Тошкент: Ўзбекистонда ҳам коронавируснинг Дельта 'ҳиндистонча' штамми аниқландими? Hindiston Qozog‘iston O‘zbekiston koronavirus dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Пойтахт Тошкентдан олинаётган хабарларга кўра, Ўзбекистонда ҳам Дельта штамми аниқланган. Аммо Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу соатларда якуний таҳлиллардан сўнггина бунга ишонч ҳосил қилиш мумкинлигини билдирди.
Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Нурмат Атабековнинг айтишича, "дастлабки лаборатор текширув натижалари ушбу тахминни катта эҳтимол билан тасдиқламоқда".
Аммо, унга кўра, "тўғри хулосага келиш учун якуний таҳлилларни тўлиқ ўрганиб чиқиш керак бўлади".
Ўзбекистонда ҳам коронавируснинг Дельта штамми аниқлангани ҳақида айрим йирик маҳаллий интернет нашрлари ёзишмоқда.
Уларнинг ўз хабарларида Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази директори муовини ва матбуот хизматига таянганликлари кўрилади.
Gazeta.uz интернет нашрининг вазирлик маълумотларига таяниб ёзишича, Дельта штамми Ўзбекистон ҳудудида бундан бир неча кун олдин қайд қилинган.
Аммо нашр хабарида унинг кимда ва айнан қаерда аниқлангани тафсилотлари ноаён қолган, штамм манбаси очиқланмаган.
Фақат Дельта ё "ҳиндистонча" штаммнинг Ўзбекистонга Россиядан кириб келгани бўлиши мумкинлиги айтилган.

Сурат манбаси, ALEXANDER SHCHERBAK/TASS
Россияда бу штаммнинг аниқлангани шу ой бошида расман тасдиқланган.
Худди шу штамм боис, айниқса, пойтахт Москвада коронавирус "портлаш" даражасида ортаётгани айтилган.
Санкт-Петербургда ҳам аҳвол жуда ёмон экани маълум бўлган.
Саноқли ҳафталарнинг ўзида коронавирус юқтириш ва ундан ўлим ҳоллари бўйича янги антирекордлар қайд қилинган.
Россия дунёнинг энг кўп сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Пандемияга қадар уларнинг сони бир неча миллионга нисбат берилган.
Ўзбекистонлик мигрантларнинг катта кўпчилиги эса, айнан Россиянинг ҳозир Дельта штаммини юқтириш ҳоллари энг кўп кузатилаётган икки йирик шаҳри - Москва ва Санкт-Петербургда меҳнат қилиб келишган.
Бу каби ҳолат, бошқа томондан, Ўзбекистон Россиядан яна ўз фуқароларини қайтариш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.

Сурат манбаси, official
Кеча, 23 июнь куни штамм Қозоғистонга кириб келгани маълум бўлган.
Қозоғистон ҳукумати пойтахт Нур-Султонда аниқланганини расман тасдиқлаган.
Бунинг ортидан, Қозоғистон Дельта штамми аниқланган биринчи Марказий Осиё давлатига айланганди.
Қозоғистон Марказий Осиёнинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош тўртта давлатидан биттаси бўлади.
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирининг маълум қилишича, сўнгги бир ҳафта ичида пойтахт Нур-Султонда касалланиш даражаси аввалгисига нисбатан 40 фоизга сакраган.
Бу икки давлатда коронавируснинг "дельта" штаммини юқтираётган орасида ўзбекистонликлар бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас, бу ҳақдаги расмий маълумотлар ҳалича кўзга ташланмайди.
Марказий Осиёда коронавирус ҳам илк бор Қозоғистонда аниқланган.
Ўзбекистон бу хусусда расман тасдиқ билан чиққан иккинчи минтақа давлати бўлганди.
Орада "дельта" штамми сабаб, даҳшатли ковид инқирози ичида қолган Ҳиндистон билан мунтазам авиарейсларни вақтинчалик чеклаган Ўзбекистон шу кунларда яна қўшимча карантин чораларига қўл уришни бошлаган.
Яқинда мамлакатга кириб келаётган барчанинг коронавирусга тест топширишини яна шарт қилиб қўйган.
Коронавирус билан боғлиқ кескинлашаётган вазият сабаб, яқинда Афғонистон билан чегарасини ҳам вақтинча ёпишга қарор қилган.
Ўзбекистонда шу пайтгача коронавируснинг "британча" ва "жанубий африкача" штаммлари аниқлангани расман хабар берилган.
Россия ва Қозоғистон ҳозир дунёнинг Ўзбекистон билан мунтазам ҳаво парвозлари амалда бўлган саноқли давлатларидан бири ҳамдир.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги мунтазам авиарейслар бир йиллик танаффус ортидан шу йилнинг 1 апрель куни қайта тикланган.
Кеча, 23 июнь куни Ўзбекистонда кундалик кўрсаткичлар 442 тага чиққан. Бир кун аввалгисидан бироз ошган.
Яна бир бемор коронавирусдан вафот этган.
Ўзбекистон жорий пайтда Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин Марказий Осиёнинг коронавирус энг кўп тарқалган учта давлатидан биттаси бўлиб турибди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













