Куннинг саволи: АҚШ Исроилга қанча ёрдам беради? Isroil Falastin dunyo yangiliklar

АҚШ Президенти Жо Байден

Сурат манбаси, Pool

Сурат тагсўзи, АҚШ ўзлари олиб бораётган дипломатиягина иш беришини айтиб, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Исроил ва Ғазони сулҳга чақирувчи кетма-кет тўртта баёнот-резолюциясининг барчасига вето қўйган

Куннинг саволи: АҚШ Исроилга қанча ёрдам беради? Сўнгги Исроил-Ғазо можароси манзарасида худди шу савол ҳам ўртага чиққан. АҚШ Президенти Жо Байденни ўз сафдошлари сўроққа тутишни бошлашган. АҚШнинг Исроилга ҳарбий кўмаги эса, йилига миллиардлаб долларни ташкил этади.

Сенатор Берни Сандерс, "Исроилга йилига қарийб $4 миллиард доллар ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласини жиддий кўриб чиқишлари керак"лигини таъкидлаган.

Дейлик, 2020 йилда АҚШ Исроилга берган кўмакнинг умумий қиймати $3.8 миллиард долларни ташкил этган.

Ёрдам демократчи Барак Обама маъмурияти билан келишилган узоқ муддатли шартнома доирасида берилган.

Мазкур шартнома эса, ҳали яна 2028 йилгача кучда бўлади.

Конгресс Тадқиқот Хизматининг маълум қилишича, Исроилга берилаётган кўмакнинг катта қисмини айнан ҳарбий мақсадлардагиси ташкил этади.

Исроил ҳарбийлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил Армияси ҳозир дунёдаги энг замонавий ва илғорларидан бири саналади

АҚШнинг молиявий кўмаги Исроилга дунёдаги энг илғор ва замонавий Қуролли кучлардан бирини яратишига ёрдам берган.

Исроил бу пулларга энг сўнгги русумдаги F-35 қирувчи учоқларини ҳам сотиб олган.

Ўтган йили АҚШ Исроилга мудофаа мақсадларида яна ярим миллиард доллар кўмак қилган.

Бу пуллар Исроилнинг Темир Гумбаз ракетадан мудофаа тизимига киритилган сармояни ҳам ўз ичига олади.

Ишга туширилган 2011 йилдан бери АҚШ Исроилга Темир Гумбаз учун берган жами пулларнинг миқдори ҳозирга келиб $1.6 миллиард долларга етган.

Исроил Иккинчи Жаҳон урушидан буён АҚШнинг энг йирик ташқи ёрдам олувчисига айланган.

Аммо, шуни ҳам таъкидлаш керакки, Жо Байден фаластинлик қочқинлар тақдирини ҳам беэътибор қолдирмаган.

Президентликка келиши ортидан, АҚШнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти махсус агентлигига ажратиб келаётган қарийб чорак миллиард долларлик ёрдамини қайта тиклаган.

Бу кўмак 2018 йилда Дональд Трамп маъмурияти томонидан кесиб қўйилганди.

Дональд Трамп АҚШ Қуддуси Шарифни Исроилнинг пойтахти, деб тан олишини эълон қилган президент ҳам бўлади.

Америка Қўшма Штатлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзосидан биттаси саналади.

Исроилнинг содиқ иттифоқчиси бўлган АҚШ ўзлари олиб бораётган дипломатиягина иш беришини айтиб, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Исроил ва Ғазони сулҳга чақирувчи кетма-кет тўртта баёнот-резолюциясининг барчасига вето қўйган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek