Ўзбекистон: 'Ташморе'да Россия ҳарбий-денгиз флоти куни, вакцина олишдан бош тортганлар ишга қўйилмаслиги мумкин ва янги антирекорд – O'zbekiston yangiliklar янгиликлар

Ўзбекистон кўчалари

Сурат манбаси, official

  • "Ташморе"да Россия ҳарбий-денгиз флоти куни нишонланди;
  • Коронавирус ҳолатлари бўйича антирекорд янгиланди;
  • Вакцина олишдан бош тортганлар ишга қўйилмаслиги мумкин;
  • Бекободда ноқонуний диний сабоқ бериб келган имом-хатиб ушланди;
  • Меҳнат муҳожирларига ёрдам берувчи бот ишга туширилди;

Антирекорд янгиланди

27 июль куни Ўзбекистонда коронавирус бўйича кунлик ҳолатлар ва ўлимлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, шу куни 843 инсонда коронавирус инфекцияси, 556 инсонда пневмония аниқланган.

Шу тариқа, жами 1399 инсонда коронавирус ва пневмония аниқланиб, энг юқори кунлик кўрсаткич кузатилган.

Шунингдек, 8 нафар коронавирус бемори ҳаётдан кўз юмиб, бу борада ҳам янги антирекорд қайд этилган.

Бир вақтнинг ўзида ССВ пневмония ҳолатлари бўйича ҳам батафсил статистик маълумотларни эълон қилган.

Вазирлик 5 июлдан коронавирус ҳолатлари билан бирга пневмония аниқланган беморлар ҳақида ҳам маълумот бера бошлаган эди.

Маълум қилинишича, 5 июлдан 27 июлга қадар 7,996 нафар инсонда пневмония аниқланган, улардан 2,503 нафари соғайиб чиққан.

Вакцина ва ишдан бўшатилиш

Эмлаш жараёни

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Профилактик эмлашдан ўтишни рад этган айрим соҳа ходимлари вақтинча ишга қўйилмаслиги мумкин.

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари юқумли касалликлар тарқалиши олдини олишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини муҳокама қилганлар.

Қонун лойиҳаси билан Меҳнат кодексининг 113-моддасида иш берувчи соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаган тақдирда профилактик эмлашдан бош тортган ходимни вақтинча ишга қўймасликка ҳақли экани белгилаб қўйилмоқда.

Қуйи Палатанинг изоҳига кўра, бу билан барчани мажбурий эмлаш кўзда тутилмаяпти, балки гап маълум тоифадаги ишчи-ходимларнинг вакцина олиши ҳақида кетмоқда.

Бундан аввал Республика махсус комиссияси қарори билан барча турдаги савдо объектлари, меҳмонхоналар, давлат ва нодавлат таълим муассасалари, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар каби соҳаларда ишловчи 14 тоифадаги фуқароларнинг коронавирусга қарши эмланиши шарт экани белгилаб қўйилган эди.

Ноқонуний диний сабоқ

Ўзбекистондаги масжид

Сурат манбаси, official

Бекобод шаҳрида яшовчи ака-укалар ўз хонадонларида 25 нафар вояга етмаган болага ноқонуний тарзда диний сабоқ бериб келаётгани аниқланди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Хабарда ушбу шахсларнинг бири тумандаги масжидлардан бирининг имом-хатиби бўлгани айтилади.

Маълум қилинишича, имом-хатиб ўз уйида ҳар куни 5 нафар болани ўқитиб, улардан ойлик тўлов сифатида 800 минг сўмдан пул олган.

"Унинг акасининг хонадонида эса 20 нафар бола ҳам яшаб, ҳам диний сабоқ олган. Бу манзилдаги болалар учун ойлик тўлов 1,5 миллион сўмни ташкил этган. Шунингдек, мазкур шахс сабоқ бериш жараёнларига 21 ёшли ўғлини ҳам жалб қилган", дейилади ЎзА хабарида.

Бу шахслар қўлида таҳсил олган болалар 6-16 ёш оралиғида бўлгани, улар нафақат Бекобод шаҳри, балки турли туман ва вилоятлардан ҳам келгани билдирилган.

Хабарда сабоқ бериш жараёнида вазифаларни ўзлаштирмаган болалар калтакланиб, оч қолдирилиш билан жазолангани таъкидланган.

Ноқонуний диний сабоқ беришда айбланган шахсларга нисбатан БҲМнинг 7-8 баравари миқдорида жарима солингани, имом-хатибнинг акасига эса 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани маълум қилинган.

Ҳарбий-денгиз флоти куни

• "Ташморе"да Россия ҳарбий-денгиз флоти куни нишонланди

Сурат манбаси, Screenshot

Ташаббускорлар Ўзбекистонда Россия ҳарбий-денгиз флоти кунини нишонладилар.

Подробно.уз нашрининг хабар беришича, анъанавий тарзда июль ойининг сўнгги якшанбасида ўтказилувчи бу байрам ўтган асрнинг 60 йилларидан буён Чорвоқ ва Туябўғиз сув омборларида нишонланиб келинади.

Нашр хабарида ҳар йили ушбу кунда ветеран денгизчилар таклиф этилиши ва ўнлаб катерлар иштирокида парад ўтказилиши ҳақида сўз боради.

Парад ташкилотчиларидан бири Подробно.уз нашрига ҳар бир байрамда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари иштирок этиши ҳақида гапирган.

Ўтган якшанба куни ўтган параддан олинган видеода ўнга яқин катердаги ҳарбий денгизчилар кийимидаги ташаббускорлар Ўзбекистон ва Россия байроғини кўтарганча сув омбори бўйлаб сузаётгани кўзга ташланади.

Меҳнат муҳожирлари учун бот

Бот

Сурат манбаси, USAID

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун ёрдам беришни кўзда тутувчи Телеграм бот ишга туширилди, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ.

Маълум қилинишича, бот муҳожирларга қонуний меҳнат миграцияси ва хорижда яшаш қоидалари тўғрисида маълумот беради, одам савдосининг мавжуд хатарларидан огоҳлантиради, қайтиб келган ёки хорижда бўлган мигрантларга ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича маслаҳат беради.

Шунингдек, бот орқали муҳожирлар одам савдоси билан боғлиқ вазият юзасидан онлайн мурожаат йўллаши мумкинлиги ҳам маълум қилинган.

@Salom_migrant_bot номли ушбу бот USAIDнинг "Марказий Осиёда хавфсиз миграция" лойиҳаси томонидан ишлаб чиқилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek