Куёвни чақмоқ урди, Рианна энди миллиардер, Россияда шов-шувли қотиллик - dunyo yangiliklar янгиликлар

- Бангладешда тўй азага айланди;
- Рианна дунёдаги қолган барча аёл қўшиқчиларни ортда қолдириб кетди;
- Россияда қамоқдан энди чиққан маҳкум яна бирваракайига беш кишини ўлдирдими?
Чақмоқ урди
Бангладешда тўй азага айланди.
Тўйга келган 17 меҳмонни чақмоқ уриб ўлдирди.
Куёвни эса, яна 13 меҳмон билан бирга яралади.
Келин ҳали уйида экани боис, соғ-омон қолди.
Машъум ҳодиса Бангладешнинг Шибганж шаҳарчасида юз берди.
Куёв тарафини улар энди қайиқдан тушиб, келиннинг уйига бораётган пайтда устма-уст чақмоқ урди.
Чақмоқ Жанубий Осиё бўйлаб ҳар йили юзлаб одамни ўлдиради.
Мутахассислар ҳалокатли чақмоқлар сабабини кўплаб баланд дарахтларнинг кесилиб, ўрмонзорларнинг йўқ бўлиб кетаётгани билан изоҳлашган.
Энг бойвачча аёл хонанда

Сурат манбаси, Getty Images
Forbes Рианнани расман миллиардер ва дунёнинг энг бадавлат аёл қўшиқчиси, деб топди.
Нуфузли журнал америкалик поп-юлдузининг бойлигини $1.7 миллиард долларга баҳолади.
Бу бойликнинг катта қисмини Рианна ўзининг Fenty Beauty косметика ширкати орқасидан топган.
Қўшиқчининг аёллар ички кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Savage x Fenty ширкати ҳам унга яхшигина пул келтирган.
Жами бойлигининг $270 миллион доллари худди шу ширкати ҳисобига тўғри келган.
Рианна бундан қолган пулинигина қўшиқчилик ва актрисалик орқасидан топган.
Шоу-бизнес оламида ҳозир Рианнадан бойроқ фақат битта аёл - америкалик машҳур телебошловчи Опра Уинфри бор.
Forbes нинг ҳисоб-китобларига таянилса, Опра Уинфрининг бугунги бойлиги миқдори $2,7 миллиард долларни ташкил қилади.
Рианна дунёдаги энг машҳур аёл хонандалардан бири сифатида тан олинади.
Унинг қўшиқлари юз миллионлаб нусхада сотилган, аммо 2016 йилдан бери бирорта ҳам яккахон мусиқий альбомини чиқармаган.
Ҳакасиядаги қотиллик

Сурат манбаси, ALEXANDER KOLBASOV/TASS
Россияда қотиллик қилгани учун 18 йил қамоқда ўтириб чиққан шахс яна қотилликда гумон қилинмоқда.
Унинг бу гал Ҳакасияда бир оиланинг беш аъзосини ўлдирганлиги фарази ўрганилмоқда.
Маълум бўлишича, қурбонларнинг барчаси пичоқланган аҳволда топилган.
36 ёшли гумондорнинг бундан аввал ҳам икки аёлни ўлдиргани ва шу боис 18 йил қамоқда ўтириб, яқинда озодликка чиққани айтилади.
Хабарларга кўра, уни машина билан уриб, уч маҳаллий яшовчи полицияга ушлаб берган.
Юз берган қотиллик юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
У "икки ёки ундан ортиқ шахс ва айбланувчига ўзини ҳимоя эта олмаслиги аён бўлган ёш болани ўлдириш"ни кўзда тутади.
"Комсомольская правда" нашрининг ёзишича, Ҳакасиянинг Жирим қишлоғи сайёҳбоп жой экани боис, гумондор қамоқдан чиққач худди шу ердан иш топган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















