Бокиралик ёки қизлик пардаси аслида бўлмағур гапми? Ўзбекистон ва Дунё O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

To'y

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Sophia Smith Galer
    • Role, BBC Future

Қизлик пардаси ёки, баъзиларнинг таъбирича, "қин тожи" асрлар давомида кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб келган. Унинг атрофидаги ёлғон тасаввурларга қандай чек қўйишимиз мумкин?

Мавзуга алоқадор:

"Мен бокираманми?" деб сўрайди бир нотаниш аёл электрон почта орқали Саррас Саррасдан. Саррас нима дейишни билмасди. Ўшанда унга нотаниш аёл биринчи марта "қин селфиси"ни юборган эди.

Ўша пайтда Саррас ижтимоий тармоқларда романтик муносабатлар ва жинсий тарбия ҳақида маълумот берадиган "Love Matters» номли арабча Facebook саҳифасининг админи эди. "У бир эркак билан муносабатда эканлиги, ҳозир унаштирилгани ва бокира эканлигини текширмоқчилигини айтди, - деб тушунтиради Саррас, бироз жим қолиб жилмайиб. - Мен бу сўзни ёмон кўраман: мафтууҳа - у «очилган» ёки йўқлиги ҳақида сўради.»

Нотаниш қиз Саррасдан сўраётган нарса унинг қизлик пардасини кўриш ва унинг «бутун» ёки йўқлигини айтиш эди. У яшаётган жамиятда турмушга чиққанда қизнинг бокира бўлиши талаб этилади ва бўлажак эр буни қон кўринишида аниқ кўриб, тасдиқлаши керак.

Қизлик пардаси жинсий ўтмишнинг моддий «далили» ҳисобланади, деган ишонч бокираликни текширишнинг асосидир, бу амалиёт Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 2018 йилда инсон ҳуқуқларининг бузилиши сифатида қораланган. Бундай текширувлар турли шаклларда бўлиши мумкин: қизлик пардаси ёки қин эластиклигини ўлчашдан тортиб, никоҳ кечасида қонли чойшабни ҳатто келин ва куёвнинг оилаларига кўрсатишгача.

Ҳеч қандай илмий асосга эга эмаслигига қарамай - ва бокираликнинг ўзи биологик реаллик бўлмаганлиги ва ижтимоий конструкциялигига қарамай - бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар аёлнинг жинсий тарихи унинг анатомиясини ўзгартиришига ва барча қизларда биринчи жинсий алоқада қон чиқишига ишонишда давом этмоқда.

Иккаласи ҳам, албатта, тўғри эмас, лекин бундай эътиқодларни дунё бўйлаб турли тиллар, динлар ва жамоаларда топиш мумкин.

Мен ўзимнинг "Losing It" (Уни йўқотиш) номли китобимда иффат ҳақидаги ёлғон тушунчаларнинг харитасини тузишга ҳаракат қилдим - бу эътиқодларни қаерда ва кимлар қўллаб-қувватлаши, бу борада илмий тадқиқотлар етишмаслиги бунга сабаб бўладими ёки йўқлиги ҳақидаги Саррас каби одамларга берадиган саволларга жавоб қидирганман.

Мен бу иффат афсоналарини инкор қиладиган кўплаб илмий тадқиқотларни топдим. Аммо баъзи шифокорлар, кўплаб қонун чиқарувчи органлар бу афсоналарни қўллаб-қувватлаётгани, бутун дунё бўйлаб жинсий тарбияда қизлик пардаси ҳақидаги аниқ маълумотлар кўпинча эътиборга олинмаслигини кўрдим.

Қизлик пардаси ҳар бир қизда ўзига хос бўлиши мумкин

Illyustrasiya

Сурат манбаси, Prashanti Aswani

Сурат тагсўзи, Одамларда қизлик пардаси жуда фарқланиши мумкин ва мақсадсиз кўриниши ҳисобга олинса, биз уларнинг нима учун пайдо бўлганини ҳали ҳам билмаймиз

Қизлик пардаси - бу қин оғзида жойлашган кичик тўрсимон тўқимадир. Бу жуда майда тўқимага бу қадар кўп аҳамият ва мақсад боғланганига чиндан ҳам ақл бовар қилмайди.

Илмий ҳамжамиятда қизлик пардаси нима учун борлиги ҳақида мунозаралар мавжуд. Бу сутэмизувчилар сувдан қуруқликка чиққан даврдан қолган қолдиқларими? Бу чақалоқлик даврида бактериялар қинга тушмаслиги учун хизмат қилган тўқимами? Жавоби аниқ эмас.

Бошқа баъзи жонзотларда бу тўқиманинг мақсади тайиндек кўринади - масалан, гвинея чўчқасининг қизлик пардаси эструсга кирганда эрийди ва кейин яна ўсади. Лекин инсон аёлларида бундай ғалати найранглар йўқ.

Кўп одамлар қизлик пардаси қин оғзини тўла қоплаб туради деб ўйлайди, аммо бу ҳолатда аёл қандай қилиб ҳайз кўришини ўйлаб ҳам кўрмайди (айрим қизлардагина ана шундай ҳолат кузатилади ва қон учун канал очиш учун гименектомия қилиниши мумкин).

Кўпчиликда қизлик пардаси ҳалқа ёки ярим ой шаклида бўлиб, ҳар хил қалинликда бўлиши мумкин. Баъзиларда бу ёшга қараб ўзгариши мумкин, баъзиларда бу парда туғма бўлмайди ёки балоғатга етганда ўзи бутунлай йўқолиши мумкин. Кескин ёки кўп жисмоний зўриқиш, мастурбация ёки жинсий алоқа сабабли у чўзилиши ёки йиртилиши мумкин.

Аммо бу қизлик пардасини текшириш орқали бокираликни аниқлашгиз мумкин дегани эмас.

Мисол учун, 2004 йилда чоп этилган 36 ҳомиладор ўсмирнинг кичик бир тадқиқоти шуни кўрсатдики, тиббиёт ходимлари фақат икки ҳолатда "пенетрация ҳақида аниқ хулоса" қила олган. 2004 йилдаги яна бир тадқиқот шуни кўрсатдики, сўровда қатнашган жинсий фаол ўсмир қизларнинг 52 фоизида "қизлик пардаси тўқималарида аниқ ўзгариш бўлмаган". Жинсий алоқа бўлса қизлик пардаси кўринмайди, бўлмаса кўринади, деган фикр ҳақиқатга тўғри келмайди.

"Чойшабдаги қон"

Бутун дунёда қўлланиладиган бокиралик тестининг бир тури бўлган «чойшабдаги қон» ҳам ёлғонга асосланган.

Баъзи қизлик пардаларида, агар ҳаракат тўсатдан содир бўлса ёки қиз ўзини бўшаштира олмаса биринчи босқичда қон кетиши мумкин, лекин аслида қон мажбурий жинсий алоқа ёки намланишнинг етишмаслиги туфайли қин деворидаги ёрилишлардан келиб чиқиши эҳтимоли кўпроқ.

Биринчи жинсий алоқадан қон кетиш ёки кетмаслиги худди ҳар қандай сексдан қон кетиш ёки кетмаслигидек гап.

Illyustrasiya

Сурат манбаси, Prashanti Aswani

Сурат тагсўзи, Кўпгина маданиятларда чойшабдаги қон бокираликни йўқотиш белгисидир - аммо бир сўров шуни кўрсатдики, бу ҳар 10 аёлдан олтитасида содир бўлмайди

Жинсий алоқада қон кетиши сабаблари орасида безовталик, нотўлиқ қўзғалиш ёки инфекциялар бўлиши. Бир акушер ўзининг 41 нафар ҳамкасби билан суҳбатда биринчи жинсий алоқада қон кетган ёки йўқми деб сўраганида, уларнинг 63 фоизи «йўқ» деб жавоб берган.

Аммо бокираликка бу йўсинда қарайдиган ва аёл жинсини назорат қилишда давом этаётган мамлакатларда бу биологик нюанс керагича ҳисобга олинмайди.

2011 йилда Туркиядаги Дикле университетида ўтказган тадқиқот шуни кўрсатдики, талаба қизларнинг 72,1 фоизи ва талаба йигитларнинг 74,2 фоизи қизлик пардаси бокиралик тимсоли деб ҳисоблар экан; Эркакларнинг 30,1 фоизи "қонли чойшаб"ни тўй куни оилага кўрсатиш кераклигини айтган.

