Ўзбекистон: Ҳавога кўтарилган вазир, $1,5 миллиардга тушаётган чиқинди ва Жаҳонгир Отажонов нега жавобгарликка тортилиши мумкин? O‘zbekiston koronavirus dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Жаҳонгир Отажонов жавобгарликка тортилиши мумкин;
- Нега ҳаммасига "Алламжонов айбдор"?
- Мудофаа вазирлиги барча куч тузилмаларининг жанговар шайлигини текширди;
- Янги Андижонга қанча харж қилиниши маълум бўлди;
- Чиқиндилар масаласини ҳал этишга $1,5 миллиард зарур бўлиши мумкин;
"Права"сиз ука

Сурат манбаси, official
Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси собиқ хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини хабар қилган.
Бошқарма Отажонов ўзининг "номақбул" видеочиқишлари орқали давлат органлари хизматчиларига нисбатан ҳақоратомуз муносабатда бўлаётганини таъкидлаган.
Расмий хабарда иддао қилинишича, Отажонов бу ҳаракатлари билан ўз яқинларининг ҳуқуқбузарликларини яшириш, ўзининг маиший муаммоларига омма эътиборини тортишга уринмоқда.
Бошқарма бу иддаони собиқ хонанданинг яқинларидан бири билан юз берган ҳолат асосида изоҳлашга ҳаракатланган.
ИИББ Жаҳонгир Отажоновнинг укаси бошқарув ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз машина ҳайдагани, тегишли ҳужжатлар ҳозиргача тақдим этилмагани туфайли автоулов жарима майдончасида сақланаётганини билдирган.
"Мазкур фуқаронинг ҳаракатларида туҳмат ва ҳақорат қилиш аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли, ҳолатга тегишли тартибда ҳуқуқий баҳо берилади ва жамоатчиликка қўшимча равишда ахборот тақдим этилади", дейилади расмий хабарда.
Май ойида "Эрк" партиясидан яқинлашиб келаётган президент сайловида иштирок этиши эълон қилинган Отажонов ўзи ва ҳамфикрларига нисбатан босимлар давом этаётганини даъво қилиб келмоқда.
Ижтимоий тармоқдаги чиқишларида собиқ хонанда ушбу "босимлар"ни ўзини сиёсий фаолиятдан четлатишга уриниш ўлароқ баҳолаган.
Нега "Алламжонов айбдор"?

Сурат манбаси, official
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўзининг ҳаёт йўли ҳикоя қилинган китобни эълон қилган.
Оммага тақдим этилган китобда давлат ва жамоат арбоби борасидаги ҳамма саволларга жавоб борлиги билдирилади.
Ноодатий тарзда "Алламжонов айбдор" дея номланган ушбу китоб қисқа вақт ичида оммалашишга муваффақ бўлган.
Икки кун ичида китобнинг 2,300 дан зиёд нусхаси қўлма-қўл бўлган.
Сўзбошида китоб "ўртаҳол оилада туғилиб-ўсган боланинг таниш-билишсиз ва ҳеч қандай йирик маблағсиз орзусига етгани — ўзи хоҳлагандек инсон бўла олгани ҳақида" экани борасида сўз боради.
Ҳаётда ўз йўлини излаётган ёшларга мотивация бериш учун мўлжалланган бу китоб мемуар эмаслиги таъкидланади.
"Сизга ўзим ҳақимда, қандай қилиб оёққа турганим, ҳозирги даражага етишимга нималар туртки бўлгани ҳақида гапириб бермоқчиман. Ҳеч нарсани назардан қочирмасликка ҳаракат қиламан", ёзади муаллиф.
Президент матбуот котиби, АОКА директори каби масъул лавозимларда фаолият юритган Комил Алламжонов сўнгги беш йил давомида мамлакатда матбуот ва сўз эркинлиги ривожига катта ҳисса қўшган шахслардан бири ҳисобланади.
Ҳавога кўтарилган вазир

Сурат манбаси, official
Мудофаа вазирлиги барча куч тузилмаларининг жанговар шайлигини синовдан ўтказиш жараёнларидан навбатдаги лавҳани эълон қилган.
Бу сафарги жараёнларда мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов шахсан ўзи иштирок этган.
Вазирлик тарқатган лавҳада Қурбонов "Су-25" қирувчи самолётида тактик ўқув машғулотларни кузатаётгани кўринади.
Дарё.уз нашрининг Мудофаа вазирлиги маълумотларига таяниб ёзишича, қўққисдан ўтказилаётган текширувда авиация, артиллерия ва батальон тактик гуруҳларининг жанговар шайлиги текширилган.
Машқ шартига асосан бўлинмалар шахсий таркибига чегарани кесиб ўтган шартли душманни йўқ қилиш вазифаси юклатилган.
Жануби-ғарбий махсус ва Тошкент ҳарбий округлари, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли бўлинмалар билан кенг масштабда ўтказилаётган ушбу тактик ўқув машғулотлари реал вазиятларга яқинлаштирилган ҳолда олиб борилган.
"Термиз" дала ўқув майдонига етиб келган ҳарбий хизматчилар зудлик билан қўриқловни ташкил этиш, юқори қўмондонлик билан алоқани таъминлаш, учувчисиз учиш аппаратлари кўмагида чегараолди ҳудудларида ҳавода ва ерда разведка қидирув ишларини олиб бориш, шартли душман жойлашган ҳудуд, куч воситалари, шахсий таркибининг сони, қурол-аслаҳалари хусусида тўлиқ маълумотлар тўпланиб, ҳужум режаси ишлаб чиқилган.
Мудофаа вазирлиги айни жанговар шайликни текшириш ишларини 24 июндан бошлаб юборган.
Худди шу куни Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ҳудудига 50 дан зиёд афғон ҳарбийлари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар кириб келганини хабар қилган.
Кейинроқ, ТИВ 26 июнь куни Афғонистон куч ишлатар тизимлари 3 нафар вакилининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиш ҳолати қайд этилгани, 27 июнь куни 44 кишидан иборат қўшни мамлакат чегара қўшинлари ҳамда маҳаллий қуролли гуруҳ вакиллари Шўртепа тумани ҳудудидан Ўзбекистоннинг давлат чегарасини бузгани тўғрисида хабар тарқатган.
Расмийлар, ҳозирча, кенг миқёсда олиб борилаётган ҳарбий синов машқлари Ўзбекистон билан бевосита чегарадош Афғонистон шимолидаги кескинлашиб бораётган вазиятга қанчалик боғлиқ экани ёки йўқлигига изоҳ бермаганлар.
24 июнь кунги хабарда Мудофаа вазирлиги қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича амалий машғулотлар режага асосан бошланганини маълум қилган.
$100 миллионлик шаҳарча

Сурат манбаси, official
Тамал тоши қўйилишида президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи иштирок этган Янги Андижон шаҳарчасини қуриш учун $100 миллион ажратилади.
Президент 21 июнь куни имзолаган қарорида маблағлар Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратилиши кўзда тутилган.
Маълум бўлишича, $25 миллион эквивалентдаги маблағлар бўлажак шаҳарчадаги ижтимоий соҳа объектларини қуришга йўналтирилади.
$15 миллион йўл инфратузилма объектларини барпо этишга, $60 миллион эса коммуникация тармоқлари, муҳандислик инфратузилмасини яратиш, лойиҳалаштириш ишлари, қурилиш ишларини назорат қилиш ва бошқа харажатлар учун сарфланади.
Президент Мирзиёевнинг Андижон вилоятига сўнгги ташрифи чоғида 2022 йил 1 мартдан бошлаб Андижон шаҳри таркибида Янги Андижон тумани ташкил этилиши маълум қилинган эди.
Майдони 4 минг гектар бўлган ушбу шаҳарчада 130 мингдан ортиқ квартирали кўп қаватли уйлар, таълим, соғлиқни сақлаш, савдо ва хизмат кўрсатиш масканлари, саноат зоналари, яшил ҳудудлар ва инфратузилма объектлари қурилиши режаланган.
$1,5 миллиард ва чиқинди

Сурат манбаси, official
Чиқинди полигонларни оптималлаштириш ва янги полигонлар қуриш учун $928 миллион, қайта юклаш станцияларини қуриш учун $144 миллион, махсус техника ва контейнер харид қилиш учун $406 миллион талаб этилади.
28 июнь куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси бўйича маълумот берганлар.
Маълум қилинишича, 2019-2028 йилларга мўлжалланган мазкур стратегия доирасида майдони 1,109 гектарга тенг 167 та чиқинди полигони ёпилади ва рекултивация қилинади.
773 гектар майдонга эга 59 та полигон ташкил этилади.
Шунингдек, чиқиндиларни ташиб кетиш соҳасига, эндиликда, тадбиркорлар ҳам жалб этилиши хабар қилинган.
Расмийлар тадбиркорларни ҳудудларга жалб қилиш механизмлари яратилаётгани, ҳозиргача бу борада 8 та битим имзоланганини маълум қилганлар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















