Текин ер керакми? Россия шимолидаги доимий музликка марҳамат!

Сурат манбаси, Lev Fedoseyev
- Author, BBC Monitoring
- Role, янгиликлари
Арктика ҳудудларида аҳоли камайиб бораётганидан хавотирланган Россия ҳукумати Узоқ Шарқ ва шимолий ҳудудларда ерни текинга беришга қарор қилди.
Россия Узоқ Шарқни ривожлантириш вазирлиги таклиф қилаётган режага кўра, 1 гектар Арктика ерини 5 йилга текин олиш мумкин.
Беш йиллик муддат ўтганидан кейин хоҳлаган киши ерини тўлиқ сотиб олиши ёки 49 йилга ижарага олиши мумкин. Ердан уй-жой қуриш, фермерлик ёки бошқа бизнес мақсадида фойдаланишга рухсат этилади.
Айтилишича, бошида фақат ўша ҳудудларнинг резидентлари ер олиш учун мурожаат қилишлари мумкин, аммо орадан олти ой ўтиб барча Россия фуқароларининг ер олишларига изн берилади, деб ёзди РИА Новости ахборот агентлиги.
Сўнгги йилларда Россиянинг Арктика ҳудудлари Москва учун муҳим ҳудудларга айланди - чунки иылим исиши Тинч океанини Атлантика океани билан боғлайдиган Шимолий денгиз йўлини очиши мумкин, деган фикрлар илгари суриляпти.
Шундан келиб чиқиб Россия шимолий минтақаларида инфраструктурани ривожлантириш ва атом музёрар кемаларини барпо этиш лойиҳаларига йирик сармоя йўналтиришни бошлаган.
'Доимий музликдан бир гектар'
РИА Новости агентлиги ёзишича, Россиянинг бепоён Арктика зонасида атиги 2,5 миллион одам истиқомат қилади. Аммо бу рақам Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин тезлик билан камайиб бормоқда, инсонлар Россиянинг йирик шаҳарларида яшашни афзал кўрмоқдалар.

Бунинг оқибатида минтақаларнинг жами аҳолиси 90 фоизи фақат шаҳарларда яшаяпти, шаҳарлар торайиб бормоқда, аҳолининг аксари кўчиб кетгани боис бутун бошли инфраструктуралар фойдаланилмай қолиб кетаяпти, дейди Узоқ Шарқни ривожлантириш вазирлиги.
Ҳозирча текин гектар тақдим этиш дастури Россиянинг Узоқ Шарқ минтақаларида жорий этилган ва бу дастурнинг ҳаётга жорий этилиши борасида фикрлар ҳар хил.
Коммерсант газетаси ёзишича, Узоқ Шарқда ер бериш дастури жорий этилган 2016 йилдан буён атиги 83000 мурожаат бўлган.
Янги дастурни эса Норвегияга чегарадош Мурманск минтақаси, Россиянинг Арктикага туташ улкан соҳилидаги Европа қисмидаги Ненец Автоном ҳудуди ва Сибирдаги Ямало-Ненец Автоном ҳудудларида жорий этиш мўлжалланмоқда.
Шунингдек, Арктика бўйлаб сочилиб кетган 23 муниципал маъмуриятлар ҳам гектарлаб ер бериши мумкин.
Узоқ Шарқ дастуридан фарқли равишда Москвадаги ҳукумат эмас, маҳаллий ҳокимликлар ерни кимга бериш қарорини қабул қилади, ерларнинг имкони борича аҳоли масканларига яқин бўлишини таъминлашлари талаб этилади.
Бу, афтидан, Узоқ Шарқ дастури борасида билдирилган танқидлардан чиқарилган хулоса. Чунки у ерда одамларга берилган ерларнинг аҳоли истиқомат қиладиган жойлардан жуда узоқда экани танқидларга сабаб бўлган.

Сурат манбаси, Anadolu Agency
"Одамлар учун зарурияти бор ва ишлов бериш мумкин бўлган ерларни бериш муҳим", деб айтган одамларни ёллашга масъул Сергей Ховрат РИА Новости агентлигига.
Янги режа аллақачон Кремл танқидчиларининг мазахларига сабаб бўлмоқда. Улар Узоқ Шарқ ер дастурини аксарининг турмуш даражаси пасайиб кетаётган россияликларга умуман алоқаси Пиар лойиҳа деб атамоқдалар.
"Бу ҳазил эмас", деб ёзган Твиттерда машҳур фойдаланувчи мухолиф кайфиятдаги чиқишлари билан машҳур Проф Преображенский. "Россияликлар мамлакати бойликлари сотилишидан келаётган даромаддан ўз улушларини ололмайдилар. Лекин Арктика ортидаги доимий музликдан бир гектарини - бемалол".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















