Толибон Ўзбекистонга ҳам таҳдид қилдими? Афғонистон-Ўзбекистон Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Толибон муваққат Мудофаа вазири

Сурат манбаси, RTA

Бу гал Толибон муваққат Мудофаа вазирининг шахсан ўзи даъват билан чиқди. Ўзбекистонни ҳам яна бир бор ҳарбий учоқларни қайтариб беришга чақирди. Акс-ҳолда бунинг "оқибатлари" билан огоҳлантирди. Расмий Тошкент ҳозирча жим. Ҳаракатнинг шу пайтгача бундай огоҳлик билан чиққани кўрилмаган. Ўзбекистонда ҳарбий парадлар ўтказилган. Толибон нима қилмоқчи?

Алоқадор мавзулар:

Огоҳлантириш

Ҳарбий вертолёт

Сурат манбаси, MOD/FACEBOOK

Толибоннинг муваққат Мудофаа вазири Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид Афғонистон Толибон ҳаракатининг ҳамасосчиси ва илк лидери Мулла Муҳаммад Умар(ҳозирда марҳум - таҳр.)нинг ўғли бўлади.

Афғонистондан олинаётган хабарларга кўра, у бу ҳақда сешанба куни, Ҳаво кучларининг пойтахт Кобулда бўлиб ўтган паради чоғида гапирган.

Толибоннинг муваққат Мудофаа вазири ҳарбий учоқлар олиб ўтилган давлатлар уларни қайтаришмаса, бунинг "оқибатларига юз тутишлари" билан огоҳлантирган.

Аммо "оқибатлари" деркан, айнан нимани назарда тутаётганликларини очиқламаган.

"Бизларни мажбур қилишмасин. Яхшилик билан қайтаришсин. Ҳафсаламизни пир қилишмасин. Қўлимиздаги имкониятлардан фойдаланишга мажбур қилишмасин. Мулкимизни қайтаришсин. Бизнинг ҳукуматимиз янги қурилган. Аммо кучсиз бўлсак-да, шижоатсиз эмасмиз. Қўлимиздаги бор имкониятлардан фойдаланиб, кучимизни кўрсатамиз", - деб айтган муваққат Мудофаа вазири.

Толибон Мудофаа вазирлиги сўзчиси эса, Би-би-си билан суҳбатда, "агар беришмаса, халқиларига тегишли нарсаларни ҳар қандай йўл билан олишлари"ни таъкидлаган.

"Тожикистон ва Ўзбекистон"

Афғонистоннинг tolonews.com интернет нашрининг ёзишича, Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид ўз чиқишида Ўзбекистон ва Тожикистондан алоҳида ном тутган, ҳарбий учоқларни ўзлариники, дея сўз юритган.

"Тожикистон ва Ўзбекистондага учоқларимиз қайтарилиши керак. Биз уларнинг четда қолиши ёки ўша давлатлар томонидан қўлланилишига қаршимиз", - деб айтган.

Толибон ҳаракати ўтган йил август ойида Афғонистонни қайта забт этган ва мамлакатда яна ўзининг ҳокимиятини ўрнатган.

Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳиднинг ҳисоб-китобларига таянилса, амалдаги ҳукумат қулаши ортидан, афғон ҳарбийлари билан бирга 40 дан ошиқ учоқ Ўзбекистон ва Тожикистонга ўтган.

Толибон муваққат вазири шундай деркан, улардан аниқ қанчаси қай бир давлат ҳисобига тўғри келиши ёки ўзларининг маълумотлари нималарга таянганини очиқламаган.

Унинг баён қилишича, ўзларининг "келажакдаги Ҳаво кучлари бирор бир давлатга қарам бўлмайди".

Tolonews.com ўз хабарида келтириб ўтган маълумотларга таянилса, афғон ҳукумати қуламасидан аввал ихтиёрида 164 тадан ошиқ жанговар ҳарбий учоқлари бўлган.

Ҳозир эса, бор-йўғи "81 таси қолган".

Муносабат ёки тарихча ўрнида

Толибон масъуллари

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон ҳозирча Толибон муваққат Мудофаа вазирининг даъвати ва огоҳлантиришига расман муносабат билдирмаган.

Ўтган бир неча кун ичида расмий Тошкентнинг бу хусусда бирор бир баёнот билан чиққани кўрилмаган.

Афғонистон Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси, унга чегарадош бешта минтақа давлатидан биттаси бўлади.

Ўзбекистон дунёнинг Толибон муваққат ҳукумати билан фаол мулоқотда бўлган, уларни халқаро миқёсда яккалаб қўймасликка чақириб, ҳозир ҳам Афғонистонга ёрдам бериб келаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Бугунги Афғонистоннинг ҳам энг асосий электр таъминотчиларидан бири саналади.

Толибон муваққат Мудофаа вазирининг чиқиши ортидан Ўзбекистон Афғонистонга "электр энергияси экспортини 60 фоизга қисқартиргани"га оид хабарлар олинган.

Бу ҳақда 11 январь куни Афғонистон Миллий Электр энергияси ширкати матбуот хизмати маълумот тарқатган.

Унда айтилишича, "Ўзбекистон Афғонистон билан келишувга эришмай туриб", бу ишга қўл урган.

Афғонистон томонига кўра, Ўзбекистон бунинг сабабини Талимаржон иссиқлик электр станциясида юзга келган техник муаммолар билан изоҳлаган.

"Таъмирлаш ишлари олиб бориладиган яқин икки-уч кун ичида Афғонистонга озроқ электр энергияси берилишини маълум қилган"ини айтган.

Афғонистон томонининг даъволарига расмий Тошкентнинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Худди шу фонда Ўзбекистон Хитойга табиий газ экспортини тўхтатаётгани, унинг энди ички истеъмолга йўналтирилишига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Хабарлар, бошқа томондан, суюлтирилган газ нархининг оширилишига қарши Қозоғистонда бошланган ва кейинчалик зўравон тўқнашувларга айланиб кетган оммавий намойишлар манзарасида олинган.

Кибер фазода эса, сўнгги бир неча кун ичида Ўзбекистонда газ ва электр токи таъминоти яхшиланганига оид постлар бўй кўрсата бошлаган.

Аммо сўнгги кунларда минтақадан олинаётган айни мазмундаги хабарларнинг Қозоғистондаги воқеалар билан қанчалик тўғридан-тўғри боғлиқ экани маълум эмас.

Музокаралар

Толибон сиёсий қаноти раҳбари

Сурат манбаси, ANADOLU

Tolonews.com Толибон Ўзбекистон ва Тожикистонда қолаётган ҳарбий учоқларни ортга қайтариш борасида музокаралар бошлагани ҳақида шу ой бошида хабар берган.

Хабарда Толибон муваққат ҳукумати воизи муовини бу музокараларнинг юқори даражали эканини айтган.

Инамулло Самангоний ҳам Афғонистонга қўшни бу икки Марказий Осиё давлатига олиб ўтилган ҳарбий учоқлар сони "40 та" эканини айтган.

Толибон муваққат Мудофаа вазирлиги сўзчиси эса, бу борада ҳар икки давлат ҳукуматларига кўп мурожаат қилишгани, аммо уларнинг бирор бир натижасиз якунланганини маълум қилган.

Ўтган йил охирида Толибон муваққат Бош вазири ўринбосари Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунднинг ҳам Ўзбекистон томонига худди шундай сўров билан чиққанига оид хабарлар бўй кўрсатганди.

Толибон Афғонистоннинг айни мазмундаги баёнотлари ва даъволарига расмий Тошкентнинг муносабати эса, ноаён қолганди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси эса, ўтган йил август ойида, амалдаги Афғонистон ҳукумати қулаши арафасида афғон ҳарбийлари Толибондан қочиб, 22 та ҳарбий самолёт ва 24 вертолётда чегарани ноқонуний кесиб ўтишганини маълум қилган.

Аммо бунинг ортидан ўзлари эълон қилган маълумотлар тўлиқ ўрганилмагани изоҳи билан хабарни олиб ташлаганди.

Толибон қудратга қайтган кун

Толибон жангариси

Шу йилнинг 15 август куни Афғонистонда Толибон яна қудратга қайтган.

Ҳаракат бу гал ҳам мамлакатни қуролли йўл билан эгаллаган.

Хорижий иттифоқ қўшинларининг ортиқ Афғонистонда қолишларига изн бермаган, уларнинг қолиш муҳлатларини узайтирмаган.

Сўнгги АҚШ ҳарбийси Афғонистонни шу йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Мамлакатда ҳокимият тинч йўл билан алмашмаган.

Куч билан қудратга қайтишидан саноқли ҳафталар ўтиб, Толибон ўзининг муваққат ҳукуматини тузган.

Афғонистонни яна Исломий Амирлик, деб эълон қилган.

Ўзининг сиёсий қанотига ҳам эга Толибон минтақадаги энг йирик жангари гуруҳи бўлади.

Халқаро ҳарбий доираларда ҳаракат сафларидаги доимий аъзоларининг сони юз мингга яқин экани айтилади.

Толибон ўз вақтида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Афғонистондаги илк ва яқин иттифоқчиси ҳам бўлган.

Халқаро ҳамжамият бундан аввал Толибонни Афғонистонни куч билан босиб олган тақдирда, иҳоталаб қўйиш билан огоҳлантирган.

Орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтса-да, дунёнинг бирор бир давлати уларнинг муваққат ҳукуматини ҳалича қонуний, деб тан олмаган.

Уни "инклюзив эмас"ликда ҳам кескин танқид қилган.

Четдаги миллиардлаб долларлик музлатиб қўйилган активларини ҳам ҳалича тўлиғича очмаган.

Ўзбекистон ва Афғонистон

Афғонистондаги бугунги вазият

Сурат манбаси, Reuters

Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга чегарадош бешта мамлакатидан биттаси бўлади.

Худди шу манзарада Ўзбекистон Толибоннинг муваққат ҳукуматини биринчилардан бўлиб олқишлаб чиққан, улар билан расмий мулоқотларини фаоллаштираётган, инсонпарварлик ёрдамларини давом эттиришга қарор қилган дунёнинг саноқли давлатларидан бири.

Аксарият минтақавий таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон шу йўл билан жангарилар бўладими ёки катта сондаги қочқинлар оқими - Афғонистондан келиши мумкин бўлган ҳар қандай хавф ва таҳдидни юмшатиш ҳаракатида.

Шавкат Мирзиёев Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг сўнгги саммитида ҳам халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини Афғонистонга тортган.

Ўзбекистон раҳбари расмий ва юқори минбардан туриб, уларни Афғонистонни яккалаб қўймасликка чақирган.

Аксарият минтақавий таҳлилчилар ҳам расмий Тошкент бугун Толибон билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш ҳаракатида эканини урғулашади.

Яъни, уларнинг наздларида, Ўзбекистон ҳаракат Афғонистонда доимий барқарорликни ўрнатишга муваффақ бўлса, ўзининг узоқ йиллик йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга ҳам кўз тиккан.

Қудратга қайтиши арафасида эса, ҳатто Хитой ҳам ҳаракатни "Афғонистон масаласида якуний сўзни айтувчи муҳим ҳарбий ва сиёсий куч"га нисбат берганди.

Ўқ отилмаса, бўлди

Ҳайратон кўприги

Ўзининг яқинда қилган чиқишларида президент Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, ҳар тонг Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги вазият билан қизиқади.

"30-40 дақиқа унга ўзаро чегарадаги вазият ҳақида хабар беришади".

"Ўтираверсак, вазиятни бизга ҳеч ким айтмайди", - деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти "қўшни танланмаслиги"ни таъкидлаган.

Яна бир бор "жафокаш афғон халқига қўлларидан келганча ёрдам беришлари"ни билдирган.

Ягона мақсадлари - "Ўзбекистонга Афғонистондан ўқ отилмаслиги" эканини қайта такрорлаган.

Афғонистоннинг "янги раҳбарлари билан музокаралар олиб бораётганликлари"ни Ўзбекистон президенти ўлароқ Шавкат Мирзиёев ҳам тасдиқлаган.

Ҳукумат ҳайъатининг ўтган йил 7 октябрь кунги ташрифи чоғида эса, Толибон томони расмий Тошкентга сўнгги йилларда бериб келган ваъдаларини яна бир бор такрорлаган.

Шимолий қўшниларини яна бир бор Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистон хавфсизлигига бирор бир таҳдид бўлмаслигига қатъий ишонтирган.

Ўзбекистоннинг Афғонистондаги иқтисодий манфаатлари, йирик лойиҳалари ижроси, этник ўзбекларнинг тили ва маданиятини ҳам ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлашга такроран ваъда берган.

Ўзаро чегара

Ҳайратон кўприги

Сурат манбаси, Screenshot

Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси қолган ташқи чегараларининг ичида энг қисқаси бўлади.

Аммо Ўзбекистон билан икки ўртада Афғонистоннинг халқаро аҳамиятга молик ва Шимолий Таъминот тармоғининг энг муҳим узви бўлган Ҳайратон кўприги ва порти жойлашган.

Икки давлатни муҳим муҳим автомобиль, поезд ва сув йўллари боғлаб туради.

Ҳозир Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларининг барчаси ҳам толиблар назорати остида.

Ўзбекистон ўтган йил 21 июнь куни Афғонистон билан чегарасини бир томонлама ёпган, буни қўшниларидаги ковид билан боғлиқ кескин ёмонлашиб бораётган вазият билан изоҳлаган.

Орада расмий Тошкент "Ўзбекистон Афғонистондаги Толибон режимидан қочганларга ўз чегараларини очишга тайёрлиги" ҳақидаги хабарларни рад этиб чиққан.

Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг 30 август кунги расмий баёнотида, "ҳозирда хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон-Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилгани"ни маълум қилган.

"Яқин орада Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги "Термиз" назорат-ўтказиш пунктини очиш кўзда тутилмагани"ни билдирган.

Яқинда Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича "Толибон" ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турганини маълум қилган.

Худди шу манзарада айрим Ғарб нашрлари Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларида ички ишлар, ҳарбийлар ва бошқа махсус хизматлар ходимларининг рейдлари фаоллашгани ҳақида ҳам хабар беришган.

Яқинда ўзининг сайловолди тарғибот кампанияси билан Наманган вилоятида экан, Шавкат Мирзиёев Афғонистон билан чегарада бир аскарлари "қаҳрамонларча" ҳалок бўлганини ҳам маълум қилган.

Президент бунга Афғонистон томонидан давлат чегарасини бузиб ўтиш ҳаракати сабаб бўлганини билдирган.

Аммо воқеанинг бошқа тафсилотларини очиқламаган.

Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида бу ҳам ўша соатлардаёқ Ўзбекистонда сарлавҳаларга чиққан хабарга айланган.

Музокара ва мудофаа

президент

Ҳозирда марҳум Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқроқ бошқаруви давомида расмий Тошкент Афғонистонга хавфсизлик призмаси орқали кириб келган.

Ўзининг янгича минтақавий ташқи сиёсати билан халқаро миқёсда эътибор ва эътироф топган Шавкат Мирзиёев эса, ҳали муваққат президент экан, жанубий қўшнилари бўлган Афғонистон билан ҳам ҳар томонлама алоқаларни кучайтириш ва мустаҳкамлаш сиёсатини илгари сурган.

Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда қилган худди шу чиқишида чоғида ўзи лавозимга келган пайтида Ўзбекистоннинг 57 фоиз чегарасида муаммо бўлганини очиқлаган.

"Қўшни мамлакатлар билан музокаралар ёрдамида уларнинг аксариятини ҳал қилганликлари"ни билдирган.

Аммо ўтган йил сайловолди амалиёти билан Наманганда эканида, Афғонистон масаласида ўзларининг дахлсизлик мавқеида қатъий эканликлари, лекин керак бўлса, ўз чегаралари ҳимояси учун "қурол ишлатишлари"ни айтгани хабар берилган.

Унинг бу сўзларидан иқтибосни ўшанда Telegramдаги Ниҳол канали келтирган.

Ўзбекистон Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.

Тошкентдаги музокаралар

Сурат манбаси, official

Афғонистон Толибон ҳаракати Ўзбекистонда расман "террорчи ташкилот", деб тан олинмаган.

Шавкат Мирзиёев шу йил 27 август куни Навоий вилояти қилган чиқишида Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тинчлиги учун, " ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирган.

"Хавотир олишга ўрин йўқ"лигини таъкидлаган.

"Мудофаа қудратлари ҳар қандай вазиятга тайёр экани ва Афғонистонда вазиятни назорат қилиб туришгани"ни баён қилганди.

Ўзбекистон президенти худди шу чиқиши чоғида "ҳали ҳеч бир давлат бу ишни қилмаган бир пайтда" ўзининг нега толиблар билан мулоқот олиб боришга топшириқ бергани сабабини ҳам очиқлаган.

Президент Мирзиёев Толибоннинг Доҳадаги сиёсий лидери (ҳозирда муваққат Бош вазирининг биринчи ўринбосари) Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслигига ваъда бергани ва ўз ваъдасини бажараётгани учун ҳам улар билан мулоқотда бўлишлари "табиий" эканини айтган.

"Афғонистон халқи ҳозир ёрдамга муҳтож" экани, "агар улар тинчлик сари ҳаракат қилишса, ўзларининг уларга кўмакчи бўлишлари"ни таъкидлаганди.

Афғонистон дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги этник ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати сифатида кўрилади.

Аммо узоқ йиллик урушлар сабаб, Афғонистон аҳолиси бу яқин ўн йилликларда расман рўйхатга олинмаган, худди шу боис ҳам, мамлакатдаги миллий озчиликларнинг аниқ фоизига оид ишончли рақамлар имконли эмас.

Толибон муваққат Мудофаа вазирининг сўнгги огоҳлантиришига расмий Душанбенинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Тожикистон қолган минтақа давлатлари билан қиёсланганда, Толибон Афғонистонига нисбатан ҳануз энг кескин мавқеъда қолаётгани бўлади.

Расмий Душанбе орада фақат Афғонистоннинг сайланган ҳукуматинигина қонуний, деб тан олишларини баён қилган.

Тожикистон Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистон билан энг узун чегарага эга икки давлатидан биттаси саналади.

Шу ой бошида эса, туркман ҳарбийлари толиблар билан тўқнашишгани, томонлар бир-бирларини ўққа тутишганига оид хабар олинган.

Аммо Афғонистоннинг айрим етакчи маҳаллий нашлари берган бу хабарлар расмий Ашхобод ва Толибон воизлари томонидан расман тасдиқланмаган, сабаби ҳам ноаён қолганди.

Хабар ўшанда Толибон қудратга қайтган сўнгги беш ойча вақт ичида қолган минтақа давлатларидан олмагани билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортганди.

Бугун Ўзбекистонда ҳарбий парадлар ўтказилган.

Сабаби эса, Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни билан изоҳланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek