Украина ва уруш: севги, оила қуриш ё бола кўриш ушалмас орзуга айланмоқдами?

Даря аскар билан муносабатга киришдан қўрқади.
Сурат тагсўзи, Даря аскар билан муносабатга киришдан қўрқади.
    • Author, Laura Gozzi
    • Role, BBC News, Kiyev
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Шанба оқшомида Киевдаги вино барида ўтирган 34 ёшли Даря танишув иловасини очиб, кўздан кечирди-да, сўнг телефонини четга қўйди.

Ўн йилдан ортиқ вақт давомида содиқ муносабатда бўлганидан сўнг, у анчадан буён ёлғиз. "Уруш бошлангандан бери бирор марта ҳам тўлақонли учрашувда бўлганим йўқ", дейди у.

Тўрт йиллик уруш украиналикларни кундалик ҳаётларининг деярли барча жабҳаларини ўзгартиришга мажбур қилди. Бу муносабатлар ва ота-оналик ҳақидаги қарорларда тобора кўпроқ акс этмоқда. Бу қарорлар, ўз навбатида, никоҳ ва туғилиш даражаси пастлаб бораётган мамлакат келажагини шакллантиради.

2022 йилги кенг кўламли босқин бошида мамлакатдан чиқиб кетган миллионлаб украиналик аёллар ҳозирда чет элда янги ҳаёт, янги муносабатлар қурган. Юз минглаб эркаклар ҳам йўқолган – улар ё армияда хизмат қилмоқда ёки хорижда яшаяпти.

Қолган аёлларда оила қуриш учун кимнидир учратиш имконияти тобора озайиб бормоқда.

28 ёшли Кристинанинг айтишича, атрофда эркаклар камлиги сезилиб қолган. У Лвовнинг ғарбий қисмида яшайди, танишув иловалари орқали жуфт топишга уриниб кўрган, аммо омади чопмаган.

"Кўпчилик [эркаклар] ҳозир ташқарига чиқишга қўрқади," дейди у ҳарбий хизматга чақирув ёшидаги эркакларни назарда тутиб. Улар Украина шаҳарлари кўчаларида кезиб юрувчи ҳарбий комиссарлик кўзига ташланмаслик учун кўп вақтини уйда ўтказади.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Аскарларга келсак, "ҳозир кўпчилиги руҳан мажруҳ, чунки уларнинг аксарияти – агар қайтиб келган бўлса – кўп нарсани бошдан кечирган", дейди у.

Даря ҳам худди шундай фикрда. "Мен бу ерда фақат учта имкониятни кўряпман," дейди у ва ўзи каби аёллар учун мавжуд эркаклар турларини санайди.

Биринчиси, ҳарбий хизматдан қочишга уринаётганлар. Уйдан чиқа олмайдиган эркак, эҳтимол, "сиз муносабат қурмоқчи бўлган одам эмас", дейди Даря.

Кейин фронтдан вақти-вақти билан келиб, узоқ масофали муносабатларга мажбур бўлган аскарлар бор. Улар билан "алоқа ўрнатасан, кейин кетади", дейди Даря.

Денис учун ҳам узоқ-масофали алоқалар қийин.
Сурат тагсўзи, Денис учун ҳам узоқ-масофали алоқалар қийин.

Қолган вариант – 25 ёшгача бўлган чақирув ёшидаги эркаклар. Аммо 22 ва ундан кичик ёшдагилар мамлакатни эркин тарк этиши мумкин. Даря улар исталган вақтда жўнаб кетиши мумкинлигини билади.

Буларнинг ҳеч бири унга маъқул эмас.

Фронт чизиғига яқинроқ жойларда кўплаб фаол хизматдаги эркаклар ҳам муносабат бошлаш фикрини токчага олиб қўйган. Уларнинг айтишича, мавҳум вазиятда узоқ муддатли муносабатлар айни масъулиятсизликдир.

Харков вилоятида хизмат қилаётган аскар Руслан ваъда бериш имконияти чекланганини билади. Йилига бир-икки бор келиш, гул юбориш ва баъзан қўнғироқ қилишдан бошқа, "қиз болага нима таклиф қила оламан?" деб сўрайди у.

"Хотин ёки қаллиққа узоқ муддатли режаларни ваъда қилиш қийин, – дейди 31 ёшли дрон оператори Денис мамлакат шарқидаги ўз позициясидан юборган овозли хабарида. – Ҳар куни ҳалок бўлиш ёки жароҳатланиш хавфи бор, шунда барча режалар пучга чиқади."

Бундай айрилиқлар оқибатлари Украинанинг узоқ келажагига таҳдид солмоқда.

Кўп жиҳатдан, улар аллақачон таъсир кўрсата бошлаган. Босқин бошланганидан бери никоҳлар сони 2022 йилдаги 223 мингтадан 2024 йилда 150 мингтагача кескин камайди.

Украинада ўлимлар сони ҳам кўпайди, улкан эмиграция юз берди – БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилдан бери олти миллиондан ортиқ одам мамлакатни тарк этди ва туғилиш даражаси кескин пасайди.

Буларнинг барчаси аҳоли сони кескин камайишига олиб келади, бу эса ўз навбатида ишчи кучини қисқартиради ва иқтисодий ўсишни секинлаштиради.

Wedding
Reuters
Ukrainadagi nikohlar soni

  • 2022 yil223 000

  • 2024 yil150 000

Manba: Ukraina hukumati

Украина Миллий фанлар академияси демографи Олександр Хладун бу тенденцияларни "урушнинг ижтимоий ҳалокати" деб таърифлайди.

Бу Украина аҳолиси 1992 йилдан 2022 йилгача юқори ўлим даражаси, миграция ва туғилиш пасайиши туфайли 52 миллиондан 41 миллионгача камайганидан кейин содир бўлди.

Можаро пайтида туғилиш даражаси янада пасайиб кетди. Хладун шу йил бошида Украина оммавий ахборот воситаларига айтишича, 2022 йилда рақамлар қисман 2021 йилдаги ҳомиладорликлар ҳисобига сақланиб қолган. 2023 йилда баъзи эр-хотинлар уруш тугайди деган умидда фарзандли бўлган.

Аммо 2024 йилда тинчлик яқин эмаслиги маълум бўлгач, туғилиш даражаси кескин пасайди. Энди у ҳар бир аёлга 0,9 болани ташкил этади, бу рекорд даражада паст кўрсаткич бўлиб, аҳолини сақлаб қолиш учун зарур бўлган 2,1 боладан анча паст (таққослаш учун, Европа Иттифоқида туғилишнинг умумий даражаси 1,38 ни ташкил қилади).

Уруш пайтида туғилиш пасайиши кутилган ҳолат бўлса-да, дейди Хладун, бу одатда тинчлик ўрнатилгунча фарзанд кўришни кечиктирганлар ҳисобига компенсацион ўсиш билан давом этади. Аммо бу таъсир чекланган бўлиб, одатда беш йилгача давом этади – бу Украинанинг узоқ муддатли истиқболига сезиларли таъсир кўрсатиш учун жуда қисқа вақт.

"Уруш қанчалик узоқ давом этса, бу компенсация самараси шунчалик кичик бўлади", дея қўшимча қилади Хладун, чунки можаро пайтида фарзанд кўришни кечиктирган жуфтликлар буни амалга ошириш имкониятига эга бўлмайди. "Бизда эса бу тўрт йилки давом этяпти, бу анча узоқ муддат."

Миллий фанлар академияси маълумотларига кўра, урушнинг оқибатлари жанговар ҳаракатлар тугаганидан сўнг ҳам узоқ давом этади. Натижада, улар айтишича, 2051 йилга бориб аҳоли сони 25,2 миллион кишига тушиши мумкин, бу 1992 йилдагидан икки баробар кам дегани.

Доктор Михайлишин уруш украин ёшларининг унумдорлигига таъсир қилаётганидан хавотирда.
Сурат тагсўзи, Доктор Михайлишин уруш украин ёшларининг унумдорлигига таъсир қилаётганидан хавотирда.

Ҳатто аҳд паймон қилган жуфтликлар ҳам урушнинг ноаниқлигидан азият чекмоқда.

33 ёшли Олена текширувдан ўтиш учун Лвов чеккасидаги фертил клиникага борди. У полициячи ва ҳарбий мураббий бўлиб, ҳозирда тухумларини музлатмоқда, чунки соғлиқ муаммолари туфайли унинг ҳомиладор бўлиши қийинлашган.

Олена айтишича, улар қачондир ЭКУ усулини қўллашади, аммо фақат "ишим ва мамлакатдаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда".

Олена урушдан олдинги ҳаётни гўзал ва "умидбаҳш" эди деб эслайди. Бироқ унинг оила қуриш орзулари 2022 йилда босқин бошланиши билан тўхтади.

"Урушнинг биринчи йилида ҳамма нарса тўхтаб қолгандек эди, – дейди у. – Биз интилган ҳамма нарса – уй қуриш, фарзанд кўриш, барчаси аҳамиятсиз бўлиб қолди."

Бу қўрқувлар ҳатто Ғарбий Украинанинг бошқа ҳудудлари сингари Россиянинг энг ёмон ҳужумларидан нисбатан омон қолган Лвовда ҳам йўқолмаган. Аммо Олена учун фарзанд кўриш масаласи бурч туйғусига айланган. "Мен буни ўзим учун ҳам, оилам учун ҳам, Украина учун ҳам қиляпман", дейди у. Унингча, жанг майдонидаги аскарлар ҳам ҳали туғилмаган украиналик болалар учун жон бермоқда.

Столнинг нариги томонида Оленанинг гинекологи ва клиника бош шифокори доктор Любов Михайлишин гапларимизни тинглаб ўтирарди.

У Олена каби "кучли, ажойиб аёлларга" ёрдам беришдан фахрланишини айтади. Аммо уруш украиналик ёшлар репродукциясига қандай таъсир қилаётгани уни жиддий ташвишга солмоқда.

У кўп йиллик сурункали стресс ва уйқусиз тунлар, жанг майдонидагилар учун қўшимча жисмоний ва руҳий жароҳатлар оқибатидан хавотирланади. Унинг фикрича, буларнинг барчаси келгуси йилларда туғилиш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

"Биз шуни кутяпмиз", дейди Михайлишин олдинда турган демографик инқироз ҳақида. Олена бош ирғайди.

Яқинда Украина ҳукумати муаммони ҳал қилишга қаратилган стратегиялар, жумладан, бола парвариши ва уй-жой масаласини ҳал қилиш режасини ишлаб чиқди. Бироқ, бу сиёсатлар марказлаштирилган молиялаштиришга эмас, балки маҳаллий ҳокимият органларига таянади – Хладуннинг айтишича, бу лойиҳалар кўпинча амалга ошмай қолади.

Бўлажак оналар ва болалар уруш хавфи остида қолаётган экан, давлат даражасидаги саъй-ҳаракатлар унчалик самарали бўлмаслиги мумкин, деб тан олади у.

Ҳозир Украина аҳолиси Совет Иттифоқи қулаганидан кейин мустақилликка эришган пайтдагидан 17 миллион кишига кам. Фақат хорижда яшаётган 6,5 миллион украиналикнинг салмоқли қисми қайтиб келсагина рақамларни тезда ўнглаш мумкин.

Аммо жанглар тўхтаганда ҳам уларнинг қанчаси қайтиши номаълум.

Агар Украина 2014 йилдан бери Россия томонидан босиб олинган ҳудуднинг катта қисмини қайтариб олишга эришса, одамлар қайтишга кўпроқ мойил бўлади, деб таъкидлайди Хладун. Аммо бундан кам натижа украиналикларни ҳимоясиз қолдириши мумкин, чунки бу урушнинг тўлиқ тугаши эмас, балки вақтинчалик тинчлик деб қаралади.

Москва бутун Украинани босиб олишни истамаслигини қатъий таъкидлашига қарамай, кўплаб украиналиклар Россия уларнинг ватанига экзистенциал хавф туғдиришига ва бу хавф Россия президенти Владимир Путиндан кейин ҳам давом этишига ишонади.

Шу нуқтаи назардан, Украина аҳолисининг камайишини хавфсизликка таҳдид сифатида кўриш керак, дейди Хладун. "Россия шунчаки демографик жиҳатдан анча катта, – дейди у. – Шу маънода у уруш учун кўпроқ ресурсга эга."

Уруш қанча узоқ давом этса, ноаниқлик мамлакатнинг узоқ муддатли тикланиш истиқболларига шунчалик кўп путур етказади.

"Келажакни режалаштириш деярли соддалик бўлиб туюлади, – дейди Даря. – Бу мавҳумлик азоб беради, аммо у кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланиб бормоқда.

"Мен ёлғиз қолишни қабул қилдим, буни хоҳлаганим учун эмас, балки уруш имкониятларни ўзгартиргани учун", дея қўшимча қилади у.

"Шуни қабул қилиб яшашни ўрганиш омон қолишнинг бир йўлидир."