Бу аёлларнинг жинсий саломатлик хизматларидан фойдаланиш қобилиятига чуқур таъсир кўрсатиши, уларнинг жинсий ўзига хослигини ўрганишига тўсқинлик қилиши ва жинсий алоқа ҳақида қўрқувга олиб келиши мумкин.

Мисрнинг Гиза шаҳрида ўтказилган ижтимоий тадқиқот шуни кўрсатдики, сўровда қатнашган аёлларнинг аксарияти никоҳ кечаси олдидан ташвиш ва қўрқувни, шунингдек, бокиралик ва қизлик пардаси ҳақидаги тушунчалар туфайли тўй пайтида ва ундан кейин оғриқ ва ваҳима ҳис қилган. 2013 йилда Ливан университети талабалари ўртасида ўтказилган сўровда сўралган аёлларнинг деярли 43 фоизи никоҳ оқшомида қон чиқмай қолишидан қўрқиб, никоҳдан олдин жинсий алоқа қилмасликларини айтишган. 2017 йилда Ливанда ўтказилган яна бир тадқиқот шуни кўрсатдики, сўралган 416 нафар аёлнинг тахминан 40 фоизи никоҳдан олдин қизлик пардасига зарар бермаслик учун анал ёки орал секс билан шуғулланганини айтган.

Тадқиқотларим давомида мен мастурбация вақтида қизлик пардасини йўқотиб қўйганидан қўрқиб кетган, ҳатто аъзосига тегинишдан шунчалик қўрқадиган аёлларнинг сон-саноқсиз онлайн постларини топдим.

Тиббий ёлғонлар

Қизлик пардаси ҳақидаги афсона нафақат аёлларнинг жинсий саломатлиги ва уларнинг жамиятдаги тенглигига, балки уларнинг адолатга эришишига тўсқинлик қилиши мумкин. Покистон яқинда суд ишларида зўрлашдан омон қолганларнинг бокиралигини текширишни тақиқлаган; баъзи мамлакатлар, айниқса, Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий ва Жанубий Африка, ҳали ҳам текширувни амалга оширади.

Дунё бўйлаб кўплаб шифокорлар никоҳдан олдин жинсий алоқада бўлган ва агар улар аниқланса, оқибатларидан қўрққан аёлларга қизлик пардасини тиклаш операциясини таклиф қилмоқда.

Мен китобимни ёзаётганимда - сиёсатчилар Буюк Британияда процедурани тақиқлашга қарор қилишларидан бир йил олдин, 2022 йил январь ойида мен Лондон жарроҳига бокиралик текширувлари ҳақида электрон почта орқали хабар юбордим. Унинг ёрдамчиси, агар менда қизлик пардаси бўлса, 390 долларлик маслаҳатдан сўнг бузилмаган қизлик пардаси борлигини тасдиқловчи тиббий маълумотнома олишим мумкинлигини айтди. Агар ундай бўлмаса, қизлик пардасини тиклаш учун 7000 долларлик операция қилдиришим, шундан кейингина тиббий маълумотнома олишим мумкин бўларди.

Буюк Британияда қизлик пардасини тиклашни тақиқловчи қонун лойиҳаси парламентдан ўтаётган бир вақтда ҳам, баъзи жарроҳлар бу мамлакатда ҳали ҳам ўз хизматларини таклиф қилаётгани аниқ. Лондонда яшовчи жарроҳлардан бири қизлик пардасини тиклаш "жинсий алоқа ёки оғир жисмоний фаоллик туфайли қини шикастланган аёллар учун фойдали" бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. (Албатта, агар қизлик пардаси биологик мақсадга хизмат қилмаса, бу соҳада инвазив жарроҳликдан нима наф?)

Ёлғон бутун дунё бўйлаб клиникалар веб-сайтларида ҳам гуллаб-яшнамоқда. Ливанлик жарроҳлардан бири: "Гименопластика беморга бокиралигини қайтариш учун амалга оширилади, - дейди. - Гименопластика - бу қизлик пардасини асл «бокира» ҳолатига қайтаришдир", дейди Нью-Йоркликлардан бири.

