Қудратли ўзбек қўмондони Салоҳиддин Айюбий Толибон ҳукумати сафидан чиқдими? Афғонистон, Дунё, Янгиликлар

Сурат манбаси, Courtesy
Толибон ҳукуматида вазир ўринбосари, қудратли ўзбек қўмондонларидан бири қори Салоҳиддин Айюбий Толибон билан алоқаларни узишга қарор қилган. Бу ҳақда Би-би-сига Айюбийга яқин манбалар хабар берди.
Ўзбек қўмондонининг бундай қарор келишига Толибон бошқа миллатларнинг ҳақ-ҳуқуқларини инобатга олмаётгани ва қизларнинг мактаби ҳануз очилмаётгани сабаб бўлган.
Толибон ушбу масалани ўрганаётганини айтди.
Айюбийнинг Толибон билан келишмовчиликлари
Би-би-си манбасига кўра, Толибон Айюбийнинг таклиф ва талабларини инкор қилиб келган.
Унга яқин манбанинг айтишича, Айюбий Толибондан қизларнинг ўрта таълим мактабларини очишни, барча миллатларга ҳукуматда тенг ҳуқуқ ва ваколат беришни, миллатлар ўртасида низоларга сабаб бўлаётган ер устидан даъволарни тўхтатишни ва шимолдаги билим юртлари пештахталардаги ёзув тилларини ўзгартирмасликни талаб қилган.
Алоқадор мавзулар:
Ушбу муҳим масалаларга Толибон томондан бефарқ муносабат Айюбийнинг норозилига сабаб бўлган. Би-би-си манбасининг айтишича, Толибон нафақат ўзбек қўмондонининг таклифлари инобатга олмаган, балки миллатлар ўртасида низога сабаб бўладиган қарорлар олишда давом этган.
Кузатувчилар Салоҳиддин Айюбий борасидаги хабар аҳамиятли эканлигини айтишмоқда.

Сурат манбаси, Courtesy
Толибон Кобулни қўлга олгач Айюбий қўл остида қуролли жангчилари билан биринчилардан бўлиб пойтахтга кириб келган қўмондонлардан бўлган.
У қуролдош издошлари билан ўзбек маршали Абдулрашид Дўстумнинг Кобулдаги уйига жойлашганди.
Яна бир манбанинг айтишича, Толибон Айюбий жойлашган Кобулдаги маршал Дўстумнинг уйини ҳам тортиб олган.
Исмини ошкор қилишни истамаган манбанинг айтишича, Айюбийнинг Толибон сафидан чиқиш қарорини бошқа бир неча муҳим қўмондонлар ҳам қўллаб-қувватлаган. Бироқ уларнинг кимлар эканлиги борасида қўшимча маълумот бермади.
Бошқа қўмондонлар Айюбийнинг фикрини қанчалик қўллаётганини Би-би-си ҳозирча мустақил манбалардан тасдиқлатмади.
У Толибон ҳукумати сафида нуфузли ўзбекзабон сиёсатчилардан ҳисобланади. Айюбий амалда Қишлоқларни ривожлантириш вазирининг ўринбосари.
Салоҳиддин Айюбий Афғонистонда ўзбек маданияти ва меросини тарғиб қилишда катта ҳисса қўшаётгани айтилади.
Айюбий ва Толибон ўртасида муносабатлар ёмонлашгани борасида бундан олдин ҳам хабарлар чиққанди. Бироқ ўзбек қўмондони ушбу хабарларни рад қилиб чиққанди.

Сурат манбаси, Courtesy
Яқин ўтмишда Толибон бу каби эътирозларга жиддий эътибор қаратиб, уларни куч билан бостиришгача борган.
Манбанинг айтишича, Айюбий ва тарафдорлари муаммоларни тинч музокаралар орқали ҳал этилиши тарафдори, бироқ марказий ҳукумат куч ишлатмоқчи бўлса, Афғонистон шимолида вазият кескин ўзгариши мумкин.
Манба вазият қандай кўринишда ўзгариши мумкин, деган саволни очиқ қолдирди.
Кузатувчилар Толибоннинг бу сафар ҳукуматга келиши ва шимолдаги катта қаршиликни осонлик билан енгиб ўтишида ўзбек қўмондонларининг музокара маҳорати ва уларнинг қўл остидаги жангчиларнинг ҳиссаси салмоқли бўлганлигини айтишади.
Салоҳиддин Айюбий амалда Қишлоқларни ривожлантириш вазири ўринбосари лавозимида ишлаётган бўлса-да, пойтахт Кобулда эмас, ўзбеклар зич яшайдиган Маймана шаҳрида яшаётгани айтилмоқда.
Би-би-си қори Салоҳиддин Айюбий билан билан боғланиб суҳбат уюштиришга ҳаракат қилди.
Толибон ва ўзбек масъуллар
Афғонистон собиқ ҳукумати билан сулҳ музокараларида Толибон сафидаги ўзбек миллатига мансуб Абдул Салом Ҳанафий фаол бўлган.
Толибон қудратга келгач Ҳанафий ҳукуматда муваққат Бош вазирнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари этиб тайинланганди.
Бироқ кейинчалик у Бош вазир маъмурияти раҳбари ўринбосари лавозимига ўтказилган.
Би-би-си шу йилнинг январ ойида Афғонистон шимолидаги асосан ўзбеклар яшайдиган Фарёб вилояти маъмурий маркази Маймана шаҳридаги намойишда қуролли тўқнашув юз бергани ҳақида хабар берганди.
Асосан ўзбек миллатига мансуб Толибон аъзолари бошчилигида намойишга чиққан халқ Толибоннинг ўзбек қўмондонларидан бири Маҳдум Олимни ҳибсдан озод қилишни талаб қилганди.
Талаблардан сўнг Маҳдум Олим ҳибсдан озод қилинган ва Афғонистонинг ғарбий минтақасига хавфсизлик масалалари бўйича масъул қилиб юборилган.
Ўзбекистон ва Афғонистон
Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга чегарадош бешта мамлакатидан биттаси бўлади.
Худди шу манзарада Ўзбекистон Толибоннинг муваққат ҳукуматини биринчилардан бўлиб олқишлаб чиққан, улар билан расмий мулоқотларини фаоллаштираётган, инсонпарварлик ёрдамларини давом эттиришга қарор қилган дунёнинг саноқли давлатларидан бири.
Аксарият минтақавий таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон шу йўл билан жангарилар бўладими ёки катта сондаги қочқинлар оқими - Афғонистондан келиши мумкин бўлган ҳар қандай хавф ва таҳдидни юмшатиш ҳаракатида.
Шавкат Мирзиёев Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг сўнгги саммитида ҳам халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини Афғонистонга тортган.
Ўзбекистон раҳбари расмий ва юқори минбардан туриб, уларни Афғонистонни яккалаб қўймасликка чақирган.
Аксарият минтақавий таҳлилчилар ҳам расмий Тошкент бугун Толибон билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш ҳаракатида эканини урғулашади.
Яъни, уларнинг наздларида, Ўзбекистон ҳаракат Афғонистонда доимий барқарорликни ўрнатишга муваффақ бўлса, ўзининг узоқ йиллик йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга ҳам кўз тиккан.
Қудратга қайтиши арафасида эса, ҳатто Хитой ҳам ҳаракатни "Афғонистон масаласида якуний сўзни айтувчи муҳим ҳарбий ва сиёсий куч"га нисбат берганди.
Толибон ва ўзбеклар
Афғонистон Ўзбекистондан кейин дунёнинг энг кўп сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.
Давомий урушлар боис, Афғонистонда аҳоли бу яқин ўн йилликларда расман рўйхатга олинмаган.
Аммо, шунда ҳам, мамлакатдаги этник ўзбекларнинг сони турли хил манбаларда бир неча миллионга нисбат бериб келинади.
Улар асосан Афғонистоннинг Марказий Осиёга чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида яшашади.
Толибон қудратга қайтиши ортидан Афғонистондан мамлакатдаги миллий озчиликлар, айниқса, ҳазоралар ва ўзбекларнинг жиддий хавотирда эканига оид хабарлар олинган.
Мозори Шарифда яшовчи айрим ўзбеклар орада Би-би-си билан суҳбатларида ўз қўрқувлари билан бўлишишган.
Улар худди 90-йиллардагиси каби миллат сифатида ўз мавжудликлари хавф остида қолиши мумкинлигидан ташвишда эканликларини айтишган.
Худди шу манзарада ўзбекзабон интернет сегменти орасида Толибон ўқув дастуридан ўзбек тилини чиқариб ташлаганига оид айрим тасдиқланмаган хабарлар бўй кўрсатган.
Воқеаларнинг худди шу каби ривожи манзарасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили 2021 йилнинг 31 август куни расмий ахборот билан чиққан.
Толибон ҳаракати расмий раҳбарияти билан суҳбатларида айни мазмундаги хабарлар ўзининг тасдиғини топмаганини билдирган.
Юсуп Қобилжонов Толибон вакили ўзларига ўзбек тилининг, пушту ва дари тиллари билан бир қаторда, бундан буён ҳам Афғонистоннинг расмий тилларидан бири бўлиб қолишини тасдиқлаганини маълум қилган.
У, шунингдек, Ўзбекистон томонига мамлакатнинг янги раҳбарияти ўзбек тилини ўрганиш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишини айтганига ҳам тўхталиб ўтган.
Би-би-си Ўзбек хизмати суҳбатлашган айрим маҳаллий ўзбеклар расмий Тошкентнинг ошкора муносабати билан боғлиқ воқеълик илк бор кузатилаётгани билан ўзларининг хос эътиборлари ва қизиқишларига сабаб бўлганини айтишган.
Аммо "халқаро ҳамжамият кўз ўнгида ўз имижини ижобий сақлаш ҳаракатида бўлган Толибон расман қудратга келгач, берган бу ваъдаларига қанчалик амал қилиши"ни савол остига ҳам олишган.
Покистон Ташқи ишлар вазири билан 25 август кунги расмий учрашуви чоғида Афғонистонда инклюзив бўлмаган ҳукуматни тан олмасликларини баён қилган Тожикистон президентининг эса, афғон халқига, жумладан, тожиклар, ўзбеклар ва бошқа миллий озчиликларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги қонунбузарлик, қотиллик, талончилик ва таъқибларни қатъий қоралагани ҳам расман хабар берилганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















