Роман Абрамович: Етимликдан санкцияга тушган миллиардер олигархликкача

Roman Abramovich

Сурат манбаси, Getty Images

У уч ёшида етим қолди, лекин дунёнинг энг бой одамларидан бирига айланди. Энди эса Владимир Путин билан алоқалари боис Роман Абрамович ўз бизнеси ва обрўсидан маҳрум бўлмоқда.

"Ишончим комил, одамлар уч-тўрт кун давомида менга эътибор қаратади, аммо бу ўтиб кетади", деган эди россиялик миллиардер 2003 йили «Челси» футбол клубини сотиб олаётганда. "Улар менинг кимлигимни унутишади ва бу менга ёқади."

Охирги бир неча ҳафтадаги воқеаларни ҳисобга олсак, ҳозир анонимлик имконияти кам. Бир неча йиллик талаблардан сўнг Буюк Британия ҳукумати унинг мамлакатдаги активларини, жумладан, уйлари, санъат асарлари ва «Челси» футбол клубини музлатиб қўйди ва сафар қилишига чеклов қўйди

У Украинага бостириб киришда Путин билан шерикликда айбланди.

Баъзилар Британия футболида ҳукмронлик қилган, аммо бу жараёнда спорт мухлисларини иккига бўлган одамнинг қулашини олқишлайди. Аммо у олдин, айниқса, ёшлигида жуда катта қийинчиликларни енгди.

Етимликдан бойваччаликкача

Роман Абрамович 1966 йилда Россиянинг жануби-ғарбий қисмида, Украина билан чегарадан бир неча юз километр узоқликда жойлашган Саратов шаҳрида туғилган. Унинг онаси Ирина бир ёшга тўлганда қон заҳарланишидан, отаси эса икки йилдан сўнг қурилиш крани билан боғлиқ авариядан сўнг вафот этган. Шундан сўнг Абрамович Россиянинг шимоли-ғарбий қисмидаги Коми шаҳридаги қариндошлари қўлида тарбияланган, у ерда пул тақчил, қиш жуда совуқ бўларди.

"Тўғрисини айтсам, мен болалигимни ёмон дея олмайман", дейди у бир марта «Guardian»га берган интервьюсида. "Болалигингизда нарсаларни таққослай олмайсиз: бири сабзи, иккинчиси конфет ейди, иккаласи ҳам мазали. Болаликда фарқни кўрмайсиз."

Абрамович Совет армияси ҳарбий хизматига чақирилган вақтида олинган фото сурати

Сурат манбаси, east2west news

Сурат тагсўзи, Абрамович Совет армияси ҳарбий хизматига чақирилган вақтида олинган фото сурати

У 16 ёшида мактабни тугатган ва механик бўлиб ишлаган, Москвада пластик ўйинчоқлар сотишдан олдин Қизил Армияда хизмат қилган. У парфюмерия ва дезодорантларга ўтиб, бойлигини оширди, чунки Совет раҳбари Михаил Горбачев давридаги очиқлик тадбиркорлар учун кўпроқ имконият яратганди.

"Ёввойи Шарқ"

Совет Иттифоқи ва у билан бирга минерал бойликларга давлат эгалиги йўқ бўлиши кўпроқ имкониятлар тақдим этди ва 20 ёшда жаноб Абрамовичга яна омад кулиб боқди.

1995 йилда у Сибнефт нефть компаниясини Россия ҳукуматидан сохта ким ошди савдосида 250 миллион долларга сотиб олди. 2005 йилда бу компанияни у ҳукуматга 13 миллиард долларга сотди.

Унинг адвокатларининг айтишича, унинг жиноий бойлик орттирганига оид далил йўқ. Бироқ, 2012 йилда у Британия судида Сибнефт билан келишувга эришиш учун коррупцион тўловларни амалга оширганини тан олди.

Roman Abramovich with friends

Сурат манбаси, east2west news

Сурат тагсўзи, Абрамович(чапда) ёшлигида Москвада дўстлари билан

1990 йиллардаги "алюминий урушлари" иштирокчисига айланди, ўшанда олигархлар - СССР парчаланганидан кейин улкан бойлик ва сиёсий ҳокимиятга эга бўлганлар ушбу улкан саноатни назорат қилиш учун курашга кирган эди.

"Ҳар уч кунда бир киши ўлдириларди", дейди Абрамович 2011 йилда ва унинг ўз хавфсизлигига таҳдид уни истар истамас иштирокчига айлантирганини айтди.

Аммо Абрамович тартибсизликлар ичида юзлаб миллион доллар йиғиш орқали ўзининг қаттиққўллигини яна бир бор исботлади.

Сиёсатга кириш

У президент Борис Ельциннинг иттифоқчиси ва Москва постсовет сиёсий саҳнасининг ўйинчисига айланди, ҳатто Кремлда ўз хонасига эга эди.

1999 йилда жаноб Ельцин истеъфога чиққанида, Абрамович Бош вазир ва собиқ КГБ жосуси Владимир Путинни унинг вориси сифатида қўллаб-қувватлаганлар орасида бўлган.

Путин ўз ўрнини мустаҳкамлаганидан сўнг, олигархлар устидан ўз ҳукмронлигини таъминлашга ҳаракат қилди. Баъзилари қамоққа ташланди, бошқалари эса садоқатини кўрсатмаса, сургун қилинди.

Vladimir Putin and Roman Abramovich in 2005

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Путин президентлигининг бошида Абрамович Чукотка губернатори лавозимини эгаллади

Абрамович бу икки тақдирдан омон қолди. 2000 йилда у Россия шимоли-шарқидаги қашшоқ Чукотка вилоятининг губернатори этиб сайланган. У ўз пулини ижтимоий хизматларга инвестиция қилганидан кейин машҳур бўлди, аммо 2008 йилда истеъфога чиқди.

Шу билан бирга, у бойликларни сақлаб қолиш олиш орқали ўз бизнес манфаатларини сақлаб қолди ¬¬¬- расмлар, уйлар, машиналар сотиб олди.

Лондон чорлайди

Кўпчилик сокин ва ҳатто уятчан деб таърифлаган одам Абрамович кутилмаганда 2003 йилда Ғарбий Лондоннинг энг йирик клуби «Челси»ни 140 миллион фунт стерлингга сотиб олиб, футбол оламига танилди.

«Менинг ҳаётдаги бутун фалсафам профессионал жамоаларда бўлишдир, - деди у «Financial Times» нашрига. - Чукоткада менинг профессионал жамоаларим бор ва мен буни бу ерда ҳам қиламан."

Жозе Моуриньо ва бошқалар раҳбарлигида Абрамовичнинг бойлиги «Челси»га бешта Премер-лига, икки марта Чемпионлар лигаси ва бешта Англия кубогини ютишига ёрдам берди.

Roman Abramovich embraces John Terry

Сурат манбаси, PA Media

Сурат тагсўзи, Абрамович "Челси" футбол клубига кўплаб муваффақиятлар келтирди

Олигархларнинг пуллари сўнгги йилларда Лондонга оқиб келди. Абрамовичнинг шахсий мулклари орасида Лондон ғарбидаги Кенсингтон сарой боғидаги 15 хонали кошона ҳам бор, унинг қиймати 150 миллион фунт стерлингдан ошади; Челсидаги квартира; Колорадодаги ранчо; ва француз Ривьерасида дам олиш уйи.

Унинг яхталари - Solaris ва Eclipse - дунёдаги энг катта яхталар қаторига киради. Уч марта ажрашган жаноб Абрамовичнинг шахсий самолёти ҳам бор.

Туҳмат иши

2006 йилда «Guardian» газетасининг пул инсон учун нима қилиши мумкинлиги ҳақидаги саволига у шундай жавоб берди: «Пул билан бахт сотиб ололмайсиз. Бир оз мустақиллик беради, ҳа».

Албатта, унинг пули кўп. Молиявий медиа гиганти Bloomberg Абрамовичнинг бойлигини 13.7 миллиард доллар деб баҳолаб, уни дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 128-ўринга қўйди. Forbes уни 12,3 миллиард долларга (9,4 миллиард фунт стерлинг) баҳолаб, 142-ўринни эгаллади.

Бироқ унинг Путиндан мустақиллиги катта савол остидадир.

Ўтган йили Абрамович «HarperCollins» нашриёт уйини Кэтрин Белтоннинг "Путин одамлари" китобида туҳмат қилгани учун судга берган эди, унда Россия президенти унга «Челси»ни сотиб олишга буйруқ бергани айтилган.

Solaris, superyacht

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Абрамович икки супер яхта соҳиби ҳисобланади. Шулардан бири Solaris (Барселонада тасвирга туширилган)

Иккала томон ҳам судда келишди ва нашриёт бироз тушунтириш беришга рози бўлди.

Аммо Абрамовичнинг президент Путин билан алоқалари уни таъқиб қилишда давом этди, айниқса, рус қўшинлари Украинага бостириб киргач.

Абрамович ва бошқа олти олигархнинг Британиядаги активлари музлатилганлиги эълон қилинганида, Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс шундай деди: "Улар Путин билан яқин алоқалари орқали унинг тажовузкорлигига шерикдир. Украина халқининг қони уларнинг қўлида".

Абрамович «Челси»ни сотганини санкциялар жорий этилишидан 8 кун олдин маълум қилганди. Айрим мухлислар Абрамович номини айтишда давом этишмоқда, бироқ кўплаб сиёсатчилар шунчаки музлатиб қўйиш эмас, балки унинг мол-мулкини мусодара қилишни талаб қилмоқда.

"Умид қиламанки, мен охирги марта Стэмфорд Бриджга бориб, барчангиз билан шахсан хайрлаша оламан", деди Абрамович «Челси» мухлисларига. Аммо унинг яқин орада ғарбий Лондонга қайтиши даргумон.

Ажабланарлиси шундаки, март ойи бошида Украина-Беларус чегарасида ўтган тинчлик музокаралари чоғида юқори мартабали украиналик музокарачилар билан бирга бўлган Абрамовичда заҳарланиш аломатлари борлиги маълум бўлди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Мариуполь

Сурат манбаси, Reuters