Қизлик пардаси ҳақидаги афсонага қандай барҳам берамиз?

Ушбу тадқиқотнинг айрим жиҳатларига эътибор қаратиш, бокиралик тестларини қўллаб-қувватлайдиган ва тиббиёт мутахассисларининг одамларни чалғитишидан сақлайдиган ҳуқуқий амалиётларни жорий қилиш бошланғич қадам бўлади.

Муаммо шундаки, бу афсоналарнинг кўпчилиги нафақат авлоддан-авлодга ўтади, балки илм фанга соҳасига кирмайдиган ёки уни тан олиши шарт бўлмаган бошқа ғоялар орқали дастакланади. Агар сиз бокиралик ҳақидаги тасаввурга ишонсангиз ва унинг ортидаги гендер тенгсизликни қўллаб-қувватласангиз, фикрингизни ўзгартириш учун жиддий ижтимоий ўзгаришлар юз бериши керак бўлиши мумкин.

Illyustrasiya

Сурат манбаси, Prashanti Aswani

Сурат тагсўзи, "Қин тожи" каби муқобил номдан фойдаланиш нотўғри тушунчаларни ўзгартириш билан бир пайтга тўғри келди

Баъзилар афсонани бир мартада бутунлай тугатишнинг бир йўли қизлик пардасининг номини бутунлай ўзгартиришдир, деб ҳисоблашади. Кўпгина тилларда, жумладан, араб ва чех тилларида уни том маънода "бокиралик пардаси", деб аталишини ҳисобга олсак, бу яхши фикрга ўхшайди.

Дарҳақиқат, тадқиқотлар шуни кўрсатдики, қизлик пардаси номини ўзгартириш ҳақиқатан ҳам у ҳақдаги тушунчага таъсир қилиши мумкин. 2009 йилда Швеция Жинсий тарбия ассоциацияси "бокиралик пардаси" сўзини "mödomshinna", яъни "қин тожи" деб ўзгартиришга қарор қилди. Улар уни ҳамма жойда қўллашни бошладилар: жинсий саломатлик бўйича брошюралар, газеталар, Швециянинг расмий тилини режалаштириш органи ва келгусида уюшманинг барча алоқаларида у ана шундай аталадиган бўлди.

Тахминан 10 йил ўтгач, тадқиқотчи Карин Миллес сўровда қатнашган соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисларининг 86 фоизи ўз клиникалари ва синфларида "қин тожи" сўзини ишлата бошлаганини аниқлади. Ёшларнинг атиги 22 фоизи бу ҳақда эшитган бўлса да, камроқ одамлар қизлик пардасини анъанавий патриархал шаклда кўриши маълум бўлди. Янги сўзни қўллаши шарт бўлмаганларнинг кўпчилиги ҳам уюшма рисолаларидаги бу сўзни ўзлаштирган. Янги сўзни билганларнинг кўпчилиги "mödomshinna"ни «миф» деб атаган. Бошқалар оддийгина "бундай нарса мавжуд эмас" деб айтишди. Кўпчилик бу тасаввур қадимийлиги, аслида қандайлигини билгунга қадар унга ишониб юришганини таъкидлади.

Тилнинг ўзгариши бир кечада содир бўлмайди, лекин бу бошланиши.

Инглиз тилида сўзлашадиган дунёда кўплаб жинсий саломатлик бўйича педагоглар бор, улар ҳам биз қин тожини қабул қилишимиз керак деб ҳисоблашади. Бизнинг сўзимиз қадимги юнон худоси Ҳимендан (Hymen) келиб чиққан. Лекин шведлар муваффақиятга эришгани сабаби улар нафақат сўзни ўзгартирди, балки уни нега ўзгартирганларини ҳам ёшлар ва соғлиқни сақлаш ходимларига тушунтирдилар.

Дунё бўйлаб ҳукуматлар бокираликни текшириш ва қизлик пардасини тиклаш каби амалиётларни тақиқлашга интилиши ортиб бораётган экан, уларнинг тақиқланиши ортидаги туртки синфхоналар ва маърузалар залларида пайдо бўлаётганини ҳисобга олиш керак. Шу тарзда биз бу хавфли афсоналарнинг қайта пайдо бўлишига ҳеч қачон йўл қўймаслигимиз мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek