Дайжест. Россия, мигрантлар: борида яхши, йўғида ёмонми? - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Мигрантлар

Сурат манбаси, official

Россия Федерациясининг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2022 йилдан бошлаб ишчи-меҳмонлар сонини қисқартириш, уларнинг ўрнини Россия фуқаролари билан алмаштириш ниятида эканлигини эълон қилди.

Шунингдек,

  • Москвада ўлим ҳолати ошиб, туғилиш камайган;
  • Чет элликларга суррогатлик тақиқланиши мумкин;
  • Қаерда маошлар яхшироқ?;

Россияликларга алиштириш

Россия Федерациясининг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2022 йилдан бошлаб ишчи-меҳмонлар сонини қисқартириш, уларнинг ўрнини Россия фуқаролари билан алмаштириш ниятида эканлигини эълон қилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Жамбулат Хатуов қишлоқ хўжалиги корхоналарида мавсумий ишларни бажаришда ёрдам беришга қодир куч сифатида барча қишлоқ хўжалиги олий ўқув юртлари ва коллежлари талабаларига умид боғламоқда. Фақат бунинг учун сабзавот ёки мева йиғиш пайтида ва бошқа ишларда нормал яшаш шароитларини яратиш зарур.

Мигрантлар

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Бу йил пандемия ортидаги карантин чекловлари боис Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг мамлакатга кириши чекланган, натижада қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишчи кучига катта эҳтиёж юзага келган.

Aввалроқ эса, вазирнинг биринчи ўринбосари мавсумий дала ишларига Ўзбекистон ва Тожикистондан келган чет эллик ишчилар руслар билмаган билим ва тажрибага эга эканлигини айтган эди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотларига кўра, баҳорги дала мавсуми арафасида 41 мингга яқин чет эллик ишчиларга эҳтиёж бўлмоқда. Мурожаатларнинг аксарияти Aстрахань, Волгоград ва Москва вилоятларидан келган. Бу уларнинг ихтисослашуви билан боғлиқ: бу ҳудудларда кўплаб сабзавотлар етиштирилади, шунинг учун мавсумий ишчиларсиз буни қилиш қийин.

Демография ҳалиям чатоқ

Касалхона

Сурат манбаси, SERGEI KARPUKHIN/TASS

2021 йил бошидан буён Москвада ўлим қайдлари деярли 50 фоизга ошган. Январь ва февраль ойларида деярли барча одатий кўрсаткичдан юқори вафот этганлик қайдлари коронавирус билан алоқадор.

Москвада 2021 йил январь ойида 16,3 мингга яқин ўлим қайд этилган, февралда - 12,5 минг, бу ўтган йилнинг мос ойларига нисбатан 49% ва 27% га кўпдир, деб хабар беради пойтахт Cоғлиқни сақлаш бошқармаси.

Ҳисоботда таъкидланишича, ўтган йилнинг айни ойларига нисбатан ўлим кўрсаткичи 5 434 ва 2 677 та ҳолатни ташкил қилади.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумоти билан деярли бир пайтда Росстат Россияда туғилиш кўрсаткичи пасайгани қайд этилганини билдирди.

Расмий маълумотга кўра, жорий йилнинг январь ойида ўтган йилнинг шу пайтига қараганда 10,3 фоизга туғилиш кўрсаткичи пасайган.

Чет элликларга суррогатлик тақиқи

Чақалоқ

Сурат манбаси, Getty Images

Сенаторлар фарзанд туғилиши билан алоқадор янги бир қонун лойиҳасини кўриб чиқишмоқда.

РИA Новостининг маълум қилишича, сенаторлар келаси ҳафта чет элликларга Россияда суррогат хизматидан фойдаланишни тақиқловчи қонун лойиҳасини муҳокама қиладилар.

Бу ҳақда нашрга қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси, сенатор Маргарита Павлова хабар қилган.

Лойиҳа "суррогатлик технологияларидан фойдаланиш" ҳуқуқини фақат рўйхатдан ўтган никоҳда бўлган, 55 ёшдан катта бўлмаган Россия Федерациясининг фуқароларига беришни таклиф қилади.

Қаерда маош юқори?

Rubl

Сурат манбаси, DMITRY ROGULIN/TASS

Россияда марказлардан кўра яхши маош олувчи ўрта ва кичик ҳудудлари аниқланди.

Марказий расмий нашрлардан бирининг таҳлилига асосланган рейтингга кўра, Магадан, Амур ва Курс вилоятлари, Коми ва Ненец, Еврей автоном республикаларида иш ҳақлари юқори. Рейтингда айнан қанча эканлиги кўрсатилмаган.

Аммо статистик маълумотларга кўра, Россияда ўртача иш ҳақи 50 минг рубль атрофида.

Бу борада таҳлилчилар томонидан пандемияга қадар Россиядаги меҳнат муҳожирларининг маошлари ўрганилганида, ўзбекистонлик мигрантлар ойига ўртача 30 минг рублни ташкил этган.

РФ нинг қолган ҳудудларидаги бу борадаги кўрсаткич ҳудуднинг қанчалик марказлашгани билан боғлиқ. Аҳолиси кам ўрта ва кичик ҳудудларда маошлар ҳудудий пойтахтларга кўра 20 фоиздан паст.

Мазкур рейтингга Москва, Санкт-Петербург ва Севастополь каби федерал шаҳарлар мақомига эга ҳудудлар киритилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek