Афғонистон шимолида ўзбек ва паштун Толибон тўқнашди - Видео Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Афғонистон шимолидаги асосан ўзбеклар яшайдиган Фарёб вилояти маъмурий маркази Маймана шаҳридаги намойишда қуролли тўқнашув юз берди. Қурбонлар ва жароҳат олганлар бор. Фарёб Афғонистоннинг Марказий Осиёга чегарадош стратегик муҳим вилояти бўлади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Намойишлар
Асосан ўзбек миллатига мансуб Толибон аъзолари бошчилигида намойишга чиққан халқ Толибоннинг ўзбек қўмондонларидан бири Маҳдум Олимни ҳибсдан озод қилишни талаб қилган.
Толибоннинг қудратли қўмондонларидан бири Маҳдум Олим бир неча кун олдин Мозори Шарифда қўлга олинганди. Унинг нима сабабдан ушлангани маълум эмас.
Ушбу қўлга олишга қарши намойишлар 13 январь куни Маймана шаҳрида бошланган. Унга ўзбек миллатига оид Толибон аскарлари бошчилик қилгани айтилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда чиққан видеоларда намойишчилар паштун миллатига мансуб Толибон аскарларини қуролсизлантиргани айтилган. Ушбу хабарлар расман тасдиғини топганича йўқ.
Намойишлар 14 январь куни ҳам давом этган. Намойиш вақтида отишма бўлганлиги айтилмоқда.
Маҳаллий яшовчиларга кўра, натижада 3 киши қурбон бўлган.
Улардан икки нафари ўзбекзабон толиб ва бир нафари маҳаллий аҳоли вакили эканлиги айтилмоқда.
Шунингдек, бир неча киши яраланган. Бу хабар расман тасдиқлангани йўқ.
Сўнгги вазият

Сурат манбаси, SOCIAL MEDIA
Маҳаллий аҳоли Маймана шаҳрига Мозори Шарифдан махсус кучлар ташланганини, улар тушдан сўнг вазиятни ўз назоратига олганини айтишмоқда.
Шаҳар маркази ёпилган, намойишчилар тарқатилган. Улар ўрнатган чодир олиб ташланган.
Олдинроқ Толибон Маҳдум Олимни қўйиб юборгани ҳақида хабар чиқарди. Бироқ Би-би-си суриштирувидан унинг ҳамон ҳибсда қолаётгани ойдинлашган.
Фарёб вилоят ҳокимлиги маъмурияти унинг озодликка чиқишини талаб қилиб келган оқсоқолларга бу иш истиҳборот хизматлари назоратида эканлигини айтиб, ортиқча маълумот беролмаслигини билдирган.
Маҳдум Олим ким?

Сурат манбаси, Social media
Миллати ўзбек бўлган Маҳдум Олим Толибон ҳаракатида муҳим шахслардан бири бўлган.
У бир муддат вилоят ҳокими ва ҳарбий комиссия раҳбари лавозимларида ишлаган.
Афғонистонлик таҳлилчи Фазл Аҳмад Бургут Маҳдум Олим Ашраф Ғани ҳукуматига қарши курашишда Толибоннинг муҳим қўмондонларидан бири бўлганлиги ва шу билан бирга у шимолдаги ўзбекларнинг ичида ҳам обрўси баланд бўлганини айтади.
"Бундай бир муҳим қўмондонни, хусусан, Толибон ҳокимиятга келгач халқнинг қўлловига эга бўлган, айнан ўзбеклар ичида обрўси баланд қўмондоннинг тутилиши ўзбеклар орасида норозиликларга сабаб бўлган. Фарёбда намойишлар бошланган. Ҳатто Маҳдум Олимни зудлик билан озод қилинмаса уруш очамиз, деган чақириқлар ҳам янграган", дейди Фазл Аҳмад Бургут
Маҳдум Олимнинг ҳибсга олиниши сабаблари ошкор қилинмаяпти.
Толибон ҳокимиятга келгач, аксари ўзбек ва туркманлар яшайдиган минтақалардаги деҳқонлар уларнинг ерлари жанубдан келган пуштун миллатига мансуб кишиларга олиб берилаётганига норозилик билдиришганди.
Тарихча ўрнида

Сурат манбаси, official
Толибон раҳбариятидан ўрин олган ўзбек миллатига мансуб Абдул Салом Ҳанафий Кобул эгаллангач ўтган йилнинг август ойида Амирлик Афғонистондаги барча миллатларнинг хизматини қилишини айтиб чиққанди.
"Афғонистондаги ҳамма миллатни ишонтириб айтаманки, иншаАллоҳ, Афғонистон Ислом Амирлиги ҳамма миллатнинг хизматини қилади. Азизи ватанимизда Ислом низоми ҳоким бўлади. Ва ҳамма миллатнинг исломий ҳуқуқлари ва хавфсизлиги таъминланади. Ҳеч ким ташвишга тушмасин", деганди Ҳанафий.
Ўзбек ва туркман миллатига мансуб Толибон аскар ва қўмондонлари 2021 йил Афғонистон шимолини эгаллашда катта ўрин тутгани эътироф этилади.
Толибон илк бор 1990-йилларда қудратга келганида ўзбек, тожик ва ҳазора миллатлари маданий ва диний ҳуқуқларини камситгани айтилади.
Ўша вақтда ҳам Толибон Ислом байроғи остида келган бўлса-да, асосан паштун миллати диний ва миллий урф-одатларини илк ўринга қўйгани айтилган.
Ҳозирги Толибоннинг вақтинча шаклланган ҳукумати ҳам аксар паштунлардан иборат.
Унда ўзбек ва тожикларнинг сони жуда кам.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















