Толиблар нима талашмоқда? Толибон ичида йирик жанжал чиқди Афғонистон Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Хабарларга кўра, Толибоннинг икки таниқли етакчиси қаттиқ тортишган. Тортишганлардан бири ҳаракатнинг ҳамасосчиси, Қатардаги сиёсий идораси раҳбари ва муваққат Бош вазири муовини Мулла Абдулғани Бародар Ахунд бўлган. У 2019 йилда амалий ташриф билан Ўзбекистонда ҳам бўлиб қайтган. Ўшанда Толибон сиёсий қанотининг юқори мартабали ҳайъатига бошчилик қилган.
Сўнгги кунларда айнан Мулла Абдулғани Бародар Ахунднинг кўздан ғойиб бўлиши Толибон сафларидаги жанжалга оил гап-сўзларга сабаб бўлган.
Аммо айни мазмундаги миш-мишлар шу кунга қадар расман ўзининг тасдиғини топмай келаётганди.
Энди эса, лидерлари қаттиқ тортишиб қолишганини Би-би-сига Толибоннинг юқори мартабали мулозимларининг ўзлари тасдиқлашган.
Уларга кўра, жанжал ўтган ҳафта собиқ президент саройи - Аргда келиб чиққан.
Маълум бўлишича, бунга янги муваққат ҳукуматнинг таркиби сабаб бўлган.
Мулла Абдулғани Бародар Ахунд Қочқинлар масалалари бўйича муваққат вазир, Толибон қуролли қаноти - Ҳаққоний жангари гуруҳининг етакчи аъзоларидан бири бўлган Халил ар-Раҳмон билан тортишиб қолган, тарафдорлари ҳам бир четда туришмаган.

Сурат манбаси, .
Толибон ўтган ой Афғонистон назоратини яна ўз қўлига олган ва уни қайта Исломий Амирлик, деб эълон қилган.
Янги муваққат ҳукумати таркибига бирор бир аёл киши ёки ўзга сиёсатчини киритмаган.
Бош ва бошқа вазирлик лавозимларига фақат ўзининг одамларини тайинлаган.
Уларнинг орасида БМТ, АҚШ Федерал Қидирув Бюросининг "қора рўйхати"да бўлган, Афғонистондаги АҚШ ва Нато кучларига қаратилган энг қонли ҳужумларга масъул шахсларнинг ҳам борликлари кўрилган.
Манбаларнинг айтишича, Мулла Абдулғани Бародар Ахундга янги муваққат ҳукумат структураси ёқмаган, ҳамма жанжал шундан келиб чиққан.
Ким туфайли Афғонистонда ғалаба қозонишганига оид тортишувлари эса, жанжални янада қизитган.
Мулла Бародар буни ўзларига ўхшаган одамлар олиб борган дипломатиянинг натижаси, дея баҳолаш тарафдори бўлган.
Толибоннинг энг юқори мартабали аъзолари бошқарувчи Ҳаққоний тармоғидагилар эса, бу каби бир ютуққа жанг орқали эришганликларини даъво қилишган.
Мулла Абдулғани Бародар Ахунд

Сурат манбаси, Getty Images
Мулла Абдулғани Бародар Ахунд Афғонистон Толибон ҳаракатининг тўртта ҳамасосчисидан бири саналади.
Ҳозир муваққат Бош вазирнинг иккита муовинидан биттаси бўлади.
У бунгача Толибон Олий лидерига сиёсий масалалар бўйича ўринбосарлик қилган.
Толибоннинг Бош музокарачиси ва юзи бўлган.
Мулла Абдулғани Бародар Ахунд бир АҚШ президенти билан тўғридан-тўғри мулоқот қилган ягона Толибон лидеридир.
У 2020 йилда президент Дональд Трамп билан телефон орқали сўзлашган.
Расмий Вашингтон билан худди ўша йилги "тарихий" битимни ҳам Толибон номидан айнан Мулла Абдулғани Бародар Ахунд имзолаган.
АҚШ ва Нато бошчилигидаги хорижий иттифоқ қўшинлари худди шу келишув асосида Афғонистонни буткул тарк этишган.
Ҳаракатнинг ғалабасини ҳам расман у эълон қилган, Толибон лидерлари орасидан биринчи бўлиб Афғонистонга ҳам қайтган.
Мулла Абдулғани Бародар Ахундни яқиндан билганлар оғир-босиқ дипломат, керагидан ортиқча гапирмайдиган, орзу-ҳавасли одам эканини айтишади.
Ўта жангари Ҳаққоний тармоғи эса, сўнгги 20 йил ичида афғон тупроғида уюштирилган энг қонли ҳужумларга масъул, деб кўрилади.
Тармоқ ҳозир ҳам АҚШнинг террорчи ташкилотлар рўйхатида туради, Толибоннинг ўта ашаддий қуролли қаноти саналади.
Унинг лидери Сирожиддин Ҳаққоний Толибоннинг янги муваққат ҳукумати таркибида Ички ишлар лавозимини эгаллаган.
Мулла Абдулғани Бародар Ахунд қаерда?

Сурат манбаси, AFP
Мулла Абдулғани Бародар Ахунд сўнгги кунларда жамоатчиликка кўриниш бермай қолган.
Ҳаракатнинг энг кўзга кўринган етакчиларидан бири экани боис, унинг кўздан ғойиб бўлиши турли гап-сўзларга замин яратган.
Толибон лидерлари қаттиқ тортишиб қолишгани, ўзаро жанжалда Мулла Абдулғани Бародар Ахунднинг қаттиқ яралангани ва ҳатто сўнгроқ ҳаётдан кўз юмаганига оид миш-мишлар ҳам тарқалган.
Толибон манбаларининг Би-би-сига айтишларича, у жанжалдан сўнг пойтахт Кобулни тарк этган ва яна жанубий Қандаҳор вилоятига қайтган.
Шу ҳафта душанба куни Мулла Абдулғани Бародар Ахундники экани айтилган аудиёзув тарқалган.
Унда Мулла Бародар ўзининг "хизмат сафари"да эканини айтган.
"Ҳозир қаерда бўлишмасин, ҳаммалари соғ-омон эканликлари"ни билдирган.
Би-би-си аудиоёзувнинг айнан Мулла Бародарга тегишли эканини тасдиқлай олмади, аммо у Толибоннинг бир қанча расмий сайтларига жойланган.
Толибон ҳаракатининг ўзи эса, икки етакчиси қаттиқ тортишиб қолганини расман рад этган.
Мулла Абдулғани Бародар Ахунднинг ҳам саломат эканини маълум қилган.
Аммо ҳозир унинг айнан нима билан машғул экани борасида берган баёнотлари бир-бирига мос келмаган.
Ҳаракат воизи аввалига Мулла Бародарнинг Толибон Олий раҳбари билан кўришиш учун Қандаҳорга кетганини айтган.
Бунинг ортидан Би-би-си Пашту хизматига унинг "чарчагани боис, бироз ҳордиқ чиқариш нияти"да эканини билдирган.
Кўпчилик афғонлар Толибоннинг айни мазмундаги баёнотларига ишончсизлик билан қараш учун етарлича асосга эгалар.
2015 йилда ҳаракат икки йилдан ортиқроқ вақт мобайнида лидери Мулла Умарнинг ўлимини яшириб, унинг номидан баёнотлар тарқатиб юрганлигини эътироф этган.
Манбаларнинг Би-би-сига айтишларича, гап-сўзларни шахсан ўзи ва ошкора рад этиши учун Мулла Бародарнинг пойтахт Кобулга қайтиши кутилган.
Олий лидери Ҳибатулла Ахундзода эса, ҳали-ҳануз одамларга кўриниш бермаган.
У Толибоннинг сиёсий, диний ва ҳарбий масалаларига масъул шахс бўлади.
Ҳаракатнинг Амир ал-Мўъминини саналади.
Мавлавий Ҳибатулла Ахундзоданинг аниқ қаерда экани маълум эмас.
Аммо яқинда унинг ҳам толибларнинг Афғонистондаги иккита таянч нуқтасидан биттаси сифатида кўрилувчи жанубий Қандаҳор вилоятига қайтгани хабар берилган.
Тез орада пойтахт Кобулга қайтиши ҳам айтилган, аммо ҳалича айни мазмундаги хабарлар ўзининг исботини топмаган.
Янги муваққат Бош вазирликка Мулла Муҳаммад Ҳасан Ахунднинг танланиши ҳам Толибон мўътадил ва ашаддий қанотлари ўртасидаги қизғин тортишувлар натижаси бўлгани айтилган.
Мулла Муҳаммад Ҳасан Ахунд биринчи Исломий Амирлиги Афғонистонда қудратда бўлган пайтда Толибоннинг Ташқи ишлар вазири муовини бўлган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















