Ўзбекистон: Чанг бўронларидан эҳтиёт бўлинг, афғон инқирози муҳокама қилинди ва шанба-якшанба қачон ҳақиқий дам олиш кунлари бўлади? O‘zbekiston koronavirus dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
- ТИВ раҳбарлари афғон инқирози бўйича музокара қилди;
- ФВВ чанг бўронларидан огоҳлантирди;
- Депутат шанба-якшанбани ҳақиқий дам олиш кунларига айлантиришни таклиф қилди;
- Свет ўчиши Тошкентда ҳам одатий ҳолга айландими?
Афғон инқирози муҳокамаси
7 июль куни Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон ташқи ишлар идоралари раҳбарлари ўртасида виртуал музокара бўлиб ўтган.
Учрашувда афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш масаласи муҳокама қилинган.
Шунингдек, мамлакат иқтисодиётини тиклаш ҳамда сиёсий жараёнларни ривожлантиришда афғон халқининг етакчилик роли тамойилини ҳурмат қилиш бўйича минтақавий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилган.
ТИВ раҳбарлари халқаро терроризм таҳдидларига қарши биргаликда курашиш, Марказий Осиё давлатлари томонидан ушбу йўналишда амалий саъй-ҳаракатларни ишлаб чиқиш муҳимлигига эътибор қаратганлар.
Музокарада Афғонистонга кенг кўламда кўмаклашиш масаласи ҳам кўриб чиқилгани хабар қилинган.
Ҳақиқий дам олиш кунлари

Сурат манбаси, .
Депутат Алишер Қодиров шанба ва якшанба кунларини Ўзбекистонда ҳақиқий дам олиш кунларига айлантиришга эришиш лозимлиги тўғрисида фикр билдирган.
Унинг фикрича, мамлакатдаги меҳнат унумдорлиги, айниқса, давлат хизматидаги ходимнинг фойдалилик даражаси ва креатив ечимлар топиши масаласида етарлича муаммолар мавжуд.
"Сабаблардан бири сифатида ходимнинг етарли дам олмаслиги ва стресс даражасининг юқори эканлигини рад этиб бўлмайди", дея ёзган Қодиров.
Депутат Исландия, Япония ва Янги Зеландия каби мамлакатларда ишчиларни тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтказиш бўйича тажрибалар ижобий натижаларга олиб келганини тилга олган.
"Тадқиқотчилар тажрибадан сўнг ишчиларнинг унумдорлик даражаси ошгани, турмуш сифати сезиларли даражада яхшилангани, стресс ва чарчоқ сезиларли камайганини айтмоқдалар", билдирган у.
Бир вақтнинг ўзида Қодиров Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги таҳрирдаги Меҳнат Кодекси устида иш олиб борилаётганини ҳам маълум қилган.
Светсиз қолган метро

Сурат манбаси, .
7 июль куни Тошкент метрополитенининг қатор бекатлари электр таъминотисиз қолган.
Ижтимоий тармоқда чироқлари ўчган бекатларнинг сурати тарқай бошлаган.
"Тошкент метрополитени" УКнинг изоҳига кўра, "Чилонзор", "Юнусобод" ва "Ўзбекистон" йўналишларидаги бекатларда электр таъминотидаги носозликлар туфайли ёритувчи ускуналар ишламаган.
Эскалаторлар ҳам тўхтаб қолган.
Ҳолат кундузги соат 12:55 дан 13:05 га қадар давом этган.
"Бироқ, поездлар ҳаракати тўхтамаган, чунки поездларнинг ҳаракатини таъминловчи электр таъминоти алоҳида", дейилади расмий изоҳда.
Бир вақтнинг ўзида тармоқ фойдаланувчилари вилоятлар дохил пойтахтнинг айрим туманларида ҳам электр таъминотида муаммолар юзага келаётгани ҳақида ёзганлар.
"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бундай ҳолларга мамлакатда кузатилаётган аномал иссиқ ҳаво пайтида совитиш жиҳозларидан фойдаланиш кўлами ортгани сабаб бўлаётганини маълум қилган.
Бўрондан эҳтиёт бўлинг!

Сурат манбаси, Ijtimoiytarmoq/illyustrativtasvir
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги республика бўйлаб чангли бўронлар эҳтимолидан огоҳлантирган.
Маълум қилинишича, 8-10 июль кунлари республиканинг барча ҳудудларида баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с га қадар кучайиши кутилмоқда.
"Баъзи жойларда эса чангли бўрон билан 25-30 м/с гача кучайиши мумкин", дейилади ФВВ хабарида.
Вазирлик шамол кузатилганда кўчада юрмаслик, автомобилларни дарахтлар ва мустаҳкам бўлмаган конструкциялардан узоқроқ жойга қўйишни сўраган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















