Украина, куннинг саволи: Россия урушадими ёки урушмайди? Video Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
Путиннинг айтишича, мамлакати урушни хоҳламайди. АҚШ президенти эса, бунга зид баёнот берди. Россиянинг Украинага ҳужум қилиши эҳтимоли ҳануз юқори эканини таъкидлади. Британия Бош вазири ҳам разведкалари бошқа нарсага далолат қилаётганини айтмоқда?..
Таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
Янги баёнотлар

Сурат манбаси, Reuters
Путиннинг айтишича, Россия албатта Европада уруш бўлишини истамайди. Аммо бунинг учун ўзининг хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлари кўриб чиқилиши ва жиддий қабул қилиниши лозим.
У Германия канцлери билан пойтахт Москвада кечган музокаралари ортидан ўзларининг бугунги мавқеъларини очиқлаган.
Аммо бунинг ортидан гапирган АҚШ президенти эса, яна бир бор Россиянинг ҳужум қилиши эҳтимоли юқори эканини таъкидлаган.
Путиннинг сўзлари Россия Украина билан чегараси яқинидан айрим бўлинмаларини ортга қайтараётганига оид баёнотлар билан бир пайтга тўғри келган.
Бу Москва минтақадаги мавжуд тангликни юмшатмоқчи эканининг илк далолати сифатида ҳам баҳо топмай қўймаган.
Бироқ Ғарб бунинг далилини ҳалича кўрмаяпмиз, деб турибди.
Россиянинг ҳарбийлари

Сурат манбаси, Reuters
Россиянинг босқинига оид хавотирларга айнан Украина билан чегарасида катта сондаги ҳарбийсини тўплаши сабаб бўлган.
АҚШ президентининг кечаги телевизион мурожаатида айтишича, ҳозир у ердаги Россия ҳарбийларининг сони қарийб 150 мингтага етган.
Жо Байден Россия Украинага ҳужум қилса, инсоний талофатларнинг катта бўлиши билан ҳам огоҳлантирган.
Россиянинг бу каби қадамига кескин жавоб беражакларини айтган.
Путин эса, Украинага бостириб кириш режалари ва ниятлари йўқлигини ҳамиша такрорлаб келади.
Аммо Украина билан чегараси яқинида қўшин тўплашга киришган сўнгги тўрт ой ичида минтақада танглик кучайган.
Расмий Москванинг истаги
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Россия яна бир собиқ Совет давлати бўлган Украина билан чуқур маданий ва тарихий алоқаларга эга.
Путин Украина НАТОга ҳеч қачон қабул қилинмаслиги борасида ўзларига кафолат берилишини истайди.
Чунки Россия НАТОнинг шарққа қараб кенгайишини ўзи учун таҳдид, деб билади.
Аммо дунёдаги энг йирик бу ҳарбий иттифоқ расмий Москванинг талабини рад этган.
Москвадаги музокаралар
Путин Германия канцлери билан Москвада кечган тўрт соатлик музокаралари ортидан мамлакати уруш истамаслигига оид баёнот билан чиққан.
Олаф Шольц Украина инқирозига ечим топиш ҳаракатида бўлган сўнгги Ғарб лидери бўлади.
Россия президенти НАТО ўзларининг хавфсизлик билан боғлиқ асосий хавотирларига беэътибор қараб келаётганидан шикоят қилган.
Украинанинг НАТОга аъзолиги масаласи муаммоси ҳозирданоқ ҳал қилиниши кераклигини таъкидлаган.
Германия канцлери Украина чегараси яқинида бунча катта сондаги қўшинга не ҳожат борлигини савол остига олган.
Олаф Шольц ҳозир ҳам мавжуд тангликни юмшатишда дипломатия иш беришига ишонч билдирган.
Геноцид?
Путин Европадаги урушга мисол қилиб 90-йиллардаги Югославия можаросини тилга олган.
Россия президенти НАТО БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ваколатисиз бу урушга кирганлигини таъкидлаган.
Германия канцлери эса, серблар томонидан серб бўлмаганларга қарши геноцид таҳдиди сабаб, у пайтда вазият бошқача бўлганини айтган.
Путин бунга жавобан Украинанинг Донбассида ҳам этник русларга қарши геноцид содир этилаётганини даъво қилган.
Россия Украинанинг бу шарқий минтақасидаги бўлгинчиларни дастаклаб келади.
Музокаралар ортидан журналистларга гапирган Германия канцлери эса, Путин Донбасс мисолида геноцид сўзини ноўрин қўллаганини айтган.
Уруш истиқболи

Сурат манбаси, YEGOR ALEYEV\TASS
Москвадаги айни шу учрашув ортидан журналистлар Путиндан уруш истиқболи ҳақида сўрашган.
Россия президенти албатта урушишни хоҳламасликларини айтиб, уларнинг саволларига жавоб берган.
Путин худди шунинг учун ҳам тинчлик музокаралари учун ўз таклифларини илгари сурганликларини ҳам айтган.
АҚШ Давлат котиби кеча, сешанба куни россиялик ҳамкасбига қўнғироқ қилган.
Энтони Блинкен Сергей Лавровга мамлакати қуруқ гапга ишонмаслиги, тангликнинг ҳақиқатан ҳам юмшатилишини кўриш истагида эканини айтган.
Ундан аввал Британия Бош вазири ҳам твит қилган.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
Борис Жонсон Россиядан "қоришиқ сигналлар" олинаётганини айтган.
Унга кўра, разведкалари Россия Украина билан чегараси яқинида дала госпиталлари қураётганига далолат қилган.
Бу эса, "фақат босқинга тайёргарлик сифатида талқин этилиши мумкин", деб ёзган Британия Бош вазири ўз твитида.
Сўнгги акс-садолар

Сурат манбаси, EPA/RUSSIAN DEFENCE MINISTRY
Россия ҳарбий машғулотларини якунлаб бўлган янада кўпроқ ҳарбийларининг доимий базаларига қайтишаётганини айтган.
Ғарб ва Украина расмий Москванинг сўнгги икки кун ичида қилаётган айни мазмундаги баёнотларига ҳануз эҳтиёткор муносабатда.
Британия Мудофаа вазири Россиянинг айтаётган сўзлари эмас, қилаётган ишларига қараб хулоса қилишларини таъкидлаган.
Европа Кенгаши раиси Россия уруш ёки дипломатиядан биттасини танлаши шарт эканини айтиб чиққан.
НАТО Бош котиби эса, ҳозир ҳам ўзларининг энг ёмонига тайёр турганликларини баён қилган.
Унинг сўзлари иттифоққа аъзо давлатлар Мудофаа вазирларининг Брюсселда бугун бошланажак икки кунлик йиғини арафасида янграган.
Расмий Киев ҳам Россиянинг сўнгги баёнотларига ишонмай турибди.
Украина Ташқи ишлар вазирининг твит қилишича, ўзларида битта нарсага амал қилишади: "Қулоқлари билан эшитган гап эмас, кўзлари билан кўрган нарсага ишонишади".
Шу соатларда Владимир Зеленский ҳам буни кўрмаётганини айтиб чиққан.
15.02.2022
Путин музокарага тайёр, Россия ҳарбийларини қайтармоқда, Украина ишонмай турибди

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY
Путин Украина атрофидаги вазият ва Россиянинг хавфсизлиги кафолати масаласини муҳокама этиб олишга тайёр. Украина яқинидаги айрим бўлинмаларини ҳам ортга қайтармоқда. Россия Украина билан чегараси яқинида 100 мингдан ортиқ ҳарбийсини ушлаб турганди. Украина воқеаларнинг сўнгги ривожига расмий муносабатини узоқ куттирмаган. Россия ҳарбийларини ортга қайтараётганини ўз кўзи билан кўрмагунча, бунга ишонмаслигини айтган. Россиянинг ортга сафарбарлик тўғрисидаги баёноти ҳозирча мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган. НАТО ва халқаро ҳамжамият ҳам бу янгиликка эҳтиёткор муносабатда экани кўрилади.
Янги баёнот

Сурат манбаси, EPA/ALEXEI NIKOLSKY/KREMLIN/SPUTNIK
Дмитрий Песков ўтган тун Американинг CNN телевизион каналига интервью берган.
Матбуот котибининг айтишича, "президент Путин доимо музокаралар ва дипломатияга тарафдорлик қилиб келган".
"Аслида айнан у Россиянинг хавфсизлиги кафолати масаласини кўтарган".
Дмитрий Песковнинг баён қилишича, "Украина Россиянинг хавфсизлиги кафолати билан боғлиқ жиддий муаммонинг фақат биргина қисми. Ва, албатта, Путин музокараларга тайёр".
Кеча, душанба куни Россия Ташқи ишлар вазири Путин билан учрашган.
Мазкур учрашув чоғида Сергей Лавров ҳам Ғарб билан айни мазмундаги музокаралар эҳтимоли ҳали буткул йўққа чиқмаганлигини баён қилган.
Россия Ташқи ишлар вазири музокарачи томонларнинг тил топишишлари имконияти бор, деб айтган.
Ҳарбийлар қайтарилмоқда

Сурат манбаси, Reuters
Шу соатларда олинаётган шошилинч хабарларга кўра, Россия Украина чегарасидаги машғулотларини тугатган айрим ҳарбийларини ортга қайтаришни бошлаган.
Аммо бутун мамлакат бўйлаб ўтказаётган ҳарбий ўқув машқларини ҳануз давом эттирмоқда.
Бу ҳақда Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлиги хабар берган.
Россиянинг Беларусдаги йирик қўшма ҳарбий машғулотлари ҳам ҳануз авжида.
Россия Украина билан чегараси яқинида 100 мингдан ортиқ ҳарбийсини ушлаб тургани ишонилади.
Аммо расмий Москва аниқ қанча ҳарбийсининг доимий базаларига қайтараётгани ҳозирча маълум эмас.
Худди шу нарса Ғарбнинг Россия Украинага "исталган пайтда бостириб киради", деган жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келаётганди.
Украина воқеаларнинг сўнгги ривожига расмий муносабатини узоқ куттирмаган.
Россия ҳарбийларини ортга қайтараётганини ўз кўзи билан кўрмагунча, бунга ишонмаслигини айтган.
Москвани чегарадаги қолган аскарларини ҳам олиб чиқиб кетишга чақирган.
Расмий Киевнинг бу даъватига Британия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам қўшилган.
Ростдан ҳам Украинага бостириб кириш истаги бўлмаса, Россия у ерда бирор бир ҳарбийсини қолдирмаслиги шартлигини айтган.
Сўнгги янгилик жаҳон нефть бозори ва Лондон фонд биржасида ижобий акс-садо берган.
Бир баррель нефть чорак фоизча арзонлаган.
Лондон фонд биржаси индекслари ҳам бир фоизча кўтарилган.
Украина президенти янги ташаббус билан ҳам чиққан.
Владимир Зеленский 16 феврални украиналикларнинг бирдамлик куни, деб эълон қилган.
Ғарб оммавий ахборот воситаларида бу кун Россия Украинага бостириб кириши мумкин бўлган саналардан бири ўлароқ тилга олинган.
Улар ўз хабарларида АҚШ разведкасининг маълумотларига таянишганди.
Аммо расмий Москва шу кунга қадар ўзининг бундай режаси ва нияти йўқлигини баён қилиб келади.
Ғарбнинг мавқеи ҳам айни

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ ва Британия лидерлари ҳам Украина инқирозининг ҳануз музокаралар йўли билан ечилишига умид қилаётганликларини билдиришган.
Кеча, душанба куни АҚШ президенти Британия Бош вазири билан учрашган.
Британия томонининг расман маълум қилишича, икковлон бир-бирларини бу хусусда дунёнинг бошқа лидерлари билан олиб борган мулоқотлари тафсилотларидан огоҳ этишган.
Ҳар икки давлат раҳбари ҳам Украина инқирозини ҳал қилиш ва Россиянинг Украинага таҳдидини аритиш учун ҳануз дипломатиянинг ўрни муҳим эканини таъкидлашган.
Уларнинг айтишларича, Украина босқини Россия ва дунё учун давомий бўҳронни англатади.
Германия канцлери эса, бугун Россияда президент Владимир Путин билан учрашади.
Олаф Шольц кеча, сешанба куни Украинага борган.
Пойтахт Киевда Украина президенти билан мулоқот қилган.
Музокаралари ортидан Европа Иттифоқи ва АҚШ тўплам янги санкциялар устида ишлашаётгани, Украина атрофидаги вазият издан чиқса, уларнинг Россияга қарши қўлланишини билдирган.
14.02.2022
Украина 48 соат ичида Россия билан гаплашиб олмоқчи

Сурат манбаси, Getty Images
Расмий Киев чегараларидаги вазиятдан хавотирда. Россиядан бунинг сабабини сўрамоқчи. Режасини билмоқчи. Нега у ерга бунча сондаги ҳарбийсини ташлаганига расман ойдинлик киритмоқчи. АҚШ Россиянинг ҳужуми "муқаррар", демоқда.
Украина Мудофаа вазирининг айтишича, Россия шу пайтгача бу хусусда расмий изоҳ беришдан бош тортиб келган.
Унга кўра, ҳозирги вазият худди шу нарсани тақозо этади.
Украина мазкур масалани Россия билан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо йирик давлатлар иштирокида гаплашиб олмоқчи.
Россия Украина билан чегараси яқинида 100 дан ортиқ ҳарбийсини ушлаб турибди.
Аммо расмий Москва ўзининг Украинага ҳужум қилиш режаси ва нияти йўқлигини таъкидлаб келади.
Етакчи Ғарб давлатлари эса, бундай фикрда эмас.
Уларнинг огоҳлантиришича, Россия ҳужумга тайёрланаяпти.
АҚШ наздида Россия ҳатто "исталган пайтда" ҳаводан зарба бериб қолиши мумкин.
Ўндан ортиқ давлат аллақачон ўз фуқароларини Украинани зудлик билан тарк этишга даъват этиб чиқишган.
Айримлари Киевдаги дипломатларини олиб чиқиб кетишга ҳам улгуришган.
CBS телевизион каналининг учта манбага таяниб хабар беришича, АҚШ келаси 48 соат ичида Киевда бирорта ҳам ходимини қолдирмоқчи эмас.
Келинг, гаплашиб олайлик
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Украина Мудофаа вазири жума куни Россияга янги талаб билан чиққан.
Вена шартномаси доирасида Россиядан ўз мақсадини очиқлашини сўраган.
Мазкур хавфсизлик шартномаси Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо барча давлатлар томонидан имзоланган.
Россия ҳам расман ушбу ташкилотга киради.
"Агар Россия ЕХҲТ ҳудудида хавфсизлик яхлит экани ҳақидаги сўзларида жиддий бўлса, ҳарбий шаффофлик бўйича зиммасига олган масъулиятини бажарсин.
Кескинликни юмшатиб, барчанинг хавфсизлигини бирдек мустаҳкамласин", - деб айтган Украина Мудофаа вазири.
Украина президенти эса, орада Россиянинг ишғолига оид даъволар "ваҳима уйғотиш"дан бошқа нарсага ярамаслигини айтган.
Россия келаси бир неча кун ичида Украинага бостириб кириш режасида эканининг бирор бир исботи ёки далилини кўрмаётганлигини баён қилган.
Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Донбассдаги айрим ходимлари ҳам сафар тадоригига тушишган.
Украиналик йўловчилар эса, душанба кунги кўплаб рейслар бекор қилинганидан шикоятда.
Манбаларга кўра, бунга суғурта ширкатларининг Украина узра парвозларга кафолат бера олмасликлари сабаб бўлган.
Телефон мулоқоти
Владимир Зеленский якшанба куни АҚШ президенти билан бир соатча гаплашган.
Оқ уйнинг маълум қилишича, телефон мулоқоти чоғида Жо Байден яна бир бор АҚШ Украинани қўллашини айтган.
"Икковлон ҳам дипломатия ва оғир-босиқликда давом этишнинг муҳим"лигини урғулашган.
Украина президенти "доимий дастаги" учун Америка томонига миннатдорчилик билдирган.
Телефон суҳбати якунида эса, Жо Байденни Украинага таклиф қилган.
Владимир Зеленскийнинг ташриф ҳақидаги таклифига Оқ уй ҳозирча бирор бир муносабат билдирмаган.
Россия ва АҚШ президентларининг бир соатлик телефон суҳбати эса, бирор бир самара бермаган.
Расмий Москва Украинанинг НАТОга қабул қилинишига қарши.
Аммо Ғарб Россиянинг бу талабини рад қилган.
Мазкур масала ҳеч қачон муҳокама этилмаслигини айтган.
НАТО ўзининг очиқ эшиклар сиёсатини давом эттиришини таъкидлаган.
Бу борада қандай қарорга келиш - Украинанинг ўз иши эканини билдирган.
Аммо Украинанинг Лондондаги элчиси Би-би-си билан интервьюсида мамлакати урушнинг олдини олиш учун ўзининг НАТОга аъзо бўлиш амбициясидан воз кечиши эҳтимолига ишора қилган.
Бунга конституциялари изн беришига қарамай, "ўзларининг, айниқса, ҳозиргидек таҳдид ва шантажлар остида шунга мажбур бўлишлари мумкинлиги"ни айтган.
Яна дипломатия
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 3
Мавжуд тангликни юмшатишга қаратилган саъй-ҳаракатлар эса, бугун, душанба куни ҳам давом этади.
Германия канцлери Украинага боради, Киевда президент Владимир Зеленский билан учрашади.
Сешанба куни эса, Олаф Шольц Москвага ўтади, Путин билан музокаралар олиб боради.
Украина масаласида Германиянинг мавқеи қолган Ғарб давлатлари ва НАТОники билан айни.
Россияни Украинага ҳужум қилса, кескин иқтисодий санкцияларга юз тутиши билан ҳам огоҳлантириб келади.
Аммо расмий Берлин музокаралар чоғида бирор бир олдинга силжишга умид қилаётгани йўқ.
Худди шу манзарада Британия Бош вазири ҳам ўзининг дипломатик саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқчи.
Россияни "уруш ёқасидан қайтариш учун" қатор Европа давлатлари лидерлари билан учрашмоқчи.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан эса, Россия "исталган пайтда" Украинага бостириб киради, деган фикрда.
Унинг айтишича, Қўшма Штатлар Россия томонидан ростмана урушга асос бериши мумкин бўлган эҳтимолий "сохтаси"нинг уюштирилишига кўз-қулоқ бўлиб турибди.
Россия ҳарбийларини ўз ҳудудида тўплагани ва бунинг бошқаларга дахли йўқлигини айтади.
Американинг Россиянинг ишғоли "муқаррар" эканига оид сўнгги баёнотига эса, расмий Москванинг жавоби кескин бўлган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги мулозими буни "ваҳиманинг қиёмига етиши", деб атаган.
Аммо Британия Мудофаа вазири ҳам янги урушнинг эҳтимоли юқори эканини билдирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













