Ўзбекистон: Нукусда айиқ таҳқирландими, Хатирчида самосуд ва 129 гектар ер нега ёниб кетди? O‘zbekiston koronavirus dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Navoiy viloyati IIB
- Хатирчида таксичилар самосуд уюштирди;
- Нукусдаги ҳайвонот боғида айиқ таҳқирлангани хабар қилинди;
- Тошкент вилоятида юз гектардан ошиқ майдон ёниб кетган;
- Поездлар ҳаракати жадвалига ўзгартиришлар киритилиши мумкин;
- Бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер тизими жорий этилади;
Хатирчида самосуд
29 июнь куни ижтимоий тармоқда бир гуруҳ шахслар икки киши ўтирган машинани ўраб олиб, самосуд қилаётгани тасвирланган видео тарқалган.
Видеога берилган изоҳда ҳайдовчилар "машиналарни яширинча суратга олиб, ГАИга жўнатаётган бола"ни ушлаб олгани ҳақида сўз боради.
Тасвирларда оломон машина ойнаси ва кузов қисмларига зарар етказгани кўринади.
Маълум бўлишича, воқеа Навоий вилояти Хатирчи туманида содир бўлган.
Туман ИИБ "моддий манфаат илинжид" таксичилар машиналарининг давлат рақамларини "интернетга жойлаштириш мақсадида" суратга тушириб юрган икки шахсни одамлар тутиб дўппослаганини маълум қилган.
Хабарда таксичилар икки йигитнинг телефонларини ҳам тортиб олгани айтилади.
Хатирчи туман ИИБ воқеа иштирокчиларининг баридан тушунтириш хатлари олингани, суриштирув ишлари давом этаётганини маълум қилган.
Ёниб кетган ер

Сурат манбаси, official
Тошкент вилоятида 129 гектар ер майдони ёниб кетган.
Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг хабар беришича, бунга ғалладан бўшаган майдонлардаги сомон пояларининг ёқиб юборилиши сабаб бўлган.
Ҳисоб-китобларга кўра, атроф-муҳитга 113,1 миллион сўм зарар етказилган.
Расмий хабарда жарима ва етказилган зарарни ундириш бўйича судга мурожаат қилингани айтилади.
Таҳқирланган айиқ

Сурат манбаси, Ekolog.uz/telegram
Telegram'даги Ekologuz каналида Нукус шаҳридаги хусусий ҳайвонот боғида ҳайвонлар ўта абгор ҳолда экани тўғрисида хабар эълон қилинган.
Хабарда ҳайвонлар сувсиз сақланаётгани таъкидланади.
Каналда эълон қилган видеода ходимлардан бири боғда сақланаётган айиқнинг устига лойқа сув сепаётгани кўринади.
Хабарда бу ҳаракат жониворни таҳқирлаш ўлароқ баҳоланган.
Ҳолатга изоҳ берган Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитаси ҳайвонот боғида жониворларни сақлашда камчиликлар аниқланганини маълум қилган.
"Ўрганиш давомида мутахассислар томонидан ҳайвонот боғи раҳбарига кўрсатиб ўтилган камчиликлар белгиланган муддатда бартараф этилиши огоҳлантирилди", дейилади қўмита баёнотида.
Аномал иссиқ ва темир йўл

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Аномал иссиқ ҳаво туфайли поездлар ҳаракат жадвалида ўзгаришлар бўлиши мумкин.
Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ хабар берган.
Компания мамлакатга кириб келаётган иссиқ ва қуруқ ҳаво таъсирида пўлат излардаги ҳарорат юқори бўлишини эслатиб ўтган.
"Шу боис, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2021 йил 7 июль санасига қадар чўл ҳудудларида поездлар ҳаракат жадвалида ўзгаришлар кузатилиши мумкин", дейилади хабарда.
Бепул тиббий ёрдам
Нодавлат тиббиёт ташкилотларига 1 июлдан айрим фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилди.
Эндиликда, бундай ташкилотлар махсус автотранспортда ташкил этиладиган "мобил тиббиёт" хизмати ёрдамида жойига чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишлари мумкин.
Шунингдек, ташкилотнинг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат "тиббий пунктлар"ни ташкил этишга ҳам рухсат берилган.
1 ноябрга қадар эса бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер тизими жорий этилиши ҳам хабар қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















