Дайжест: Ўзбекистонликлар илғор, Россия қандай мигрантларни қўлламоқчи ва Украина "қиёмат тахминлари"ни босиб чиқди Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Мигрантлар
Сурат тагсўзи, Четдаги меҳнат муҳожирлигида банд энг кўп Ўзбекистон фуқаролари Россия ҳисобига тўғри келади

Россияда энг кўп патент ўзбекистонликларда. Россия мутахассис мигрантларни қўлламоқчими? Украина Ташқи ишлар вазири биз эмас, душманларимиз қўрқсин, демоқда - bbcuzbek.com дайжести.

Алоқадор мавзулар:

Энг кўп патент ўзбекистонликларда

Ўтган йили Россияда берилган меҳнат патентларининг ярмидан кўпи Ўзбекистон фуқароларига тегишли.

Россия Ички ишлар вазирлигининг миграция ҳолати бўйича кўрсаткичларида ушбу маълумот эълон қилинди.

ИИВга кўра, 2021 йилда чет эл фуқаролари меҳнат фаолиятини амалга оширишлари учун 2 миллион 221 минг 826 та патент берилган.

Патент соҳибларининг 1 миллион 316 минг 569 нафари Ўзбекистон, 787 мингга яқини Тожикистон фуқаролари бўлган.

Бундан ташқари Озарбайжон (қарийб 65 минг), Украина (37 минг) ва Молдова (17 минг) фуқаролари меҳнат патентига эга берилган.

Россия миграция қонунларини қаттиқлаштириши ортидан сўнгги икки йилда қонуний яшаб ишловчи хорижликлар сони ҳам ошган.

Россия мутахассис мигрантларни қўлламоқчими?

Патентларни расмийлаштириш жараёни

Сурат манбаси, official

Россия Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук россияликлардан кўра муҳожирларни кўпроқ қўллаб-қувватлаш кераклигини билдирди.

Сиёсатчига кўра, ҳукумат йиғилишида иқтидорли муҳожирларни грантлар ёрдамида қўллаб-қувватлаш йўли билан "зиёлилар оқими" муаммосини ҳал қилиш стратегиясини тақдим этган.

Статистик маълумотларда Россияда ўқиш истагида бўлган хорижлик талабаларнинг аксарияти Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари эканлиги айтилади.

Ҳукуматда хорижлик талабаларни кўпайтириш ёндашуви Россия иқтисодиётига ёрдам бериши ва мамлакат манфаатларини ҳимоя қилиши кераклиги ҳақидаги фикрлар янграган.

Маълумки, сўнгги 20 йил ичида хорижга чиқиб кетган россияликлар сони 5 млн гача етган. Уларнинг катта қисми Европага иммиграция қилган зиёлилардир.

Россия уларнинг ўрнини Марказий Осиёдан Россияга келаётган мутахассислар билан тўлдиришни режаламоқда.

Четдаги меҳнат муҳожирлигида банд энг кўп Ўзбекистон фуқаролари Россия ҳисобига тўғри келади.

Глобал коронавирус пандемиясига қадар уларнинг жами сони расман икки миллиондан ошган.

"Қиёмат тахминларига ишонманг"

харбийлар

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Украина Ташқи ишлар вазирининг айтишича, давлат ўз халқининг ишончига эга

Якшанба куни Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ўзининг "Твиттер" даги саҳифасида "қиёмат тахминларига ишонмасликка" чақирди.

"Турли пойтахтлар турли сценарийларни кўриб чиқмоқда, бироқ Украина воқеалар ривожининг ҳар қандай боришига тайёр, - деб ёзади у. "Бугун Украина кучли армияга, мисли кўрилмаган халқаро қўллаб-қувватлашга ва украиналикларнинг ўз давлатига ишончига эга. Айнан душман биздан қўрқиши керак, биз ундан эмас."

Журналистлар таяниб бераётган АҚШ маълумотларига кўра, сўнгги икки ҳафта ичида Москва чегара ҳудудларидаги батальон тактик гуруҳлари сонини 60 тадан 83 тага, ҳар бирида 750 тадан 1000 тагача кўтарган.

Шу тариқа Ғарб давлатлари Украина чегараларидаги рус ҳарбийларининг умумий сонини 100 мингдан ортиқ дея баҳоламоқда.

Россия эса Украинага қарши ҳарбий операция бошлаш нияти йўқлигини таъкидлаётир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek