Ўзбекистон: Деновда ИИБ ходимлари фуқарони калтаклаб ўлдириб қўйди ва ҳокимларнинг қандай ваколатлари бекор қилинди? – O'zbekiston yangiliklar янгиликлар

Ўзбек милицияси кийими

Сурат манбаси, xabar.uz

  • Денов ИИБ ходимлари фуқарони калтаклаб ўлдирди;
  • Ўзбекистонга 3 миллион доза Moderna вакцинаси келтирилди
  • Россия ҳарбийлари ўқув машғулотлари ўтказиш учун Сурхондарёга келди;
  • Ҳокимларнинг айрим ваколатлари бекор қилинди;

ИИБ машинасида калтакланган фуқаро

Бош прокуратура Сурхондарёда ички ишлар ходимлари фуқарони уриб ўлдириб қўйганига оид ижтимоий тармоқда тарқалган хабарни тасдиқлаган.

Бундан аввал Денов тумани яшовчиси ички ишлар ходимлари томонидан қийнаб ўлдирилгани борасида хабарлар тарқалган эди.

Бош прокуратуранинг ойдинлик киритишича, ҳолат 10 июль куни туманнинг Оқтом маҳалласида юз берган.

Маҳалла яшовчиларидан бири акаси маст ҳолда яшаш уйида жанжал кўтараётгани ҳақида хабар берган.

Туман ИИО ФМБ профилактика инспектори ўзининг икки ёрдамчиси билан шикоят келиб тушган манзилга бориб, фуқарони машинага ўтқазиб, туман ИИБга олиб кетганлар.

"Йўлда профилактика инспекторининг ёрдамчилари Ҳ.Хни бир неча бор уриб тан жароҳати етказган. Оқибатда, Ҳ.Х 11 июль куни шифохонада вафот этган", дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Ҳолат юзасидан икки шахсга нисбатан "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилгани, Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Moderna келди

Ўзбекистонга келтирилган Модерна вакциналари партияси

Сурат манбаси, O'zbekiston SSV

Ўзбекистонга АҚШдан коронавирусга қарши 3 миллион 60 доза Moderna вакцинаси келтирилди.

Вакцина АҚШ томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX дастури доирасида беғараз кўмак тариқасида ажратилган.

АҚШда қўлланилаётган уч вакцинадан бири бўлмиш Moderna 94 фоиздан зиёд самарадорликка эга ва коронавирус юқишини бартараф этади, дейилади Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

28 июль куни президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда касаллик тарқалиши кучайиб кетгани ортидан 4 августда келтирилиши кутилаётган Moderna вакцинаси эртароқ олиб келинишини маълум қилга эди.

Шу тариқа, Модерна Ўзбекистондаги аҳолини оммавий эмлаш ишларида қўлланиладиган тўртинчи вакцинага айланди.

ССВ ҳозирги кунда мамлакатдаги вакцина захираси жами 12,5 миллион дозадан зиёдни ташкил қилаётгани ҳақида хабар қилган.

28 июль ҳолатига кўра, 1 миллион 149 минг нафардан ошиқроқ фуқаро тўлиқ эмланган.

29 июль куни президент Мирзиёев мамлакатга Moderna, Pfizer/BionTech, ZF-UZ-VAC2001 ва Спутник V дохил яна 17,9 миллион доза вакцина олиб келиниши режалангани ҳақида гапирган.

Россия ҳарбийлари Сурхондарёда

Россия ҳарбийлари

Сурат манбаси, Rossiya Mudofaa vazirligi

Россиялик ҳарбий хизматчилар биргаликда ўқув машғулотлари ўтказиш мақсадида Сурхондарёга йўлга отланган.

Бу ҳақда 29 июль куни Россиянинг Интерфакс агентлиги хабар қилган.

Маълум қилинишича, Россиянинг тинчликпарвар куч бўлинмалари ва Марказий ҳарбий округнинг махсус топшириқларни бажарувчи бригадалари Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарасида бўлиб ўтувчи машғулотларда қатнашиш учун Самара вилоятидан жўнатила бошланган.

Хабарда қўшма ўқув машғулоти 30 июлдан 10 августга қадар бўлиб ўтиши ҳамда унда Ўзбекистон ва Россия томонидан 1,5 минг нафарга яқин ҳарбий хизматчилар иштирок этиши айтилади.

"Ўқув машғулоти доирасида қўшма ҳарбий гуруҳлар Марказий Осиё давлатлари ҳудудий яхлитлигини таъминлаш вазифаларини бажарадилар", дея ёзган Интерфакс Россия Марказий округи маълумотига таянган ҳолда.

Агентлик машғулотларда икки давлатнинг авиация дохил 200 га яқин ҳарбий техникаси қўлланилиши ҳамда Россиянинг Қирғизистонда жойлашган "Кант" авиабазасидан Су-25СМ штурм учоқлари звеноси жалб этилишини хабар қилган.

Бекор қилинган ваколатлар

1 августдан ҳокимликларнинг ерга оид бир қанча ваколатлари бекор қилинмоқда.

Хусусан, ҳокимликлар, эндиликда:

  • ерни тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш;
  • туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ерга бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;
  • суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;
  • жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;
  • хусусийлаштириладиган ерга нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш ваколатига эга бўлмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek