Афғонистон: АҚШ қўшинлари яна қайтиши мумкинми? Америка ҳарбий базалари-чи? Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ Президенти 31 августдан кейин ҳам Афғонистонда қолишлари эҳтимолини назардан соқит этмади.
Буюк Британия ҳам худди яқин иттифоқчиси Америка каби қолиш ниятини изҳор этди.
Бу масалани ҳатто мустақил бир равишда толиблар билан гаплашиб олишга тайёр эканлигини ҳам билдирди.
Ҳар икки давлат ҳам 31 августгача эвакуация жараёнини якунлай олмасликларидан хавотирда.
Уларга яна айрим Европа давлатлари ҳам қўшилишган.
Эвакуация муҳлатини узайтириш масаласида якуний қарорни АҚШ Президенти Жо Байден беради.
Ғарблик ҳамкорлари улардан ўз ҳарбийларини 31 августдан кейин ҳам Кобул халқаро аэропортида қолдиришни сўрашмоқда.
Чунки АҚШ ҳарбийларисиз аэропорт фаолият юрита олмайди.
- Толибон учун Афғонистон шимолини тўлиқ олиш нега муҳим?
- Дўстумнинг ўғли қутқарилди, Мозори Шариф нисбатан тинч, Толибон Қандаҳорни ҳам олди
- Россия Ўзбекистон, Тожикистондан кейин энди Хитойга ўтдими? Афғонистон ва Толибон
- Афғонистон: Толибон сафида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам жанг қилаяптими?
- Шимолий Афғонистон ва ўзбеклар: Маршал Дўстум қайтишидан кун ўтиб, Толибон унинг она шаҳрига бостириб кирди
Толибон эса, бунга ўзининг муносабатини узоқ кутдирмади, "ишғолнинг давом этиши"га кўнмасликларини баён қилди.
Ҳаракат вакили хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонни 31 августгача тарк этиши шартлигини айтди.
Акс ҳолда битим шартлари яққол бузилиши, бунга қарши жавоблари қандай бўлишини лидерлари ҳал қилишини билдирди.
Толибон вакилларининг Рейтер ахборот агентлигига маълум қилишича, ҳозирча бирор бир Ғарб ҳукумати бу хусусда ўзларига мурожаат қилишмаган.
Аммо, уларга кўра, хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистонда қолиш муҳлатларини чўзиш ниятлари йўқ.

Сурат манбаси, AFP
Хорижий иттифоқ қўшинлари Толибон ва расмий Вашингтон ўртасида ўтган йили имзоланган "тарихий" битимга мувофиқ жорий йилда Афғонистонни буткул тарк этишлари керак.
Худди шу келишув афғонлараро мулоқотлар орқали Афғонистонда толибларни ҳам ўз ичига олувчи янги коалицон ҳукуматнинг қудратга келиши ва мамлакатда доимий оташкесинни қарор топтиришни кўзда тутган.
Аммо Толибон афғонлараро мулоқотлар ўз якунига етмай туриб Афғонистонни куч билан эгаллаган, 15 август куни пойтахт Кобулга кирган.
Уларнинг Афғонистонда ҳокимиятни шиддат билан эгаллаши афғон ҳукумати қолиб, АҚШ, халқаро ҳамжамиятнинг ўзи учун ҳам кутилмаган бўлган.
АҚШ ва уларнинг Натодаги иттифоқчилари нафақат ўзлари билан ишлашгани боис жонлари хатарда эканидан жиддий хавотирда бўлган минглаб афғонлар, ҳатто, ўз фуқароларини ҳам Афғонистондан олиб чиқиб кетишга улгуришмаган.
АҚШ, Британия эвакуация жараёни учун Афғонистонга юзлаб, минглаб сондаги ҳарбийларини қайта ташлашга ҳам мажбур бўлган.
Хорижий иттифоқ қўшинларининг 20 йиллик ҳарбий ҳозирлиги эса, афғон можаросига якуний ечим топа олмаган.
2001 йилда Афғонистондаги Исломий Амирлиги АҚШ бошчилигидаги халқаро иттифоқ қўшинлари томонидан қулатилган Толибон яна қудратга қайтган.
Толибон ҳаракати Афғонистонда аллақачон янги "инклюзив", аммо исломий ҳукуматини тузишга киришган.
Хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши Марказий ва Жанубий Осиё атрофида геосиёсий кураш ва тангликни кучайтиришига оид жиддий хавотирлар бор.
Катта сондаги АҚШ ҳарбийларининг минтақадаги узоқ йиллик ҳозирлигидан ўзларининг беҳузур эканликларини яширмай келган Россия ва Хитой эса, Толибоннинг қудратга қайтишидан ўз мамнунликларини яширишмаган.
Бу хусусда ўзларининг некбин муносабатларини аллақачон расман ва ошкора билдириб бўлишган.
АҚШ қўшинлари Афғонистонга қандай шароитда яна қайтиши мумкин?

Сурат манбаси, ERICA MARAT
Би-би-си Қирғиз хизмати худди ана шундай савол билан Вашингтондаги Миллий Мудофаа университети профессори Эрика Маратга мурожаат қилди:
Эрика Марат: Толибон ҳаракати Марказий Осиёга бевосита қуролли таҳдид солмайди.
Толибон кўпмиллатли Афғонистон мамлакати ва жамиятини бошқаришни истаган исёнчилар.
Улар ўз гуруҳларини бошқа мамлакатларда, жумладан, Марказий Осиёда кенгайтиришдан манфаатдор эмас. Бу фақат Афғонистонга хос.
Марказий Осиёга қандай хавф бор? Толибон, 1990-йиллардагидек, энди Афғонистонда террорчи гуруҳларнинг кучайишига йўл очиши мумкин. Улар ўзини ИШИД деб атайдиган гуруҳ, "ал -Қоида" каби бошқа бир қанча кичик тармоқлар.
Толибон Афғонистонда террорчи гуруҳларнинг тарқалишини тақиқлайди, деган баёнот ҳақиқатга тўғри келмаслиги мумкин.
Аммо бу ҳам ҳали аниқ эмас. Вақт кўрсатади.
Толибоннинг дастлабки баёнотларидан улар аввалгидан бошқача сиёсат олиб бормоқчи эканлигини кузатиш мумкин.
Улар халқаро ҳамжамият олдида яна таъқиб қилинмасликка ҳаракат қилади.
Бироқ Толибон ҳаракати Марказий Осиёга тўғридан-тўғри ҳарбий таҳдид солмайди.
Би-би-си: Президент Жо Байден Афғонистондан қўшинларини олиб чиққанига афсусланмаслигини айтди. Ҳозир уни қаттиқ танқид қилишмоқда. Аммо Оқ уй ўз режаларини ўзгартирмаслигини тасдиқлади. АҚШда вазият қандай ривожланаяпти?
Эрика Марат: АҚШ президенти Жо Байден АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқарилаётганидан афсусланмаслигини айтган.
Шу билан бирга, Байден ҳокимиятга келгунига қадар АҚШ расмийлари томонидан кўплаб хатоларга йўл қўйилганини таъкидлаган.
Байден ва бошқа раҳбарларга нисбатан янграётган танқидлар ўринли деб ўйлайман.
Сабаби, халқаро ҳамжамият ва афғонлар орасида Афғонистон АҚШ ва бошқа коалиция кучларининг доимий жойлашган ери бўлмаслиги деган фикр бор.
Бироқ, шу билан бирга, аскарларнинг олиб чиқилиши нотўғри ташкиллаштирилгани ҳам айтилмоқда.
Толибон ҳаракати Афғонистоннинг деярли барча ҳудудини тезлик билан босиб олмаслиги учун бошқа чоралар кўрилиши керак эди.
Америкаликлар ва бошқа давлатлар ўз дипломатларини олиб чиқишга улгурмадилар.
Америкаликларнинг аксар қисми ўз мамлакатининг Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватласлигини ҳам таъкидлаш жоиз.
Америка Қўшма Штатлари ўз қўшинларини уруш давом этаётган мамлакатлардан олиб чиққан биринчи ҳолат эмас.
Шу боис, ҳозирги инқироз АҚШ сиёсатида бир неча йилдан кейин ҳозиргидай кескин бўлмайди, деб умид қиламан.
Президент Жо Байденга нисбатан демократ ва республикачилар тарафидан қаттиқ танқидлар айтилмоқда.
Уларнинг аксарияти Кобул аэропортидаги воқеалар ва дипломатлар билан боғлиқ.
Би-би-си: АҚШ қандай вазиятда ўз позициясини ўзгартириб, қўшинларини Афғонистонга қайта олиб кириши мумкин?
Эрика Марат: Америка Қўшма Штатлари ўз позициясини ўзгартириб, қандай шароитда қўшинларини Афғонистонга қайтаришини тасаввур қилиш мен учун қийин.
Афғонистон ҳудудларида "ал-Қоида", ИШИД каби бошқа террорчи гуруҳлар кучайиб, бу, ўз навбатида, АҚШ ёки Ғарб давлатларига тўғридан-тўғри террор хавфи туғдиради, дея ҳисобланган вазиятдагина АҚШ ўз қўшинларини олиб кирса керак, деб ўйлайман.
Аммо Толибон Афғонистон ҳудудини террорчи ташкилотлардан ҳимоя қилса, ҳатто бундай назорат инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши билан бирга бўлса ҳам, Қўшма Штатлар Афғонистонга ўз қўшинларини қайтармайди.
Би-би-си: Толибоннинг тез ғалаба қозонишининг сабаби халқ уларни қўллаб-қувватлаши бўлди ва Ғарб кучларининг давлатдан чиқиб кетиши анъанавий мусулмон жамиятида либерал жамият қуришнинг омадсизлиги сифатида баҳоланди. Шу билан бирга, Ғарбда ҳарбий ҳамкорликдаги порахўрлик тобора танқид қилинмоқда. Бу мағлубиятга кўпроқ нима сабаб бўлди - юқори поғонадаги порахўрлик ёки анъанавий жамият қаршилиги?
Эрика Марат: Толибоннинг Кобулни эгаллаб олишига аниқ бир қадам сабаб бўлди, деб айтиш нотўғри. Бунинг бир қанча сабаблари бор.
Толибларнинг ўзлари ҳам Афғонистон пойтахтини зудлик билан эгаллашларини кутмаган бўлишса керак.
АҚШ ёки Ғарб давлатларининг Афғонистонда давлат ёки давлатчиликни қуришга бўлган барча уринишлари муваффақиятсиз тугади.
Бунинг сабаби, Афғонистонда жамият кучли этник ўзига хослик билан ажралиб туради.
Балким, Ғарб услубидаги марказлаштирилган бошқарув Афғонистон учун мос келмаслиги мумкин.
Ҳатто кучли афғон армиясини тузиш ҳам қийин бўлди, чунки аҳолининг кўпчилиги ўқиш ва ёзишни билмайди.
Парчаланиб кетган жамиятда АҚШнинг Қуролли кучлари каби армия қуриш жуда қийин.
Халқаро коалициянинг Афғонистонда кучли жамият ва давлат қуришга уринишлари муваффақиятсизликка учради.
Лекин сўнгги йигирма йил ичида мамлакатда кучли фуқаролик фаоллари пайдо бўлди.
Уларни бошқариш Толибон учун катта қийинчиликлар туғдиради.
Ташқи кучларнинг сармояси ва кўмаги билан Афғонистонда марказлашган бошқарув тизими яхши йўлга қўйилмаган бўлса ҳам, аммо кучли жамият қуришга муваффақ бўлинди.
Би-би-си: Минтақадаги вазият қандай ривожланади деб ўйлайсиз? Хитой АҚШ ўрнига асосий ўйинчи бўладими ва Россиянинг ўйини қандай бўлади?
Эрика Марат: Хитой ва Россия тўғрисида айтсак, иккала давлат ҳам Толибон билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини кўрсатмоқда.
Лекин ҳозирча, албатта, улар толибларнинг қонунийлигини тан олмайди ва Россия БМТдан реакция кутади.
Бироқ бу Россия ва Хитойнинг Толибон билан ҳамкорлик қилишига тўсқинлик қилмайди.
Айниқса, Хитой иқтисодий алоқаларни ўрнатишни бошлаши мумкин.
Бу охир-оқибат нимага олиб келишини олдиндан айтиш қийин.
Бироқ Хитой Афғонистон иқтисодиётининг асосий сармоядори бўлиши мумкин.
Ғарб мамлакатларидан фарқли ўлароқ, Хитойда сармоялар давлат ёрдами билан амалга оширилади.
Лекин Хитой учун ҳали кўп масалалар бор, айниқса, Афғонистондаги уйғурлар ва толиблар билан муносабатлар қандай ривожланади, бу Хитой учун қийин вазифа.
Биз бу ҳақда кейинроқ гаплашганимиз тўғри бўлади.
Би-би-си: Қўшма Штатлар минтақада ўз таъсирини сақлаб қолиши учун минтақада янги ҳарбий база очиши мумкин, деган фикр муҳокама қилинмоқда. Қирғизистон бундай базага мезбон бўлиш имконияти борми?
Эрика Марат: Марказий Осиёда ҳарбий база очиш масаласи кун тартибида эмас.
Буни Байден маъмурияти баёнотларидан ҳам кўриш мумкин.
Қирғизистонда аввалгидек АҚШ ҳарбий базаси очилади, деб айтишдан йироқман.
Қирғизистонга қараганда, Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳарбий базалар қуриш эҳтимоли юқори.
АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги икки томонлама муносабатлар давом этаверади.
Бу Афғонистондаги воқеаларга қараб давом этади.
Бироқ бу муносабатлар, албатта, ҳарбий база очишга қаратилган эмас.
Чоробек Сааданбеков, Би-би-си Бишкек бюроси муҳаррири
Руфат Эргешов, Би-би-си Қирғиз хизмати мухбири
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














