Times: Уруш Путин Россия буюклиги орзусининг якуни бўлади. Россиядаги мигрантлар урушдан хавотирдами? Ўзбекистонлик ўқитувчилар нимага мажбурланаяпти? Video Rossiya Ukraina Yangiliklar

Путин

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 3 дақ
  • Британиялик журналист Путинни нимага кўндиришни таклиф қилди?
  • Ўзбекистонлик ўқитувчилар энди узр сўрашга мажбурланаяптими?
  • Марказий осиёлик мигрантлар Россия ва Украина муносабатидан қанчалик хавотирда?

Бугун нафақат собиқ иттифоқ ҳудудлари, балки дунё матбуотининг кўзи Россия ва Украина орасидаги таранглашган муносабатларга қаратилган.

Британиянинг Times газетасининг халқаро шарҳловчиси Рожер Бойс Путинни Украинага бостириб кириши билан Россия ўзига тубдан зарар етказишини тушунишига мажбурлаш кераклигини таъкидламоқда. "Бу унинг жаҳонда қудратли бўлиш орзусига чек қўяди", дейди шарҳловчи.

Россия ва Украина орасидаги эҳтимолий уруш масаласи Россияда ишлаётган Марказий осиёлик мигрантларни бу вазият қанчалик хавотирга солади?

Москва кўчаларида Ўзбекистон, Қирғизистон ва тожикистонлик меҳнат муҳожирларини Би-би-си Ўзбек хизмати суҳбатга тортди.

Ўзбекистонда эса андижонлик мактаб ўқитувчиларининг ўз ўқувчиларининг ота-оналаридан узр сўрашга мажбур қилингани ҳақида сурат ва хабарлар тарқалди.

Алоқадор мавзулар:

"Бу ўйинда ҳамма нарсани йўқотади"

"Биз Путинни Украинага бостириб кириши билан Россия ўзига тубдан зарар етказишини тушунишига мажбурлашимиз керак. Бу унинг жаҳонда қудратли бўлиш орзусига чек қўяди", - деб ёзади Британиянинг Times газетасининг халқаро шарҳловчиси Рожер Бойс.

Бойснинг фикрича, Россия ва Хитой охирги пайтларда "чекинаётган Америка қолдирган бўшлиқни тўлдириш"да ўз ролларини имкониятларига қараб тақсимлаганлар.

Хитой иқтисодий экспансияга кўпроқ эътибор бермоқда, Россия эса куч билан ҳаракат қилмоқда: Башар Асадни қутқарди, Ливиядаги фуқаролар низосига аралашди ва энди Африка қўзғатувчи (путчист)ларини қўллаб-қувватламоқда.

"У энди "еттилик"ка айланган "катта саккизлик" аъзоси бўлмаслиги мумкин, аммо давлат тўнтаришини режалаштирганларнинг телефон рўйхатида Россия рақамлари бор. Буюк куч эмас, балки буюк зараркунанда", деб ёзади Times шарҳловчиси.

"Аммо Путин Украинада жиддий операция бошласа, ҳатто бу картани ҳам йўқотади. Гап нафақат санкциялар, газ даромадини йўқотиш [...] Европада уруш бошлаган қувғиннинг мақоми [...], кўплаб ойлар ва тўкилган қонлар, казарма ташқарида сақланган катта армия харажати [...]. Гап яна тез ғалаба қозонилмаган тақдирда эҳтимолий шарманда бўлиш масаласида ҳамдир [...]. У ҳозир европалик лидерларнинг кўндиришларига қўл силташи мумкин, балки у учун урушдан олдинги босқичнинг энг ёқимли қисми ҳам шудир. Аммо агарда у Украинанинг "балчиғига" тиқилиб қолса, бу ўйинда ҳамма нарсани йўқотади ва кейин уни ҳеч ким жиддий қабул қилмайди", - ишонади Рожер Бойс.

Ўзбекистонлик ўқитувчилар энди узр сўрашга мажбурланаяптими?

укитувчилар

Сурат манбаси, KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги мактаб ўқитувчилари таълим сифати ва олий ўқув юртларига ўқувчилар қабули пастлиги учун ўз ўқувчиларининг ота-оналаридан узр сўрашга мажбур қилингани ҳақида сурат ва хабарлар пайдо бўлди.

Кейинроқ Ўзбекистон Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидовнинг Telegram даги расмий каналида бу ҳолат кескин қораланиб, айбдорлар жазоланиши таъкидланди.

"Бу нима мақсадда қилингани менга аниқ эмас. Устозларни уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситилишига йўл қўймасликка чақирмоқчиман. Ҳодиса ташаббускори топилади. Тегишли чоралар кўрилади", — дейилади Ўзбекистон Халқ таълими вазирининг расмий баёнотида.

Бу воқеага Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раҳбари Комил Алламжонов ҳам ўз муносабатини билдирди.

"Андижонлик ўқитувчилар ота-онасидан бошини эгиб кечирим сўрашга мажбур бўлгани учун вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ўзи барча ўқитувчилардан шахсан узр сўраши керак", — деб ёзди Алламжонов Telegram даги саҳифасида.

"Ўзимиз зўрға юрибмиз, урушманглар"

Россия ва Украина орасидаги эҳтимолий уруш масаласи Россияда ишлаётган Марказий осиёлик мигрантларни бу вазият қанчалик хавотирга солади?

Москва кўчаларида Ўзбекистон, Қирғизистон ва тожикистонлик меҳнат муҳожирларини Би-би-си Ўзбек хизмати суҳбатга тортди:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўнлаб мигрантлар янгиликлардан хабарсизлигини билдиришди.

Аксарият мигрантлар сиёсий мавзуда фикр билдиришни исташмасликларини айтишди.

"Янгиликларни кузатиб бормайман, сиёсатга қизикмайман", - каби жавобларни беришди.

- Бунинг бизга алоқаси йўқ, - дейди тожикистонлик Шаҳбоз.

- Олдинги уруш ҳақида эшитгандим, ҳозир бехабарман, - деди фарғоналик Мақсуд.

Қозоғистонлик муҳожир ҳам бу мавзуда гапиришдан тийилишини айтди.

Саноқли муҳожирларгина Россия-Украина атрофидаги вазият ҳақида ўз фикрини билдирди:

мигрант3

- Россия билан Украина урушадиган бўлса, бу фақат икки давлат орасида бўлмайди, Европа, АҚШ, Хитой ҳам қўшилади ва катта урушга айланиши мумкин. Аммо бунга йўл қўйишмайди, деб ўйлайман, - дейди қирғизистонлик курьер Имомали.

Имомали кўпроқ муҳожирлар учун қийин кунлар бошланиши мумкинлигидан хавотирланишини билдирди.

- Чегаралар ёпилади, биз ярим йўлда колиб кетамиз. Балки қувиб солинамиз, сарсон бўламиз, - дейди курьер.

Россия-Украина воқеалари борасида мулоҳазаларини билдирган мигрантларнинг баъзилари эса эҳтимолий уруш оқибатидаги санкциялар ортидан рублнинг қадрсизланишидан хавотирини билдирди.

- Ҳозирнинг ўзида доллар кўтарилиб кетган. 7800-7900 га чиққан ( 100 АҚШ доллари - 7800-7900 рубл. - таҳр). Уйга пул юборишгаям қўрқиб турибмиз, - ташвишланади фарғоналик Ҳусниддин.

Қирғизистонлик Имомали уруш бўлмаслигига умид қилишини билдирди.

- Бу катта урушга айланиб кетиши мумкин. Ўзимиз зўрға юрганда, урушмай қўяверинглар, - дейди қирғизистонлик курьер Имомали.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek