Москвада вазият портлаш даражасига етдими? Ўзбекистон ва Россия Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, EPA/YURI KOCHETKOV/TASS
Москва мэри сўнгги кунларда устма-уст хавотирли ва қайғули баёнотлар билан чиқмоқда. Сергей Собянин шаҳардаги аҳволдан ташвишда. Москва Россиянинг энг кўп сондаги ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида банд шаҳри бўлади. Москвада нималар бўлмоқда?
Охирги бир неча кун ичида Москва ва Санкт-Петербургда коронавирусга чалиниш ҳоллари кескин ортган.
Коронавирус билан касалхоналарга тушаётган одамлар сони ҳам ниҳоятда ошган.
Экспертлар эса, бунга коронавируснинг "ҳиндистонча - дельта" штамми сабаб бўлаётганини айтишмоқда.
Сўнгги ҳолат манзарасида масъуллар куни-кеча яна карантин чораларига қайтишган.
Соҳа мутахассислари Россияда аҳвол ёмонлашиши мумкинлигини баҳордан буён гапириб келишган.
Аммо, маълум бўлишича, коронавирус тарқалишининг бунчалик кучайиши масъуллар учун кутилмаган салбий воқеълик бўлган.
Ҳукуматнинг даъватларига қарамай, Россияда вакцинация жараёни ҳам анчайин суст кечган.
Россия, ковид ва мигрантлар

Сурат манбаси, Getty Images
Россия аҳолисининг сони 146 миллион кишини ташкил қилади.
Пандемияга қадар уларнинг 10 миллиондан ошиқроғи меҳнат муҳожирлари ҳисобига тўғри келган.
Ўзбекистон фуқаролари учун, йилларки, энг йирик меҳнат бозорилигича қолаётган Россияда ишлаётган ўзбекистонлик сони ҳам расман икки миллиондан ортган.
Уларнинг энг кўпи айнан Россиянинг икки энг йирик шаҳри - Москва ва Санкт-Петербургда меҳнат қилиб келишган.
Шу ҳафта сешанба куни Москва мэри янада хавотирли баёнот билан чиққан.
Сергей Собянин шаҳарда коронавирус "портлаш" даражасида кўпаяётгани, касалликнинг 80 фоизга кўпроқ янги ҳолатлари қайд этилаётганини айтган.
У ковид марказларига тушаётган оғир аҳволдаги беморларнинг сони ҳам 70 фоизга ортганлигини маълум қилган.
Расмий маълумотлар коронавирус 8 июндан бошлаб кўпаяётганини кўрсатган.
15 июнь куни Москвада кундалик кўрсаткичлар қарийб 7 мингга чиққан.
Бунақаси эса, Россия пойтахтида бу яқин ойлар ичида кузатилмаганди.
Мустақил экспертлар, ҳатто шунда ҳам, россиялик масъуллар келтираётган расмий рақамларга ишонқирамай қарашади.
Сўнгги кунларда ковидга чалинаётган ва ёки ундан вафот этаётганларнинг орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор-йўқлиги маълум эмас.
Ҳозирча ҳеч бир томон бунга оид маълумотларни эълон қилишмаган.
Ўзбекистон томонининг Россиянинг йирик шаҳарларидаги бугунги ҳолат юзасидан ўз фуқароларига огоҳлик мурожаати билан чиққани ҳам ҳалича кўзга ташланмайди.
"Дельта" штамми

Сурат манбаси, VLADIMIR GERDO/TASS
Россияда тарқалаётган коронавирус турлари геномининг таҳлили апрель ойидан буён "дельта"сининг бошқаларини сиқиб чиқараётганини кўрсатган.
Коронавируснинг қайта кучайиши билан боғлиқ бугунги вазиятда "москва" штаммининг таъсири нечоғлиқ бўлаётгани ҳозирча маълум эмас.
Британияда олиб борилган тадқиқотлар эса, "дельта"нинг "альфа ёки британча" штаммдан 40 фоизча юқумли эканига далолат қилган.
Бунгача Россияга кириб келган штаммлар орасида айнан "альфа" етакчилик қилиб келган.
Россияда жами коронавирус ҳоллари ҳозирга келиб 5 миллион 250 мингга яқинлашган.
Россия жорий пайтда дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган олтита давлатидан биттаси бўлиб турибди.
Мажбурий вакцинация

Сурат манбаси, VALERY SHARIFULIN\TASS VIA GETTY IMAGES
Коронавируснинг тарқалиши билан боғлиқ сўнгги вазият манзарасида москвалик масъуллар кеча, 16 июнь куни яна янги эълон билан чиқишган.
Москва шаҳри ва Москва вилоятида коронавирусга қарши вакцинация мажбурий қилинган.
Қарорда коронавирусдан мажбурий равишда:
- савдо
- транспорт
- таълим
- умумий овқатланиш
- тиббиёт
- банк ва почталарнинг мижозлар билан ишлаш бўлимлари
- гўзаллик салонлари, фитнес-клублар, бассейн, сауна ва ҳаммомлар
- ЖКХ ва энергетика
- химчистка, кир ювиш марказлари
- маданий марказлар, спорт ташкилотлари, театрлар ва кинотеатрлар
- Москвадаги барча давлат ва маҳаллий (муниципал) ташкилотлари
каби давлат ва хусусий муассаса ходимларининг эмланиши мажбурий этиб кўрсатилган.
Рўйхатда тилга олинган ташкилотлар раҳбарларига ходимларининг 15 июлгача вакцинанинг биринчи дозасини, 15 августгача эса иккинчи дозасини олишларини таъминлаш вазифаси юклатилган. Камида 60% ишчилар вакцинация қилиниши шартлиги айтилган.
Москва мэрининг махсус буйруғига асосан 1 июлгача мазкур қарор бўйича натижаларни назорат қиладиган ахборот тизими ишга тушиши ҳам маълум бўлган.
Мажбурий вакцинациядан бош тортиш ишдан четлатилиш каби баъзи чекловларга олиб келиши эса, Марказий осиёлик мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи айрим юристлар ҳам ўз эътиборларини қаратган, бунинг қанчалик қонуний эканини савол остига олган нуқталардан бири бўлган.
Юрист Зарнигор Омониллаева матнида сўз айнан Россия фуқаролари ҳақида бормагани боис, янги қарор, мавқеидан қатъиназар, Москва ва Москва вилоятида меҳнат қилаётган мигрантларни ҳам кўзда тутишини айтмоқда.
Маиший хизмат кўрсатиш Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар энг катта сонда ишловчи соҳалардан бири бўлади.
Аммо эмлашга қарши кўрсатмалари бўлганлар учун вакцинациянинг мажбурий эмаслиги қайд қилинган.
Мажбурий эмлаш Россиядан расман қайддан ўтказилган тўртта вакцинадан бири билан амалга оширилиши мумкинлиги айтилмоқда.
Маълум бўлишича, эмлаш талабларини бажармаганлик учун жарималар кўзда тутилган.
Жарималар миқдори компаниялар учун 50 мингдан миллион рублгача, якка тартибдаги тадбиркорлар учун 50 минг, юридик шахслар учун 300 минг рубль этиб белгиланган.
Такрорий қоидабузарликлар учун миллион рубль миқдорида жарималар кўзда тутилган.
Москвада иш берувчиларни текшириш 15 июлда бошланиши айтилган.
Россияда жорий йил бошидан бошлаб ҳар ким эмланиши мумкин.
Аммо масъуллар орада жараён сут кетаётганидан ўз хавотирларини билдириб чиқишган.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2 июнь кунги расмий маълумотларига таянилса, шу пайтгача 18 миллион россиялик коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозаси билан эмланган.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги мунтазам авиарейслар бир йиллик танаффус ортидан шу йилнинг 1 апрель куни қайта тикланган.
Россияда вужудга келаётган сўнгги вазиятнинг Москва ва Тошкент ўртасидаги парвозларга таъсири ҳалича маълум эмас.
Би-би-си Рус хизматининг мухбири Олег Болдирев мақоласи асосида тайёрланди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















