва Наварро билан айнан шундай қилинган эди.

Саммитлар ва учрашувлар куни

ШМ

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон Президенти Вьетнам билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни тубдан кенгайтириш лозимлигини таъкидлаган.

14 октябрь куни Қозоғистон пойтахтида иккита саммит ўтказилади - МДҲ давлатлари раҳбарлари саммити ва «Марказий Осиё ва Россия» форматидаги саммит.

Бир кун олдин эса Осиёда Ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаши саммити ўтказилганди.

13 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Эрон Президенти Иброҳим Раисий, Қатар Амири Шайх Тамим бен Хамад Ал-Таний, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Россия Президенти Владимир Путин, Беларусь Президенти Александр Лукашенко ва давлатларнинг расмийлари Остонага тўпланишган.

Бугун улар сафига Туркманистон президенти Сардор Бердумухаммедов ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳам қўшилди.

Ўзбекистон Президенти Остонадаги саммитлар доирасида ҳамкор мамлакатлар делегациялари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ва кўп томонлама музокаралар ҳам ўтказмоқда.

Жумладан, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Бағдод Амреев, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Вьетнам Социалистик Республикаси вице-президенти Во Тхи Ань Суан билан расмий учрашувлар ўтказган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek